АНГЛИЯ. Янги мавсум «Манчестер Сити» учун жуда оғир бошланди: «шаҳарликлар» Англия суперкубоги учун ўйинда амалдаги чемпион - «Арсенал» олдида «куйиб» қолишди - 0:3. Янги бош мураббий Энцо Мареска қарори билан ўнг қанот ҳимоячиси позициясида ҳаракатланган Абдуқодир Ҳусанов ҳам майдонда анча қийналди. Ҳа, легионеримиз бутун ўйин давомида имкон қадар ишончли ҳаракатланди, аммо баъзи хатоларга ҳам йўл қўйди. Хусусан, «канонирлар»нинг 2-голни урган вазиятда. .

ТУРКИЯ. Туркия Суперлига-2026|2027 стартидан олдин экспертлар сунъий интеллект ёрдамида махсус компьютер алгортимлари асосида чемпионатда кимлар энг яхши тўпурар бўлишга даъвогарлик қилишларини аниқлашга уринишди. Сунъий интеллект прогнозига кўра, бу борада Виктор Осимхен, Поль Онуачу, Душан Влахович ва Ромелу Лукакунинг имконияти кўпроқ. Шунингдек, Муҳаммад Салоҳ, Мэйсон Гринвуд ва Леандро Троссард қатори ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳам мавсум давомида бош тўпурар мақоми учун курашиши тахмин қилинди.

Сунъий интеллект тахмини

Виктор Осимхен — эҳтимолий 25та гол

Поль Онуачу — эҳтимолий 23та гол

Душан Влахович — эҳтимолий 20та гол

Ромелу Лукаку — эҳтимолий 19та гол

Муҳаммад Салоҳ — эҳтимолий 18та гол

Мэйсон Гринвуд — эҳтимолий 16та гол

Элдор Шомуродов — эҳтимолий 15та гол

Леандро Троссард — эҳтимолий 13та гол

Ведат Мурики — эҳтимолий 13та гол

Айтиш керак, нигериялик Виктор Осимхен Суперлига 1-туридаёқ сунъий интеллект прогнозига мос натижа қайд этди - 2та гол уриб, «Галатасарой»ни дебютант «Чорум»га қарши ўйинда мағлубиятдан қутқариб қолди. Элдор Шомуродов эса мавсумни 1та гол билан бошлади. «Истанбул Башакшеҳир» - «Кожаэлиспор» - 2:0. Ушбу учрашувда 75-дақиқага қадар тўп сурган Элдор захирага олинишидан бироз аввал жамоа­сининг иккинчи голига муаллифлик қилди ва Sofascore порталидан 8,3 балл олди. Майдонда 63-дақиқагача ҳаракатланган Аббос Файзуллаев «Башакшеҳир»нинг ҳисобни очувчи голида ассистент ролини бажарди. Sofascore талқини - 7,6 балл.

Умуман, Элдор Шомуродов ёзги трансферлар ойнаси якунига қадар жамоасини ўзгартириши ҳам мумкин. «Фенербахче», «Трабзонспор» ва «Бешиктош» клублари ҳамон 31 ёшли футболчимизга жиддий қарамоқда. Karadenizgazete.com.tr сайти хабарига кўра, «Трабзонспор» бош мураббийи Фотиҳ Теккенинг айтишича, ҳамюртимиз унинг ўйин стратегиясига жуда мос тушади. Трабзонликлар шунга мувофиқ, Шомуродов учун «Башакшеҳир»га франциялик таянч ярим ҳимоячи Батиста Менди ва 5 млн. евро таклиф қилгани ҳақида хабарлар бор.

ОЗАРБАЙЖОН. Амалдаги чемпион - «Сабаҳ» ОПЛ 1-турида «Капяз»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди - муваффақиятли старт. Ваҳоланки, жамоа бош мураббийи Вальдас Дамбраускас Европа ЧЛ саралашини ўйлаб, етакчи футболчиларга дам берди. Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоасига реал номзод саналган ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиев ҳам майдонга тушмади. Чунончи, ҳамюртимиз 11 август куни ЧЛ учинчи саралаш босқичидан ўрин олган «Орхус» (Дания)га қарши жавоб ўйинида тўлиқ 90 дақиқа фаол ҳаракатланиб, 4:0 ҳисобидаги ғалабага муносиб ҳисса қўшганди. «Сабаҳ» шу тариқа икки ўйин натижасига кўра (5:2), саралашнинг якуний босқичи («плей-офф»)га йўл олди. Энди Озарбайжон чемпиони асосий евротурнирнинг умумий раундига қўшилиш учун 19 ва 25 август кунлари «Хапоэль» Б-Ш. (Исроил) қаршилигини енгиши керак. Эътиборлиси, «Сабаҳ» ҳозирга қадар 3та саралаш босқичидан муваффақиятли ўтди ва бу орқали 8,6 млн. евро олишни кафолатлади. Агар жамоа ЧЛнинг умумий бос­қичига чиқса, бу сумма 18,6 млн. еврога ошади. Бордию, «Сабаҳ» Исроил клубига бас келолмаса, курашни ЕЛда давом эттиради ва бу ҳолатда 8,6 «лимон» билан чекланади (ЧЛ саралаши «плей-офф» раунди ва ЕЛ умумий босқичидаги иштирок учун ажратилган мукофот пули суммаси).

Яна бир ёқимли хабар шуки, 90plus.media маълумотига кўра, Франциянинг «Ланс» клуби скаутлари Умарали Раҳмоналиев ўйинларини диққат билан кузатишмоқда. Лига 1 вице-чемпионининг 22 ёшли легионеримизга эътибор қараётгани les-transferts.com, topmercato.com, 433foot.fr каби манбалар томонидан ҳам тасдиқланди. Таъкидланишича, «Ланс» спорт директори Жан-Луи Лека ўзбекистонлик футболчиларга жиддий қарамоқда. Бинобарин, францияликлар 2023 йили Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубидан Абдуқодир Ҳусановни 450 минг еврога сотиб олиб, 1,5 мавсумдан кейин 40+10 млн. еврога пуллашганди. Гарчи Ҳусанов трансферидан ке­йин клуб раҳбарияти ўзгарган бўлса-да, янги спорт директори ҳам шунга ўхшаш операцияни такрорламоқчи. Маълумот учун, Умарали ўтган мавсум «Сабаҳ»нинг 36та ўйи­нида 6та гол ва 2та самарали узатма қайд этиб, чемпионликка катта ҳисса қўшди. Жорий мавсум эса ЕЧЛ саралаши доирасидаги 6та ўйинда ҳам қатнашди.

ЭРОН. Форс диёрида ҳам янги мавсумга старт берилди. Жумладан, «Тракторсози» чемпионатнинг 1-турида «Пайкан»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков мазкур ўйинда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Шунингдек, «Истиқлол» (Теҳрон) ҳимоячиси Рустам Ашурматов ҳам «Мес Шаҳр» билан уй ўйиннинг бошидан охиригача майдонда ҳаракатланиб, 4:0 кўринишидаги ғалабага ҳисса қўшди. «Истиқлол»даги яна бир легионеримиз Жалолиддин Машарипов эса захирада қолди. Дарвоқе, Машариповнинг клубдаги ўйинчилик рақами ўзгарганини ҳам айтиш керак. Бунга қадар «Истиқлол»нинг 77-рақамли футболкасида майдонга тушган Жалолиддин янги мавсум олдидан «10»ни олди. Ашурматов эса одатий 5-рақам остида майдонга тушади. «Персеполис» вакиллари - Остон Ўрунов ва Игорь Сергеев ҳам 1-тур ўйи­нида қатнашишмади (теҳронликлар «Шамс Азар»ни 2:0 ҳисобида енгишди). Жамоа бош мураббийии Маҳди Тартар матбуот анжуманида ҳамюртларимиз ЖЧ-2026 туфайли кечроқ қайтишгани, қолаверса, Сергеевда кичик жароҳат ҳам борлигини маълум қилди. Ўз ўрнида айтиш керак, «Сепаҳон» клуби Жалолиддин Машариповнинг рўйхатдан ўтказилиши ва ўтган мавсумдаги ўзаро учрашувда майдонга туширилгани юзасидан «Истиқлол» устидан шикоят ёзмоқчи. Иддаога кўра, «Истиқлол» ҳам­юртимиизни ФИФА томонидан клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқи қўйилган даврда қайдномага киритган. Агар «Истиқлол» қоидабузарликка йўл қўйгани тасдиқланса, икки клубнинг ўзаро ўйини натижаси бекор қилиниши, мумкин. Чунки легионеримиз «Сепаҳон» билан ўйинда иштирок этган.

ШВЕЙЦАРИЯ. «Лугано» сафига қўшилган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов клуб мухлисларига алоҳида мурожаат йўллади. «Салом, «Лугано» мухлислари! Мен - Беҳруз Каримов ушбу фантастик клуб сафида ўйнаш имкониятини интиқлик билан кутяпман. Forza Lugano!» - дея ҳам­юртимиз сўзлари келтирилди «Лугано»нинг «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасида. Эслатма, 19 ёшли ҳамюртимиз Швейцария клубига 5 йиллик шартнома асосида ўтди. Ўз навбатида, «Лугано» матбуот хизмати клубнинг «Инстаграм»даги обуначилари сони 60 мингга етганини маълум қилиб, бунинг учун ўзбекистонлик мухлисларга миннатдорлик билдирди: «Раҳмат, ўзбекистонликлар! Ўзбекистондан қўшилган янги мухлисларимизнинг беқиёс қўллаб-қувватлашлари туфайли «Инстаграм»да 60 минг обуначи маррасига етдик. Беҳруз Каримовнинг жамоамиз сафидаги илк лаҳзаларини сизлар билан баҳам кўриш онларини интиқлик билан кутмоқдамиз. Ке­йинги янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизни кузатиб боринг! «Лугано» оиласига хуш келибсиз!»