Қайднома

Қидирув

Мадрид янги «Галактикос»дан умидвор

Мадрид янги «Галактикос»дан умидвор

  06.04.2022 06:36
  0
  313
Мадрид янги «Галактикос»дан умидвор

Бу мавсумдаги «ПСЖ»нинг ўз мухлисларидан бошқаларга қизиғи бўлмай қолди. Жамоа Чемпионлар Лигаси ва Франция кубогини 1|8 финал босқичидаёқ тарк этди, Лига 1да эса 12 очколик фарқ билан етакчилик қилмоқда, «олтин»ни бой бериши амримаҳол. Месси ва бошқа юлдузлар Парижга кўчиб ўтганидан келиб чиқсак, мавсум финиши бундай кўриниш олишини ҳеч ким кутмагани тайин.

2022 йилнинг ёзида «ПСЖ»да яна бир янгиликни кўришимиз мумкин. Неймарнинг жамоада қолиши аниқ эмас, Мессининг «Барселона»га кетиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Аммо парижликлар учун энг катта йўқотиш Килиан Мбаппенинг кетиши бўлади. У амалдаги шартномасини узайтиришдан бош тортди. 23 ёшли ҳужумчини «Реал» билан боғлашаётганига анча бўлди. Қуйида тайёрланаётган супертрансфер ҳақидаги асосий саволларга жавоб топамиз.

 

Мбаппенинг «Реал»га ўтиши аниқми?

Ҳозирча расмий эълон берилмади, лекин бу хабарни инкор этишдан маъни йўқ. Marca журналисти Рамон Альвареснинг ёзишича, Мбаппе 30 январда - бошқа клублар билан музокара ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳамоно, «Реал» билан шартнома имзолаб улгурган. Унинг таъкидлашича, келишув тузиш жараёнида футболчининг вакиллари, «Реал» бош директори ва Мадрид клубининг иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти қатнашган. Ҳозирча ўтишнинг амалга ошгани ҳақида расман маълумот берилмаяпти.

Гарчи қоғозларга расман дастхат қўйилмаган бўлсада, Мбаппенинг «Реал»га ўтиш бўйича якуний қарорига Мадрид жамоасига қарши кечган Чемпионлар Лигаси 1|8 финал босқичидаги ўйинлар туртки бўлгандир, эҳтимол. Килиан ҳар икки ўйинда гол урди, лекин жамоаси барибир, турнирни тарк этди. Гап-сўзларга кўра, Мбаппе ва «Реал»дагилар ўртасидаги муносабатлар яқинлашмоқда. Мисол учун, ўйиндан кейин у ҳамюрти Карим Бензема билан 15 дақиқа суҳбатлашган. Анчелотти ва Модрич эса матбуот анжуманида Мбаппе ҳақидаги саволга табассум билан жавоб қайтаришди. Тўғри, кейинроқ мураббий навбатчи сўзларини айтишни ҳам унутмади.

Назарий жиҳатдан, агар «ПСЖ» ишончли ва узоқ муддатли лойиҳани тақдим этганида, Килиан Франция пойхатида қолиши мумкин эди. Аммо жамоанинг ҳозирги ҳолати юлдузларни тўплаганига қарамай, катта муваффақиятларга эришолмаслигини кўрсатди. AS нашрининг ёзишича, ёзда «ПСЖ»да катта ўзгаришлар бўлади - Мбаппе билан музокараларни барбод қилган Леонардонинг кетиш эҳтимоли катта. Клуб президенти Носир ал Ҳелайфи ҳам жойини тарк этиши мумкин. Умуман, «ПСЖ»нинг аҳволи мужмал, шундай экан, мавсум стартидан фарқли равишда, Мбаппени Парижда қолишга ундайдиган сабаблар жуда кам.

 

Трансфер «Реал» учун қанчага тушади?

Килиан ёзда эркин агентга айлансада, бу «Реал»нинг мазкур трансфердан иқтисод қилиши мумкинлигини англатмайди. Испаниялик инсайдер Эдуардо Инданинг ёзишича, Мбаппенинг онаси Файза Ламари «Реал» трансфер учун бонус тариқасида оилага 150 млн. евро ўтказиб беришини талаб қилмоқда. AS нашрининг қайд этишича, «қироллик клуби» 60-80 млн. евро атрофидаги харажатга қарши эмас.

Эҳтимол, «Реал» имзо бонусининг ортиши эвазига Мбаппенинг маошидан бироз иқтисод қилишни уддалар. Marca хабарига кўра, Килиан Мадрид грандида йилига 25-30 млн. олади. Аммо бунданда каттароқ сумма қайд этилган маълумотлар ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, яқинда «ПСЖ» Мбаппега йиллик 50 млн. евро маош кўзда тутилган шартнома таклиф қилган, бироқ футболчи рад жавобини берганди.

Килианнинг амалдаги келишувни узайтиришга шошилмаётганидан келиб чиқсак, у фаолиятини «Реал»да давом эттиришга мойил. Шундай экан, унинг маош бўйича талаблари адекватликка асосланиши лозим, зеро мазкур трансфердан клуб ҳам, футболчи ҳам манфаатдор. Кутилишича, Мбаппе 5 йиллик шартнома имзолайди, унга кўра, «Реал» йилига 50-60 млн. евро (давлат ҳисобига 50 фоиз солиқни ҳисоблаганда) сарфлайди. Имзо бонуси ҳам инобатга олинса, келишув клубга камида 300 млн. еврога тушиши мумкин.

 

Мбаппедан кейинги  харид Холандми?

Marca нашрида ёзилишича, мазкур сумма «Реал»ни чўчитмаяпти. Боз устига, клуб бюджети ёзда Эрлинг Холандни ҳам сотиб олиш имконини беради. Мадридда келишувнинг 350 млн. евро атрофида бўлиши кутилмоқда. Бунда футболчининг 6 йиллик маоши, «Боруссия Дортмунд»га тўланадиган 75 млн. евро (норвегияликнинг шартномасида айнан шунча товон пули кўрсатилган), шунингдек, форвард ва унинг агенти Мино Райолага бериладиган имзо бонуси ҳам ҳисобланган.

Айнан ўша Marca томонидан тарқатилган бошқа маълумотда Перес «Реал» бош директори ва Райоланинг ўзи билан маслаҳатлашгани айтилган, агент музокараларга тайёрлиги ошкор бўлган. Молиявий томондан, «Реал» ҳозир яхши аҳволда - сўнгги икки йил ичида клуб бирор марта минусга ишламади, натижада, бир мавсумдаги маошлар миқдорининг энг юқори кўрсаткичи 739 млн. евро этиб белгиланишига эришди. Солиштириш учун, Холандни қўлга киритишга даъвогарлардан яна бири ҳисобланган «Барселона»да мазкур сумма 144 млн.ни ташкил этмоқда.

Қўшимча равишда, «Реал» ёзда жамоани тозаламоқчи, қўлга киритилган пулларга эса таркибни сифатли тарзда кучайтирмоқчи. Мавсум охирида шартномаси муддати тугайдиган Бэйл, Марсело ва Иско клубни тарк этишади. Эден Азар, Лука Йович ҳамда Дани Себальос сингари футболчилар трансферга қўйилади. Шунингдек, ижарада тўп сураётган Браим Диас ва Такефуса Кубога ҳам харидор қидирилади.

«Реал» буларнинг барини ҳозирги авлод вакиллари орасидаги энг салоҳияти юқори икки футболчини қўлга киритиш ва кейинги бир неча йил учун жамоанинг ҳужумдаги имкониятларини орттириш мақсадида амалга оширмоқда. Агар Перес режаси амалга ошса, янги «галактикос» тузилишидан сўз очсак бўлаверади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz