Вазиятни Кабо-Верде ва Кюрасао термалари кўзгуси орқали баҳолаётган мухлислар Фабио Каннаваро ҳамда ЎФА мутасаддиларини айблашмоқда...

Ўтган якшанба тонгидан то оқшомига қадар телефонимиз сукунат режимида турди. Қанча-қанча қўнғироқлар бўлди, лекин уларнинг аксарияти жавобсиз қолди. Тушунамиз, қўнғироқларни жавобсиз қолдириш мухлисларимизга нисбатан ҳурматсизлик, албатта. Хўш, биз билан боғланган ҳар бир аламза мухлисга кайфиятсиз оҳангда гапиришимиз, ёқимсиз мавзу атрофида айланишимиз мумкинмиди? Балки кимгадир бу жараён мураккаб туюлмас. Аммо биз учун ўта машаққатли иш бўларди мулоқотлар ва катта эҳтимол, мазкур мулоҳазалар ҳам ёзилмасди. Шу ўринда аввало, қўнғироқлари жавобсиз қолган  муҳтарам мухлисларимиздан узр сўраймиз...

Каннаваро ҳамда Эрматов Кабо-Верде ва Кюрасао термалари натижасини қандай изоҳлашади?

Аслида мундиал воқеликлари барчамиз учун бир маромда кечаётганди. Мисол учун, аксарият мухлислар миллий жамоамиздан каттароқ натижа кутмаганди. Кабо-Верде ва Кюрасао термалари натижаси эса барча кўниккан маромни бузиб юборди. Кабо-верделик футболчилар гуруҳ босқичида Испания, Уругвай ва С.Арабистони термаларига қарши ўйнашди. Уларнинг рақиблари савия бўйича бизнинг гуруҳдошларимиз - Португалия, Колумбия ва Конго ДР термаларидан устун бўлишса, устун эдиларки, аммо кам эмасдилар. Кабо-Верде термаси ҳам мундиалда биринчи марта иштирок этганига қарамай, жамоа бош мураббийи Педру Лейтан Бриту ёхуд Бубишта донгдорлик бобида Фабио Каннавародан анчагина ортда қолса-да, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Кабо-Верде термаси шундай натижа қайд этишига қадар квартетда ўта кучли рақиблар орасига тушганимиз, мундиалда дебютант эканлигимизни ўйлаб, ўзимизни юпатаётгандик. Айнан бизнинг жамоамиз вазиятида бўлган Кабо-Верде термаси футболчилари ва уларнинг бош мураббийлари Бубишта барчасини бошқачароқ баҳолашди. Оддий айтганда, бизникиларга нисбатан ўзгачароқ мулоҳаза юритишди. Уларни Европа, Жанубий Америка ва Осиёда етакчи ўринларда турадиган терма жамоаларга тўғри келишгани асло чўчитмади. африкаликлар шунингдек, ўз гуруҳларидаги рақобат, вазият мураккаблиги ҳақида шовқин солишмади. Шунчаки, майдонга тушишди ва кучли рақибларнинг ҳар биридан очко тортиб олишди. Бубишта эса Фабио Каннавародан фарқли ўлароқ, шогирдлари ва мухлисларга натижа муҳим эмаслиги юзасидан бот-бот ваъз ўқимади. Аксинча, қўл остидаги камтарин жамоани олдинга бошлади, курашишга чорлади ва мақсадига эришди.

Кюрасао терма жамоаси эса 1-турда «немис машинаси» босимига бардош беролмай, ўз дарвозасидан 7 марта тўп олиб чиқди. Лекин иккинчи ўйинда ўзини ўнглади. Қаранг, кюрасаоликлар таркибида Вильян Пачо, Эннер Валенсия, Мойсес Кайседо каби машҳур футболчилар тўп сурадиган Эквадор миллий жамоаси билан баҳсда дуранг натижа қайд этиб, мундиал тарихида илк очкога эга чиқишди. Гуруҳдаги рақиблари қанчалик кучли ва савияли бўлмасин, Кюрасао термаси қийин ишни уддалади. Албатта, бунда тажрибали Дик Адвокаатнинг мураббийлик стратегияси иш берди. Фабио Каннаваро ишига эса шундай стратегия етишмади. У миллий жамоамиз билан бирга тажриба тўплаётганини очиқ-ойдин айтди. Савол туғилади: ЎФА катта шартнома билан Фабио Каннаварога мураббийлик тажрибасини ошириш учун шароит яратдими? Шу имконни Темур Кападзега берса бўлмасмиди? Мураббийлик бобида тажрибаси пастлиги аввалдан айтилган Фабио Каннаваро номзоди нима сабабдан ЎФА мутасаддиларини қизиқтириб қўйди? ЎФА раҳбарияти италиялик фақат «Олтин тўп» ютгани учун шундай йўл тутдими? Агар мутасаддилар ўз қарорларини шундай изоҳлашса, нечоғли хатога йўл қўйишганига мундиал воқеотлари исботдир. Нотаниш Бубишта машҳур Фабио Каннавародан фарқли ўлароқ, зиммасига топширилган вазифани эплади. Ҳа, катта эҳтимол, унинг олдига маълум вазифа қў­йилган. Фабио Каннаваро эса масъулиятдан бутунлай озод. Очиғи, ҳотамтойлик, меҳрибонлик бобида ЎФА мутасаддиларидан ўтадигани йўқ, назаримизда.

Возинья дарвозабонларимиздан маҳоратлими?

40 ёшли Жозимар Возинья - Португалиянинг камтарона «Шавеш» клуби аъзоси. Мундиалга қадар футбол дунёси ушбу дарвозабонни ҳам, клубини ҳам тузук-қуруқ билмасди. Қарангки, ЖЧ-2026 Возиньяни қаҳрамонга айлантирди. Яна савол туғилади: Кабо-верделик фахрий кипер ниманинг эвазига мундиал қаҳрамонига айландию, Ўткир Юсупов ва Абдувоҳид Неъматовнинг юзлари шувут мухлислар олдида? Хулосаларимизга максимал руҳ юклашингизни истамаймиз, лекин Юсупов ҳам, Неъматов ҳам савия ва маҳорат масаласида ўша Возиньядан кам эмасликларини таъкидлаймиз. Ҳар икки дарвозабонимиз қийин вазиятларда ўйинни қутқаришгани, «ярим жамоа» миссиясини кўп марталаб бажаришганини кўрганмиз. Дейлик, Ўткир Юсупов мундиал саралашида мураккаб «сэйв»ларни амалга оширгани, қалтис вазиятларда пенальтиларни тўсгани ҳамон ёдимизда. Шундай савияли дарвозабонлар бирдан тажрибасиз, маҳоратсиз ҳисобланишлари ғалати. Йўқ, улар ҳозир ҳам тажрибали ва маҳоратли.

Афсусланарли жиҳати, миллий жамоамиз киперлари мундиал ҳавосига тайёр бўлишолмабдилар. Уларни шуғуллантирган мураббийлар қандай ишларни амалга оширишгани бизга қоронғу. Аниғи шуки, дарвозабонларимизнинг мундиалдаги ҳаракатларида мураббийлар штаби имзоси сезилмади. Дарвозабонлар ва ҳимоячиларни ҳам руҳан, ҳам тактик жиҳатдан мундиал босимига мослаштириш - бош мураббий ва унинг штаби учун асосий вазифалардан бири. Фабио Каннаваро ва унинг ассистентлари эса шу бирламчи вазифани бажаролмади. Акс ҳолда, миллий жамоамиз 48та иштирокчи орасида 46-натижани қайд этмасди. Фабио Каннаваро каби футболчиларимиз ҳам майдонда нималар содир бўлганини охиригача тушунишмаганини тан олишди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, италиялик «Олтин тўп» соҳиби мундиал босими ва ундан халос бўлиш йўлини миллий жамоамизга ўргатолмаган, аниқроғи, унинг ўзи ҳали ўрганишга муҳтож экан...

Каннаварога терма жамоамизнинг ОК-2027даги иштирокини ишониб бўладими?

Мундиал арафасидаги тайёргарлик жараёни, ўртоқлик ўйинлари ва тарихий расмий учрашувларда миллий жамоамиз ҳаракатида деярли бир хил сценарий такрорланди. Масалан, норасмий учрашувларда ҳам Остон Ўруновнинг ҳаракатлари ўхшамагани кўзга ташланган эди. Бироқ Фабио Каннаваро ҳар сафар унга ишонч билдирди. Мундиалда эса Остон Ўрунов ҳақиқатан ҳам, максимал даражада тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Яна ва яна савол туғилади: Фабио Каннаваро нима учун Остон Ўрунов ҳолатини аввалдан сезмади, тўғри баҳоламади, агар сезган бўлса, уни нега майдонга тушираверди. Умуман, дон Фабионинг таркиб танлаш масаласида яққол адашгани, нотўғри қарорлари туфайли миллий жамоамиз мундиалда ҳақиқий «опорник»лар, ҳужумкор ярим ҳимоячилар хизматидан фойдаланолмади. Фикримизча, у ўзбекона миллий руҳнинг ўйин жараёнидаги аҳамиятини тўлиқ тушунолмади, айни муҳим сабабга кўра, футболчиларнинг асл имконларини етарли даражада баҳолай олмади. Ортда қолган вақт мобайнида мазкур муҳим вазифани уддалолмаган бош мураббий Осиё кубогига қадар миллий жамоамиз таркибини тўғри шакллантиришга улгурадими, бу борада яна хатога йўл қўймайдими? Очиғи, биз бу саволга ижобий жавоб қайтаролмаймиз! Сизчи, нима дейсиз, муҳтарам мухлис!

Муҳаммад ВАЛИ