Мухлисларнинг турли кўринишдаги қўллаб-қувватлашлари, яъни қарсаклар-олқишлари, қий-чувлари ва эътирозларисиз футбол томошасини тасаввур қилиш қийин. Қувонарлиси, Суперлига ўйинларини стадионларда кўришга иштиёқманд мухлислар сони тобора кўпаймоқда. Ана, «Навбаҳор» - «Насаф» учрашувида стадионга ташриф бўйича мавсум рекорди янгиланди. «Лочинлар»нинг фидойи мухлиси Қосим муаллим буни ўзича изоҳлади: «Маошим атиги 4 миллион сўм. Бироқ ҳар сафар «Навбаҳор»ни бевосита қўллаб-қувватлаш учун стадионга талпинаман 50 километр йўл босиб. Ўйиндан кейин эса яна шунча масофага машинада ёлғиз ўзим қайтаман. Ўйинни стадионда кўрмасам, ҳовурим босилмайди. Қисқаси, футбол томошасидан таскин топаман. Футболга қизиқмайдиган қадрдонларимни ҳам «Навбаҳор» - «Насаф» учрашувига бошлаб бордим. Улар мухлислар билан тўлган стадионни кўриб, беихтиёр сўз қотишди ҳайратларини яширолмай: «Шунча бекорчи одам борми?». Демоқчиманки, рекордга мен ҳам камтарона ҳисса қўшдим!» Ҳа, Қосим муаллим каби фидойи мухлислар - футболимиз бахти.
Очиғи, янги ўқув йили арафасида ҳар ўйин томошаси учун стадионга тушиш осон эмас. Болаларни мактабга тайёрлаш анча-мунча харажат талаб қилади, ҳарқалай. Оилавий бюджетнинг ҳар бир сўмини эса ҳисоб-китоб қилиш керак. Лекин мана шундай лаҳзаларда ўзбек оналарига хос бағрикенглик, вазиятни тўғри баҳолай олиш туйғуси юзага қалқиб чиқади. Улар «Майли, бора қолинг. Тирикчиликни ўйламанг. Кунимиз ўтиб турибди!» - дейишади оила бошлиғини хушкайфият билан футболга кузатиб. Табиийки, оила бошлиғининг футболга бориб-келиши, севимли жамоасининг ғалабаси аксарият ҳолатларда катта хурсандчиликларга йўл очади. Клублар раҳбарлари, мураббийлар ва футболчиларга шу ҳаётий ҳақиқатни тез-тез эслатиб турилгани маъқул. Зеро, улар майдонда нафақат ўзлари, балки жамоаларининг мухлислари оилаларидаги қувонч ва хотиржамлик учун ҳам тер тўкишади. «Бухоро»нинг «Нефтчи» устидан ғалаба қозонгани, «Сурхон»нинг эса сафарда «Пахтакор» билан дуранг қайд этганида мазкур омилнинг аҳамияти беқиёс.
Тўғри, кўпчилик «Бухоро» ва «Сурхон»нинг лидерлардан очко тортиб олишини чемпионлик пойгасига ташқи аралашув сифатида баҳоламоқда. Aлбатта, бундай фикрларни бутунлай инкор этиш ноўрин. Лекин айни хулосага устувор эътибор қаратиш «Бухоро» ва «Сурхон»нинг иштиёқига нисбатан адолатсизлик ҳисобланади. Чунки ҳар икки клуб етакчилардан очко тортиб олар экан, аввало, ўз манфаати, мухлислари ҳурмати учун ҳаракат қилгани аниқ. Умуман олганда, икки пешқадамнинг чемпионлик пойгасидаги рақобатига бошқа жамоаларнинг аралашуви турдан турга кучайиб бораверади.
Ўртамиёна жамоаларнинг икки лидерга жиддий қаршилик кўрсатиши айниқса, мухлислар манфаати нуқтаи назаридан олқишга сазовор. Фақат бу жараёнга ҳакамларнинг ҳам аралашиб кетишлари мутлақо оқланмайдиган воқеликдир. Назаримизда, «Пахтакор» - «Сурхон» ўйинида Равшан Aбдувоҳидов томонидан голни ўйиндан ташқари ҳолат ташхиси билан бекор қилингани кўпчиликда шундай тасаввур уйғотмоқда. Aммо тасаввурнинг ўзи ҳеч нарсани англатмайди. Ўша вазиятни бир эслайлик. Гол урилди ва «Сурхон» футболчилари «шок» ҳолатига тушишди, аламларини ичга ютишди. Негаки, улар бутун ўйин давомида дуранг натижа учун курашишди ва имкон туғилиши билан қарши ҳужумда гол уришга уринишди. «Сурхон» футболчиларидаги ишонч ва иштиёқ, «Пахтакор» важоҳатидан чўчимаслик, тинимсиз ҳамлаларни мардонавор қайтариш бетараф мухлисларга роса маъқул келди. Отабек Боймуродовнинг юқори спорт формасига қайтаётгани, Беҳзод Шамсиев, Беҳруз Шукуруллаев, Достон Турсунов ҳимояланиш жараёнида кўзлари чақнаб ҳаракатланишгани мухлисларни беҳад қувонтирди. «Пахтакор» ҳужум чизиғида эса шундай шашт-шижоат сезилмади ва шунинг учун ҳам учрашув якунидаги гол улар учун жуда қадрли эди. Равшан Aбдувоҳидов эса ўзида катта журъат топиб, голга «офсайд» тамғасини босди. Ҳозир ўша гол тўғри ёки нотўғри урилгани борасида мулоҳаза билдиришдан ўзимизни тиямиз! Бу - мутахассислар зиммаларидаги иш. Журналист сифатида эътиборимизни тортган жиҳат шуки, Равшан Aбдувоҳидов ўта қалтис ва мураккаб вазиятда маълум хулоса беришдан ўзини олиб қочмади ва воқеалар ривожини бутунлай ўзгартириб юборди. Яна такрорлаймиз, бу ўринда гап VAR ҳакамининг қарори эмас, балки унинг босимдан қўрқмай, голга муносабат билдирганида. Бинобарин, ҳакамларимиз кўпинча бош оғриғи бўладиган қарорлардан ўзларини олиб қочишади. Равшан Aбдуво-ҳидов эса ўша вазиятда ўз сўзини айта олди ва шу ҳаракати учун жазоланди ҳам. Ўйлаймизки, Абдувоҳидовнинг дисквалификацияси ҳакамларни яхши маънода ҳушёр торттиради ва эндигина уйғонган, бош кўтара бошлаган журъатни синдириб қўймайди.
Ўтган якшанба оқшоми «Сўғдиёна» Фарғонада «Нефт-чи»дан яна бир бор очко тортиб олишга уриниб кўрди. Aммо Ислом Исмоилов таркибдаги йўқотишларга қарамай, жамоасини йирик ҳисобли ғалабага муносиб тайёрлабди. Суперлига тўпурари Люпче Дориев ҳар қанча уринмасин, Ботирали Эргашев дарвозасига йўл тополмади. Жавоҳир Қаҳрамоновнинг зарбасидан кейин эса «Нефтчи» кипери муқаррар голни йўққа чиқарди. Шу тариқа «Сўғдиёна»нинг ғалабали серияси узилди. Оддий айтганда, Жиззах клуби «Пахтакор»нинг «Нефтчи»га яқинлашиб олиши учун шароит яратолмади. Энди Камолиддин Тожиевнинг ўзи жамоаси «Нефтчи»дан ортда қолиб кетмаслик учун шароит яратиши керак. У «Сурхон»га қарши учрашувдан сўнг барча рақиблар «Пахтакор»га икки ҳисса куч билан қаршилик кўрсатишаётгани ҳақида сўзлади ва дуранг натижани шундай ёндашув билан изоҳлашга интилди. Ҳолбуки, «шерлар» бош мураббийи учун бу каби изоҳлар ярашмайди. Демоқчимизки, «Пахтакор» устози легионерларга нисбатан талабчанроқ бўлгани маъқул. «Бухоро» вакили Владимир Родичга қиёсланганда, Камолиддин Тожиев ихтиёридаги легионерлар ўзларини ортиқча қийнашмаётгани яққол кўзга ташланади. Тожиев айтмаса ҳам аёнки, жамоалар ҳар турда «Пахтакор»дан очко тортиб олишга интилаверади ва бу жараённи нотўғри тушунмаслик, ноўрин изоҳламаслик даркор. Негаки, жорий мавсум Суперлигада тўп сурувчи ёш футболчилар сони сезиларли даражада ошди ва улар айниқса, «Пахтакор»га қарши ўйинда ўзларини кўрсатишни хоҳлашади. Бошқача айтганда, «Пахтакор» мамлакатимизда аксарият ёш футболчилар учун ўзига хос юқори мақомдир. «Пахтакор» сафида тўп суриш, унга бош мураббий бўлиш осон эмаслиги сабаби ҳам шу.
«Пахтакор» - «Сурхон» ўйинини стадионда кузатган Вадим Aбрамов ҳам Самарқанддаги тўқнашув учун Aнвар Ғофуровникидан қолишмайдиган сценарий тузса, ажабмас. «Сурхон» бош мураббийидан фарқли ўлароқ, Вадим Карленович фақат ғалаба учун ҳозирланаётгани барчага маълум. Бу Камолиддин Тожиевга руҳий ва тактик жиҳатдан анча-мунча устунлик бериши мумкин. Зеро, Вадим Aбрамов катта эҳтимол билан ҳужумкор услуб танлайди. Хўш, Камолиддин Тожиев воқеаларнинг бундай ривожига қандай жавоб қайтаради? Бугун бўладиган «Динамо» - «Пахтакор» учрашувида айни шу саволга жавоб топамиз.
Муҳаммад ВАЛИ