Футбол тарихида Лионель Месси ва Криштиану Роналду даври аталмиш ўзига хос ёруғ, улуғвор босқич бор! ЖЧ-2026 шу улуғвор даврнинг унутилмас мантиқий якунидир. Ҳа, ҳар икки даҳо яна 2-3 йил, балки бундан кўпроқ ёки озроқ муддат яшил майдонларда тўп сурар, бироқ ЖЧ-2026 аргентиналик учун ҳам, португалиялик учун ҳам катта футбол саҳнасидаги сўнгги улкан ҳисоботдир! Истаймизми ёки йўқ,  ЖЧ-2026нинг умумий картинасида намоён бўлган воқелик шу икки юлдуз иштироки билан белгиланди. Месси ва Роналдунинг футбол оламидаги шахсияти мислсиз даражада катта ва бу ўринда мундиалдаги иштироклари барча-барчасидан муҳимроқдир.

Футбол дунёси қарийб 20 йил, бошқача айтганда, 6та мундиалда Роналду ва Месси фаолиятини кузатди, иккига ажралиб, гоҳ униси, гоҳ бунисини қўллаб-қувватлади. Не тонгки, бетакрор рақобатни юзага келтирган икки буюк шахсият аста-секин ўтмишга айланмоқда. Криштиану Роналду ўзи иштирок этган сўнг­ги мундиалда миллий жамоамиз билан учрашди. Энди ўша йирик ҳисобли мағлубият алами билан бир қаторда Криштиану Роналду даҳосига қарши кураш ҳам футболимиз хотирасида яшайди. Лионель Месси эса ўз номини яна олтин ҳарфлар билан тарихга битиш асносида мундиал билан хайрлашди. Орадан яна 4 йил ўтади ва ЖЧ-2030 ўйинларида мухлислар Месси ва Роналдуни энтикиб эслашади ва «О, улар бош­қача рақобатшардилар. Энди Лео ва Криш каби бир-бирига рақобатдош икки даҳо мундиалда тўп сурадими ёки йўқ - буниси номаълум!» - дея ширин хотираларга ошно бўлишади. Икки даҳонинг қувонч ва изтиробдан тўкилган кўз ёшлари ЖЧ-2026 муҳитини тўлқинлантирди, ҳаяжонга солди. Ҳа, якунига етган футбол форумининг энг муҳим жиҳати икки даҳонинг мундиал билан хайрлашувига боғлиқ.

Килиан Мбаппе ва Эрлинг Холанд, Ламин Ямал ва Жуд Беллингем замонавий футболнинг ҳақиқий лидерлари эканликларини ЖЧ-2026да ҳам яна бир бора исботлашди. Қишки спорт турларига ҳавасманд норвегиялик Эрлинг Холанд футбол ортидан жаҳон даражасига кўтарилди. Жуд Беллингемнинг инглиз рицарларига хос ҳаракатлари мухлислар томонидан кенг олқишланди. Англия термасининг 3-ўрин билан тақдирланишида унинг хизматлари беқиёс! Килиан Мбаппе! У жаҳон чемпиони унвонини яна бир бора олишга муносиб эди. Таниқли ижодкор Темур Тўрабоев таъбири билан айтганда, Мбаппе футболдаги Майк Тайсон. Агар унинг илҳоми ва иштиёқи забт билан ишга тушса, яшил майдонларда тўфон кўтарилиши ва ҳар қандай рақиб ўзини йўқотиб қўйиши муқаррар. ЖЧ-2022 финалида Килианнинг қолипларга сиғмас интилиши Месси жамоадошларини ҳам бир муддат эсанкиратганди. ЖЧ-2026да эса 3-ўрин учун кечган баҳснинг иккинчи бўлимида Англия термаси шу аҳволга тушди. Инглизлар омадли эканлар, Килиан довули бошланган бир паллада ўйин якунланиб қолди. Агар учрашув яна 5-6 дақиқа давом этганидами, Мбаппе вазиятни тубдан ўзгартириб юборарди. Йўқ, франциялик ҳужумчининг мухлиси эмасмиз. Шунчаки, унинг таслим бўлмаслиги ва энг оғир вазиятда ҳам ўзини қўлга олиши, жамоадошларини олға бошлашга куч топиши бизни ҳамиша ҳайратлантиради. ЖЧ-2022 финалида худди шундай бўлганди. ЖЧ-2026 «бронза»си учун баҳсда бу ҳолат қайта такрорланди! Бу сафар Килиан 0:4дан кейин уйғонди, таъбир жоиз бўлса, бирдан қутурди. Бироқ ўйин тақдирини аслида даҳо футболчилар эмас, балки даҳо мураббийларнинг устамонликлари ҳал қилади. Зайниддин Зидан қўл остида Мбаппе яна мундиал чемпионлигига эришса, не ажаб?!

Ламин Ямал - жаҳон футболининг дурдонаси, миллионлаб мухлислар эркатойи. Бу ўринда унинг Испания термаси ва «Барселона» клубида ўйнаши муҳим саналмайди! Асосийси, у беназир иқтидор, мухлислар кўзини қувнатадиган финтлар устаси, янги футбол поэзияси яратувчисидир! Келгусида Ламиннинг ўйинларидан завқланмоқ учун мухлислар стадионларга шошилишади, мониторлар қаршисига михланишади. ЖЧ-2026 шу янги даҳони улғайтирди, мундиалдаги иштироки ортидан миллион-миллион мухлислар қалбига Ламин Ямал юлдузи жойлашди. Криштиану Роналду ва Лионель Мессини мозийга кузатаётган ўксик қалблар Ламин Ямал сабаб унинг ҳали амалга оширилмаган фавқулодда ўзгача финтларини кўрмоқ орзусида таскин, тасалли топмоқда! ЖЧ-2026нинг унутилмас ва ёруғ фазилатларидан бири ҳам шу ноёб туйғудир!

ЖЧ-2026 якунланмасидан олдин Суперлига баҳслари шиддат билан бошланиб кетди. «Бухоро» сафарда «Нефт-чи»ни, «Сурхон» эса «Андижон»ни қийин аҳволга солиб қўйгани мухлисларимизни унча ажаблантирмади. Зеро, мундиалда ўртамиёна жамоалар лидерларга қарши қай тарзда муваффақиятли тўп сурганини мухлислар ўз кўзлари билан кўришди, ҳайратлар дунёсига тушишди. Ҳар қайси футболчи, жумладан, Суперлигамиз вакиллари ҳам хоҳлашса-хоҳлашмаса, беихтиёр мундиал таъсирига берилишади. «Бухоро» дарвозабони Умид Ҳамроев ўзи билибми-билмай, Жозимар Возинья ҳаракатларини такрорлашга интилди, жамоаси ғалаба қозонишини ҳаддан зиёд истади. Гарчи «Бухоро» якунда мағлубиятга учраган бўлсада, мухлислар ёқимтойига айланди. «Сурхон»га эса таъриф-у тавсиф ортиқча. Термизликлар Суперлига 11-турида «Пахтакор» билан баҳсда дуранг натижа қайд этишганди. Бу сафар меҳмонда «Андижон»ни енгишди. Аввал Даврон Мерганов катта саҳнага чиқди ва жароҳатланди. «Пахтакор»га қарши баҳсда мухлислар олқишига сазовор бўлган бу дарвозабон мундиалда қаҳрамонлик кўрсатган амплуадошлари ҳаракатларини мириқиб ва синчковлик билан кузатгани яққол кўзга ташланди. Унга саломатлик тилаймиз. Отабек Боймуродов ҳам шарҳловчи Бобур Акмаловнинг «Укамсан, Отабек, укамсан!» - дея ҳайқиртирган дамларни яна қайтармоқ умидида «Андижон»нинг кетма-кет ҳамлаларидан асло чўчимади. Голеадор ҳужумчиси Стефен Чинедуни «Пахтакор»га ижара келишуви асосида беришдан қўрқмаган «Сурхон» ҳар бир жамоада ҳамиша очилмаган янги имконлар бўлишини яна бир бора барчага исботлаб қўйди. Ўзи «Сурхон» аввал ҳам кучли иштиёқи ва тиришқоқлиги, лидерларга қарши рақобатдан чўчимаслиги билан ажралиб турарди. Мундиал таъсирида жамоадаги бу ажиб кайфият янада кучайибди.

Томас Тухель Франция термасини енгиш учун таваккалига ротацияга қўл урди. Асосий таркибда майдонга тушган янги кучлар беқиёс иштиёқ билан тўп суришди ва Франция термаси дарвозасига биринчи бўлимнинг ўзида жавобсиз 4та гол уришди. Ҳарорат юқорилигига қарамай, футболчиларда чиройли ўйнаш, рақобат соғинчи сезилди. ОКМК Тошкентда «Нав­баҳор»ни, «Динамо» Навоийда «Қизилқум»ни енггани - бунинг яна бир исботи. Миллий жамоага чақирилмаган Бобур Абдухолиқов «Бун­ёдкор»га қарши баҳсда «дубл»га эришиб, Фабио Каннаварога салом йўллади! Хулоса шуки, Суперлигада тажрибали ва истиқболи порлоқ футболчилар ўртасида мундиал таъсирида шаклланган янгича, ўзгача рақобат муҳити шаклланмоқда! Тажрибали футболчилар ёшларнинг иштиёққа тўла ҳамлаларига ўзларини шайлайверишсин! Ҳар ҳолда, ёш иқтидорлар Суперлига муҳитини ўзгартиришга жиддий ҳозирланишмоқда. Улар мундиал танаффусидан кейинги дастлабки тур ўйинларида ўз сўзларини баралла айтишди! Ишончимиз комил, бу шашт-у шижоат бардавом! Тарихга айланган ЖЧ-2026нинг муаззам хулосаси, футболимизга улуғвор таъсири айни шу жиҳат билан изоҳланади!

Муҳаммад ВАЛИ