Қайднома

Қидирув

Пьер-Эмерик Обамеянгни қутқаринг!

Пьер-Эмерик Обамеянгни қутқаринг!

  05.06.2020 10:18
  0
  591
Пьер-Эмерик Обамеянгни қутқаринг!

«Арсенал»нинг габонлик ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг гарчи анчадан буён супердаражасини кўрсатиб, барқарор гол ураётган бўлсада, ҳамон элит эътибордан четда қолмоқда. Дейлик, ҳалигача бирор жиддий соврин ютгани йўқ. Мана, оддий таққослаш - айни пайт Лионель Месси ва Криштиану Роналду қатори топ-ҳужумчи мақомига эга энг сара тўп­урарларнинг охирги 10 йилда Европа миллий чемпионатларида қанча гол уришганини олайлик:

Роберт Левандовски - 220та

Луис Суарес - 207та

Эдинсон Кавани - 190та

Пьер-Эмерик Обамеянг - 182та

Серхио Агуэро - 180та

Гонсало Игуаин  - 165та

Месси ва Роналдуни келтириш шарт эмас, ахир улар - бошқа дунё. Лекин габонлик йигит футболда бошқа ҳеч кимдан яққол ортда қолаётгани йўқ...

 

Ҳа, хулоса битта: Пьер-Эмерик Обамеянг энг кучли жамоада ўйнамасдан ҳам, сайёрамизнинг топ-форвардлари даражасида гол урмоқда. Энди энг сара голеадорларнинг клуб миқёсидаги турнирларда қўлга киритган совринлари сонига қаранг:

Гонсало Игуаин - 13та

Серхио Агуэро - 15та

Роберт Левандовски - 17та

Луис Суарес - 17та

Эдинсон Кавани - 22та

Бечора Пьер-Эмерик эса охирги 10 йилда атиги 4та соврин олиш билан чекланди. Боз устига, уларни олий тоифага киритиш ноўрин - Франция кубоги, Германия кубоги ва суперкубоги (2та). Хўш, шу адолатданми? Адолатсизлик эканлигини тасдиқлайдиган 3та асос:

Биринчиси - Обамеянг атиги 22 ёшида «очилди». Яъни замонавий футбол мезонлари бўйича айтсак, бироз кечикди.

Иккинчиси - фақат 26 ёшга тўлганидан кейин чинакамига ёрқин ўйнай бошлади. Ўшанда «Боруссия» Д. учун бир мавсумда 25та гол урганди.

Учинчиси (асосийси) - 28 ёшида, яъни энг кучайган вақти фаолиятида юқорига қадам ташлаш ўрнига «Арсенал» сафига қўшилди.

Обамеянг нега айнан «канонирлар» сафида ўйнашни танлади? Ҳозирда бу савол жавоби унча муҳим эмас, лекин қисқача тўхталиб ўтиш керак, барибир. Биринчидан, у «Боруссия»дан вақтида кетишга жазм этолмади (ёки футболчини қўйиб юборишмади). Иккинчидан, «Дортмунд» билан хайрлашиш учун жуда ноқулай вақт танлади. Пьер-Эмерик кетишга қарор қилганида гранд клубларнинг унинг хизматига нисбатан қизиқиши анча пасайганди. Қисқаси, габонлик ҳужумчи вазият тақозоси билангина омадсизликка юз тутди. Ҳа, «Арсенал» ҳам чакки эмас, фақат Лондонда баъзи омадсиз ҳолатлар билан тўқнашди: 1. «Арсенал» сафига клуб гранд мақомини йўқотган вақтда қўшилди; 2. Айниқса, Унаи Эмери бошқарувидаги давр энг омадсизига айланди.

Шунга қарамай, Обамеянг ўйин бобида янада кучайди. Дейлик, жарима майдони ташқарисида ҳам эффектли ҳаракатланишни ўрганди, тактик билими сезиларли даражада ошди. Энг муҳими, Пьер-Эмерик самарадорликни юқори меъёрда сақлаб турибди. Яна бир жиҳат - Обамеянг фаолиятининг энг яхши даврини қандайдир соврин ютмаётган ва унга яқинлашмаётган клубда ўтказаётган бўлсада, ўйинларда бор кучини сарф­лаш асносида ўсишга интилмоқда. Ваҳоланки, вазиятдан келиб чиқиб,  инжиқлик қилиши мумкин эди, аммо вазмин-босиқликни ўрнига қўймоқда. Гап шундаки, футболчи «Боруссия» билан можароли тарзда хайрлашган эди. Айни ўша воқеалар туфайли Обамеянгни жанжалкаш ва худбинга чиқариб қўйишган, аммо аслида асло бундай эмас. Ҳар ҳолда, африкалик голеадор фақат фаолиятини ўйлаган. Мисол учун, ўшанда Қатар ва Хитой клубларидан тушган не-не манфаатли шартномаларни рад этганди. Ҳозир эса «Арсенал»ни деярли бир ўзи олға бошлашга уринмоқда.

Ачинарлиси, Обамеянгга совринлар етишмаяпти, яна топ-клуб ҳам. Буни тасдиқлайдиган фикрлар жуда кўп:

- Обамеянг АПЛ ва ЧЛда фақат ғалаба учун ўйнайдиган жамоа сафида бўлишга лойиқ. Ҳа, у майдонда анча сокин, аммо гол уриш бобида чинакам етакчидир. Агар Пьер-Эмерик урган голлар четга олиб қўйилса, унда «Арсенал» жиддий муаммоларга учрайди. Хуллас, гап жаҳон даражасидаги тўпурар ҳақида кетмоқда. Иан Райт (собиқ футболчи, ТВ эксперти).

- Обамеянг анчадан буён Агуэро, Салоҳ, Варди, Кейн каби сара ҳужумчилар даражасида гол урмоқда. Бироқ кўпчилик уни шу ҳужумчилар билан бир қаторда зикр этишни истамайди. Тўғриси, бунинг сабабини билмайман. Гари Невилл (собиқ футболчи, ТВ эксперти).

- Одамлар баъзан Обамеянгнинг ноёб ўйинчи эканлиги ва жамоа манфаати йўлидаги ишини унча сезишмайди. У клубга шунчаки, яхши ҳужумчи ва тўпурардан кўра, анча кўп наф келтирмоқда. Мисол учун, ҳаттоки, ҳимояда ҳам кўп ишламоқда, рақибларни ўзига тортиб, мен ёки Нкетия учун бўш ҳудуд юзага келтирмоқда. Менимча, Обамеянгнинг хусусиятларини ниҳоят, тўғри баҳолашлари учун «Арсенал» совринлар ютишни бошлаши керак. Александр Лаказетт («Арсенал» ҳужумчиси).

- Обамеянг ҳар доим ҳам топ-савияли футболчи сифатида қабул қилинмаётгани ҳақидаги фикрларга қўшиламанми? Албатта, барқарор равишда ғалаба қозонаётган клублар вакилларига эътибор баланд, барибир. Лекин ўйлашимча, агар Пьер-Эмерик АПЛ тўпупарлари пойгасида ғолиб чиққанида ва «Арсенал» қандайдир соврин ютганида, уни лиганинг энг яхши футболчиси сифатида тан олишлари ҳеч гап эмасди. Микель Артета («Арсенал» бош мураббийи).

2019 йилнинг сентябрь ойида Обамеянгнинг ўзи ҳам совринлар ютиш вақти келганини алоҳида таъкидлади: «Ҳозир қалбимда шундай ҳиссиёт жўш урмоқдаки, ниҳоят, клубда нималарнидир ўзгартира оладиган ҳолатда турибмиз. Бор ҳаракатимиз ҳам шунга қаратилади. Жумладан, совринларни қўлга киритиш фурсати келди. Мақсадимиз - энг юқори савияда ўйнаш асносида ҳақли равишда совринларга эришиш. Йигитлар билан жамоа ичида фақат шу ҳақда гаплашяпмиз». Орадан ярим йил ўтгач, габонлик голеадорнинг позицияси бироз ўзгарди. Ҳар ҳолда, у март ойида сал бошқача гапирди: «Албатта, совринлар муҳим ўрин тутади. Шунинг баробарида футболдан бирор совринсиз кетган қанчадан-қанча ажойиб ўйинчиларни ҳам биламизки, одамлар уларни ҳамон юксак қадрлайдилар. Бунга кўрсатган ўйинлари ва маҳоратлари сабабдир, албатта. Аслида сен совринларга эҳтиёж сезмаслигинг мумкин, аммо уларга эришсанг - янада яхши». Жуда тўғри. Дарҳақиқат, совринлар ҳар доим ҳам футболчи савиясини аниқ белгилаб бермайди. Бироқ яна бир ҳақиқат шуки, савия айнан совринлар билан тасдиқланади.

 

Пьер-Эмерик Обамеянг ва «Арсенал» ўртасидаги шартнома 2021 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Матбуотда габонлик футболчининг шу ёздаёқ «канонирлар» либосини ечиб ташлашни хоҳлаётгани ҳақида етарлича хабарлар тарқалди, тарқалмоқда. Жумладан, унинг «Барселона»га интилаётгани хусусида ҳам ёзилди. Зеро, оила аъзолари айнан Каталонияда истиқомат қилишади. Пьер-Эмерик ёзда 31 ёшга тўлади. Очиғи, ҳужумчи учун пасайиш вақти яқинлигини англатадиган давр. Шундай экан, Обамеянг агар жаҳон даражасидаги ўйинчи эканлигини исботлаш ва чинакам «топ» қўшимчасига эга бўлишни истаса, унда каттароқ клубга ўтишни бошқа ортга сурмаслиги керак. Зеро, унда вақт жуда оз қолмоқда...

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz