Қайднома

Қидирув

Эрик Байи: «Кот-Д Ивуар номидан ўйнаётганим - фахр»

Эрик Байи: «Кот-Д Ивуар номидан ўйнаётганим - фахр»

  02.04.2022 12:00
  0
  209
Эрик Байи: «Кот-Д Ивуар номидан ўйнаётганим - фахр»

Чинакам профессионал футболчи сифатида шаклланиш мақсадида 17 ёшидаёқ яқинларидан узоқлашиб, Европага йўл олган Эрик Байи бугун Англияда Кот-д~Ивуар номидан тўп сураётганидан бағоят бахтиёр. Аллақачон 27 ёшни уриб қўйган бақувват ҳимоячи евроаренадаги фаолиятини Испаниянинг «Эспаньол» жамоасида бошлаганди. Ивуарлик футболчи шундан 3 йил ўтиб, Ла Лигада дебютини нишонлади, кейин 18 ой давомида «Вильярреал» шарафини ҳимоя қилди. 2016 йили эса «МЮ» сафини тўлдирди. Эрик «қизил иблислар» футболчиси мақомида Кот-д~Ивуар миллий жамоасининг нақ 27та ўйинида қатнашди. Умуман, Байи ўз мамлакати бош жамоаси либосида 42 марта майдонга тушишга улгурди. У яқинда manutd.com сайтига интервью бериб, жонажон ватани учун ҳар қандай мушкулотларни енгиб ўтишга тайёрлигини билдирди.

- Эрик, одатда Кот-д~Ивуар миллий жамоаси йиғинига катта иштиёқ билан йўл оласиз. Ваҳоланки, узоқ парвозлар ҳар қандай футболчини толиқтириб қўйиши мумкин...

- Кот-д~Ивуар мен учун ҳаммасидан устун. Бу - ватаним, оилам, дўстларим. Шундай экан, миллий жамоага боришда қандайдир муаммо кўришим мумкинми? Аксинча, Анг­лия ва Манчестерда Кот-д~Иву­ар вакили сифатида ўйнаётганим алоҳида ғурур бағишлайди. Умуман, Кот-д~Ивуар ҳақида гапирганда, ҳамиша тўл­қинланиб кетаман. Ватанга муҳаббат шу бўлса керак.

- Биламизки, Кот-д~Ивуар футболи кўплаб иқтидорлари билан машҳур. Бироқ миллий жамоа жаҳон аренасидаги катта ютуқлари билан мақтанолмайди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳа, мамлакатимиздан ажойиб футболчилар чиққан. Хусусан, Дидье Дрогба Европада ҳам афсона даражасига кўтарилди. Эсимда, Кот-д~Ивуар миллий жамоаси ўйнаганида, Дрогба ҳаракатига алоҳида эътибор қаратардим. Оддий айтганда, унинг ўйини ҳамма қатори менга ҳам завқ бағишларди. Энди саволингизга келсак, барчаси инфратузилма ва тизимга боғлиқ бўлса керак. Зеро, футболда иқтидорларнинг ўзи билан иш битмайди. Муваффақият учун ҳаммаси уйғунлашиши керак.

- Кот-д~Ивуар футболининг яна бир ёрқин намояндаси - Яя Туре ҳақида нима дея оласиз?

- О, Яяни таърифлашга тил ожиз. Айнан Туре ва Дрогба барчамиз учун чинакам намуна эдилар. Қойилмақом футболчилар. Улар бежиз АПЛ тарихидаги энг буюк ўйинчилар қаторига киришмаган. Ҳар иккиси билан ҳар қанча фахрлансак, шунча оз.

- Хўш, терма жамоанинг бугунги ҳолати қандай?

- Таркибимизда иқтидорли йигитлар етарли. Асосийси, мамлакатимизда одамлар футболни жуда яхши кўрадилар. Демакки, болалар футбол билан шуғулланаверадилар ва янги-янги номлар чиқишига ишонаман.

- Мамлакатингиздаги истеъдодли йигитларга қандай маслаҳат берасиз?

- Улар Европага келиб, ўз салоҳиятларини кўрсатишдан чўчимасликлари керак. Ўз навбатида, ёш иқтидорларга шундай имконият берадиган тизим яратиш ҳам муҳим. Бизда ёш йигитлар бор куч билан шуғулланишдан қочмайдилар. Шундай ёндашувни охиригача ушласалар, кун келиб худди мен, «Арсенал»даги Николя Пепе ёки Уилфрид Заа каби Англияда ўйнаш имкониятига эга бўлишлари тайин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz