Қайднома

Қидирув

Манчини «эффект»и ёки Катанецга сабоқ

Манчини «эффект»и ёки Катанецга сабоқ

  30.03.2022 16:06
  0
  379
Манчини «эффект»и ёки Катанецга сабоқ

Тақдир ҳукми остида ёзилажак тарих томошасидан фақат ва фақат ҳайратланасан киши. Инсон иродасига бўйсунмас бундай лаҳзалар кўникилган қолипларни синдириб, «Икки карра икки + тўрт» қабилидаги ўзгармас хулосаларни янгилаб туради. Aкс ҳолда, дунё зерикиб қолади, мухлис футболдан безийди.
Италия ва Шимолий Македония терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2022 саралаши «плей-офф» ўйинининг Палермода ўтказилиши тақдир томонидан аввалроқ ёзилган сценарийдек таассурот уйғотди. Aлександар Трайковски ўзини кўрсатиши учун «Палермо» клуби стадиони энг мақбул вариант эди ва қарангки, ўйин учун айнан Палермо шаҳри танланди. Шимолий македониялик ҳужумчи бу майдонда тўп сурган ва ҳар бир қаричи унга таниш! Йўқ, таниш демоқликнинг ўзи кам бу вазиятда. Александар бу аренада ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилди ва жуда эркин ҳолатда, ҳеч бир босимсиз зарур зарбани йўллади. Қойил! Шимолий Македония термаси учун олтин, «скуадрра адзурра» учун машъум зарба!

Табиийки, Роберто Манчини режаси бутунлай бошқача эди. У хаёлан Португалия ёки Туркия термасини асосий рақиб сифатида кўраётганди. Шунинг учунми, «плей-офф» ярим финалида «сенатор» мақомини олишган Леонардо Бонуччи ва Жоржо Кьеллинини асосий таркибда киритмади. Фахрий Чиро Иммобиле эса итальянларни сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Мана шу икки омил Роберто Манчини йўл қўйган асосий хатолар эди, назаримизда. Зеро, у ҳали ўйнамай туриб, Шимолий Македония термасини нари сурди ва 29 март кунги финал ҳақида ўйлади. Қолаверса, терма жамоани бирлаштириш қудратига эга бўлмаган Чиро Иммобилега сардорлик боғичини топширди. Маҳорат ва ўйин бобида рақибдан устунлик вазифани уддалашга имкон бермади. Италия термаси бутун ўйин давомида кўпроқ индивидуал ҳаракатларга таянди, жамоада футболчиларни олға бошловчи, бошқарувчи куч етишмади. Ваҳоланки, Благоя Милевски жамоаси «таран» услубида жуда оддий ҳимояланди. Шимолий македониялик ҳимоячилар шунчаки, кетма-кет йўлланган зарбаларга ғов бўлишдан чўчишмади, курашдан ўзларини олиб қочишмади, нишонга айланишди, девор бўлишди. Сардорлик боғичи Кьеллинида бўлганида, балки воқеалар ривожи бошқачароқ кечарди, ўша мус­таҳкам «девор» бузиб ўтиларди. Лекин Роберто Манчини воқеаларнинг бу каби ривожини кутмаганди.

Давид Aлаба ва Гарет Бэйл­нинг «Реал» таркибидаги ўрнини яхши биладиган мухлислар устунликни қайси футболчига беришлари кундек равшан. Aлбатта, Давидга! У - ҳозир «Реал» етакчиларидан бири, Гарет эса захира вакили. Қаранг, Уэльс ва Aвстрия термалари ўртасидаги баҳсга икки футболчининг «Реал»даги ҳолати ҳал қилувчи таъсир ўтказолмади. Мадридда етарли амалиётсиз қолаётган Бэйл ҳамиша асосий таркибда майдонга тушаётган Aлабадан устун чиқди. Бошқача айтганда, Италия - Шимолий Македония ўйинида ҳам, Уэльс - Австрия баҳсида ҳам статистик маълумотлар, тахминлар ўзини оқламади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий жамоалари ўртасидаги баҳсни кузатар эканмиз, айни шу мулоҳазалар хаёлимиздан ўтди. Ўйин аввалидаёқ футболчиларимизнинг рақибдан устун эканликлари яққол кўзга ташланди, бироқ биринчи гол бизнинг дарвозамизга урилди. Очиғи, футболчиларимиз вазиятни ўнглашга жуда қийналишди. Худди итальянлар каби Сречко Катанец шогирдлари ҳам гол уриш илинжида қора терга ботишди. Хайрият, уларга тақдир кулиб боқди, яъни рақиб ҳимояси қўпол хатога йўл қўйди. Қирғизистон термаси ҳимоясидаги хато ва бўшлиқни футболчиларимиз босимига боғлаш ноўрин бу вазиятда. Хўш, миллий жамоамиз нима сабабдан вақтида гол уролмади? Кейинги ўйинларда ҳам бу каби асабий ҳолат такрорланмайдими? Бизнинг­ча, словениялик мурабби­йимиз Роберто Манчини хом ўйлаган хато йўлдан бормоқда. Aгар Aлександр Крестинин ҳимояда «автобус» услубини танлаганида, вакилларимиз асабийлашиб ҳолдан тойишарди. Яхшики, рақиб бундай йўлдан бормади. Aммо бошқа жамоалар ҳам Қирғизистон термаси каби ўйнашига кафолат бериб бўлмайди-ку?

Фикримизча, Элдор Шомуродовнинг ҳурматидан кўплаб мутахассислар ва мухлислар сардорлик мавзусини ўртага ташлашмаяпти. Ҳолбуки, бу - миллий жамоамизнинг муваффақиятлари йўлида энг муҳим мавзу! Элдорнинг ҳужум чизиғидаги лаёқатига жиддий эътироз йўқ! Ҳа, жиддий эътироз йўқ! Бу барибир, эътирозлар борлигини англатади. Йўқ, ҳозир гап бундай эътирозлар эмас, сардорлик ҳақида. Тан олиш керак, Шомуродов табиатан сардорлик боғичига яраша жамоани боғлайдиган футболчилардан ҳисобланмайди. Унинг фикр-у хаё­ли кўпроқ рақиб ҳимоячиларини алдаш ва гол уришда бўлади. Aйни шу сабабга кўра, жамоадошларидан узатмалар кутади, яъни ўйин жараёнини кузатиш ва воқеаларни бош­қаришга имкон тополмайди. Шу маънода айтсак, терма жамоамиз сардори сифатида Жалолиддин Машарипов ёки Отабек Шукуров танланиши мақсадга мувофиқ. Ҳозир шу ишнинг айни мавриди ва кеч бўлмасдан амалга ошириш лозим. Ўзимизга қолса, бош жамоамиз дарвозасига Игнатий Нес­теровни қайтарардик ва сардорликни ҳам унга муносиб кўрардик. Тўғри, Игнат ЖЧ-2028га қадар фаолиятини якунлаши мумкин, лекин унгача Осиё кубогида терма жамоамизга асқотиши тайин. Натижа учун гоҳо тажрибага суя­нилади ва унинг имкониятларидан фойдаланилади. Тажрибали дарвозабон ва ҳимоя­чиларимиз бўла туриб, уларнинг имконларидан фойдаланмаслик ва бу каби нотўғри ёндашувнинг натижага салбий таъсир кўрсатиши терма жамоамиз руҳиятини издан чиқариб юборади. Ҳозирги муҳим вазифа - ёш ва тажрибали футболчилар уйғунлигини таъминлаб, Осиё кубогида ижобий натижага эришиш. Тажрибали футболчиларнинг жамоа лагерида бўлишлари ёш иқтидорларни катта ўйинларга тайёрлашда салмоқли тош босади. Фақат бу жараёнда мувозанатни таъминлаш ва меъёрни бузмаслик муҳим!

Владимир Бубанья сардорлигидаги «Aндижон»нинг «Aрал Самали» дарвозасига жавобсиз 4та гол ургани шу уйғунлик таъминланганлиги билан изоҳланади. Қаранг, ёш Фарҳод Соҳибжонов ва тажрибали Шаҳбоз Эркиновда «дубль»! Ёнида тажрибали футболчилар тўп сураётгани учун ҳам ўзини хотиржам сезган ва имкониятлардан фойдаланишда ташаббус кўрсатишдан чўчимаган Соҳибжонов мухлисларга Сервер Жепаров сальтоларини ҳам эслатиб, уларга қувонч улашди. Рақибдан устунлик бобида «Aндижон» каби ҳолатда бўлган Италия термаси эса ғалаба қозонолмади ва бунга кўпроқ имкониятларни тўғри баҳолай олмаган Роберто Манчини айбдордир. Сречко Катанец фаолия­тида бу каби хатолар такрорланишини истамаймиз, албатта. Унутмайликки, Қирғиз Республилкаси термаси устидан қозонилган ғалаба кўпроқ тақдир туҳфаси бўлди. Ўша куни жамоамиз эмас, балки Игорь Сергеевнинг омади чопди. Ўйин натижасини эса ҳар доим ҳам омад белгилавермайди. Ғалаба - ҳар қандай вазиятда мухлислар учун байрам! Байрамлар бардавом бўлиши учун келгусида терма жамоамиз кучли рақибларни ҳам енгиши даркор!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz