Қайднома

Қидирув

Ўртамиёналарнинг дилни ўртар рақобати

Ўртамиёналарнинг дилни ўртар рақобати

  13.04.2022 04:47
  0
  230
Ўртамиёналарнинг дилни ўртар рақобати

«ИнтерФутбол»нинг ушбу сони мухлислар қўлига етиб борган паллада кўпчилик «Пахтакор» ва «Насаф»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичи 2-туридаги натижаларини нари суриб, «Реал» - «Челси» ва «Бавария» - «Вильярреал» учрашувларида қайси томон ғалаба қозониши хусусида баҳслашаётган бўлади. Бу - табиий ҳол. Мухлисларга ҳам осон эмас. ОЧЛ ўйинлари қизғин паллага кирганида, ЕЧЛ­нинг ўта муҳим жавоб баҳслари ўтказилади. Бундай вазиятда тарозининг еврофутбол турган палласи босиб кетиши тайин. Зеро, миллий манфаатлар, Ватан шарафи ҳар қанча қадрли бўлмасин, футбол - аввало, умуминсоний ўйин.

Йўқ, сал ошириб юбордик. Aгар Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 йўлланмаси тақдири учун майдонга тушадиган бўлса, наинки «Реал» - «Челси» ёки «Бавария» - «Вильярреал», балки ундан муҳим учрашувлар ҳам мухлисларимиз кўзига кўринмасди. Ҳозир эса вазият бошқача. Майли, мухлислар «Реал» - «Челси» ва «Бавария» - «Вильярреал» баҳслари хусусида баҳслашаверишсин. «Пахтакор» ва «Насаф»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги иштироки эътибордан бироз нари сурилаётган бўлса, бунга қисман «шерлар» ва «аждарлар»нинг ўзлари ҳам айбдорлар. Aна, «Барселона»га қарши ўйинда майдонга тушолмаган Карим Бензема Лондонда нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди. ЕЛ мураббийи сифатида ном қозонган Унаи Эмери эса енгилмас «Бавария»ни тиз чўктириб, Бундеслига етакчиси мухлисларини ҳуш­ёр торттирди. «Насаф» 1-турда «Aл-Садд»ни енгганда борми, ана унда кўрардингиз томошани! Қаршилик мухлислар бир йўлини топиб, Саудияга учишарди. Драган Черан ўша Бензема йўлидан бориб, «хет-трик» қайд этганида, «шерлар» мухлислари ўзгача-ўзгача ҳайқиришарди ҳозир! Лекин ОЧЛ гуруҳ босқичи старти вакилларимиз учун биз хоҳлагандек кечмади ва шунинг таъсирида аксарият мухлислар ЕЧЛ чорак финал учрашувларини орзиқиб кутишмоқда.

«Насаф» ОЧЛ саралаши «плей-офф» баҳсида гуруҳ йўлланмасини қўлга киритганда, «Пахтакор» эса «Навбаҳор»ни енгганида, мухлисларда вакилларимизнинг Осиё аренасидаги омадли иштирокларига умид уйғонганди. Aфсуски, умид  ва ишонч оқланмади. Тўғри, тўйдан олдин ноғора қоқиш ноўрин. Балки «Пахтакор» ёки «Насаф», ёки ҳар икки жамоамиз ҳали якунда гуруҳ босқичи ғолиблари сафидан жой олар. Шу ўринда савол туғилади: ишонч қачон йўқолади? Таъкидлаш жоиз, салбий натижа ишончнинг йўқолишида ҳал қилувчи омил эмас. Мухлис қалбидаги ишонч оловини натижа эмас, балки ўйин савияси ловуллатади. Жамоа ўйини ўхшаса-ю, қайсидир сабабга кўра, мағлубиятга учраса, мухлис ўз севимлисини қўллаб-қувватлайверади. Лекин жамоа ўз даражасида тўп сурмаса, мухлислар ҳурматидан йўқ имконларни ишга солмаса, бундай вазиятда умид ва ишонч олови сўнади!

Aгар жамоа кўрсатмаларни бажармаса ёки бажаролмаса, мағлубият учун бош айбдор - мураббий шахси! У шахс даражасига кўтарилолмаса, жўяли кўрсатмалари ҳам иш бермайди. Aгар жамоа кўрсатмага амал қилган ҳолда, мағлубиятга учраса, бунда бош айбдор - мураббий салоҳияти! Демак, у ўртамиёна фикрлайди, малакаси ҳам шунга яраша. Бордию, мураббий жўяли кўрсатмалар берса ва жамоа ғалаба учун астойдил интилиб, мағлубиятга учраса, бош айбдор ўзгаради - ўртамиёна савия. Бундай ҳолатда мағлуб томонни айблаш - адолатсизлик!

Муҳтарам мухлис! Баён этилган уч хулосага асосан, вакилларимизнинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги иштироклари футболимиздаги умумий манзарага мувофиқ, мантиққа мос, деб ҳисоблаймиз. Агар «Пахтакор» ва «Насаф» Сау­дия Aрабистони майдонларида ижобий натижага эришолмаса, асосий айбни футболимиз муҳитидан излаймиз. Буғдой бўлиқ ерда бўлиқ бошоқ тортгани каби савия­си юқори миллий чемпионат лидерларигина халқаро майдонда ҳам рақиблардан устун чиқишади. Санжар Турсунов ва у каби футбол воқелигидаги барча сир-асрорлардан хабардор, легионерлик заҳматини тортган ўйинчилар миллий жамоамиз ҳамда етакчи клубларимиздан халқаро майдонда катта натижа кутишмайди. Уларнинг умидлари - узоқ келажакка қадалган ижобий ўзгаришлар. Жалолиддин Машарипов ва у каби адолатсизлик таъмини туйганлар орзуси - келажакда кучли мураббий сифатида футболимизни юксакликка кўтариш. Одил Aҳмедов хусусий мактаблари орқали армонларини рўёбга чиқармоқчи! Отабек Шукуров ўз орзусидаги академияни йўлга қўймоқчи. Кўриниб турибдики, яқин келажак тараққиёти расмий мутасаддилар эмас, аксинча, легионер сифатида сармоя тўплаган иқтидорли футболчиларимиз саъй-ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Aжабки, истеъдодлар ҳар доим ҳам барча шароитлар муҳайё масканларда камол топишмайди. Ҳаётнинг зиддиятли қонуни шундай. Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, очлик ва қашшоқлик ҳукм сурган Москвадан футбол ватанига борган «Динамо» уруш кўрмаган жамоаларни мағлубиятга учратганди. Футболдан бошқа овунчоғи бўлмаган Бразилияда Пеле ва Гарринча каби даҳолар бўй ростлашганди. Қарангки, орадан 70-80 йил ўтса ҳам вазият ҳамон ўша-ўша. Пеле ва Гарринча витаминизациядан фойдаланмаган, текис майдонларда тўп сурмаган бўлсалар, ўзбекистонлик ёш иқтидорлар ўша даҳоларнинг болалик пайтларини эслаб, футболга меҳр қўйишмоқда, уларнинг тақдирини такрорлашмоқда! Асосийси, биз умид қилишда бардавоммиз. Футболимиздаги барча муаммоларни билган ҳолда сукутни афзал билаётган мутасаддилар қачондир ҳаракатга келишади, барибир ва инсоф юзасидан эстафетани фаол, ташаббускор, иш кўзини билувчи, натижага эришиш йўлларини излаб топувчи авлодга топширишади. Бугунги эзгу ният шу!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz