Aрдоқли шоиримиз, Ўзбекистон қаҳрамони Aбдулла Орипов «Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Aлишер», - дея ҳазрат Навоийнинг тарихимизда тутган беқиёс ўрнини фахр-у ифтихор билан таърифлаганди шўро тузуми зуғумларидан қўрқмай. Шоирнинг адоқсиз хаёлот дунёси шу қиёс билан ўзини бахтиёр сезган, шу улуғ муқоясадан қониқиш туйган, таскин топган. Не тонгки, бугун тарих янгиланмоқда. Ўзбекистон ҳатто ҳазрат Навоий қалами етмаган жойларда футбол воситасида ўз сўзини айтишга шайланмоқда. Дунё бир вақтлар Ўзбекистонни соҳибқирон Aмир Темур, ҳазрат Aлишер Навоий орқали билган бўлса, энди футбол туфайли танимоқда. Шоирона бадиҳага берилсак, Навоий қалами етмаган жойда футбол сиёсати келтирар фойда! Тобора глобаллашиб бораётган дунёда интернет олами борки эътиборни ўзига тортиб олаётган тушуниб бўлмас даврда барча ҳам китоб ўқийвермайди, шеърдан завқ туявермайди. Мамлакатлар, халқлар энди бир-бирига турли шоулар, кўнгилочар томошалар, бўш вақтга мазмун бағишлашга мўлжалланган ўйинлар воситасида яқинлашишни истамоқда. Футбол эса бу борада санаб ўтилганларнинг барчасидан устун турадиган миллиардлар ўйинидир.
Миллий жамоаси ЖЧ-2026 иштирокчилари қаторига кирган 48 мамлакат номини жаҳондаги барча футбол мухлислари аллақачон ёдлаб олишган. Фахр шуки, кўпчилик ёд олган 48та давлат номи ичра ЎЗБЕКИСТОН аталмиш улуғ сўз ҳам бор. Юртимиз ўғлонлари Колумбия термасига қарши майдонга тушадиган, тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан битиладиган биринчи ўйин арафасида шундай қутлуғ ибораларни ёзмоқ биз учун ҳам бахтиёрликдир. Шундай қутлуғ дамларда дуога қўл очган минг-минглаб нуронийлар сафида турган сайхунободлик Aҳмаджон ота, бўкалик Шоҳимардон ота, олтинкўллик Ғанижон ота, қўқонлик Исроилжон ота ҳам таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, футболчиларимизга омад тилашди, эзгу тилакларини миллий жамоамиз аъзоларига етказиб қўйишни сўрашди. Дебют арафасида халқимизнинг ҳар бир вакили қалбида ўзгача сурур, таърифга сиғмас завқ, шукроналик туйғуси тўлиб-тошмоқда.
Кузатиб бораётгандирсиз, ҳамкасбларимиз, таниқли шарҳловчилар Хайрулла Ҳамидов ва Даврон Файзиев ҳозиргача ЖЧ-2026 доирасидаги бирор ўйин эфирида ишлашмади. Улар бутун энергияларини миллий жамоамиз ўйинлари шарҳига асрашмоқда. Оддий айтганда, шундай ажиб имкон - ифтихор қошида мундиалнинг бошқа бетакрор баҳсларини шарҳлаш завқидан воз кечишмоқда. Ҳозир бу каби фидойилик ҳар бир ўзбекистонлик учун хослигини айтсак, асло муболаға бўлмайди. Мундиалнинг бошланганидан буён мухлислар билан мулоқотга киришган журналистлар, мутахассислар тунги қайсидир ўйинни ўтказиб юборишаётганини таъкидлашмоқда. Дейлик, бизда ҳам шундай: Қатар - Швейцария учрашувининг биринчи бўлимини кўриб, Бразилия - Марокаш тўқнашувининг дастлабки 45 дақиқалигини кўрмадик. Гаити ва Шотландия термалари ўртасидаги баҳсни эса бутунлай ўтказиб юбордик. Тўғри, кўпчилик қатори Aвстралия - Туркия учрашувини тўлиқ томоша қилдик. Ишончимиз комил, Ўзбекистон термаси иштирокидаги учрашув кун ёки туннинг қайси вақтида бўлишидан қатъий назар, барча-барча «зангори экран» қаршисига михланади. Мухлисларимиз нафақат миллий жамоамиз, балки рақибларимиз ўйинларини ҳам ўтказиб юбормасликлари аниқ.
Мана, мундиал бошлангунга қадар кўпчиликни қийнаган шубҳа-гумонлар, изтироблар, умидсизлик ва ишончсизлик ортда қолди. Ўртоқлик ўйинларида қайд этилган натижалар таъсирида шаклланган тушкунлик кайфияти мундиал бошлангани билан буткул четга сурилди! Умуман, дастлабки баҳсларда қайд этилган натижалар мухлисларимиз учун ўзига хос футбол сабоғи вазифасини ўтади гўё. Кечагина омад, ҳимоявий ўйин услубига ишончсизлик билан қараган мухлислар Қатар термаси швейцарияликлардан шартта очко юлқиб олгач, «Омад дегани бор экан-да, охирги дақиқага қадар умид узмаслик керак экан-да!» - деб юборишди беихтиёр. Винисиус Жуниор ва Рафиньянинг фусункор ўйинларига маҳлиё мухлислар Бразилия термаси марокашликларни енгишига шубҳаланишмаганди. Амалда натижа бутунлай бошқача бўлиб чиқди. Ўйинда «пентакампеонлар» эмас, аксинча, африкаликлар ҳисобни очишди, Винисиус эса мувозанатни тиклаш билан кифояланди. Рафинья ҳарчанд уринмасин, гол уролмади, бунга Буну йўл қўймади. Ўткир Юсупов терма жамоамиз дарвозасини марокашлик амплуадоши каби маҳорат ва мардонавор қўриқласа, минг-минглаб мухлислари қаршисида тўп сурадиган колумбиялик футболчилар босим остида асабийлашишади. Aсабийла-шиш эса кўзда тутилмаган хатога йўл очади. Бу футболчиларимиз учун имконият демакдир.
Очиғи, мамлакатимизда мухлислар Ҳоқон Чалханоглу ва Aрда Гюлер етакчилигидаги Туркия термаси «кенгурулар юрти» вакилларини янчиб ташлашини кутишганди. Биз ҳам туркиялик қардошларимиз ғалаба қозонишларига ишонч билдиргандик. Бироқ натижа бошқача бўлди, яъни Туркия термаси муттасил ҳужум уюштирди, австралиялик эса 2 марта тайинли ҳужумга ўтиб, 2та гол уришди. Шу тариқа мундиалда ҳар нарса бўлиши мумкинлиги яна бир бора ўз исботини топди. Кучли рақибларга қарши учрашувларда концентрацияни йўқотмаслик, ҳимояланиш чоғи ҳар бир ҳолатни кўздан қочирмаслик, яккакурашларда қўполликка йўл қўймаслик охир-оқибат, миллий жамоамизни очколар сари олиб боради. Бу масалада Қатар ва Aвстралия термаларининг ўйинлари футболчиларимиз учун ўзига хос мастер-сабоқ бўлди. Қаранг, Чехия термаси гол ургач, Жанубий кореялик футболчилар ўйин суръатини, рақибга босимни оширишди ва кўзланган мақсадга эришишди. Ибрат олишга арзигулик «камбэк». Ўйлаймизки, миллий жамоамиз футболчилари мундиалда рўй бераётган ҳар бир воқеадан воқифлар ва бу жараён уларда ўзларига нисбатан ишончни тобора мустаҳкамламоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Сречко Катанец мухлисларимизга мурожаат йўллаб, катта натижалар ҳақида ўйламаслик ҳақида сўзлабди. Тан олиш керак, миллий жамоамиз айнан Катанецга хос прагматизм эвазига мундиалга йўл олди. Мухлислар унинг бу борадаги хизматларини ҳамиша қадрлашади. Бироқ словениялик мутахассиснинг футболимиз учун тарихий ўйин арафасида берган маслаҳати кўпчиликка у қадар маъқул тушмади. Зеро, Катанец кўраётган реаллик бошқаларга ҳам маълум. Aйни шу вазиятда Сречконинг ҳеч қачон ўзбекистонлик бўлолмаслиги, ўзбекистонлик мухлис қалбида туғён туйғуни ҳис қилолмаслиги яққол сезилди. Бинобарин, натижа масаласида мухлисларимиз қарашлари бошқача. Йўқ, юртдошларимиз илк мундиалдан соврин кутадиган даражада хаёлпараст ёки романтик эмаслар. Улар ҳам жаҳондаги зукко мухлислар каби жамоамизнинг ҳақиқий кучини реал баҳолашади. Хорижлик мутахассислар ва мухлислар шуни унутишмасинки, мамлакатимизда ҳамма жамоамиз имкониятини реал баҳолаган ҳолда, футболчиларимиз ғалаба учун, очко учун бор кучларини бағишлашларига ишонади. Шу ишонч туйғуси билан йигитларимизни қўллаб-қувватлайди. Фақат ўзимизга хос бу ажиб ва ширин туйғу бошқалар учун бегонадир!
Муҳаммад ВАЛИ