Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Сурияга қарши баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди.

«Аввалги баҳсга қараганда бизда тайёргарлик учун кўпроқ вақт бўлди. Навбатдаги баҳсдан ҳавотирим кўпроқ. Эрон билан баҳсда йигитларга мотивация бериш шарт эмас эди, чунки рақиб жиддий бўлганди. Лекин Сурия билан учрашувда футболчиларимиз янада юқори темпда ўйнашига умид қиляпман. Биз ўз фалсафамиздан четга чиқмаслигимиз керак. Футболчилардан Муҳаммадрасул Абдумажидов баъзи муаммолар туфайли эртанги баҳсда қатнаша олмайди.

- Сурия билан баҳсда таркибда бироз ротацияга гувоҳ бўлишимиз мумкинми?

- Эртанги баҳсда таркибда бироз ўзгариш бўлиши мумкин. Чунки Жанубий Кореяга қарши баҳсда ҳам иштирок этамиз. Буни эсдан чиқармаслигимиз керак. Мақсадимиз Сурияга қарши баҳсда барча ўйинчиларга кўпроқ ўйин вақтини бериш.

- Абдувоҳид Неъматовнинг ҳолати қандай? Кейин олимпия футболчилари Жанубий Кореяга қарши баҳсда иштирок этадими?

- Бу футбочиларни Кореяга қарши баҳсга олиб боришга ҳаракат қиламиз. Балки айримларига вазиятдан келиб чиқиб дам беришимиз мумкин. Дарвозабон Абдувоҳид Неъматовнинг қўлида кичик жароҳат бор. Жиддий эмас, аммо бу барибир жароҳат. Шифокорларнинг якуний хулосасини кутамиз ва эртага майдонга тушиши ёки тушмаслиги бўйича қарор қабул қиламиз.

- Эронга қарши баҳсдаги ғалабадан сўнг миллий жамоа ўйинида яна қандай камчиликлар кўзга ташланди?

- Биз кўп нарсаларни яхшилашимиз керак. Афсуски, биз ҳар куни бирга бўлмаймиз, лекин кўп жиҳатдан ўсишимиз керак. Эронга қарши ўйинни кўриб чиқдик ва мен футболчиларга қайси жойларда кучайишимиз кераклигини кўрсатдим. Айрим вазиятларда воқеаларни жуда тезлаштириб, индивидуал тарзда ечим топишга ҳаракат қиламиз. Айрим вазиятларда эса биз шунчаки тўпни Элдорга берамиз, чунки унинг энг яхши эканини биламиз, ҳатто у учта рақиб орасида бўлганида ҳам. Мен уларга баъзида орқага қайтиб, ҳужумни бошидан, нолдан бошлаш мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Шунингдек, биз тез-тез ўйиннинг дастлабки 20 дақиқасида гол ўтказиб юборяпмиз. Бу ўйиннинг жуда муҳим қисми.

 

- Кўпчилик миллий жамоаларда узоқ вақт давомида асосий ҳисобланган дарвозабон бўлади. Германияда бу Нойер, Испанияда Симон. Бизда шундай дарвозабон Юсупов эди. Энди у миллий жамоада йўқ, Неъматовни узоқ йиллар давомида биринчи рақамли бўлади деб ҳисоблаш мумкинми?

- Сиз Испания ҳақида гапиряпсиз. Уларда бош мураббий жамоани анчадан бери бошқариб келади. Мен яқинда келдим, ҳаммани кузатяпман, таҳлил қиляпман. Неъматов ҳозир жароҳат олган. Олимпия жамоасида яна бир яхши дарвозабонимиз бор. Биз ҳаммага имконият берамиз.

- Суриянинг қандай кучли томонларини таъкидлай оласиз?

- Бу яхши жамоа. Улар эртага бизга бўш зоналарни бермай, максимал даражада зич ўйнашади. Ўйин қийин бўлади. Биз ўйинни яхши бошлашимиз ва назорат қилишимиз керак.

- U17 жамоаси дарвозабони Иброҳим Шокировни машғулотига чақирдингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Машғулотларда бизга бир ўйинчи етишмаётган эди. Шу сабабли мен бир дарвозабон сўрадим ва улар Шокировни чақиришди.