Қайднома

Қидирув

Пьер Калулу: «Милан» ҳимоячиси бўлиш - бу Ибрага қарши туриш...»

Пьер Калулу: «Милан» ҳимоячиси бўлиш - бу Ибрага қарши туриш...»

  01.04.2022 15:00
  0
  214
Пьер Калулу: «Милан» ҳимоячиси бўлиш - бу Ибрага қарши туриш...»

«Милан» жорий мавсум ниҳоят, яна скудетто сари дадил қадам ташламоқда. «Россонерлар»нинг «А» серия турнир жадвалида пешқадамлик қилаётганларида тартибли ҳимоянинг ҳиссаси ҳам катта. Жумладан, Пьер Калулу мавсум кашфиёти бўлишга яққол даъвогар. 21 ёшли футболчи охирги вақтларда Фикайо Томори билан марказий ҳимоя зонасига жавоб беряпти. Айтиш керакки, у ёшига нисбатан олганда, анча ақлли ўйин намойиш этмоқда. Профессионал футболда илк шартномасини 2020 йили «Лион» билан тузган иқтидорни шу пайтгача кўпчилик билмасди, энди у ҳаммага таниш. Калулу хусусан, «Наполи»га қарши ўйин (1:0)да даҳшатли Виктор Осимхенни сира бўш қўйгани йўқ ва ғалабага катта ҳисса қўшди, кейин «Эмполи» билан баҳсда ғалаба голига муаллифлик қилди. Умуман, «Милан»нинг қаторасига 3та ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлашида Пьер Калулу - Фикайо Томори жуфтлиги улуши катта. Франциялик ёш футболчи L~Equipe нашрига берган интервьюсида турли мавзулар ҳақида гапирди: Олимпиада ўйинлари, «Милан», миллий жамоа... Асосийси, Пьернинг ҳам клуб, ҳам Франция термасидаги амбициялари жуда улкан.

- Калулу, футболда бирданига порлашнинг қандайдир сири борми?

- Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, тўғриси, U-21 тои­фасидаги Европа чемпионати умидсизлик уйғотди, ҳаттоки, Олимпиада ўйинлари ҳам. Омадсизликлар - оғриқли. Бундай паллада ўзингиздан ўпкаланасиз, жирканасиз. Муҳими, оғир меҳнат ҳамиша ёрдам беради. Тан оламан, олдинроқ дейлик, Фарер ороллари термаси каби заифроқ рақибларга қарши ўйнашни хоҳлардим. Энди эса танлаш ортиқча: рақиб каттами-кичик, кучлими-заиф, фарқи йўқ - бир хил шиддат билан ўйнаш керак.

- Олимпиада ўйинларида қатнашиш қандай экан?

- Мен учун ҳаммаси янги тажриба. Бу борада «Милан» раҳбарлари билан гаплашганимда, улар ўз мамлакатим шарафини ҳимоя қилишимдан хурсанд эканликларини яширишгани йўқ: «Ўзинг шуни хоҳлаётган бўлсанг, майли, бор! Бу клуб учун ҳам фахр». Албатта, бундай муносабатдан хурсанд­ман.

- Франция U-21 терма жамоаси бош мураббийи сени алоҳида мақтади. Бунга муносабатинг қандай?

 - Мақтадими, демак, барчасини тўлиқ тасдиқлаш учун янада кучли ўйин кўрсатишим шарт. Шубҳа йўқ, футболчи мураббий ишончини қозониш орқали юксакликка кўтарилади. Табиийки, ҳар куни янада юқорироқ марралар ва катта умидлар билан олдинга интилишни истайман. «Милан» бош мураббийи Стефано Пио­ли мендан энг кичик жиҳатларга ҳам эътибор билан ёндашишни талаб қилмоқда. Ўйлайманки, унинг ўгитлари натижаси бугун кўриниб турибди. Ёшлигимда ҳеч қачон умидли футболчилар қаторига кирган эмасман. Яъни ҳамма орзу қилган иқтидор даражасида эмасдим. Кўпинча ўзимга поезд менсиз кетиб қоладигандек туюларди. Муҳими, бундай ҳолатда тезда ишга шўнғиш учун куч топа олардим.

- «Милан»дек жамоа либосини кийиш пайти ҳам иккиланиш бормиди? Дейлик, захирада қолиб кетишдан чўчимадингми?

- Ҳар доим ўз устимда кўпроқ ишласам, ҳаммаси яхши бўлишига ишонганман. Бунинг учун маълум вақт кетишини ҳам билардим. Шу маънода айтсам, «Милан»да муваффақиятсизликка учрашдан сира қўрқмадим. Аксинча, «Лион»да шундай бўлиши ва унутилиб кетишим ҳеч гап эмасди.

- Нима, Францияда сенга имкон беришмадими?

- Аслида айнан «Лион»да порлашни орзу қилардим, лекин ўхшамади. Сабабини қидиришдан эса маъно йўқ. Шунчаки, «Милан» сафига қўшилгач, орзу сари ҳаракатни янада кучайтирдим. Ҳа, бошида роса қийналдим, чунки ёлғиз эдим. Ҳозирги ҳақиқат шуки, «Милан»да ўйнаш менга катта туртки берди.

- Италия ҳаёти ҳақида нима дея оласан?

- Милан - гўзал шаҳар. Бу ерда аввало, йўналишни аниқлаб олишингиз шарт. Куннинг маълум бир вақтида шаҳар марказидан қочишингиз керак, чунки у ер «қайнайди». Одамлар эса ҳамон 90-йиллардаги буюк «Милан» ҳақида ғурурланиб гапиришади.

- Умуман, «Милан»да ўйнаш нимани англатади?

- «Милан» ҳимоясида ўйнаш - ҳар бир машғулотда Ибрагимовичга қарши туриш. О, бу иш сени шу қадар чарчатадики, айтишга тил ожиз. Шунинг баробарида Златанга қарши туриш ўзинг учун жуда фойдали. Жиру ҳам худди Ибра каби ғалабадан бошқасини тан олмайди. Улар олдингизга келишганида, ўзингиздаги «мен»ни кўрсата олишингиз ва муносиб жавоб беришингиз шарт. Машғулотларда елкангизни бироз пастга туширсангиз ёки етарлича қаршилик кўрсатмасангиз, балога қоласиз. Оддий айтганда, улар олдида ҳамиша ғалабага чанқоқ эканлигингизни кўрсатишга маҳкумсиз. Машғулотларимиз шуниси билан эътиборга лойиқ: бизда доимий кескинлик, баъзан яхши маънодаги жанжаллар ҳам кузатилади.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz