Қайднома

Қидирув

Омар Ричардс: «Энди ҳақиқий мюнхенликман...»

Омар Ричардс: «Энди ҳақиқий мюнхенликман...»

  08.04.2022 09:29
  0
  158
Омар Ричардс: «Энди ҳақиқий мюнхенликман...»

Мариенплац бўйлаб сайр, Альфонсо Дэвис билан боулинг ўйини, Жошуа Киммихдан маслаҳатлар... Жорий мавсум бошида «Ридинг»дан «Бавария»га ўтган Омар Ричардснинг Мюнхенни чинакамига севиб қолиши учун 9 ой кифоя қилди. Ҳар ҳолда, англиялик иқтидорли ҳимоячи клуб журнали - «51»га берган интервьюсида айни пайт ўзини худди жонажон уйидагидек ҳис этаётганини алоҳида таъкидлади.

- Омар, Мюнхенга келгач, аввало, сайр учун тоғларга чиқишни хоҳлашингизни яширмагандингиз. Бу ният амалга ошдими?

- Албатта! Ҳозирча Гармишга бордим. Табиати ва манзарасига гап йўқ - чинакам гўзаллик. Хусусан, мен улғайган Жанубий Лондон ва Гармиш ўртасида жуда катта фарқ бор. Тўғриси, табиат қўйнида бу қадар завқланиш мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим - ҳаммаси сюрреал. Ўз ўрнида Мариенплац майдони ҳам ёққанини айтишим керак. Умуман, мюнхенликлар меҳмондўстликни жойига қўйишади. Қолаверса, шаҳар Лондондан кескин фарқланади. Бу ерда ҳаммаси тозароқ, ҳаёт ҳам ўта таранг ва стрессли эмас. Бу жуда фойдали, албатта.

- Немис тилини тезроқ ўрганишингиз муҳим эди. Ютуқлар қандай?

- Аллақачон мюнхенликка айланиб улгурдим. Албатта, маҳаллий шароитлар, турмуш тарзига иложи борича яхшироқ мослашишни хоҳлайман. Бунинг учун эса аввало, немис тилини билиш керак эди. Умуман, маҳаллий тилни ўрганиш - мамлакат ва унинг аҳолисига ҳурмат белгиси. Мен учун шундай. Демоқчиманки, немис тили менга фақат мураббий ва жамоадошларим билан мулоқотга киришиш эмас, бутун мамлакат ҳаётига қоришиб кетиш учун керак. Мисол учун, бўш вақт юзага келганида, шаҳар бўйлаб сайрга чиқишим мумкин. Хусусан, автомобилда шаҳар кезиш имкониятига эга бўлишни хоҳлайман.

— Демак, нафақат мамлакат тили, балки маданияти ва тарихи билан ҳам танишмоқдасиз. Айтишларича, яқинда Дахаудаги конц­лагерга борибсиз...

- Гап шундаки, қаерда яшаётганим, қандай юртнинг бир қисми эканлигимни теран анг­лашни истайман. Мюнхен тарихи ўта бой ва хилма-хил. Жумладан, Дахаунинг ўзи бир олам экан. Буни немис тили дарсларида билдим. Концлагерга саёҳат уюштириш мумкинлигини эшитиб, дарҳол тараддуд кўра бошладим. Қисқаси, тарихий жойда нималар бўлганини ўз кўзларим билан кўришга қизиқдим. Саёҳат таассуротлари? Аралаш туйғулар, хилма-хил фикр­лар... Очиғи, ҳайратланарли томони шуки, шундай воқеалар содир бўлган мамлакатда энди хорижликлар ҳам ўзларини мутлақо эркин ҳис қилишади. Айнан шулар ҳақида ўйлаш муҳим. Шахсан менга Германияда одамларнинг мамлакат тарихига нисбатан муносабатлари ёқади. Уларнинг хулосалари оддий: бундай тарихий жойларга саёҳат кишида масъулият ҳиссини оширади.

- Футболдан бўш вақтда қандай ҳордиқ чиқарасиз?

- Шахсий ҳаётда бутунлай бошқачаман - нисбатан содда ва хотиржамроқ йигит. Майдонда эса бунинг акси. Албатта, кўпчилик қатори яқинларим ва дўстларим даврасида дам олиш, чиройли фильм кўриш - жону дилим. Яна компьютер ўйинларига бефарқ эмасман, боулинг ҳам ёқади. Баъзан боулинг марказига Альфонсо Дэвис ёки Жамол Мусаила билан бирга боришим мумкин.

- Хўш, боулинг бўйича «Бавария» чемпиони мақоми кимга тегишли?

- Альфонсонинг қўли кучли, лекин унда аниқлик йўқ. Менимча, боулинг масаласида энг яхшиси ўзим бўлсам керак.

- Болалигингизни ҳам озгина эсласак...

- Акам мендан нақ 11 ёш катта. Шундай экан, асосан укам билан вақт ўтказардим. Имкон туғилиши билан унинг қўлидан тортиб, футбол майдонига ошиқардим. Тўп билан ишлаш, уни оёқда тўғри бошқаришни айнан ўша майдончада ўрганганман. Зеро, болалар футболида ҳамма тўп билан кетаётган ўйинчини таъқиб қилади. Тушунарлики, бунда ҳаммадан қочиш жуда қийин, чунки сизга бирданига ташланишади. Бундай  курашлар бироз хавфли, лекин чиниқиш масаласида жуда фойдали.

- Жамоада сизга алоҳида эътибор қаратадиган футболчи ким?

- Жошуа Киммих. Унинг эътиборини биринчи кундан сездим. Жошуа ҳозирга қадар ўзгармади - тез-тез аҳволимни сўрайди, ўйинни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақида маслаҳат беради. Албатта, бундай муносабатни қадрлайман. Жошуа мен учун акадек бўлиб қолди. У хорижнинг кичик жамоасидан «Бава­рия»дек кучли клуб сафига кўчиб ўтиш осон эмаслигини яхши тушунади.

- Англия қуйи дивизиони ва «Бавария» ўйини ўртасида фарқни қандай ҳис қилаётганингизни тавсифлаб бера оласизми?

- Бу ерда ўйин суръати жуда баланд. Бирор вазиятга улгурмасангиз ва ногаҳон бир зумга кўз юмсангиз, оний лаҳзаларда кўп нарсалар содир бўлиши ҳеч гап эмас. «Бавария»да ҳамма ягона тўлқин ичида югуриши керак, футболчилар яхлит куч сифатида жуда яхши ишлайдилар. Тўғри, ҳар бир ўйинчининг алоҳида сифатлари ҳам муҳим, албатта. Машғулотлар ёки ўйинда ҳар доим шундай лаҳзалар кузатиладики, беихтиёр ўйлаб қоласиз: «Ажо-йиб мўъжиза!» Бундай лаҳзаларда кўпинча бор кучим билан бақириб юбораман, чунки жамоадошимнинг нима қилганини англолмай қоламан. Албатта, ўзим ҳам шу даражага етишни хоҳлайман. Ўйлайманки, бунинг учун тўғри жойдаман. Ҳар ҳолда, «Бавария»да ҳар куни қандайдир янгилик кашф қиляпман, ўрганяпман, ўз ўйи­нимга турли элементлар қўшяпман. Зеро, клубда сифат бор, менда эса иштиёқ. Қисқаси, «Бавария»да яққол ўсганим ўзимга ҳам билиняпти.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz