Олдин хабар берганимиздек, бош жамоамиз жаҳон чемпионати олдидан иккинчи ўртоқлик беллашувини ўтказди. Нидерландияга қарши кечган ўртоқлик биринчи синов баҳсида Фабио Каннаваро шогирдлари 2:1 ҳисобида мағлуб бўлишди. Гакпо пеналтидан ҳисобни очди. 90+2-дақиқада Сергеев мувозанатни тиклади. 90+7-дақиқада Гакпо яна пеналтидан гол урди. Беллашувнинг 87-дақиқада захирадан майдонга тушган “ПСВ”нинг 28 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячиси ГусТил четлатилди.

1-Ўртоқлик ўйини

НИДЕРЛАНДИЯ – ЎЗБЕКИСТОН 2:1

Голлар: Гакпо 32 пен., 90+7 пен. – Сергеев 90+2

Ўзбекистон – Ўткир Юсупов, Абдуқодир Ҳусанов, Фаррух Сайфиев, Рустам Ашурматов, Акмал Мозговой, Отабек Шукуров, Остон Ўрунов (Достонбек Ҳамдамов, 54), Шерзод Насруллаев, Аббос Файзуллаев (Жамшид Искандеров, 78), Жаҳонгир Ўрозов, Элдор Шомуродов (Игор Сергеев, 78).
Нидерландия – Вербрюгген (Флеккен, 70), Ван Дейк, ван Ҳекке, ван де Вен, Гравенберҳ, де Йонг (Тил, 74), Рейндерс, Саммервилл, Дюмфрис, Мален (Бробби, 65).

Четлатиш: Тил 88

***
Термамизнинг 2-азорат баҳси ҳар бўлими 30 дақиқадан давом этиб, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Хацйриятки, мазкур баҳсда Нидерландиядан устун келдик. Унда Фабио Каннаваро бошқарувидаги ўзбекистонлик футболчилар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Азизбек Амонов ва Авазбек Ўлмасалиев голларга муаллифлик қилди.

2-Назорат учрашуви

НИДЕРЛАНДИЯ - ЎЗБЕКИСТОН 1:2

Голлар: Амонов, Ўлмасалиев

Ўзбекистон – Эргашев, Нематов, Эшмуродов, Абдуллаев, Каримов, Эсанов, Жиянов, Ўлмасалиев, Раҳмоналиев, Жалолиддинов, Амонов, Темиров, Сергеев, Искандеров, Ҳамдамов.
Эслатиб ўтамиз, учрашув томонларнинг келишувига мувофиқ ёпиқ эшиклар остида ўтди ҳамда ҳар бир бўлим 30 дақиқадан давом этди.
***
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Нидерландияга қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.

— Бугунги ўйин ҳақида:
— Менимча, биз кўплаб ижобий жиҳатларни кўрсата олдик. Ҳисоб 1:0 бўлганидан кейин ҳам майдондаги тартиб ва «линия»ни йўқотмадик. Жамоа бўлиб ҳаракат қилишда давом этдик ва охиригача курашдик. Бундай даражадаги миллий жамоаларга қарши ўйнаш осон эмас. Бироқ жамоам ўйинида кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдим. Бизга айнан шундай ўйинлар керак. Чунки бундай рақибларга қарши майдонга тушганингизда доимо ниманидир ўрганасиз ва тажриба орттирасиз. Умуман олганда, учрашувдан мамнунман.

— Ҳимоядаги ўйин ҳақида
— Футболни хатоларсиз ўйнаб бўлмайди. Бу мутлақо нормал ҳолат. Бизнинг вазифамиз футболчиларга шундай хатолар сонини имкон қадар камайтиришда ёрдам беришдир. Лекин ростини айтсам, мен ҳимоядаги хатолардан кўра ижобий жиҳатларни кўпроқ кўрдим.

 Футболчиларнинг ҳолати ҳақида:
— Тайёргарликни бир ойдан ҳам кўпроқ вақт олдин бошлаганмиз, легионер футболчиларимиз эса кейинроқ жамоага қўшилди. Шунга қарамай, жисмоний тайёргарлик борасида яхши иш олиб борганимизга ишонаман. Албатта, айрим футболчилар билан боғлиқ ҳали ҳал этишимиз керак бўлган масалалар ҳам бор ва биз улар устида ишлашда давом этамиз», - дея Каннаваронинг сўзларидан келтиради ЎФА матбуот хизмати.