Қайднома

Қидирув

Поль Погба: «Суперқаҳрамон эмас, оддий одамлармиз»

Поль Погба: «Суперқаҳрамон эмас, оддий одамлармиз»

  05.04.2022 16:00
  0
  158
Поль Погба: «Суперқаҳрамон эмас, оддий одамлармиз»

Поль Погба бутун фаолияти давомида депрессиядан азият чеккан, бу ҳолат «Манчестер Юнайтед» Жозе Моуриньо қўл остига ўтганида янада жиддийроқ тус олгани ҳақида футболчининг ўзи гапирганди. Маълумки, португалиялик мутахассис «Олд Траффорд»да иш бошлаган илк кунданоқ ушбу жуфтликнинг қарашлари бир-бирига мутлақо зид эканлиги кўриниб турарди ва франциялик юлдуз ўша давр унга қанчалик талофат келтиргани ҳақида яқинда хорижлик ҳамкасбларимизга берган интервьюсида биринчи марта гапирди.

- «МЮ»да кўп ҳолларда норозилик билдирганингизга гувоҳ бўляпмиз. Бунинг сабаби нимада?

- Фаолиятимда кўп марта депрессияни бошдан кечирганман, лекин бу ҳақда гапириш мумкин эмас. Эътирозларим сабаби шунда. Баъзида тушкунликка тушганингизни билмай қоласиз, қамалиб олишни, ёлғиз қолишни хоҳлайсиз ва бу айни ҳақиқат.

- Сиздаги депрессия асосан қайси даврга тўғри келади?

- Шахсан менда бундай ҳолат «Манчестер Юнайтед» бошига Моуриньо келган пайтда бошланган. Бундай вазиятда ўзингизга савол берасиз, «Ўзим айбдорманми?» деб ўйлайсиз, чунки ҳаётингизда ҳеч қачон бундай ҳолатни бошдан кечирмагансиз. Шу каби салбий дақиқалар барча ютуқларимни унутишимга мажбур қилишини хоҳламайман, лекин буни уддалаш ҳар доим ҳам осон бўлмайди. Мавжуд муаммоларга ёлғиз бардош бера олмасангиз, бошқа йўлларини излашга ҳаракат қиласиз.

- Вазиятдан чиқиш йўлларини қидирасизми?

- Пэт амаки (Эвра) ва бундай ҳолатни бошидан кечирган собиқ футболчилар билан кўп гаплашаман, чунки улар аҳволимни дарҳол тушунишади. Сизни тинглашлари учун гапириш, ғазабингизга сабаб бўладиган барча салбий жиҳатларни унутиш - шахсан мен учун бундан бошқа йўл йўқ.

- Четдан қараб, имкониятларингиздан келиб чиқсак, сизнинг бундай ҳолатга тушишингиз ажабланарли...

- Албатта, биз жуда кўп пул топамиз, шикоятга ўрин йўқ, лекин бу сизнинг ўша дақиқаларни бошдан кечиришингизга тўсқинлик қилолмайди. Ҳаётдаги ҳамма нарсада бўлгани каби, баъзи дақиқалар бош-қаларидан фарқланади, мураккаб кечади. Катта пул топаётган бўлсангиз, ҳар доим бахтли бўлишингиз шартми? Ҳаётда ҳамма нарса сиз хоҳлагандек кечмайди. Аммо аввал ҳам айтганимдек, футболда бу ҳақда гапириш имконсиз. Ахир биз ҳам суперқаҳрамон эмас, оддий одамлармиз.

- Шундай аҳволга тушган футболчи нималарни ҳис этади?

- Футбол - энг оммабоп спорт тури, сизни ҳар уч кунда баҳолашади, ҳар доим яхши бўлишингиз керак. Бош-қалар каби муаммоларга йўлиқишингиз мумкинлиги эътибордан четда қолади. Шубҳасиз, бундай дақиқаларда танангизда, онгингизда қандайдир нотўғри нарсани ҳис қиласиз ва бир ой, ҳатто бир йил давомида ўзингизни ёмон сезишингиз мумкин. Лекин буни гапира олмайсиз, оммавий равишда шикоят қилиш имкониятингиз чекланади. Миянгизда турли фикрлар чарх уради, ҳаммасини ақлингиз бошқаради.

- Бу каби босим ва муаммоларни енгиш имконини топдингизми?

- Ҳар бир юқори савияли спортчи борки, айни дақиқаларни бошдан кечиради, лекин уларнинг айримларигина бу ҳақда гапиришади. Агар руҳий жиҳатдан кучли бўлмасангиз, демак, ушбу спорт турида сизга ўрин йўқ. Бундай синовлар сизни тоблайди ва таслим бўлиш ярамайди.

- «МЮ»даги келажагингиз номаълумлигича қолмоқда, зеро шартномангиз мавсум охирида тугайди. Аввалроқ Дидье Дешам қўл остидаги Франция миллий жамоа­сидан фарқли ўлароқ, «қизил иблислар» таркибида қандай роль ўйнашингизни билмаслигингизни айтгандингиз.

- Чиндан ҳам, миллий термада мураббий (Дешам) билан жуда яхши муносабатдамиз. У менга ўзим биладиган ролни берди, вазифам нималигини аниқ биламан ва майдонда шунга кўра ҳаракат қиламан. Лекин «Манчестер Юнайтед»да-чи? Рости, бу саволнинг жавобини ҳалигача тополмаганим йўқ.

- «МЮ» билан шартномангиз тугаганидан кейин фаолиятингизни қай тахлит давом эттирмоқчисиз?

- Совринларни қўлга кирита олмаган, бой берилган бу йиллар учун ҳам ғалаба қозониш, ривожланиш ва орзуларимга етишишни истайман. Тўғрисини айтсам, сўнгги беш мавсум мени мутлақо қониқтирмади. Бу йилдан ҳам умид йўқ, барибир, ҳеч нарса ютмаймиз. Кейинги фаолиятим Манчестерда давом этадими ёки бош­қа клубдами, ҳамиша совринларни қўлга киритишни хоҳлайман.

- Ўтган ҳафта уйингизга ўғрилар бостириб киргани, бу пайтда фарзандларингиз ўша ерда бўлгани, шунингдек, жаҳон чемпионлиги учун берилган олтин медалингизни ўғирлаб кетишганини айтгандингиз. Бу ҳам сиз учун навбатдаги оғир зарба бўлдими?

- Асосийси, фарзандларимнинг аҳволи яхши. Ўғирланган буюмлар ҳақида гапирадиган бўлсам, у ерда онамнинг тақинчоқлари, жаҳон чемпионлиги учун олган медалим бор эди. Мени энг қўрқитгани - бу воқеа пайтида икки фарзандимнинг уйда энагаси билан бўлганлиги эди. Энагамиз ҳаммасини эшитибди ва турмуш ўртоғимга ва қўриқчиларга қўнғироқ қилибди, сўнгра болалар билан бирга хонага қамалиб олишибди. Шундан сўнг у бир неча кун шок ҳолатида юрди.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz