Қайднома

Қидирув

Стадионлар: Иншоот мундиалга тайёр

Стадионлар: Иншоот мундиалга тайёр

  24.01.2022 08:08
  0
  266
Стадионлар: Иншоот мундиалга тайёр

2022 йилнинг 21 ноябрь куни Қатарда жаҳон чемпионати старт олади - тобора оз муддат қолмоқда. Демак, ҳозир ушбу мамлакатнинг мундиалга қанчалик тайёрлигига эътибор қаратишнинг айни фурсатидир. Қисқача айтганда, ўйинларга мезбонлик қиладиган стадионлар шай (аммо ҳаммаси ҳам очилмаган). Қуйида  ЖЧ иншоотлари ҳақида навбатдаги мақолани тақдим этилмоқда...

 

«ЛУСАИЛ АЙКОНИК» (Лусаил)

Очилган санаси: ҳали расман очилмаган (2021 йилнинг 22 ноябрида фойдаланишга топширилган)

Сиғими: 80 минг томошабин (ЖЧдан кейин - 20 минг)

Лусаил - Дохадан 20 км. узоқликда жойлашган, жаҳон чемпионати учун махсус барпо этилган суперзамонавий шаҳар. Норман Фостер архитектура бюроси лойиҳасида қад ростлаган олтин стадион унинг марказига айланади: у ерда мундиалнинг 10та ўйини, жумладан ярим финал ва финал баҳслари ўтказилади. ЖЧ-2022дан кейин трибуналарнинг катта қисми йиғиштирилиб, бутун дунёдаги спорт лойиҳаларига хайрия қилинади. Спорт мажмуасидаги ўриндиқлар сони 20 мингтагача камаяди, «Лусаил Айконик»дан эса мактаб, шифохона, тижорат маркази, кафе ва ресторан сифатида фойдаланилади. Арена 2021 йилнинг 22 ноябрида тўлиқ битган бўлсада, у ерда ўйинлар ўтказилмаган - шу боис, расман очиқ ҳисобланмайди.

 

«ХАЛИФА ИНТЕРНЕЙШНЛ» (Доха)

Очилган санаси: 2017 йилнинг майи

Сиғими: 45,416 томошабин

Қатарнинг энг кўҳна стадионларидан бири - 1976 йилда қурилган, 2017 йилда эса реконструкция қилинган. Қатар амири кубоги финали пайти очилган, унда Хави бошчилигидаги «Ал-Садд» «Ал-Райян»ни мағлубиятга учратганди. Аренада КЖЧ-2019 финали ҳам ўтказилиб, унда «Ливерпуль» зафар қучган. Мундиалда 8та учрашувга мезбонлик қилади, улардан энг муҳими - 3-ўрин учун баҳс.

 

«АҲМАД БИН АЛИ СТЭДИУМ» (Ал-Райян)

Очилган санаси: 2020 йилнинг декабри

Сиғими: 40 минг мухлис (ЖЧдан кейин - 20 минг)

Жорий йилги жаҳон чемпионатида 7та (гуруҳ босқичида 6та, 1/8 финалда 1та) ўйин ўтказиладиган стадион лойиҳаси Pattern Design архитектура бюросига тегишли, қурилиш ишлари билан АҚШнинг AECOM фирмаси шуғулланди - айнан шу компания ЖЧ-2010даги айрим стадионларни қурган. ЖЧ-2022дан ке­йин сиғим икки мартага камаяди, аммо аренага талаб сақланиб қолади - у ерда мамлакатнинг энг машҳур клубларидан бири «Ал-Райян» ўз ўйинларини ўтказади.

 

«АЛ-ЖАНУБ» (Ал-Вакра)

Очилган санаси: 2019 йилнинг майи

Сиғими: 40 минг томошабин

Мундиалнинг Ал-Вакрада жойлашган ягона стадиони. Форс кўрфазидаги шаҳар азалдан балиқчилар макони бўлган, ҳозирда эса Қатарнинг иккинчи энг йирик ҳудуди ҳисобланади. Стадион дизайни ўтмишдан дарак бериб туради - том қисми анъанавий дхау қайиқлари елкани кўринишида. Архитектор - британиялик аёл Заха Хадид. Мазкур аренада ЖЧ-2022нинг 7та ўйини бўлиб ўтади: 6таси гуруҳ босқичида, биттаси 1/8 финалда.

 

«АЛ-ТУМАМА» (Доха)

Очилган санаси: 2021 йилнинг 22 октябри

Сиғими: 40 минг томошабин (ЖЧдан кейин - 20 минг)

Стадион лойиҳаси қатарлик архитектор Иброҳим Жайдага тегишли. У Қатарнинг анъанавий гафия бош кийимидан илҳомланган - иншоотнинг фасади шундан далолат беради. Аренага ҳудудда ўсадиган дарахт шарафига номланган. Стадион 2021 йилнинг октябрида очилди - Қатар амири кубоги финали ўтказилди. «Ал-Тумама» ЖЧ-2022нинг 8та ўйинини қабул қилади: гуруҳ босқичида 6та, 1/8 ва 1/4 финал босқичларида биттадан. Мундиалдан кейин сиғим икки мартага камаяди, спорт мажмуаси ҳудудида эса спорт тиббиёти маркази ва меҳмонхона жойлашади.

 

«ЭДЬЮКЕЙШН СИТИ» (Ал-Райян)

Очилган санаси: 2020 йилнинг июни (онлайн-маросим)

Сиғими: 40 минг (ЖЧдан кейин - 20 минг)

Номидан кўриниб турибдики, стадион Қатарнинг таълим марказида қад ростлаган - у ерда бир нечта университет, мамлакат фан ва таълим фонди бор. «Эдьюкейшн Сити» клублар ўртасидаги ЖЧ ўйинига мезбонлик қилган, унда «Бавария» зафар қучганди. ЖЧ-2022нинг 8та учрашуви ушбу стадионда ўтади: гуруҳ босқичида 6та, 1/8 ва 1/4 финалда биттадан. Мундиалдан кейин трибуналар сиғими икки мартага камаяди - йиғиштирилган конструкция спорт ривожи йўлида бошқа мамлакатларга жўнатилади.

 

«РАС-АБУ АБУД» (Доха)

Очилган санаси: 2021 йилнинг ноябри

Сиғими: 40 минг (ЖЧдан кейин тўлиқ йиғиштирилади)

Жаҳондаги юк контейнерларидан қурилган илк стадион. Муқобил номи - «Стадион 974». Рақамлар Қатарнинг халқаро телефони коди ҳамда қурилишда ишлатилган контейнерлар сони билан боғлиқ. Ушбу контейнерлар ичида тижорат нуқталари, ҳожатхона ва инфраструктуранинг бошқа объектлари жо бўлади. Аренада ЖЧ-2022нинг 7та ўйини ўтказилади: 6таси гуруҳ босқичида, биттаси 1/8 финалда. Қатар ҳукумати мундиалдан кейин стадион ашёларини муҳтож давлатларга жўнатади.

 

«АЛ-БАЙТ» (Ал-Хаур)

Очилган санаси: 2021 йилнинг ноябри

Сиғими: 60 минг томошабин (ЖЧдан кейин 32 минг)

Мазкур иншоот Қатарнинг ўтмиши ва келажаги рамзидир. Спорт мажмуасидаги суперзамонавий интерьерлар ҳашаматли Бедуин чодирларини эслатади - айниқса, бу VIP-ложада яққол кўринади. «Ал-Байт» турнирнинг аҳамияти жиҳатидан иккинчи рақамли стадио­нига айланади: бу ерда очилиш ўйини ва ярим финалгача бўлган 9та ўйин ўтказилади. Ва албатта, мундиал якунланганидан кейин трибуналарнинг юқори қисми йиғиштирилиб, футболини ривожлантиришга интилаётган давлатларга ёрдам тариқасида жўнатилади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz