ЖЧ-2026 ҳам табиий равишда баъзи футболчиларни сийлади, кимларнидир ранжитди, албатта. Жумладан, якунига етган мундиал майдонда асосан ақлга таяниб ҳаракатланиши ва етакчилик фазилатлари билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган Лука Модрич учун кутилган даражада яхши чиқмади. Зеро, 2018 йилги футбол форумида финалга етиб борган, Қатар-2022да эса бронза медалини қўлга киритган Хорватия миллий жамоаси бу сафар 1/16 финалда Португалия термаси тўсиғидан ўтолмади. La Gazzetta dello Sport нашри ижодкорлари эса «Милан» ихтиёрига қайтиб, амалдаги шартномаси муддатини узайтирган ва янги мавсумга катта иштиёқ билан тайёргарлик кўра бошлаган тажрибали ярим ҳимоячини суҳбатга тортиб, ундан айнан ЖЧ таассуротлари ва келажак режалари ҳақида сўрашди.
- Лука, ЖЧ-2026даги бироз муваффақиятсиз иштирокдан сўнг ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Очиғини айтиш керак, жаҳон чемпионатида юқори натижа қайд этиш борасида ҳеч қандай кафолат бўлмайди. Жамоамиз олдига қўйилган бажарилиши шарт вазифа эса гуруҳдан чиқиш эди. Хайриятки, турнирда «плей-офф»га ўтиш миссиясини уддаладик. Акс ҳолда, мундиалдаги иштирокимиз катта омадсизлик сифатида баҳоланарди. Умуман олганда, жамоамиз ўйин бобида чакки кўринмади, аммо «плей-офф»да бироз руҳият ва ижрочилик маҳорати етишмагани панд берди. Яна нима дердим, миллий жамоамиз барчасидан тўғри хулоса чиқариб, ўсишда давом этиши керак. Футболдаги ички имкониятларимизни яхши биламиз ва ўз кучимизга тўлиқ ишонамиз. Агар майдонда бор кучимизни сарфлаш ва охиригача курашишга одатлансак, натижалар яна келади, албатта.
- Тўғриси, айрим мутахассислар Хорватия термасининг бу гал мундиалда муваффақиятли иштирок этишига олдиндан унча ишонишмаганди...
- Эҳтимол... Лекин ўзимиз ҳеч қачон имкониятимиз ва салоҳиятимизга шубҳа билан қарамаганмиз. Қолаверса, босқичдан-босқичга яхшироқ ўйнай бошлашимизни олдинги мусобақаларда тўлиқ исботлаганмиз. Ишончим комил, якунланган мундиалда ҳам рақиблар биз билан тўқнаш келишдан бироз ҳайиқишди. Қолаверса, тан олиш керак, илк «плей-офф» чиғириғидаги рақибимиз Португалия термаси том маънода мусобақа фаворитлари қаторида эди.
- Хорватия миллий жамоаси ЖЧ давомида кучли босим остида ўйнагандек таассурот уйғотди. Бу ўзингларга ҳам сезилдими?
- Ҳа, албатта. Чунончи, 2018 ва 2022 йилги ЖЧда муваффақиятли иштирок этганимиз таъсирида мухлислар биздан яна юқори натижа кутишганди. Умуман, исталган рақибни мағлуб эта олишимизга ишониб, барчани ғалабали юришларга ўргатиб қўйганимиз ҳам рост. Аммо реалликда ҳар доим ҳам юқори кутилмаларни оқлаш имконсиздир. Ортиқча босим эса футболчида ички ҳавотирни келтириб чиқаради ва бу ўйинга бевосита салбий таъсир кўрсатади. Ўз ўрнида алоҳида қайд этишим керак, Хорватия миллий жамоасининг сўнгги йиллар халқаро майдонда қайд этган натижалари юксак эътирофга муносиб. Ахир жамоамиз кетма-кет 3та йирик турнирда юқори даражада рақобатбардош эканлигини амалда исботлади. Оддий айтганда, миллий жамоамиз бу даврда жаҳон футболининг энг кучли термалари қаторида гавдаланди.
- Хорватия термасининг ЖЧ-2026 доирасидаги ўйинларида икки муаммо кўзга ташланди: стандарт вазиятлардан гол қўйиб юбориш ва сув ичиш учун белгиланган қисқа танаффусдан кейин юқори суръатни қайтаролмаслик...
- Қисқа танаффусдан кейин ўйин ритмига қайтишда қийналганимиз рост ва бу масалада ҳақсиз. Ўйлайманки, мутахассислар барчасини обдон таҳлил қилиб чиқишади. Стандарт вазиятларга келсак, ҳеч бир жамоа рақибнинг жарима зарбаларида гол қўйиб юбормасликдан суғурталанмаган. Жумладан, бизники ҳам. Умуман, футболда вазиятлар ҳар доим ҳам сиз ўйлагандек ривожланмайди. Демоқчиманки, ушбу элементни ортиқча бўрттириш ноўрин. Боз устига, мундиалда ўзимиз ҳам стандарт вазиятдан гол урдик. Инобатга олиш керакки, бундай ҳолатда ҳимояланаётган жамоа озгина омадга ҳам эҳтиёж сезади.
- Энди клуб футболига қайтамиз: яқинда «Милан» билан келишувингиз муддатини яна бир йилга узайтирдингиз. Келажак режаларингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Ёшим ўтиб бораётгани, футболдаги вақтим якунланаётганини яхши англаб турибман. Тан олишдан бошқа чорам йўқ: футболчилик фаолиятим тобора ўзининг уфқига яқинлашмоқда. Шундай экан, энди ҳар бир машғулот, ўйин ва лаҳзадан максимал даражада завқ олишим керак. Хуллас, ихтиёримда қолган вақтдан имкони борича тўғри фойдаланишни истайман. Яна бир йилдан кейин нима бўлишини эса ўшанда билиб оламиз...
Манба: acmilanfan.ru, ХУРШИДБЕК тайёрлади