Қоронғи режим
Thursday, 12 December 2024
Logo
«Газпром» билан келишув тафсилотлари очиқланди

«Газпром» билан келишув тафсилотлари очиқланди

Жорий йилнинг 16 июн куни Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда республикамиз газ-транспорт тизимини ушбу газни қабул қилишга тайёрлаш бўйича «йўл харитаси» имзоланган эди.

Энергетика вазирлиги айрим тафсилотларни очиқлади.

Қайд этилишича, газ олди-сотдиси бўйича шартнома «UzGastrade» АЖ va «Gazprom eksport» МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, уни ишончнома асосида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва «Газпром» ОАЖ бошқаруви раиси А.Миллер имзолаганлар.

Таъкидланишича, шартнома тўлиқ тижорий шартларда ишлаб чиқилиб, республикамиз истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир.

Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади.

Табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикамиздаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган.

«Йўл харитаси»га мувофиқ, аввал табиий газ «Ўрта Осиё – Марказ» магистрал газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилганлиги ва эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилишини, шунингдек, республикамиз ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тадбирларни жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилган.

Жумладан, «йўл харитаси» доирасида республикамиз газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия нашри «Газпром» Ўзбекистонга йилига 6 млрд кубометр газ етказиб беришини маълум қилганди.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!