Қайднома

Қидирув

80-йиллар юлдузларини эслаб...

80-йиллар юлдузларини эслаб...

  01.04.2022 13:23
  0
  270
80-йиллар юлдузларини эслаб...

Ўтган асрнинг 80-йиллари собиқ иттифоқ футболи жаҳон ареналарида ўз ўрнига эга эди. Дейлик, олимпия термаси Сеулдан олтин медаль билан қайтган, миллий жамоа эса Евро-88да кумуш медални қўлга киритган. Умуман, ўша вақт собиқ иттифоқ жамоаси ЖЧда мунтазам иштирок этарди. Қолаверса, Киев ва Тбилисининг «Динамо» клублари Европа Кубок эгалари кубогида зафар қучган. Биздаги катта авлод мухлислари ҳам ўша даврнинг мислсиз буюк истеъдодлари ўйинларига ошуфта бўлишгани рост. Шуни ҳисобга олган ҳолда, бу сафарги мақоламиз шубҳасиз, собиқ иттифоқ футболининг олтин даври - 80-йиллар юлдузларига бағишладик. Ҳозирча биринчи қисм - эътиборни Киев ва Тбилиси «динамочи»ларига бурамиз.

Олег ПРОТАСОВ

Ўша вақт: «Днепр» ва «Динамо» К. ҳужумчиси

Ҳозир: 58 ёш, Украина футбол ассоциация­си вице-президенти

1987 йили собиқ иттифоқнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган собиқ ҳужумчи 6 йилдан буён Украина футболи манфаати йўлида меҳнат қилмоқда. Протасов бунга қадар, яъни бошқарув тизимига ўтишидан олдин 15 йил давомида мураббийлик қилди. Шундан сўнг маълум муддат Украина термаси техник директори лавозимида фаолият юритгач, 2018 йили ҳозирги ишига киришди. Айни пайт ўз вақтининг донгдор голеадорида мураббийлик соҳасига қайтиш нияти йўқ.

 

Владимир БЕССОНОВ

Ўша вақт: «Динамо» К. ярим ҳимоячиси

Ҳозир: 64 ёш, ишсиз

Афсуски, Россия - Украина можароси футбол афсоналари ҳаётига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, собиқ иттифоқ терма жамоаси либосида 79 марта майдонга тушган Владимир Бессонов қўлига қурол олишга мажбур бўлди. Орада Киев «Динамо»сида спорт директори вазифасини бажарган собиқ ярим ҳимоячи автомат ушлаб турганча видеомурожаат йўллади. Бу ўтган асрнинг 70-90-йиллари футболга мухлислик қилганлар учун - ҳақиқий дард.

 

Олег БЛОХИН

Ўша вақт: «Динамо» К., «Форвертс» ва «Арис» ҳужумчиси

Ҳозир: 69 ёш, Украина футбол ассоциация­си Стратегик ривожлантириш кенгаши ва Терма жамоалар қўмитаси раиси

Собиқ иттифоқ терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар фаолиятини якунлагач, ўзини мураббийлик йўналишига урди. Бироқ зўр ҳужумчидан яхши мураббий чиқмади - футболчилар унинг оғир феъл-атвори ва асоссиз талабларидан шикоят қилишди. Зеро, Блохин шогирдларини ўз даражаси билан таққослашни хуш кўрарди. Хуллас, 2014 йилнинг апрель ойида Киев «Динамо»сидан истеъфога чиққан Блохин мураббийликка бошқа қўл урмади. Охирги 10 йилликнинг ўрталарида эса афсонанинг саломатлигида жиддий муаммолар кузатилди - микроинсульт. Дейлик, ўтмиш қаҳрамони ЧЛ-2017|2018 финалини ногиронлар аравачасида кузатди. Муҳими, ҳаммаси ортда қолди, Блохин ҳозир ўзини анча яхши ҳис қилмоқда. 2021 йилдан эса Украина футбол ассоциация­сида ишламоқда.

 

Иван ЯРЕМЧУК

Ўша вақт: «Днепр», СКА К. ва «Динамо» К. ярим ҳимоячиси

Ҳозир: 59 ёш, покер ишқибози

Тақдир экан, Киев «Динамо»си афсонасининг футболдан кейинги ҳаёти унча ўхшамади. Ҳар ҳолда, қимор ўйинларига берилган Яремчук бор-будидан айрилди. Айтишларича, Иван чамаси миллион доллар (жумладан, хорижда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо автомобили ва Киев марказидаги шинам квартираси)ни «ҳавога сочган». Яхшики, Яремчук кейинчалик ёмон иллатдан фориғ бўлишга куч топди, аммо аввалги тўкин ҳаётини тиклай олмади. Айни пайт собиқ футболчида шахсий уйи ҳам йўқ. Баъзан покер ўйинларида қатнашади, яна фахрийлар ўртасидаги футбол баҳс­ларида ҳам. Яремчук вақтида мураббий сифатида иш бошлаши мумкин эди - ўзининг айтишича, Полтава «Ворскла»сидан жиддий таклиф олганди. Бироқ у ўша пайт ҳаётини Киевдаги казиноларсиз тасаввур қилолмасди.

 

Сергей БАЛТАЧА

Ўша вақт: «Динамо» К. ва «Ипсвич» ҳимоя­чиси

Ҳозир: 64 ёш, «Чарльтон Атлетик» академияси мураббийи

Евро-88 кумуш медали совриндори Киевдан Англиянинг «Ипсвич» жамоасига йўл олди ва футболчилик фаолиятидан сўнг Буюк Британияда муқим яшаб қолишга қарор қилди. Аввалига Шотландиянинг «Сент-Миррен» клуби бош мураббийи ассистенти ролида ишлаган Балтача кўп ўтмай, ёшларни шуғуллантиришга киришди. Жумладан, 2001-2008 йиллар оралиғида «Чарльтон» академиясида фаолият юритди, кейин 4 мавсум «Челси» тизимида ишлади. 2012 йили «Чарльтон»га қайтган украиналик мутахассис шундан буён U-14 - U-18 жамоалари футболчиларининг техник салоҳиятини кўтариш билан банд.

 

Александр ЧИВАДЗЕ

Ўша вақт: «Динамо» Тб. ҳимоячиси

Ҳозир: 66 ёш, Грузия футбол федерацияси президенти маслаҳатчиси

Вақтида «профессор» лақабини олган Тбилиси «Динамо»си афсонаси бутсаларини михга илгач, ўз билимини Грузия футболи равнақига сарфлашни лозим топди. Дейлик, жами 7 йил мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи сифатида ишлади, қисқа муддат футбол федерациясига раҳбарлик қилди. Чивадзе шунингдек, 2012-2015 йиллар оралиғида Грузия ёшлар термасини шуғуллантирди. У шундан сўнг бошқарув тизимига қайтиб, Грузия футбол федерацияси президенти Леван Кобиашвилининг расмий маслаҳатчисига айланди.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz