Қайднома

Қидирув

Диего Форлан: «Криштиану исталган вақтда ўзини кашф эта олади»

Диего Форлан: «Криштиану исталган вақтда ўзини кашф эта олади»

  09.04.2022 09:29
  0
  193
Диего Форлан: «Криштиану исталган вақтда ўзини кашф эта олади»

Уругвай терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Диего Форлан The Athletic наш-рига берган интервьюсида «МЮ» ва «Атлетико»даги ўйин-ларини ёдга олди. Хабарингиз бор, Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумида ушбу жамоалар 1|8 финалда тўқнаш келишди ва дуэлда Мадрид клуби устун чиқди. «Матрасчилар» ўз майдонларидаги дурангдан сўнг «Олд Траффорд»да минимал ғалабага эришдилар. Форлан Аргентинанинг «Индепендьенте»си сафида порлаганидан сўнг, 2002 йилнинг январида истиқболли ҳужумчи сифатида «МЮ»га ўтганди. Аммо Англиядаги икки ярим йиллик фаолияти унчалик самарали кечмади. «Атлетико»га эса 2007 йилнинг ёзида «Вильярреал»дан - Ла Лиганинг энг яхши тўпурари ва Европа «Олтин бутса»си соҳиби сифатида ўтганди.

- Ҳужумчи гол «қурғоқчилиги»ни қандай енгиши керак?

- Вақтни бекор ўтказмаган пайтим кўпроқ машқ қилардим. Муайян циклга боғланиб қолиш керакмас, бу фойда келтирмайди. Лекин менинг ҳолатимда машғулотлар ишонч бағишларди.

- Қандай машғулотларни айтяпсиз?

- Мисол учун, ҳужумни якунлаш бўйича шуғулланиш. Шунингдек, тўпни қабул қилишда биринчи тегиниш - ҳужумчи учун сўнгги марра каби муҳим. Агар тўпни кўнгилдагидек қабул қилсангиз, қўшимча вақтга эга бўласиз. Шу вақт ичида қандай зарба йўллаш ва қаерни мўлжалга олишни чамалаш имконияти туғилади. Одатда, бундай ҳолларда, ижобий натижага эришасиз.

- Клубдошларингиз индивидуал машқларингиз ҳақида билишармиди?

- Улар, айниқса, машғулотдан кейин қолганингни билишади. Буни мақтаниш учун эмас, балки юқорида мен келтириб ўтган сабабларга кўра қиласиз. Аммо профессионал футболчи мақомига эришганларнинг асосий вазифалари аниқ бўлади - формани сақлаб қолиш, дам олиш ва керакли вақтда тайёр туриш. Бу асос, сизнинг устунлигингиз, лекин ушбу даражага фақат машғулотлар орқали эриша оласиз. Қанчалик кўп шуғуллансангиз, шунчалик кучли бўласиз. Мен теннис тўпини деворга тепиш учун соатлаб вақтимни кетказардим, буни ҳар икки оёғимда ҳам яхши бажара олардим. Мазкур машқни 25 ёшимда ҳам, 30 ёшимда ҳам қилганман; уни ҳозир ҳам яхши кўраман. Дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиққанимда, ҳам ўнгга томонга, ҳам чап тарафга йўналиш олиш имконига эга бўлардим. Маш-ғулотлардан завқ олиш мен учун муҳим эди, лекин таълим олишга ҳам эътибор қаратдим, чунки аксарият футболчилар профессионалликка эришолмайдилар.

- Гол урганингизда нимани ҳис қиласиз?

- Енгилликни... Шундан сўнг барча эшиклар очилади. Салбий жиҳатларнинг барчаси ижобийга айланади. Илгари устунни нишонга олган бўлсангиз, энди гол урасиз. Сизнинг энергиянгиз, ритмингиз ўзгаради.

- Ҳужумчи учун юқори босимда ўйнашнинг қандай афзалликлари ва камчиликлари бор?

- Прессинг қилаётган жамоа тўпни эгаллаб олиши мумкин, шунда тўп дарвозага яқинроқ бўлади. Агар биз тўпни эгалласак, уни ўзимиз хоҳлаган жойга йўналтиришимиз мумкин. Бундай ҳолда, у дарвозамиздан узоқроқда бўлади. Жамоангиз таркибида офсайд чизиғида ўйнай оладиган футболчилар бўлса, ҳимояланаётган томон катта муаммога дуч келиши мумкин. Салбий томони шундаки, бу ўйин жуда кўп энергия талаб қилади.

- Роналдунинг «МЮ»даги фаолиятига қандай таъриф берасиз?

- Криштиану - бу Криштиану. У хоҳлаган вақтда ўзини кашф этиши мумкин. Унда хоҳлаган нарсани қилиш ва исталган голни уриш имконини берадиган савия бор. У билан «МЮ»да бирга ўйнадим, кейинчалик Роналду «Реал»даги илк мавсумларида Лионель Месси каби рўпарасидан чиққан рақиб футболчиларини бирма-бир алдаб ўтишга одатланди. Вақт ўтгани сари, ҳужумларни якунловчига, дарвозабонлар «қотили»га айланди. «Юнайтед»да ўйнаганимда, у ҳаммадан кўпроқ машқ қиларди. Собиқ футболчи бўлган отам бир куни менга шундай деганди: «Бу йигит ўз мавқеини ва ритмини топа бошласа, энг зўрига айланади». Дадам бир ҳафта давомида машғулотларимизни кузатди, ҳар сафар футболчилар ечиниш хонасига йўл олишганида, мени майдонда олиб қоларди. Кўпинча Криштиану иккимиз Каррингтондаги очиқ майдонларда яна бир фурсат қолардик. Ўша кезлари у ҳали футболчи сифатида тўлиқ шаклланмаган бўлса-да, ташрифи кийиниш хонасида кайфиятни кўтарарди, чунки унинг иқтидори яққол кўриниб турарди - у «Юнайтед»ни яхшилаши керак бўлган қурол эди. Криштиану Португалиядан «МЮ»га ўтганида мендан унга таржимонлик қилишимни сўрашди. Криштиану ва бразилиялик Клеберсон янги эдилар. Яна бир бразилиялик Роналдиньо ҳам «Олд Траффорд»га бориши кутилганди, лекин у «Барселона»ни танлади. Криштиану ҳамма нарсага жуда тез кўникди. У тўғри вақтда келди, чунки Дэвид Бекхэм «Реал»га ўтган ва унинг ўрни бўш қолганди. Криштиану ажойиб йигит эди ва ҳозир ҳам шундай. Бирга ўйнаганимизда, тез-тез суҳбатлашардик. Дастлаб «Юнайтед»да кўрсатган энергияси унга катта муваффақиятларга эришиш имконини берди. У футбол тарихидаги энг яхши футболчилардан бири. Ёшларга Криштианунинг баъзи фазилатларига эътибор қаратишни маслаҳат берган бўлардим: фидойилик, профессионаллик ва ривожланиш истаги шулар жумласидан.

- Сиз билан бирга ўйнаган энг яхши ҳужумчиларни номма-ном санаб бера оласизми?

- Улар кўпчиликни ташкил этади: биринчиси - Криштиа­ну, шунингдек, Руд ван Нис­телрой, Рикельме, Агуэро, Суарес, Эдинсон Кавани, Дие­го Милито. Яна кимнидир унутган бўлишим мумкин.

- Ҳозир сизга қайси ҳужумчиларнинг ўйини ёқади?

- Мбаппе анча тез ва кучли. Шунингдек, Холанд, Левандовски, Бензема, Кейн, Неймар. Бенземанинг «ПСЖ»га қарши ўйинини кузатдим. У ёш эмас, лекин барибир, қандай ўйнашни билади. У мукаммал, ўйин назоратини қўлга олади, самарали узатмаларни амалга оширади. Гол сезиш қобилиятига эга ва бундан унумли фойдаланади.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz