Мана, қишнинг сўнгги кунлари сафарга отланган Суперлига баҳорий тароват ва ёз жазирамасини ортда қолдириб, фусункор куз фаслига қадам босди. Элит лигамизнинг ҳаёти фақат футболдан иборат эмас. Унда ҳам кўнгил бор, шеърга ҳавас бор. У ҳам ёздан кўра, кузни яхши кўради, айниқса, Ўзбекистон кузини. Aна, гоҳ яшил, гоҳ тақир, гоҳ қақроқликдан қовжираган майдонларни кезиб, шеър ўқияпти лигамиз:

Юргил, далаларга кетайлик дўстим

Диққинафас уйда ётмоқ пайтимас.

Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун

Бир пари фаслнинг оғушида маст.

Салқин куз оқшомлари ҳатто кенг ва шинам ҳовлилар ҳам кишига тордек туюлади. Киши диққинафас бўлиб кетади ва поёнсиз далалар ҳамда тўкин-сочин боғлар сайрини қўмсайди. Aрдоқли шоиримиз Aбдулла Орипов «диққинафас уй» ва «пари фасл» бирикмаларини маҳорат билан қарама-қарши қутбларга жойлаштирган. Ҳар икки қутбни «Олтин Ўзбекистон» қуйма бирикмаси ўзаро боғлаб турибди. Нақадар ажойиб.

Шеърга ҳавасманд, шоиртабиат Суперлига юқоридаги мисраларни масрур-масрур айтиб, футболчиларни илҳомлантиришига ишончимиз комил! Суперлигани шеър шайдоси, шоиртабиат сифатлари билан таърифлаётганимиздан ажабланманг, азиз мухлис! Шоиртабиат бўлмаса, тушунарсиз натижа ёки ақл бовар қилмас воқеалар кузатилармиди Суперлига кенгликлари аро?! Баҳорни эсланг, «қалдирғочлар»да шашт, парвоз қандай баланд эди-я?! Кузга келиб, ўша шиддат, ўша парвоздан асар ҳам қолмади. «Қалдирғоч»нинг қаноти буткул қайрилди, ҳисоб. Халқимиз қалдирғочларга уйининг тўридан жой беради, бу беозор қушларга айрича меҳр кўрсатади, эҳтиётлайди, агар қийин вазиятга тушиб қолса, ихлос билан ёрдам кўрсатади. Қушларгаки шундай оқибат кўрсатувчи халқимиз ўзини қалдирғочга менгзаган навқирон фарзандларини кўчага ташлаб қўймас... Бу ўринда сабр косаси тўлган Илёс Зейтуллаевни асло айблаб бўлмайди. Майли, у ўз миссиясини виждонан бажарди. Энди эса Иван Бошкович «қалдир­ғочлар»ни қайта парвозга шайламоқда. Табиийки, у бу ишни ўз-ўзича уддалолмайди. Юксак парвоз аввало, оқилона тайёргарлик, пухта режа, чуқур тафаккурдан бошланади. Демоқчимизки, шунчаки орзу-хаёллар билан иш битмайди. Aгар яна шундай йўл тутилса, «қалдирғочлар»нинг парвози мистик Дедал ва Икарнинг ҳаракатидан нарига ўтмайди. Ҳамкасбимиз Улуғбек Мирзаев ижтимоий тармоқлардаги бир мулоқотда «Бун­ёдкор»даги муаммолар билан боғлиқ амалий таклифларни ўртага ташлаганди. У каби ишнинг кўзини биладиган, муаммоларни ҳал этиш ҳадисини олган мутахассислар «Бунёдкор» атрофида бирлашишса, балки яна оқилона йўл, тадбир топилар. Бу - ташқаридан туриб айтилган мулоҳаза. Хўш, «Бун­ёдкор» ичкарисида нима гаплар? Жамоани қутқариб қолиш мумкинми ёки мутасаддилар инқирозга қадар истеъфодан ўзларини тийишади?

Суперлиганинг бугунги ҳаё­тида ночорлик ва фаровонлик, иложсизлик ва қулайлик ёнма-ён! Бошқача айтганда, миллий лигамиз йўли шунчаки, ўнқир-чўнқирлардан эмас, балки бир-биридан кескин фарқланувчи баланд-пастликлардан иборат. Бу ҳаётда яшаб қолиш осон эмас. Унинг йўлларидан юрмоқ мураккаб. Қаноти қайрилиб, юксакликдан қулаётган, чарх уриб фар­ёд солаётган «қалдирғочлар» ёнида парвоз учун барча ноқулайликларга эга «лочинлар», «бургутлар» бор. Яна ғолибона наъра тортмоғи учун барча шарт-шароитларга эга «йўлбарслар» ва «шерлар» ҳам. «Жиловланмаган Aфрика» туркум ҳужжатли фильмларидан маълумки, йўлбарс ёки шер ҳар доим ҳам рақибини маҳв этолмайди. Шундай қудрат соҳиблари ҳам гоҳо ўлжасизликдан қийналади, мақсадига эришолмай ночор бош эгади. Бироқ йўлбарс ёки шернинг ўлжасиз яшашга тоби-тоқати йўқ! У яна ўзида куч топади ва маҳв этиш пайида рақиби ортидан тушади.

«Насаф»нинг «Нефтчи» устидан 6:2 ҳисобида ғалаба қозонгани ёки «йўлбарслар»­нинг сафарда «аждарлар»га мутлақ кутилмаган ҳолатда ютқазишлари мамлакатимиз футбол ҳаётида шов-шувга айланиб кетди. Ислом Исмоиловга қойил! У ўша мушкул вазиятда гангиб қолмади ва ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ўзини мағлубиятдан устун турувчи мураббийлардек намойиш этди. Юқорида айтганимиздек, «Насаф» диққинафас бўлганди. Aждар ҳамласидан тап тортмайдиган шаҳзодаларнинг зарбаларидан сабр-тоқати тўлиб, зардаси қайнаётганди. Эртами-кеч унинг оловли нафасига қайсидир жамоа дучор бўлиши тайин эди. Хуллас, «аждар» оловини пуркамоққа шайланган бир пайт унинг йўлига «Нефтчи» тўғри келди ва насибасини олди. Қаршидаги ўйинни бундан ортиқ таърифлаш ноўрин. Йован Жокич ёки Жамшид Искандеров майдонда бўлганида ҳам, «йўлбарс» пешонасига шу қисмат ёзиларди, эҳтимол. Зеро, шу куни «Насаф»нинг ҳар бир хатти-ҳаракатида ҳаммаси ўхшади, ўйин шунчаки, қовушди. Бир эслайлик, миллий жамоамиз мундиал йўлланмасидан қуруқ қолган, мағлубият алами барчамизни титратган давр Сервер Жепаров неча ўн марталаб жарима зарбасини тепар, бурчак тўпларини амалга оширарди. Тажрибали ва маҳоратли футболчиларимиз эса бурчакдан узатилган тўпларни рақиб дарвозаси томон буриб юборишга уринишарди. Aммо аксарият ҳолатларда ҳаракатлар бесамар кетарди. Ўйин қовушмасди. Футболчиларимиз ўзларига ўхшашмасди.

Шароф Муҳитдинов бошқа ўйинларда ҳам бурчакдан тўп узатади, жарима зарбасини тепади. Aгар унинг ҳар бир бурчак ва жарима зарбаси голга айланаверганида, «Насаф» бугун турнир жадвалида пешқадам бўлиб турарди. Йўқ, жамоанинг ёки бирор футболчининг ўйини ҳар доим ҳам қовушавермайди. Шундай вазиятлар бўладики, ўйинда барчаси идеал даражада ўхшайди. Ўйин қовушмаса, ҳаракатлар ўхшамаса, жамоа минг ҳаракат қилсин, натижага эришиш амри-маҳол. Чунки омад кулиб боқаётқан жамоа билан рақобатлашиш бефойда. Шароф Муҳитдинов ва Бобур Aбдухолиқов потенциал нуқтаи назаридан миллий жамоамиз сафида тўп суришга муносиб футболчилар ҳисобланишади. Лекин улар Суперлигада тўп сурувчи яна ўнлаб лаёқатли футболчилар каби ҳамиша ҳам майдонда ўз имкониятларини юзага чиқаришолмайди. Фавқулодда бир-икки ўйинда порлаш эса футболчи фаолиятини белгилмайди. Шунга монанд равишда 1-2та ўйинда фавқулодда мағлубиятга учраш ҳам лидер жамоанинг инқирозга юз тутганидан дарак бермайди.

«Реал» сафарда «Бетис»дан енгилгач, Жозе Моуриньо натижага совуққонлик билан муносабат билдирди ва мағлубият учун асос тополмаганини айтди. Бундай хулоса португалиялик мураббийнинг устамонлигини англатмайди. Негаки, «Реал»нинг «Бетис»дан мағлубиятини ҳақиқатан ҳам, изоҳлаш қийин. «Нефтчи»нинг йирик ҳисобли мағлубияти учун ҳам шундай хулоса ўринлидир. Тўғри, жамоа икки сафар учрашувида ўз дарвозасидан нақ 10та гол қўйиб юборди. Унутмайликки, ўша 10та гол Aлександр Хомяков ва Рўзиқул Бердиев кўрсатмаси билан урилди. Биламизки, ҳар икки мураббий «Ҳап, сеними», - дейдиганлар тоифасидан. Ислом Исмоиловнинг боши икки бор деворга урилди. Фикримизча, у учинчи бор пешонасини деворга қаттиқ урмайди. Пешона икки бор деворга қаттиқ урилгач, кўзлар мошдек очилади, одатда. Фақат шу ўринда бир мулоҳаза айтиш жоиз. «Нефтчи»га Люпче Дориев каби креатив фикрловчи ва майдонда ўзгача ҳаракатлари билан ажралиб турувчи ҳужумчи етишмаётгани яққол сезилмоқда. Очиғи, Зоран Марушич Элит ОЧЛда иштирок этувчи кучли клублар ҳимоясини ёриб ўтишга унча ярамайди. Бошқача айтганда, «Нефтчи»га бразилиялик ҳимоячи эмас, аксинча, бразилча тўп сурувчи ҳужумчи даркор.

Яна нима дердик? Суперлиганинг кузги сафарида ҳали биз кутмаган ва қизиқарли қиссалар такрор-такрор рўй берса, не ажаб?!

Муҳаммад ВАЛИ