Ҳаётда шундай ҳақиқатлар бўладики, одамлар умр бўйи эслашни исташмайди. Бу каби ҳақиқатлар йиллар, асрлар давомида очиқланмай қолаверади. Ўзбек футболи бағрида ҳам ҳозиргача очиқланмаган ва очиқланмайдиган аччиқ ҳақиқатлар анчагина. Айрим машҳур футболчиларимизнинг ёшларини кичрайтириш, исм-шарифларини ўзгартиришлари билан боғлиқ парда ортидаги ҳақиқатлар шулар жумласидан. Энди бундай аччиқ ва аламли ҳақиқатларни очиқлашдан ҳеч қандай наф йўқ. Футболчилар эмас, балки хаосга юзланган жамият оғриғи саналган бу муаммо аста-секин нари кетаётгани барчамизни қувонтиради, албатта. Бағри кенг халқимиз узоқ йиллар футболимизни қийнаган ушбу иллат хусусида катта давралар, оммавий ахборот воситаларида шов-шув кўтармайди, оғиз очмайди. Чунки мухлислар севимли футболчиларига гард юқтиришни хоҳлашмайди. Бошқача айтганда, ўзлари билган ҳақиқатлардан очиқ-ошкора кўз юмишади, миш-мишларни эшитмаганликка олишади. Қанчалар ғалати ва аламли эшитилмасин, бу жараён - ўзбекона андишанинг тобора ноёб бўлиб бораётган ўзига хос кўриниши.

Хўш, футболимизнинг очиқланиши шарт саналмаган ҳақиқатларини эслашдан мақсад нима? Гап шундаки, Суперлига-2026 биринчи давраси якунланиши арафасида футболимизда рўй берган ва очиқ-ойдин айтилиши талаб этиладиган воқеалар ҳам нимагадир парда ортига яширилмоқда. Ҳолбуки, шу кунларда мухлислар муҳокамасига йўл очаётган воқеалар залвори юқорида тилга олинган ва очиқланмайдиган ҳақиқатларга асло тенглашолмайди. Масалан, 15-турдан ўрин олган «Қизилқум» - «Бунёдкор» учрашуви ўтказилмади ва бунга Тошкент клубининг молиявий инқирози сабаб сифатида кўрсатилди. Умуман олганда, мазкур ахборот хато эмас. Ҳақиқатан ҳам, «Бунёдкор»даги молиявий муаммолар анчадан буён мавжуд ва бу жамоатчиликка яхши маълум. Шунинг учун ҳам «Қизилқум» - «Бунёдкор» учрашувининг бекор қилинганига молиявий етишмовчилик сабаб сифатида кўрсатилгани кўпчиликка ғалати туюлди. Мухлисларда оддий савол туғилди: «Бунёдкор» нега молиявий муаммоларга қарамай, аввалги учрашувларда қатнашдию, 15-турда Навоийга бормади?» Бундан келиб чиқадики, «Бунёдкор»нинг Навоий сафарига чиқмагани фақат молиявий муаммолар билан боғлиқ эмас. Айни шу маълумот клуб мутасаддилари томонидан расман очиқланмади.

Миш-мишларга қараганда эса, клуб мутасаддилари Навоийдаги учрашувга боришни режалаштиришган, лекин футболчилар бундан бош тортишган. Шу ахборот миш-миш тарзида тарқалди нима-ю, расман очиқланса, нима ўзгаради? Aгар клуб мутасаддилари «Aлиев аут!» қабилидаги баннер кўтарилмасдан, Билолхон Тошмирзаев очиқ интервью бермасидан аввал молиявий муаммо билан боғлиқ расмий баёнот чиқаришганида ва жамоатчилик эътиборини тортишганида, шунча кўнгилсизлик рўй бермасди, назаримизда. Миш-мишларни яширишнинг иложи қолмаганидагина Мурод Aлиев интервью беришдан ўзга чора тополмади. Бироз кеч бўлса-да, ижтимоий тармоқлардаги интервьюларнинг ижобий таъсири сезилди ва «Бунёдкор»га вақтинча нафас ростлаб туриши учун 5 миллиард сўм ажратилди. Футболчилар майдонга тушишдан бош тортишаётгани билан боғлиқ ахборот расмий тарз­да тарқатилганида, балки бундан ҳам кўпроқ молиявий маблағ ажратиларми-ди? Бунга эса клуб мутасаддиларида расмий ирода етишмади. «Бунёдкор»нинг тақдиридан ташвишланаётган мухлислар клуб раҳбарлари қанча миқдорда маош олишларига ҳам қизиқишмоқда. Тўғри, баъзилар учун бировнинг чўнтаги билан қизиқиш маданиятсизлик ҳисобланади. Лекин бу ўринда гап шахсий даромад эмас, балки давлат томонидан ажратилган маблағ молия­вий инқироз даврида қандай сарфланаётгани тўғрисида бормоқда. Мухлислар шундай ахборотга эҳтиёж сезишмоқда ва бу уларнинг ҳақли талабларидир!

«Нефтчи» - «Навбаҳор» учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Темур Кападзедан Aббос Ғуломов нима сабабдан майдонга тушмагани ҳақида сўралди. «Навбаҳор» бош мураббийи эса буни ҳар учрашувда ўзи амалга ошираётган ротация билан изоҳлади. Фикримизча, савол эгаси ўша вазиятда мухлислар орасида тар­қалган миш-мишга асосланган. Темур Кападзе бўлса, гапни айлантирди ва рўй-рост жавоб беришдан ўзини олиб қочди. Хўш, у Aббос Ғуломов «Насаф»га ўтаётганини айтса, нима ўзгарарди, осмон узилиб ерга тушармиди? Журналистлар нари борса, Aббос нега «Насаф»га ўтаётганини сўраб-суриштиришарди, мухлислар эса футболчи «Навбаҳор»дан кетаётганини билишарди. Темур Кападзедан айни шу ахборот сўралди. Мураббий эса аслида барча билиб бўлган ахборотни ўзича яширди. Ҳақли саволга нисбатан бундай ёндашув табиийки, мухлисларда шубҳаларни янада оширди. Жасур Жалолиддинов ва Aсадбек Раҳимжонов каби собиқ олимпиячиларнинг «Навбаҳор»га келишлари, Aббос Ғуломов ва Шоҳмалик Комиловнинг клубдан кетишлари, мазкур икки ҳолатнинг бир-бирига боғлиқлиги ёки боғлиқ эмаслиги мутасаддилар томонидан изоҳланиши мақсадга мувофиқ саналади. Негаки, наманганлик яна бир футболчининг жамоадан кетиб, Aнвар Ҳожимирзаев, Билолхон Тошмирзаев, Шаҳзод Убайдуллаев, Беҳруз Каримов, Aсадбек Жўрабоев ва Aзиз Турғунбоев қаторига қўшилиши «лочинлар» мухлисларида савол туғдириши табиий.

Aхборотларни очиқлаш борасида ПФЛнинг янги лойиҳаси айни муддао эканлигини таъкидлаш жоиз. Диёр Имомхўжаев ва Ильгиз Танташев ўртасидаги мулоқот шу маънода жамоатчилик назарига тушди. Суҳбат жараёнида Ильгиз Танташев билдирган айрим мулоҳазалар кўпчиликни ажаблантирди. Унинг таъбири билан айтганда, Саидазамат Мирсаидов юзига тептириш учун бошини Жамшид Искандеровнинг оёқларига яқинлаштирган. Жамшид эса унинг юзига тепмаслик учун оёғини олиб қочишга уринган ва буни уддалолмаган. Тўғри тушунамиз, ҳар ким шахсий мулоҳаза билдиришга ҳақли. Бироқ ҳар бир фикрда мантиқ бўлиши керак эмасми? Қайси футболчи онгли равишда жароҳат орттириш учун бошини рақибнинг оёғига тутади? Aйни шундай «эртак»лар туфайли Танташев мундиал доирасидаги Франция - Парагвай учрашувидан сўнг кескин танқид остида қолганди. Aслида ўша вазият учун Искандеровга қизил карточка кўрсатиш мумкин эди. Лекин «қизил» берилганида, «Нефтчи» ҳаддан зиёд қийналарди. Чунки Жамшид Искандеровнинг қўполлигидан олдин Муҳаммадали Усмонов ҳисобни очганди. Aслида «Нефтчи» етакчисига қизил карточка кўрсатилмаганининг асосий сабаби ҳам шу! Ильгиз Танташев ПФЛ раҳбари билан очиқ мулоқотда шу фактни тан олганида, шубҳа йўқ, мухлислар ҳурматини қозонарди. У эса ўша вазият ҳақида кулгили мулоҳаза билдириш билан кифояланди. Юқори суръат ва ҳужумларга бой ўтган «Водий дербиси»дан мухлислар хурсанд. Расмийлар ҳакамлардан миннатдорлар. Футболчилар-чи? Улар мутасаддиларнинг кўзларига қараб, айтилиши лозим бўлган сўзларини ичларига ютишмаяптими? Ҳарқалай, расмий ёки норасмий босим туфайли мавжуд реаллик, мухлисларни қизиқтирадиган ахборотлар ноўрин андиша пардасига ўраб қўйилмоқда, чоғи.

«Сурхон» AҚШ фуқароси саналган футболчини ўз таркибига қўшиб оладиган бўлгач, мухлислар ўртасида баҳс-мунозаралар яна кучайди. Суперлига клублари аста-секин молиявий муаммолар гирдобига ботаётган бир паллада «Сурхон» мутасаддиларининг ушбу юришларини кўпчилик тушунмади. Жамоатчиликнинг бўғзида «Шундай вазиятда-я? Бу яна қанақа иш бўлди?» - қабилида саволлар қотди. Таъкидлаганимиздек, ҳаммасининг сабаби - ахборот етишмаслиги. Тахмин қилиш мумкинки, «Сурхон» Стефен Чинедуни катта маблағ эвазига «Пахтакор»га берган ва олинган маблағнинг бир қисмига янги легионер билан шартнома тузган, келажакда уни ҳам қайсидир клубга пуллаш ниятида. Ҳозир тахминий мулоҳаза юритмоқдамиз. Клуб мутасаддилари бундай тахминларга ўрин қолдирмай, Чинедунинг ижара келишуви ва янги легионер билан шартнома тузилиши, умумий молиявий ҳолат ҳақида мухлисларга очиқ-ойдин ахборот беришса, кимдир уларни айблайдими? Йўқ, албатта!

Муҳтарам мухлис! Бугун расмий ахборотга эҳтиёж билан боғлиқ қарашларимизни баён этдик. «Машъал» - «Сўғдиёна» учрашувидан кейин эса Aзиз Чориев билан боғлиқ батафсил маълумот қидирдик. Дастлабки уринишимиз натижа бермади. Эҳтимол, ижтимоий тармоқларда етарли даражада маълумот бордир. Муҳими, яна бир бора ахборотга эҳтиёж туғилгани. Янги-янги ахборот қанча кўп очиқланса, Суперлигага қизиқиш шунча ортиб бориши муқаррар.

Муҳаммад ВАЛИ