Қайднома

Қидирув

Алиу Сиссе: «Маҳаллий мураббийларга эътибор зарур»

Алиу Сиссе: «Маҳаллий мураббийларга эътибор зарур»

  13.04.2022 07:17
  0
  230
Алиу Сиссе: «Маҳаллий мураббийларга эътибор зарур»

Алиу Сиссе футболчилик фаолиятида ҳар доим оддий машғулотларда ҳам борини берган. Асосийси, у нима учун бутун вужуди билан ишлаётганини яхши биларди. Африка футболидаги ёрқин шахслардан бирининг сўзларига қараганда, сидқидилдан шуғулланиш уни ҳам футболчилик, ҳам мураббийлик йўналишида катта натижаларга етаклаган. 2015 йили Сенегал миллий жамоаси бошқарувини қўлга олган Алиу Сиссе ҳамон «шерлар»ни шуғуллантирмоқда. Алоҳида таъкидлаш керак, Африка мамлакати миллий жамоасида узоқ вақт ишлаш бўйича рекорд айнан шу мутахассисга тегишли. Муҳими, Сиссе раҳбарлигидаги Сенегал термаси футбол харитасида қайта пайдо бўлди. «Шерлар» 2018 йили жамоа тарихида 2-марта мундиалда иштирок этишди, ке­йин Африка чемпионатида финалга чиқишди. Жорий йил февралда эса Сиссе жамоаси Сенегалга тарихдаги дастлабки қитъа чемпионлигини тортиқ этди. Шундай қувончли воқеликдан бир неча ҳафта ўтгач, Африка чемпиони Қатар-2022 мундиали йўлланмасини ҳам қўлга киритди - «шерлар» ҳал қилувчи ўйинда Миср термасини яна бир бора пенальтилар серияси бўйича доғда қолдиришди. Алиу Сиссе эса яқинда ФИФАнинг мураббийлар секторини ривожлантириш дастурида иштирок этди ва ташкилот расмий сайтига берган интервьюсида соҳанинг олға боришида инфратузилма аҳамияти катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

- Алиу, аввало, мураббий ролидаги дебютингизни эсласак. Илк даврда қайси мутахассислардан сабоқ олгансиз?

- Футболчилик фаолиятим давом этаётган вақтдаёқ бу ишга ўзгача қизиқиш билан қараганман. Шунга яраша, йўналиш таълимотига ҳам бефарқ эмасдим. Дейлик, бирор машғулотга аниқ мақсадсиз бормасдим. Оддий айтганда, ҳар биридан нимадир олиш ва ўрганишни истардим. Қолаверса, мураббийлар билан тез-тез мулоқотга киришиб, ўзимни қизиқтираётган саволларга жавоб олишга уринардим. Мисол учун, мендан югуришни сўрашганида, яхши ўйнаш учун нега шунча ҳаллослашим кераклигини билишга қизиқардим. Бундай иштиёқ-қизиқувчанлик бутун футболчилик фаолиятим давомида пасайган эмас. Умуман олганда, бошқалар ишини кузатиш асносида ўрганиш яхши, лекин ўз услубингни яратишинг янада муҳимроқ. Хуллас, ҳозир ҳам футболчи мақомида техник ва тактик масалалар бўйича ўрганганларимни мураббийликда амалга татбиқ қилиш ҳаракатидаман.

- Сенегал футбол федерацияси ва ФИФА йўлга қўйган мураббийлар секторини ривожлантириш дастурига қандай баҳо берасиз? Бундан Африка футболига наф чиқадими?

- Сенегалда туғилиб-улғайдим ва мамлакат футболига хизмат қилишни хоҳлайман. Ҳа, кўп йиллар давомида Европада яшадим, аммо қалбан африкалик, сенегалликман. Бугун мамлакатимиз ҳаётида футболнинг ўрни беқиёс. ФИФА дастурига келсак, ташкилотнинг сенегаллик мураббийларга эътибор қаратаётгани, камолотга етишлари йўлида уларни қўллаб-қувватлаётгани бизга ғурур бағишлайди. Бу Африка футболи чиндан ҳам, тараққиёт сари бораётгани, бунда ФИФА маълум федерацияларда умумий ҳолатни яхшилаш учун ҳаммасини бирлаштираётганидан далолатдир.

- Умуман, бундай ўқув курслари жойларда мураббийлар фаолиятини қай даражада яхшилаши мумкин?

- Тан олиш керак, ҳозирги ҳолатда африкалик мутахассислар тажриба ва билим нуқтаи назаридан Европада ишлаш ёки қитъа миллий жамоа­ларини бемалол бошқариш салоҳиятига эга эмаслар. Чунки шу вақтга қадар соҳа таълимотида оқсадик. Мана, охирги йилларда мураббийлар малакасини ошириш зарурлигини англадик. Натижалар ҳам кўринмоқда, албатта. Мисол учун, 2019 ва 2022 йиллардаги қитъа кубоги финал босқичларига қарасак, охиргисида хорижликларга нисбатан маҳаллий мураббийлар сони нисбатан ортди. Демак, малакали техник мутахасисларни ўқитиш жараёни самара бера бошлади. Энди тактика ва услубларни такомиллаштириш, техник йўналишни кучайтириш масаласида олдинга силжишда давом этиш муҳим.

- Мана, Сенегал миллий жамоаси маҳаллий мураббий билан катта муваффақиятларга эришмоқда. Бу янги авлод вакилларини нечоғли илҳомлантиради?

- Сиссе илҳом манбаи? Билмадим, мендан олдин ҳам баъзи маҳаллий мутахассислар маълум ютуқларга эришишганини унутмаслик керак. Ҳа, охирги йилларда ишлар дарҳақиқат, олдинга силжиди. Энди тараққиётнинг давом этиши ёки тўхтаб қолиши фақат ўзимизга боғлиқ. Тушунарлики, мамлакат бош жамоасига мураббийлик қилиш ҳеч қаерда осон эмас. Турли-туман фикрлар ўз йўлига, факт шуки, терма жамоада ишлаш клубни шуғуллантиришдан анча қийин. Зеро, бутун мамлакат сизга умид боғлайди, натижа кутади. Хуллас, масъулият жуда баланд. Шунчаки, футболчиларни тўп ортидан югуртириш билан нимагадир эришолмайсиз. Жамоадан яхлит ансамбль тузиш учун эса туну кун изланиш, йигитлар салоҳиятини ошириб бориш керак. Шу маънода жамоани такомиллаштиришда маҳаллий мутахасислар роли катта. Ҳудудингизда малакали мураббийлар борми, унда бош­қа мамлакатларга қарашингиз шарт эмас. Шунчаки, ўз мутахассисларингизга ишонсангиз, бас. Шахсий қарашим шундай. Чунки фикримча, қайсидир миллий жамоани бош­қарадиган мураббий аввало, ўша мамлакат тарихи, анъаналарию, менталитетини билиши керак. Ҳа, футбол билими, техник ва тактик малака ҳам муҳим, лекин асосийси - мамлакат тарихини билиш. Ҳар ҳолда, ўтмишни билмасанг, келажак ҳақида гапиришинг қийин.

* Алиу Сиссега Сенегал миллий жамоасини ЖЧ финал босқичида ҳам сардор, ҳам мураббий сифатида майдонга бошлаб тушиш насиб этган.

* Алиу Сиссе яқинда Сенегал миллий жамоасини Африка Миллатлар кубоги турнирида илк марта чемпионлик шоҳсупасига кўтарди.

* Алиу Сиссенинг фикрича,Африка футболини юксалтириш учунаввало, маҳаллий мураббийлар билимини ошириш ва инфратузилмани кескин яхшилаш зарур.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz