Қайднома

Қидирув

Рейтинг: Қулоқ солинг, купюра товуши...

Рейтинг: Қулоқ солинг, купюра товуши...

  31.03.2022 07:37
  0
  227
Рейтинг: Қулоқ солинг, купюра товуши...

Франциянинг L~Equipe нашри Европанинг кучли 5та лигасига боғлиқ янги маош рейтингини эълон қилди. Ҳозирча фақат энг катта маошга эга футболчиларни кўриб чиқамиз. Айтиш ўринли, рейтингда солиқ тўловидан олдинги тахминий миқдор келтирилган. Зеро, футболчининг иш ҳақида кўплаб омиллар таъсири бор: бонуслар, статистик кўрсаткичлар, эҳтимолий жарималар...

ЛИГА 1 (Франция)

*** Франция футболида ҳаммаси оддий: энг кўп маош олаётган 20 нафар футболчининг 18 нафари «ПСЖ» вакили. Топ-20таликда яна «Монако»дан бир жуфт футболчи бор - Виссам Бен Йеддер (15-ўрин, ойига 650 минг евро) ва Франсеск Фабрегас (18-ўрин, ойига 600 минг евро).

*** Пешқадам Неймарнинг ойлик иш ҳақи 4,083 миллион евро тенг. Эслатма, бразилиялик юлдуз ўтган йилнинг май ойида «ПСЖ» билан шартномаси муддатини узайтирганди. У эски келишувга кўра, нисбатан камроқ оларди - ойига 3,06 миллион евро. Рейтингнинг кейинги ўринлари Лионель Месси (ойига 3,375 миллион евро) ва Килиан Мбаппе (ойига 2,22 миллион евро)га тегишли.

*** Ўтган йилги кўрсаткичлар билан таққослаганда, Лига 1да ўзгариш катта эмас: «ПСЖ» ҳамон энг кўп маош берувчи клубдир. Тўғри, энг сердаромад футболчилар рўйхатида янгилар кўп: Лионель Месси, Ашраф Ҳакими, Жоржиньо Вейналдум ва Жанлуижи Доннарумма.

 

АПЛ (Англия)

*** Диққат, АПЛда энг кўп маошга эга 5 нафар футболчи ҳам Манчестер клубларида ўйнамоқда. Оддий айтганда, кучли 5таликда «МЮ» вакиллари орасида «Манчестер Сити»дан биргина Кевин де Брюйне бор (2-ўрин, ойига 2,06 миллион евро).

*** Рейтингнинг 1-ўрнида ойига 2,6 миллион евро оладиган Криштиану Роналду бормоқда. Қаранг, португалиялик юлдузнинг иш ҳақи Франциядаги азалий рақиби Лионель Мессиникидан сезиларли даражада кам.

*** Элит рўйхатда «МЮ»нинг икки нафар янги футболчиси бор - Жейдон Санчо (ойига 1,85 миллион евро) ва Рафаэль Варан (ойига 1,62 миллион евро). Улар ўтган йили етакчилар қаторида бўлишган Раҳим Стерлинг ва Поль Погбани четга суришди. Қизиғи, бир йил аввал АПЛрейтингини Гарет Бейл бошқарганди. Тўғри, ўшанда уэльслик юлдузнинг 2,5 миллион еврога тенг маошидан бир қисмигина «Тоттенхэм» зиммасида эди.

 

БУНДЕСЛИГА (Германия)

*** Германияда ҳаммаси барқарор. Роберт Левандовски ҳақли равишда пешқадам - ойига 2 миллион евро.

*** Энг катта маошга эга 7 нафар футболчи  «Бавария»да. Бунда ҳам ажабланадиган томони йўқ.


ЛА ЛИГА (Испания)

*** Лионель Месси кетгач, Ла Лига маош рейтинги анча ўзгарди. Аргентиналик «наҳанг» «Барселона»да ойига нақ 10,5 миллион евро оларди - космос! Шунингдек, «Атлетико»га қайтган Антуан Гризманн ҳам энди нисбатан камроқ маош билан қаноатланмоқда.

*** Аммо рейтингни ҳамон «Барселона» футболчиси бошқармоқда - Жерар Пике. Ваҳоланки, 2021 йилнинг ёзида унинг ўз маошини қисқартириш эвазига клубни таназзулдан қутқариб қолгани айтилганди. Амалда эса Пике ўзига тегишли иш ҳақини ортиғи билан олмоқда.

*** Ла Лигага қайтган «ялқов» Гарет Бэйл ва қандайдир каромат кўрсатолмаётган Эден Азарнинг иш ҳақи тенг - ойига 2,2 миллион евро. Ажойиб-а.. «Реал» сафига эркин агент мақомида қўшилган Давид Алаба  ҳам энг «олғир»лар қаторида.

 

«А» СЕРИЯ (Италия)

*** «А» серия маош рейтингини Пауло Дибала бошқармоқда, бироқ у ёзда «Ювентус»дан кетса керак, ҳар ҳолда, ҳалигача янги шартнома масаласида клуб билан келишолмади.

*** Энг кўп маош олувчи футболчилар рўйхатининг юқориси «Ювентус» вакиллари билан банд. Фақат бир «бегона» бор - «Наполи» ҳимоячиси Калиду Кулибали (ойига 0,93 миллион евро).

*** Ўтган йилги рейтингга нисбатан олсак, «А» сериядан кетган Ромелу Лукаку ва Кристиан Эриксен (ойига 0,95 миллион евродан олишарди) ўрнига Леонардо Бонуччи (3-ўрин) ва «Ювентус»нинг қишки хариди Душан Влахович кўтарилишди.

 

УМУМИЙ МАНЗАРА

*** Умумий рейтингда «ПСЖ» жуфтлиги  - Неймар ва Лионель Месси пешқадам, ке­йинги ўринлар Криштиану Роналду, Жерар Пике ва Килиан Мбаппега тегишли.

*** Рейтингнинг юқори ўринлари асосан ҳужумчиларга тегишли, улар орасига фақат Жерар Пике кириб олган. Эътиборлиси, у Лига 1да кучли 10таликдан ҳам четда қолган Серхио Рамосга нисбатан деярли 3 баравар кўп маош олади. «ПСЖ»да «дам олаётган» «Реал»нинг собиқ сардори 0,8 миллион еврога тенг ойлик иш ҳақи билан Францияда атиги 12-ўринда.

*** 1 йил давомида маош бобида энг кўп йўқотган футболчи - Лионель Месси. Аргентиналик юлдуз Каталониядаги 10,5 миллион ўрнига Парижда 3,375 миллион евро билан чекланмоқда. Тахминан 3 баравар кам.

 

СОЛИҚ ТАРИФИ ҚАНДАЙ?

Аксарият мамлакатларда прогрессив солиқ тизими амалда - даромад ошган сари фоиз ҳам кўтарилади.

Англия: 180 минг евро (150 минг фунт)дан ортиқ йиллик даромад учун 45 фоиз солиқ.

Франция: 158 минг евродан ортиқ йиллик даромад учун 45 фоиз солиқ. Фақат Монакода бошқача - князлик клуби футболчилари солиқ тўламайдилар, аммо иш берувчи ўз ходими даромадининг 13 фоизи миқдорида ижтимоий тўловни амалга ошириши керак.

Италия: 75 минг евродан ортиқ йиллик даромад учун 43 фоиз солиқ.

Испания: 300 минг еврога тенг йиллик даромад учун 125,9 минг евро, бундан ортиғи учун 47 фоиз солиқ.

Германия: 274 минг еврога тенг йиллик даромад учун 45 фоиз солиқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz