Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Эронга қарши баҳсдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди.
- Осон ўйин бўлгани йўқ. Эронга қарши баҳсга тайёргарлик кўиш учун бизда уч кун вақт бор эди. Шунга қарамай, ўйинчилар билан кўп гаплашдик. Беллашувнинг дастлабки 20 дақиқаси муҳимлиги бўйича суҳбатлашдик. Эрон миллий жамоаси асосан стандарт вазиятларда бизга хавф туғдириши мумкинлигини билардик. Футболчилар яхши ўйи кўрсатишди. Жамоавий ўйин билан яхши натижага эриша олишимизни тушунтирдим. Ғалаба ёки мағлубият бўладими бирдамлик билан ҳаракат қилишимиз кераклигини таъкидладим. Йигитлардан фахрланаман, улар яхши футбол кўрсатишди. Бу натижани тезроқ унутиб, кейинги ўйинлар ҳақида ўйлашимиз керак.
- Абдувоҳид Неъматовнинг жароҳати сиз учун қанчалик кутилмаган ҳолат бўлди?
- Таркибдаги барча ўйинчиларга ишонаман. Кеча Неъматов жароҳа олди ва Эронга қарши ўйнамаслиги маълум бўлганди. Аммо қолган ўйинчиларга ишончим комил эди. Владимир Назаровни Элит Осиё Чемпионлар лигасида ўйинларини кўргандик ва уни майдонга чиқаришга қарор қилдик. Йиғинга ким чақирилган бўлса, барчаси тўлиқ ҳолатда келишган. Аввал ҳам айтганимдек, миллий жамоанинг эшиклари барча учун очиқ. Аввалги йиғинларда кимларнинг меҳнатлари, саралашдаги ёрдами учун бонус берган бўлсак, эндиликда бундай имтиёзлар бўлмайди. Ким миллий жамоага муносиб ва тайёр бўлса, ўшани чақирамиз. Бизни олдинда Осиё кубоги кутиб турибди. Турнирга муносиб тайёргарлик кўриш учун бир ой вақт вақтимиз бўлади. Ўша йиғинга йигитлар тайёр ҳолатда келишади деган умиддаман.
- Эронга қарши баҳсда сизга ёқмаган жиҳатлар ҳам бўлдими?
- Ушбу баҳсда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдик. Аммо бош мураббий сифатида янада яхшилаш имкониятларини излайман. Эрон бизнинг хатоларимиздан фойдалана олмаган бўлиши мумкин. Лекин бошқа рақиблар буни асло кечирмайди. Айниқса, марказий яримҳимоячилардан жамоавий ўйин кўрсатишни сўрадим. Шунингдек, жарима майдончамиз атрофида қоида бузилмаслик сўралди. Аммо барибир шу услубда хато қилдик ва голни ҳам шу тариқа ўтказиб юбордик. Ўйлайманки, биз янада яхшилашимиз мумкин бўлган жиҳатлар бор.
- Икки марказий ҳимоячи билан ўйнашга ўтдик. Бу Сречко Катанец кетганидан кейин амалга ошди. Бундай тактикада иккита ҳимоячида ўйнашдан қўрқмайсизми?
- Йўқ, чунки замонавий футбол айнан шундай тузилган. Айтайлик, сиз олдинга чиқиб, рақибни ортингизда қолдириб, чизиқни бузишдан қўрқсангиз, у ҳолда кўпроқ қийналасиз. Шуни ҳисобга олиб, уларга прессинг қилишга қарор қилдик, ҳимоячиларга олдинга чиқишни ва қўрқмасликни айтдик. Ҳаммаси барибир жамоанинг қандай ишлашига боғлиқ. Агар бизнинг яримҳимоячилар ва ҳужумчилар тўғри прессинг қилса, биз муаммосиз майдоннинг ўша қисмигача кўтарила оламиз. Ўйлайманки, биринчи бўлимда рақибга яхши босим ўтказдик, муаммоларни ярата олдик. Жаҳон чемпионатини унутишимиз керак. Бу турнирда биз ҳар қандай рақибга дуч келишимиз мумкин ва бунга тайёр бўлишимиз шарт».
- Азиз Ғаниев узоқ вақт ўйнамаган позицияда — марказда, хоҳлаган жойига ҳаракат қилиб эркин ўйнади. У сизнинг кўрсатмаларингизни бажара олмадими ёки сиз унга майдонда шунчалик эркинлик бердингизми?
- Йўқ, йўқ. Ҳеч кимда эркинлик йўқ. Такрор айтаман, биз эркин футбол ўйнамаймиз, биз ўз тизимимизга ишонамиз. 4-3-3 схемасида ўйнаш учун жуда динамик бўлиш керак. Қачон чизиқда қолишни, қачон қанотга ўтишни ва қачон ҳимоячилар ортига югуришни тушунишингиз шарт. Ҳакимов билан ҳам, Азиз билан ҳам бизда муаммо йўқ — уларнинг иккаласи ҳам яримҳимоячи ва иккинчи бўлимда Азиз ҳам худди шу ишни бажарди. Бизда эркин ролдаги футболчилар йўқ. Албатта, сизда Ўрунов каби футболчилар бўлса, уларда бу тизимда қанотларда ўйнаш бўйича етарлича тажриба бўлмаслиги мумкин, аммо биз бундан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Келажакда балки яна 4 та ҳимоячи билан ўйнармиз. Мен учун 4-3-3 схемаси муаммо эмас, барчаси рақибга боғлиқ...
***
Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон – Эрон 3:1
Голлар: Элдор Шомуродов 10, 58 пеналти, Норчаев 90+4 – Рамин Ризоян 49
Ўзбекистон: 12.Владимир Назаров, 2.Абдуқодир Ҳусанов, 4.Беҳруз Каримов (Ҳожиакбар Алижонов, 82), 5.Жаҳонгир Ўрозов, 6.Акмал Мозговой, 9.Одил Ҳамробеков (Шерзод Эсанов, 82), 10.Азиз Ғаниев (Диёр Холматов, 59), 13.Шерзод Насруллаев (Маҳмуд Маҳаммаджонов, 82), 14.Элдор Шомуродов (Ҳусайн Норчаев, 89), 17.Достон Ҳамдамов (Руслан Жиянов, 59), 22.Аббос Файзуллаев.
Эрон: 1. Алиризо Бейронванд, 2. Салеҳ Ҳардани ( 23. Рамин Ризоян, 46), 3. Эҳсон Ҳажисафи ( 16. Моҳаммад Горбани,64), 6. Саид Изатоллаҳи, 9. Меҳди Тареми, 17. Ариа Юсуфи, 18. Саман Фаллаҳ, 19. Али Немати, 21. Омид Ноорафкан, 24. Деннис Даргаҳи (20. Сардар Азмун,46), 29. Моҳаммадмаҳди Моҳеби (25. Амирҳуссаин Маҳмуди, 64)