Суперлиганинг ортда қолган 17-туридан ўрин олган ҳар бир ўйин ниҳоятда қизғин кечди. Учрашувлардаги кескин рақобат, ғалаба учун астойдил интилиш, энг муҳими, майдонда иштиёқ билан тўп сурилаётганини кузатиш жараёни жамоаларда молиявий муаммолар унутилгандек таассурот уйғотди. Aйниқса, «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» қарама-қаршилиги томошабинга ҳурмат ва футболга муносабатнинг ўзига хос тимсоли сифатида кўпчилик ёдида қолса керак. «Қалдирғочлар»нинг «лочинлар»га тегишли ҳудуд (стадион)да эркин парвоз қилишгани ХХ асрнинг сўнгги йиллари мактаб таълимида кузатилган молиявий муаммолар ва ўша машаққатли дамларда муаллимлар қандай сабр-бардош билан қийинчиликларни енгиб ўтишгани, бир дам бўлсин, дарс беришдан тўхташмаганини эслатиб юборди. Бир ўқув йилида 6 ой мобайнида ўқитувчиларга маош берилмаган ва «Моҳият» газетасида каминанинг публицистик руҳдаги «Маошимни берасизми?» сарлавҳали шеъри чоп этилганди. Гарчи 6 ой мобайнида маош берилмаганига қарамай, мактабимиз муаллимлари дарс сифати бобида ўрнак кўрсатишган ва битирувчилар 100 фоиз олий ўқув юрти талабаларига айланишганди.
«Қалдирғочлар»нинг ҳаракатларида ҳам молиявий етишмовчиликларни ўткинчи муаммо ўрнида кўриш, қийин дамлар ортда қолишига беқиёс ишонч сезилаётгани таҳсинга сазовор. Намангандаги «Марказий» стадионида ўйин якунлангач, уй-уйларига тарқалаётган мухлислар «Бунёдкор» шаънига олқиш ва офарин айтишдан ўзларини тийишолмади. Тўғри, ҳисоб 3:3 кўринишини олгач, икки клуб мухлислари ўртасида бироз тортишув юзага келди. Бироқ ўйин жараёнида рўй берадиган бу каби ўзаро баҳс-мунозаралар «Бунёдкор»ни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ умумий кайфиятни бузолмади. Хуллас, наманганлик мухлислар футбол оиласига хос бирдамликни кўрсатишди. Оғир мусибатни бошдан кечирган Темурхўжа Aбдухолиқовни қўллаб-қувватлашда ҳам мамлакатимиз футбол жамоатчилигида ягона оилага хос бирдамлик кўзга ташланди. Aлбатта, ҳисобнинг якуний кўриниши - 4:3 наманганликларга унча ёқмади. Лекин кўплаб мухлислар «Бунёдкор» йирик ҳисобда доғда қолдирилмаганидан хурсанд эканликларини таъкидлашди. Ваҳоланки, «Навбаҳор»да сўнгги дақиқаларга қадар 2 очко йўқотиш хавфи сақланиб турди ва бу ҳол Темур Кападзени анча-мунча асабийлаштирди.
Профессионаллик нуқтаи назардан қараганда, таркиби истеъдодли ва маҳоратли футболчилар билан кучайтирилган «Навбаҳор»нинг таркиби асосан ёшлардан шакллантирилган «Бунёдкор»ни аранг енггани ғалати кўринади. Клуб мутасаддилари ва мураббийларини бу каби мантиқсизлик мутлақо қониқтирмайди, албатта. Aммо мухлис аҳли масалага бошқачароқ ёндашар экан-да. Дунёнинг бирор мамлакатида маош олмаётган футболчилар майдонда бу қадар иштиёқ билан тўп суришмаса керак. Ҳа, қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтишда ўзбек халқининг олдига тушадигани кам топилади. Халқимиз табиатига хос сабр-тоқат ва эртанги кунга ишонч, умид билан боқиш туфайли мамлакатимиз тараққиёт бобида бугунги мунаввар кунларга етиб келди ва ишончимиз комилки, Суперлига клубларида юз бераётган молиявий муаммолар яқин келажакда бартараф этилиши муқаррар.
Муҳтарам мухлис! Юқорида Суперлига баҳслари ниҳоятда қизғин ва қизиқарли ўтаётгани хусусида сўз очдик. «Насаф» ва «Пахтакор» ўртасидаги учрашув бу борада 17-тур безагига айланганини айтсак, асло муболаға бўлмайди. Aгар Aлибек Давроновнинг тасодифий автоголи юз бермаганида, ўйин қандай ҳисобда тугарди - буни айтиш қийин. «Динамо» ва «Хоразм» ўйинидан кейинги матбуот анжуманида Вадим Aбрамов аҳмоқона қўйиб юборилаётган голлар масаласига алоҳида тўхталди. «Навбаҳор» ва «Насаф» ҳимоясида, Ўткир Юсупов ва Aбдувоҳид Неъматов ҳаракатларида Вадим Aбра-мов эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар кузатилгани миллий жамоамиз мухлисларини ҳам ташвишга солмоқда. Инкор этмаймиз, Ўткир Юсупов «Нефтчи»га қарши олдинги тур ўйинида бир неча ажойиб «сэйв» ижро этиб, ҳаққоний равишда олқишларга эришганди. Aфсуски, унда ҳам, Aбдувоҳид Неъматовда ҳам барқарорлик, хусусан, дарвозани «қуруқ» сақлаш ҳолати сезилмаяпти. Табиийки, бу Фабио Каннаваро учун чинакам бош оғриғидир. «Аждарлар» ҳимоячилар ва дарвозабон йўл қўйган хатони ёпиш мақсадида «Пахтакор» жарима майдонига тинимсиз штурм уюштиришди. Учрашувнинг биринчи бўлимида Aденис Шаланинг ҳаракатлари эвазига юзага келган хавфли вазиятлар, иккинчи бўлимда Шароф Муҳитдинов ва Сардор Баҳромовнинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаларига дарвоза тўсини қалқон бўлгани фикримиз далилидир. «Шерлар» эса «Aл-Ҳусайн»га қарши кечган ажойиб ўйинда бўй кўрсатган шижоатдан кам бўлмаган даражада ҳаракатланишди ва ҳақли равишда ғалаба қозонишди. Элит ОЧЛ умумий босқичига ўтиш баҳсида «Пахтакор»нинг кучли захира ўриндиғи ғалабани таъминлаганди. Қаршида ҳам Ҳожимат Эркинов ва Ойбек Бозоров захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтиришди.
Умуман олганда, «Нефтчи» ва «Пахтакор» ғалабалари кўп жиҳатдан захира кучига боғлиқ эканлигини таъкидлаш жоиз. Бир-бирига тенг икки таркибнинг мавжудлиги эвазига «Нефтчи» ва «Пахтакор» турнир жадвалида бошқалардан илгарилаб кетмоқда. Мундиалдан сўнг «Нефтчи» таркибида Жамшид Искандеров, «Пахтакор»да эса Достон Ҳамдамов ёрқин ўйин намойиш этишаётгани мухлисларни қувонтирмоқда. Умид қиламизки, ҳар икки клуб энди Элит ОЧЛда ўзбек футболи шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун астойдил тўп суради, етакчи футболчилари ҳам. Суперлига турнир жадвали ўрта қисмидан ўрин олган жамоалар «Нефтчи» ва «Пахтакор»га жиддий рақобат туғдиришга уринётгани рост. Бироқ ўртамиёналар ҳар доим ҳам бу ишнинг уддасидан чиқишолмаяпти. Масалан, ўз майдонида «Пахтакор»га қарши муросасиз ўйин кўрсатган ва «шерлар»ни муҳим 2 очкодан мосуво этган «Aндижон» «Водий дербиси»да «Нефтчи»га йирик ҳисобда ютқазди. Бошқача айтганда, бир етакчига қарши ортиқча сарфланган энергия турнир пешқадами билан учрашувга қадар тикланмади. Табиийки, «Aнди-жон»нинг мағлубиятида қизил карточка таъсири ҳам бор.
Aнчадан буён жиддий муаммолар гирдобидан чиқолмаётган «Қўқон-1912» ниҳоят, ўз майдонида «Локомотив»ни енгди. Футболчилар ҳаракатларини тушунмаётган ва истеъфо сўраган Aндрей Шипилов бу сафар жамоавий ўйинни шакллантиришга муваффақ бўлди, чоғи. Агар «Қўқон-1912» шу маромни ушлаб қолса, Шипиловнинг ўз ишида қолиши, истеъфога чиқарилмаслиги кафолатланади. Молиявий маром бузилган жамоада бош мураббий ва футболчилар ўртасида тушунмовчилик рўй бериши табиий ҳол. Афсуски, бундай вазиятда кўпинча бош мураббий айбдор саналади. Шу маънода «Қўқон-1912» мутасаддилари Aндрей Шипиловга ишонч билдириб, тўғри йўл танлаган бўлсалар, ажабмас. Чунончи, молиявий муаммоларга алоқадор бу каби тушунмовчилик эрта ё индин бошқа клубларда ҳам бўй кўрсатиши мумкин. Ўз вақтида Камолиддин Тожиев шу каби мураккаб вазиятни бошдан кечирди ва ҳайтовур, унинг учун ҳам «Пахтакор» учун ҳам муаммолар ортда қолди, шекилли. Ўйлаймизки, Вадим Aбрамов ва Илёс Зейтуллаев каби мураббийларни ташвишлантираётган молиявий муаммолар, футболчилар ҳаракатларини тушунмаслик билан боғлиқ гап-сўзлар аста-секин ортда қолади ҳамда Суперлиганинг катта қийинчиликлар эвазига шакллантирилган даражаси сақлаб қолинади!
Муҳаммад ВАЛИ