Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Made in Guarani

Вундеркиндлар: Made in Guarani

  29.03.2022 04:40
  0
  222
Вундеркиндлар: Made in Guarani

Яқинда Парагвайнинг «Гуарани» ёшлар жамоаси Эквадорда ўтказилган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Либертадорес кубогида 2022 йилдаги дастлабки ютуғини қўлга киритди. Олимпиада-2004 кумуш медали соҳиби Аурелиано Торрес шогирдлари мураккаб гуруҳда Аргентина, Эквадор ва Чилидан ташриф буюрган тенгдошларидан устун келишди. Ярим финалда мезбонларнинг яна бир вакили - «Индепендьенте дель Валье»га енгилган бўлсаларда, Венесуэланинг «Каракас» клубини мағлубиятга учратиб, бронза медалларини ўзлариники қилишди. Sports.ru шу баҳона «Гуарани»даги иқтидорли футболчилар билан таништиришни маъқул кўрди.

Эҳтимол, «аборигенлар» бош мураббийи Фернандо Хуберо ушбу ёшларга ҳозирданоқ имкон берса бўлаверар. Гарчи «ауринегрослар» катталар ўртасидаги Либертадорес кубогида «Атлетико Минейро»ни ягона гол эвазига енгишган, жавоб учрашувидан олдин кичик устунликка эришган бўлсада, уларнинг ички аренадаги старти қониқарли чиқмади. Дастлабки тўрт туртдан сўнг «Гуарани» икки очко билан турнир жадвали қуйи поғоналаридан жой олиб турибди, боз устига, Хуберо шогирдлари голлар ҳисобини 4-тур доирасидаги «Ресистенси» билан баҳс (3:3)да очишди.

 

ВИКТОР РИВАРОЛА (2002 йил 16 майда

туғилган), ҳужумкор ярим ҳимоячи|ҳужумчи

«Ривагол» «Гуарани» тизимига футзал орқали ўтган. Виктор ушбу спорт туридан жамоавий ўйин, универсаллик ва тўпни танаси орқали тўсиш каби хусусиятларни ўзлаштирган. Рикельме, Озил ва Неймарнинг ўйинларига иштиёқманд Риварола 2021 йили Парагвайнинг U-19 чемпионатида тўпурарлик салоҳиятини ҳам намойиш этиб, 14та гол билан фақат клубдоши Ромео Бенитесдан ортда қолди, холос.

 

РОМЕО БЕНИТЕС (2022 йил 14 ноябрь), ҳужумчи

Фернандо Хуберо «Гуарани»га илк бор 2012 йилда спорт директори сифатида келган, бир йилдан кейингина мураббийлик фаолиятини бошлаганди. Қатардаги ASPIRE академиясида тажриба орттирган каталониялик мутахассис клубнинг болалар-ўсмирлар секторини қайта шакллантирди, «аборигенлар»нинг барча ёш тоифасидаги жамоаларини тажовузкор 4-2-2-2 схемасига ўтказди, ушбу конвеердан ҳужумкор футболчилар чиқишини йўлга қўйди. Ўзгаришлар самараси ўлароқ, Роберт Рохас, Родей Редес, Рамон Мартинес ва бошқа кўплаб клуб тарбияланувчилари четга сотилди. Ҳозир ҳам «Гуарани»да салоҳиятли ҳужумчилар бисёр, улар орасида U-19 жамоаси мергани Ромео Бенитес ҳам бор. Бу йигитча - тезкор, енгил ҳаракатланадиган форвард, офсайд чегарасида ўйнайди, яккама-якка курашда рақиб ҳимоячилари ва дарвозабонларига ҳақиқий бошоғриқ.

 

РЕНЕ РОДРИГЕС

(2002 йил 13 январь), марказий ҳимоячи

Иқтидорлар рўйхатини мудофаа вакилларисиз тасаввур қилиш мушкул. Рене ёшлар ўртасидаги Либертадорес кубогида барча беш учрашувда қатнашди, замонавий марказий ҳимоячиларга хос сифатлари, ўйинни яхши ўқий олиши, аниқ биринчи пас ҳамда ҳужумни бошлашини намойиш этди. Хусусан, Родригес «Ньюэллз Олд Бойз» дарвозасига ғалаба голи урилишида қатнашди: Рененинг узун узатмасидан сўнг тўпни Риварола қабул қилиб, сўнгра Сеговия-га голли пас берди. Шунингдек, «Универсидад» дарвозасига урилган тўртта голнинг иккинчиси ҳам парагвайликларнинг қарши ҳужумидан сўнг урилди, бу ҳужум эса айнан Родригеснинг тўпни олиб қўйишидан сўнг бошланганди.

 

МИЛЬСИАДЕС АДОРНО (2005 йил 27 январь), ҳужумчи

Бугунги рўйхатимиздаги энг ёш ва тез ривожланаётган футболчи. Ўтган йили Адорно U-16 жамоасида ўйнаган, гарчи «аборигенлар»ни чемпионлик сари етаклай олмаган бўлсада, 16та гол билан жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди ва Эквадордаги турнирга чақирув олди. Мазкур мусобақада ҳам бақувват, бўш ҳудудларга очилиш устаси, кўпинча бир уринишда вазиятларни голга айлантирган Адорно рақиблар дарвозасини уч бор ишғол қилиб, турнир мерганларидан бирига айланди. Айнан унинг «Универсидад де Консепсьон» билан ўйинда урган икки голи парагвайликларни ярим финалга олиб чиқди - «Гуарани»дан ташқари «Ньюэллз Олд Бойз» ва «Оренсе» ҳам 6 очкодан жамғарди, лекин Аурелиано Торрес жамоаси урилган ва ўтказиб юборилган голлари фарқига кўра кейинги босқичга чиқди. Агар Адорно ўсиш темпини пасайтирмаса, уни нафақат «Гуарани» асосий жамоасида кўрамиз, балки ёшлар ўртасидаги ЛКдан ҳам машҳурроқ бўлган мусобақа - иқтидорлар ярмаркаси ҳисобланган 2023 йилги ёшлар ўртасидаги Жанубий Америка чемпионатида ҳам кўришимиз мумкин.

 

МАТИАС СЕГОВИЯ (2003 йил 4 январь), ҳужумкор ярим ҳимоячи

Юқорида номи қайд этилган футболчилар сингари, Сеговиянинг номи ҳам Парагвай ташқарисида ҳозирча машҳур эмас, аммо ўз юртида уч йилдан буён эътибор марказида. Мати ўзини илк бор 2019 йили Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионати-U17да намоён этганди. Ўша мундиалда Мексика (0:0), Италия (2:1) ва Соломон ороллари (7:0) термаларига гуруҳда рақиблик қилган «альбиррохита» 7 очко жам-ғариб, «плей-офф»нинг биринчи раундида Аргентинани ҳам енгди (3:2). Чорак финалда эса Нидерландия жамоасига 1:4 ҳисобида ютқазди. 16 ёшли Сеговия парагвайликларнинг Океания вакиллари дарвозасига урган 7та голидан бирига муаллифлик қилди, жанублик қўшниларга қарши баҳсда 0:2 кўринишида ютқазишаётганда масъулиятни ўз зиммасига олиб, рақиб ҳимоячиси Лаутаро Канонинг автогол қайд этишига сабабчи бўлди. Ўша 2019 йилда у Парагвай Примерасида дебютини нишонлади. Жорий йилда эса ёшлар ўртасидаги ЛКда «гол}пас» тизимида 4 очко жамғарган Сеговия турнир рамзий термасидан жой олди.

Матиас ярим ҳимоянинг исталган позициясида ўйнай олади, майдонни ва шерикларини яхши кўра олади, тўпни шу қадар фаол назорат қиладики, ҳимояланаётганлар қоида бузмай тўпни олиб қўйишда жуда қийналишади. Аммо Сеговия интизомини тўғрилаш борасида ҳали қиладиган ишлар бор. «Индепендтьенте дель Валье»га қарши баҳснинг иккинчи бўлимида ҳиссиётларини жиловлай олмаган вундеркинд дастлаб ўз дарвозаси олдидан тўпни узоқлаштиришда хавфли ҳаракат қилди, 79-дақиқада эса рақибини тепгани учун қизил карточка олди. Натижада, ёш «аборигенлар» бронза медалларини усиз қўлга киритишди.

Умуман, «Made in Guarani» ўзига хос савдо белгисига айланиб қолди - сўнгги тақвим йилининг ўзида «аборигенлар» мактабидан чиққан марказий ярим ҳимоя вакиллари Хорхе Морель ва Хосе Флорентин хорижга, аниқроғи, Аргентина чемпионатига йўл олишди. Яқин келажакда Сеговия билан ҳам шундай ҳол кузатилиши мумкин. «Февраль ойида Матиас бў­йича иккита таклиф олдик - бири Европа, бири МЛС клубидан», - деди «Гуарани» спорт директори Акоста.

ЖАҲОНГИРтайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz