Қайднома

Қидирув

ОЧЛ гуруҳ босқичидаги рақибларимиз ҳақида: Бизга қизиқ 6 жамоа...

ОЧЛ гуруҳ босқичидаги рақибларимиз ҳақида: Бизга қизиқ 6 жамоа...

  09.04.2022 03:30
  0
  195
ОЧЛ гуруҳ босқичидаги рақибларимиз ҳақида:  Бизга қизиқ 6 жамоа...

Кечадан «Пахтакор» ва «Насаф» жамоалари Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқич учрашувларини бошлашади. Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган баҳсларда шу икки жамоа Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Қуйида эътиборингизга «шерлар» ва «аждарлар»нинг гуруҳдаги рақиблари борасида маълумотларни тақдим этамиз. Таъкидлаш жоизки, мусобақа старти арафасида «Пахтакор»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги рақибларида бирин-кетин бош мураббий ўзгарди.

«ПАХТАКОР»нинг рақиблари  «СЕПАҲОН»

Бу клуб 1953 йилнинг 5 октябрь санасида ташкил топган. 5 карра Эрон миллий биринчилиги чемпиони, 3 маротаба вице-чемпионликни қўлга киритган. Бундан ташқари, кубок ва турли мусобақаларда ҳам зафар қучган. 2007 йилда эса Осиё Чемпионлар Лигаси финалига қадар етиб борган ва ҳал қилувчи беллашувда рақибига имкониятни бой берган. «Сепаҳон»да айни пайт икки нафар легионер тўп суради. Булар - австриялик дарвозабон Кристофер Кнетт ҳамда грузиялик ҳимоячи Георгий Гвелесиани. Эрон клуби 28 март куни португалиялик мураббий Луис Мартинес билан шартнома тузди. Унга Муҳаммад Навидкия ёрдам беради. Мартинес бунга қадар «Спортинг», «Портимоненше», «Брага» (Португалия), «Тоттенхэм» (Англия), «Зенит» (Россия), «Ал-Аҳли» (Саудия Арабистони) клублари ва Саудия Арабистони миллий жамоасида турли лавозимларда фаолият юритган. «Сепаҳон» ОЧЛ доирасида «Пахтакор»га қарши икки маротаба тўқнаш келган. 2010 йилда Тошкент-даги беллашувда «шерлар» ғалаба қозонишган - 2:1. Эрондаги тўқнашувда эса эронликар шу ҳисобда ғалаба нашидасини суришган.

«АЛ-ДУҲАЙЛ»

Қатарнинг номдор жамоаларидан бири бўлган «Ал-Дуҳайл» 2009 йилда ташкил топган. Клуб ўз тарихида 7 маротаба Қатар Юлдузлар лигаси ғолибига айланган. Қатар кубоги, Амир кубоги ва Суперкубогида ҳам муваффақиятга эришган. Осиё Чемпионлар Лигасида мунтазам иштирок этиб келади. Лекин жамоа ушбу турнирда мақтовга лойиқ кўрсаткичларни қайд этмаган. «Ал-Дуҳайл» сафида 2 нафар бельгиялик, 1 нафар кениялик, 1 нафар тунислик ва 1 нафар жанубий кореялик футболчилар бор. Жамоа бош мураббийи ҳақида гапирадиган бўлсак, «Ал-Дуҳайл» 25 март куни португалиялик Луис Кастро ўрнига аргентиналик машҳур Эрнан Креспони тайинлади. Собиқ голеадор мураббийлик фаолиятида «Модена» (Италия), «Банфильд», «Дефенса Хустисия» (Аргентина) ва «Сан-Паулу» (Бразилия) клубларини шуғуллантирган. Энг қизиғи, айни вақтда ушбу жамоада «Тоттенхэм»нинг собиқ ҳимоячиси Тоби Алдервейрелд тўп суради. «Ал-Дуҳайл» «Пахтакор» билан икки маротаба тўқнаш келган, Қатардаги баҳсда мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучишган бўлса, Тошкентда муроса йўли танланган - 2:2.

«АЛ-ТАВОН»

«Бўрилар» номи билан аталадиган «Ал-Тавон» 1956 йилда ташкил топган. Саудия қироли кубоги соҳиби, мамлакат биринчи дивизиони бош совринига эга бўлган. Қолган натижалари у қадар мақтовга лойиқ эмас. Аммо гуруҳдаги ўйинларда жамоа ўз мамлакатида иштирок этаётгани ҳам «Ал-Тавон»га фойда келтириши мумкин. Мазкур клуб сафида Бразилия, Камерун, Испания, Мали, Кабо-Верде каби мамлакат футболчилари рўйхатдан ўтказилган. 4 апрель куни «Ал-Тавон»да португалиялик Хосе Мануэль Гомес ўрнида нидерландиялик 55 ёшли Жон ван Дер Бром бош мураббий сифатида иш бошлади. У фаолияти давомида «Ден Хааг», «Витесс», АЗ, «Утрехт» (Нидерландия), «Андерлехт» ва «Генк» (Бельгия) клубларини бош­қарган.

-----------------------------------------------------------

«НАСАФ»нинг рақиблари«АЛ-САДД»

«Ал-Садд» 1969 йилнинг 21 октябрь санасида ташкил топган. Мамлакатнинг кўп карра чемпиони ҳисобланади. Маълумот учун, Қатар Юлдузлар лигасининг 16 карра чемпиони, 18 маротаба Қатар Амири кубоги, 8 бор Қатар кубоги, 15 бор Қатар Суперкубогини қўлга киритган. Осиё Чемпионлар Лигаси, Араб Лигаси каби турнирларда муваффақият қозонган. Молиявий томонлама жуда бақувват клуб. Легионерларни танлашда ҳам номдор ўйинчиларга эътибор қаратади. Дейлик, жамоа сафида Бразилия, Испания, Жазоир, Гана ва Жанубий Корея фуқаролигига эга ижрочилар тўп суришади. Диққат қилинг, жамоада Испания терма жамоаси ҳамда «Арсенал» собиқ аъзоси Санти Касорла, ганалик Андре Айю, жазоирлик Бағдод Бунейжа каби юлдуз футболчилар бор. Хави кетганидан сўнг бош мураббий сифатида испаниялик Хави Грасия ишламоқда. «Уотфорд» ва «Валенсия»дек клубларда фаолият юритган ушбу мутахассис 2021 йилдан бери қатарликларни бошқармоқда. Ўзаро статистикага қаралса, «Насаф» «Ал-Садд» билан шу вақтга қадар Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида 2 маротаба тўқнаш келган. Қаршида 1:0 ҳисобида «аждарлар» ғалаба қозонишган бўлса, меҳмонда йирик ҳисобда имкониятни бой беришган - 0:4.

«АЛ-ФАЙСАЛИ»

Узоқ тарихга эга бўлган мазкур жамоа 1954 йилда ташкил топган. Эътиборлиси шундаки, жамоа шу вақтгача бирор маротаба ички чемпионатда муваффақият қозонмаган. Аммо ютуқлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, Саудия Арабистони биринчи ва иккинчи лигаси ғолибига айланган. 2021 йилда Қирол кубогини қўлга киритиб, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасига эга чиққан. Эндиликда жамоа нуфузли турнирда илк маротаба иштирок этади. Ушбу клуб Саудия Арабистони чемпионатида легионерлар лимити кенглиги сабабли, бундан унумли фойдаланган. Хусусан, 4 нафар бразилиялик, 1 нафардан нидерландиялик, австралиялик, кабо-верделик футболчиларни рўйхатдан ўтказган. Мураббийлар штабида ҳам хорижлик мутахассислар меҳнат қилишмоқда. Аниқроғи, ушбу постни грециялик Маринос Узунидис эгаллаган.

«АЛ-ВИҲДАТ»

Иорданиянинг энг кўп кубок ютган жамоаларидан бири бўлган «Ал-Виҳдат» 1956 йилнинг 10 март санасида ташкил топган. «Яшиллар» ўз тарихида нақ 17 марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритишган. Кубок баҳсларида 10 маротаба муваффақият қозонишган. Суперкубок баҳсларида эса 14 маротаба рақибни таслим этишни уддалашган. «Ал-Виҳдат» ОЧЛ ва ОФК кубоги каби турнирларда мунтазам равишда иштирок этиб келади. Жамоа сафида Аргентина, Гана ва Камерун мамлакатларидан ташриф буюрган футболчилар тўп суришади. Молиявий имкониятлари ўртача бўлгани боис, асосан ўртамиёна легионерлар таклиф қилинади. Жамоани эса Осиё футболидан бохабар бўлган таниқли мураббий Жорван Виейра бошқаради.

ИЗЗАТБЕК тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz