Бош жамоамиз ўртоқлик ўйини доирасида Канада миллий жамоаси билан куч синашди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа, Фабио Каннаваро шогирдлари 6 ўйиндан сўнг илк марта таслим этилди.

«Оқ бўрилар» охирги марта Уругвай миллий жамоасига имкониятни бой берганди — 1:2. Шундан сўнг ўтказилган 6 беллашувда 3 ғалаба ва 3 дуранг (2 тасида пеналтилар сериясига кўра зафар қучилган) натижа қайд этилган.
***
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ўйиндан кейин матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ҳар қандай учрашувларда, албатта, хатолар бўлади. Хатоларни 10 кундан кейинги ўйинларда эмас, айнан мана шундай ўртоқлик баҳсларида қилган яхшироқ. Футбол шундай.

Биринчи бўлимда жамоамиз ихчам ва агрессив ўйнади. Иккинчи бўлимда эса тўп назоратини кўпроқ қўлга олишни хоҳладик. Бироқ интенсивликни йўқотдик ва бир нечта хатоларга йўл қўйдик. Бундай ўйинларда хато қилсангиз, бунинг учун жазоланасиз.

Футболчиларимдан айнан биринчи бўлимдагидек интенсивликни кутгандим. Мен келганимдан бери юқори интенсивликда ўйнаш устида ишлаяпмиз.

Осиё футболи билан халқаро футбол ўртасидаги фарқни яхши биламан. Бу осон эмас, аммо биринчи бўлимда жамоамда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдим.

Мен Канада миллий жамоасини анчадан бери кузатиб бораман. У ерда кўплаб дўстларим бор. Сўнгги 3-4 йил ичида жамоа сезиларли даражада ўсди.

Футбол Канадада жуда оммалашди. Кўплаб дўстларим билан суҳбатлашдим. Бугун ҳам жуда иқтидорли футболчиларни кўрдим.

Юқори интенсивликда ўйнаганда жароҳатлар бўлиб туради. Ҳозирча жиддий нарса йўқ. Эртага ва индинга нима бўлишини кўрамиз.

Менимча, бугун ҳамма учун энг катта муаммо совуқ об-ҳаво бўлди. Шунга қарамай, кўплаб мухлислар стадионга келишди. Бундай қўллаб-қувватлаш остида ўйнаш биз учун жуда ёқимли бўлди.

Бундай стадионда ўйнаш имкониятига эга бўлсангиз, бундан завқланишингиз ва қадрлашингиз керак. Бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларга раҳмат айтишимиз керак. Бугун бу совуқ ҳавода стадионга келиш осон бўлмади.

Португалия, Колумбия ва Конго ДР жуда кучли жамоалар. Улардан иккитаси дунёнинг энг кучли жамоалари қаторига киради.

Бу жамоалар билан ўйнаш жуда қийин бўлишини биламиз. Лекин футболчиларимга ҳам айтдим: бизда йўқотадиган ҳеч нарса йўқ.

Бу мамлакатимиз тарихидаги илк жаҳон чемпионати. Шунинг учун уларга фақат битта нарсани айтаман — бундан завқланинг. Жаҳон чемпионатида ўйнаш имконияти ҳар доим ҳам насиб этавермайди.

Ҳусанов жуда яхши футболчи. У ҳали янада ривожланиши мумкин, чунки унинг салоҳияти жуда юқори.

Баъзан ҳаддан ташқари агрессив бўлиб кетади, ҳозир эса вазиятларни яхшироқ ўқишни ўрганиши керак. Бироқ ҳимоячи сифатида у жуда ҳам яхши футболчи», — деди Каннаваро.
***
Маълумот ўрнида, Каннаваро шогирдлари навбатдаги ўртоқлик баҳсини Нидерландияга қарши ўтказади. Беллашув 8 июн куни Тошкент вақти билан 23:45 да старт олади.

Ўртоқлик ўйини
Канада — Ўзбекистон 2:0
2 июн. Эдмонтон. «Commonwealth» стадиони.
Голлар: Осорио 58, Нелсон 90+2.

Канада — 16. Максим Крепау (1. Дайне Ст. Клаир, 46) 2.Алистаир Жонстон (12. Тани Олувасейи, 46), 7. Стефен Эустакуио ( 21. Жонатан Осорио,46), 8. Исмаел Коне (25. Натҳан Салиба, 46), 9. Сайл Ларин ( 28. Ралф Присо, 46) , 10. Жонатан Давид ( 24. Промисе Давид, 70), 11. Лиам Миллар (,29. Жайден Нелсон,46) 13. Дерек Корнелиус (3. Алфие Жонес, 70), 15. Моисе Бомбито (4. Лук Де Фоугероллес, 31), 17. Тажон Бучанан ( 6. Матеу Чоиниере, 46), 22. Ричи Ларея (23. Нико Сигур, 31).

Захира: 5. Жоел Ватерман,18. Овен Гудман, 20. Али Аҳмед, 27. Зорҳан Бассонг.

Ўзбекистон — 12. Абдувоҳид Неъматов, 2. Абдуқодир Ҳусанов, 4. Фарруҳ Сайфиев (21. Игорь Сергеев, 84), 5. Рустам Ашурматов, 7. Отабек Шукуров (6. Акмал Мозговой,70), 9. Одил Ҳамробеков (23. Шерзод Эсанов, 84), 11. Остон Ўрунов (28. Азиз Амонов, 70), 13. Шерзод Насруллаев, 14. Элдор Шомуродов, 18. Абдулла Абдуллаев (27. Жаҳонгир Ўрозов,70), 19. Азиз Ғаниев ( 22. Аббосбек Файзуллаев, 22).

Захира: 1. Ўткир Юсупов, 16. Ботирали Эргашев, 8. Жамшид Искандеров, 10. Жалолиддин Машарипов, 15. Умар Эшмуродов, 17. Достонбек Ҳамдамов, 20. Жасур Жалолиддинов, 25. Авазбек Ўлмасалиев, 29. Руслан Жиянов.

Огоҳлантиришлар: Азизжон Ғаниев (Ўзбекистон) 2, Фарруҳ Сайфиев (Ўзбекистон) 9, Лиам Миллар (Канада) 40, Дерек Корнелиус (Канада) 43.