ЁХУД ИККИ ФУТБОЛЧИ ФИНАЛДА УЧРАШАДИМИ?

ЖЧ-2026 нимчорак финал учрашувлари авжида. Лионель Месси етакчилигидаги аргентиналиклар бундан олдинги босқичда Кабо-Верде термасини базўр енгишди. Ўйин давомида Кабо-верделик қария дарвозабон Жозимар Возинья яна мислсиз қаҳрамонлик кўрсатди. Сидни Кабрал қўшимча бўлим, аниқроғи, 103-дақиқада ҳисобни тенглаштирганида, шарҳловчи Хайрулла Ҳамидовнинг ҳайқириқлари телевизор экранларини ёриб юборишига сал қолди. Кабо-Верде термаси учрашувни ҳатто пенальтилар сериясигача олиб бориши мумкин эди. Шарҳловчининг таъбири билан айтганда, сал қолишига сал қолди. Очиғи, нафақат шарҳловчи, балки миллион-миллион томошабинлар ҳам ўша лаҳзада беихтиёр ҳайқиришди ва митти давлат футболчиларини олқишлашди. Ҳеч ким бундай вазиятда шарҳловчини тарафкашликда айбламайди. Зеро, Кабо-Верде терма жамоаси футболчилари, хусусан, Возинья ва Кабрал ўйиндан аввал тарқаган нохуш шов-шувларни бир четга суриб, Леонель Месси салобатидан чўчимай тўп суришди. Айни чоғда ЖЧ-2026 дебютантлари мундиалда фаворит саналмайдиган ва бундан азият чекадиган терма жамоалар мухлисларига олам-олам қувонч улашишди.

Кучлар нисбати ва футбол адолати нуқтаи назаридан айтсак, Аргентина термасининг нимчорак финалга йўл олгани мантиққа мос, албатта. Шунинг баробарида камтарона мавқеси бор терма жамоанинг Месси ва аргентиналик бошқа афсунгарларга рақобат таклиф қила олгани таҳсинга сазовор. Шуниси аниқ бўлдики, мундиалда илк бор иштирок этган ҳар қайси жамоа тажрибасиз ҳисобланмайди. Кўрдик, шундай футболчилар борки, улар бирор клубда тўп суришмаса ҳам, мундиал босимидан ҳайиқишмайди, довдирашмайди. Биринчи марта иштирок этиш босими улар учун бегона! Мамлакатимиз футбол жамоатчилигининг онг-у шуури шу каби салбий хулосадан холи бўлиши мақсадга мувофиқдир. Мундиалга биринчи марта борган футболчи ҳаяжонланаверса, босимни ҳис қилаверса, қачон тонг отади? Насиб қилса, терма жамоамиз Испания, Португалия ва Марокашда ўтказиладиган ЖЧ-2030га чиқса, ҳозирги таркиб анча-мунча ўзгаради ва ўшанда ҳам янгилар яна босим ҳақида сўзлашса, буни оқлаб бўлмайди. Бошқа­ча айтганда, Кабо-Верде термаси мундиалда «биринчи синф» мақомига кўнмади ва «битирувчи синф» билан тенг рақобатлашиш уддасидан чиқди. Мухлисларимиз Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам шу йўлдан боришини хоҳлашади.

Лионель Месси гарчи 1/16 финалда қийналган бўлсада, ЖЧ-2026да 7-голини нишонлади ва мундиал ҳисобидан жами голлари сонини 20тага етказди. Унинг бош мақсади - иккинчи марта жаҳон кубогини боши узра баланд кўтариш. Агар Лео бунга эришса ҳам, футбол қироли Пеле натижасини такрорлолмайди, барибир! Хўш, замондош футболчилар орасида Пеле натижасини такрорлайдиганлар борми? Эҳтимол. Масалан, Килиан Мбаппе ёки Ламин Ямал! Франциялик ҳужумчи ҳозиргача бир марта жаҳон чемпиони бўлиб улгурди. Агар у ЖЧ-2026 ғолибига айланса, иштаҳаси янада очилиб, 2030 йилни интизорлик билан кутади. Ҳарқалай, унда назарий жиҳатдан Пеле рекордини такрорлаш имконияти мавжуд. Нимчорак финалда Парагвай термасига қарши кечган учрашувда Мбаппе ҳам жорий мундиалдаги 7-голини нишонлади. Шу тариқа охирги 3та ЖЧдаги жами голлари сони 19та бўлди. Оддий айтганда, у Лионель Месси ортидан изма-из бормоқда. Аргентиналик юлдуз 39 ёшда бўлса, франция­лик ҳужумчи 27 ёшда. Орада фарқ катта - 11 ёш. Демак, Мбаппеда Мессидан ўзиб кетиш имконияти чакки эмас. Ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. ЖЧ-2018 чемпиони ЖЧ-2022 финалида ғалабага бемисл ташналиги билан бутун футбол дунёсини ҳайратга солганди. Парагвай термаси билан учрашувда ҳам Килиан вужудидаги бемисл иштиёқ бўртиб кўзга ташланди. У парагвайлик футболчиларнинг қўполликларига қўл силтади ва ўз ишини бажаришда давом этди. Қойил!

Парагвайлик футболчиларга бирор марта сариқ карточка кўрсатмаган Ильгиз Танташев Франция термасининг 3 нафар вакилини шундай «сийлади». Табиийки, ҳамюртимизнинг бундай ёндашуви кўпчиликни ажаблантирди. Қўпол ўйнаганлар парагвайлик футболчилар бўлишса-ю, сариқ карточкани жабрдийдалар олишса?! Йўқ, франциялик 3 нафар футболчига сариқ карточка нотўғри кўрсатилганини айтишдан йироқмиз. Бу ўринда гап масалага бир томонлама ёндашув ҳақида кетмоқда. Ана, Майкл Оливер нисбатан хотиржамроқ кечган Канада - Марокаш ўйи­нида чўнтагидан нақ 10 марта сариқ карточка чиқарди. Демоқчимизки, Ильгиз Танташев ҳам «биринчи синф» эканлигини билинтириб қўйди. Инкор этмаймиз, футболчиларимиз ва ҳакамларимизнинг мундиалда иштирок этишлари - мамлакатимиз футбол жамоатчилигини беҳад қувонтирадиган ҳолат! Аммо бу рақибга йирик ҳисобда ютқазиш ёки ҳакамлик учун паст баҳо олиш мумкинлигини англатмайди асло. Қатнашиб кулгуга қолгандан кўра, қатнашилмагани маъқул кимдир ўз вазифасини юрт шаънига мос равишда бажаролмаса. Кап-катта бўла туриб, биринчи синфга қиёсланиш кимга ёқади? Ҳеч кимга! Лионель Месси ва Килиан Мбаппе ушбу хулосани назаримизда, ҳали болалик чоғларидаёқ онг-у шуурларига сингдириб олишган. Шунинг учун ҳам ҳар икки футболчи ёшдаги фарққа қарамай, фақат олға интилмоқда, лидерлик учун курашмоқда. Ҳар қанча баландпарвоз гапдек туюлмасин, мамлакатимизда ҳам ёш футболчиларни шу руҳда тарбиялаш энг муҳим вазифадир.

Ҳа, реал воқелик футболчиларимиз жисмоний ва руҳий жиҳатдан мундиал талаблари даражасида эмасликларини яққол исботлади. Бу шафқатсиз ҳақиқатни тан олиш қийин. Биз тан олмаслик тарафдоримиз. Қачонгача кучсизлигимизга иқрор бўлишда давом этамиз ва бундан хижолат тортмаймиз? Нега бу каби салбий ҳолатдан қутулишнинг реал йўлларини қидирмаймиз?! Аббос Файзуллаевнинг илк устози Иброҳимжон Умматов ҳали ҳам мураккаб шароитда болаларга футбол сирларини ўргатишга мажбур бўлаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Унинг айтишича, шогирдлари ёмғирли октябрдан қуёшли мартга қадар футбол билан мунтазам шуғулланишдан узилишади. Қолаверса, футбол сирларини ўрганаётган болаларнинг жисмоний жиҳатдан бақувват бўлиб ўсиб-унишлари учун ота-оналар етарли даражада қайғуришмайди. Улар мураббийларнинг маслаҳатларига бепарво қарашади. Оқибатда техник-тактик жиҳатдан баркамол бўлиб улғайган футболчи мундиал учрашувларида 90 дақиқалик босимга жисмоний томондан бардош беролмайди. Бу - болалар ва ўсмирлар футболидаги асосий муаммо! Ушбу муаммо хусусида аввал ҳам кўп ёзганмиз. Ҳамкасбларимиз неча бор ижтимоий тармоқларда мазкур масалани изтироб билан ёритишган. Тўғри, болалар ва ўсмирлар футболида озми-кўп ижобий ўзгаришлар сезилмоқда. Лекин жаҳон футболи тараққиётига қиёсланганида, бу ўзгаришлар ниҳоятда камтаронадир. Ҳали болалик чоғидаёқ Лионель Месси ва Килиан Мбаппега алоҳида парвариш тайинланган. Балки шунинг учундир ҳозир икки футболчи ЖЧ-2026 финалида учрашиши баралла тахмин қилинмоқда. Сиз нима дейсиз, Месси ва Мбаппе ЖЧ-2026 финалида ҳам чемпионлик тожи учун майдонга тушишадими?

Муҳаммад ВАЛИ