Қайднома

Қидирув

Яхшибоев - легионерлар рамзий термаси ҳужумчиси ва бошқа легионерларимиз ҳақида

Яхшибоев - легионерлар рамзий термаси ҳужумчиси ва бошқа легионерларимиз ҳақида

  09.06.2020 01:44
  0
  342
Яхшибоев - легионерлар рамзий термаси ҳужумчиси ва бошқа легионерларимиз ҳақида

«Прессбол» нашри эътирофи. Беларуснинг етакчи футбол газетаси мамлакат чемпионати жорий мавсумида ўйнаётган хорижликлардан рамзий терма жамоа тузиб чиқди. Элит жамоанинг ҳужум чизиғида «Энергетик-БГУ»даги вакилимиз Жасур Яхшибоевга ҳам жой берилди. Беларуслик журналистлар ҳамюртимизга муносиб таъриф беришди: «Ўзбекистонлик ёш футболчи мавсумни жуда кучли нотада бошлади. У жумладан, 1-турда БАТЭ мудофаасини «янчиб» ташлаб, «дубл»га эришди. 22 ёшли йигит амалда катта футболдаги илк мавсумини ўтказмоқда. Яхшибоев шу пайтга қадар Ўзбекистон миллий жамоаси сафида атиги 2 марта майдонга тушган. Асосий факт - Жасур жорий мавсум самарали ҳаракатлар бобида 8 очко (7та гол ва 1та самарали узатма) тўплашга улгурди. Агар ҳужумчи ўйинларда юзага келаётган имкониятларнинг учдан бир қисмидан унумли фойдаланганида ҳам, голлари сони анча кўп бўларди. Шунга қарамай, клуб бош мураббийи унинг ўйинидан қониқмоқда».

Беларусь чемпионати-2020: легионерлар рамзий жамоаси

Дарвозабон: Родион Сямук («Торпедо-БелАЗ», Украина)

Ҳимоячилар: Александар Филипович (БАТЭ, Сербия), Дмитрий Яшин («Торпедо-БелАЗ», Россия), Никола Антич («Шахтёр», Сербия)

Ярим ҳимоячилар: Юлиус Сзоке («Шахтёр», Словакия), Неманья Милич (БАТЭ, Сербия), Габриэль Рамос («Торпедо-БелАЗ», Бразилия), Гегам Кадимян («Неман», Арманистон)

Ҳужумчилар: Момо Янсане («Ислочь», Гвинея), Ион Николаеску («Витебск», Молдова), Жасур Яхшибоев («Энергетик-БГУ», Ўзбекистон)

Мураббий: Юрий Вернидуб (Украина)

Афсуски, «Энергетик-БГУ» Беларусь чемпионати 12-турида «Шахтёр»га ютқазиб (0:1), пешқадам БАТЭга яқинлашиш имкониятини қўлдан чиқарди. Бу учрашувда Жасур Яхшибоев тўлиқ вақт давомида майдонда ҳаракатланган бўлса, «талабалар» сафидаги яна бир ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаров бир бўлим ўйнади.

Илк ғалаба ва илк мағлубият. Хуршид Ғиёсовнинг клуби - «Анянг» Жанубий Корея кубоги 1|32 финалида «К»-лига 4 иштирокчиси «Коян Ситизен»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Лекин ҳамюртимиз бу ўйин­да майдонга тушмади. «Анянг» энди кейинги раундда «Тэгу» билан куч синашади. Мазкур баҳс 1 июль кунига белгиланган.

Жанубий Корея элит лигасидаги вакилларимизга келсак, Достон Турсунов «Пусан И~Парк»нинг ўз майдонида «Санжу Санму»га қарши кечган ўйини (1:1)да тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Бу пусанликлар учун «К»-лиганинг дастлабки 5та тури ҳисобидан 3-дуранг натижадир. «Сеул» - «Чонбук Моторс» учрашувида пойтахтликлар йирик ҳисобли мағлубиятни тан олишди - 1:4. Майдон эгалари сафидаги ҳамюртимиз Икром Алибоев ушбу омадсиз баҳсда бошланғич таркибда майдонга тушиб, 62-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. «К»-лига 5-туридан ўрин олган яна бир учрашувда Рустам Ашурматов ўз жамоаси билан чемпионатдаги дастлабки ғалабани нишонлади. Эътиборли томони, аввалги 4та учрашувдан 3тасида имкониятни бой берган «Кванжу» бу сафар «Сувон Самсунг» майдонида зафар қучди. Терма жамоамиз ҳимоячиси 3 очко тақдирини ягона гол ҳал қилган баҳсда тўлиқ 90 дақиқа тўп суриб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди. «Сеонгнам Ильва Чунма» эса ўз майдонида «Тэгу»га бас келолмади - 1:2. Ваҳоланки, ўйинда ҳисобни айнан Жамшид Искандеров жамоадошлари очишганди. Бироқ меҳмонлар кейинчалик 2та гол уриб, ғалабани илиб кетишди. Искандеров бу сафар ҳам тўлиқ вақт давомида фаоллик кўрсатди, аммо «Сеонгнам»ни илк мағлубиятдан қутқаролмади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz