Қайднома

Қидирув

Рўзиқул Бердиев: «Максимал натижа учун курашамиз»

Рўзиқул Бердиев: «Максимал натижа учун курашамиз»

  07.04.2022 03:30
  0
  161
Рўзиқул Бердиев: «Максимал натижа учун курашамиз»

Жорий йилнинг 7-27 апрель кунлари Саудия Арабистонида ОЧЛ гуруҳ босқич ўйинлари марказлашган тартибда ўтказилади. «Е» гуруҳида мамлакатимиз шарафини Қаршининг «Насаф» жамоаси ҳам ҳимоя қилади. Шу муносабат билан махсус мухбиримиз сафар олдидан «аждарлар» бош мураббийи Рўзиқул Бердиевдан интервью олди.

- Рўзиқул Саъдуллаевич, «Насаф» ОЧЛ гуруҳ бос­қич ўйини олдидан «Локомотив» устидан ғалаба қозонди. Мавсумдаги дастлабки ютуқ билан табриклаймиз.

- Катта раҳмат. Жуда хурсандмиз. Йигитлар бу ютуққа ўз меҳнатлари билан эришишди. Чунки олдинги икки ўйинда дуранг қайд этилганди. Ғалабага ташналик жамоамизни 3 очко учун майдонда муросасиз кураш олиб боришга ундади. ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинлари арафасидаги муваффақият жамоамизга янада кўтаринкилик бағишлайди.

- Чемпионлар Лигасидаги рақиблар жиддий, уларга қарши кечадиган ўйинлар осон бўлмаслиги аниқ. Умуман, ушбу жамоалар ўйини қай даражада ўрганилди?

- «Ал-Садд»ни яхши биламиз. Уларга қарши ОЧЛ доирасида икки марта ўйнаганмиз. Бу қитъамиздаги номдор жамоалардан бири. «Ал-Файсали» билан эса яқиндан таниш эмасмиз. Лекин шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Саудия Арабистони клублари анча тажрибали, кучли. Жамоа ўйинларини атрофлича ўрганиб, шогирдларимга зарур кўрсатмаларни бераман. «Ал-Виҳдат» Иордания чемпионатида ғолиблик учун курашадиган клублардан бири. ОФК кубогида бу жамоага ҳам тўқнаш келганмиз.

- Таркибдан кўнглингиз тўқми? Жароҳатлар йўқми? Ғолиб Ғайбуллаев, қолаверса, «Локомотив» билан ўйинда жароҳат олган Шерзод Насруллаевнинг ҳолати қандай?

- Ғолибнинг аҳволи ҳақида олдинги интервьюларда айтгандим. Шерзоднинг эса жароҳати жиддий бўлиб чиқди. Насруллаев жамоамизнинг етакчи ўйинчиси бўлгани ҳолда, кенг кўламли ишни бажарарди. Начора, йигитларимизнинг тезроқ соғайиб, сафга қайтишларини кутиб қоламиз. Энди мавжуд имкониятимиздан фойдаланиб, уларнинг ўрнини захира футболчилари ҳисобига тўлдирамиз.

- Ушбу нуфузли мусобақадан кўзланган мақсад қандай?

- Ўйинлар осон кечмайди. Дастлабки учрашув 8 апрель куни «Ал-Садд»га қарши кечади. Ушбу жамоа таркиби Қатар миллий термаси ўйинчиларидан иборат. Бугунги кунда «Барселона»ни бошқараётган Хавининг собиқ жамоаси. «Ал-Садд» билан Қаршида бўлиб ўтган дастлабки учрашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Бу гал ҳам бор кучимиз билан ўйнаймиз, рақибни енгишга жамоамизнинг қурби етади. Гарчи «Насаф» таркиби ёшлардан иборат бўлсада, улар халқаро майдон ҳавосидан нафас олишга улгуришган. ОЧЛ баҳсларида бу борадаги тажрибамиз янада ошади. Максимал натижа учун курашамиз. Ўзига хос имтиҳон бўладиган баҳсларда гуруҳдан чиқиш учун астойдил интиламиз. Бизни, шу билан бирга, «D» гуруҳи аъзоси «Пахтакор»нинг зафарли одимини мамлакатимиздаги кўпсонли мухлислар кутиб туришибди. Ўзбекистон номидан хориж майдонида тўп суриш юксак масъулият бўлиш билан бирга шараф ва фахр ҳамдир.

- Сизга ва жамоангизга ОЧЛ гуруҳ босқич ўйинларида омад тилаймиз. Хориж майдони ўзбек клубларига зафар келтирсин.

- Ташаккур. Ана шундай эзгу истаклар ҳаммамизга ёр бўлсин.

Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz