Қайднома

Қидирув

18-23 ёш оралиғидаги Ўзбекистон рамзий терма жамоаси...

18-23 ёш оралиғидаги Ўзбекистон рамзий терма жамоаси...

  12.06.2020 03:15
  0
  648
18-23 ёш оралиғидаги Ўзбекистон рамзий терма жамоаси...

Мухисларни қувонтираётган бир жиҳат шуки, Суперлигада ёш футболчилар сафи тобора кенгаймоқда. Атбатта, улар орасида ўзларини кўрсатишга улгурган йигитлар ҳам бор. Баъзи истиқболли футболчиларимиз турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда маълум даражада халқаро тажриба ҳам тўплашди. Яна бир қатор ёшлар борки, улар ҳозирча асосан ўз клубларидаги чиройли ҳаракатлар эвазига мухлислар эътирофига сазовор бўлишди. Бугун шундай келажак умидлари, яъни 18-23 ёшли иқтидорлардан ўзига хос рамзий терма жамоа тузиб чиқишга қарор қилдик. Марҳамат, элит жамоа таркибига эътибор қаратишингиз мумкин.

Дарвозабон: Машҳур Муҳаммаджонов («Насаф»). Мазкур позицияга яна бир кипер Абдувоҳид Неъматов ҳам муносиб аслида. Машҳурни танлаганимиз боиси шуки, у жорий йил Суперлига доирасидаги дастлабки 3та турда «аждарлар»нинг асосий кипери ролини бажарди ва энг асосийси, ўз дарвозасини муносиб қўриқлади. Ҳар ҳолда, 1999 йилнинг 21 февраль куни туғилган 21 ёшли Муҳаммаджонов зиммасига юклатилган вазифани аъло даражада бажарди. Рўзиқул Бердиев эса шу тариқа иқтидорларни кашф қилишда тенгсиз эканлиги исботлашда давом этмоқда.

Ҳимоячи: Ойбек Рустамов («Қўқон-1912»). Жуда меҳнаткаш, йигит, майдонда сира тиним билмайди. Ойбек Рустамовни айни шу хусусиятлари туфайли рамзий терма жамоага киритдик. 1997 йилнинг 2 апрель куни дунёга келган ҳимоячи 19 ёшидаёқ жамоасининг асосий таркибида дебют қилганди. Ойбек кейинчалик Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига чақирилди ва Хитойда ташкиллаштирилган U-19 тоифасидаги Осиё чемпионати олдидан якуний қайд­номага кирди. «Қўқон-1912» вакили шу тариқа фаолиятидаги биринчи катта ютуққа эришди - қитъа чемпиони бўлди. Рустамовнинг таянч ярим ҳимоя­чиси позициясида ҳам чакки ҳаракатланмаслигини айтиш керак. 23 ёшли футболчи жорий йил ўз клубида чин етакчилардан бирига айланса, ажабмас.

Ҳимоячи: Ҳусниддин Алиқулов («Насаф»). Қарши клубининг яна бир умидли футболчиси. Ҳусниддин ҳозир 21 ёшда ва у жорий йил январь ойида Таиландда ўтказилган U-23 тои­фасидаги Осиё чемпионатида олимпия терма жамоаси мудофаа чизиғида ишончли ўйин намойиш қилди. Кўплаб мутахассислар Алиқуловнинг курашувчанлиги, тўп билан олға интилган рақиблари йўлига чўчимай ташланиши, энг мураккаб вазиятларда ҳам ўзини йўқотиб қўймаслиги каби ижобий хислатларини эътироф этишди.

Ҳимоячи: Шерзод Насруллаев («Насаф»). Виртуал жамоанинг ўнг қанот ҳимоясига кўплаб номзодлар орасидан яна бир «насафчи»ни танлаб олдик. «Насаф» ўринбосарлар жамоасидаги ўйинлари билан Рўзиқул Бердиев эътиборини тортган Шерзод Насруллаев 2017 йили ёшлар терма жамоасидан таклиф олди ва Хитойда ўтказилган халқаро мусобақада ғолибликни қўлга киритиш баробарида энг чиройли гол муаллифига ажратилган совринни ҳам ўзиники қилди. 1998 йилнинг 23 июль куни туғилган йигит кейинги 2 мавсум давомида «аждар-лар»­нинг қанот ҳимоясида муҳим ролни бажариб, ўз ўрнини топди.

Ҳимоячи: Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»). Жамоамиз ҳимоясининг чап қанотига сўзсиз, Ҳожиакбар Алижонов муносиб кўрилди. Зеро, у қолган номзодлардан яққол устун кўринди. Ҳожиакбар илк марта 2016 йили Баҳрайнда ташкил этилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида омма эътиборига тушди. Мураббий Жасур Абдураимовнинг ёқимтой шогирдларидан бирига айланган футболчи кейинги йилларда аста-секин «Пахтакор»нинг асосий таркибига интилди. Аввалги мавсум бошида Акмал Шораҳмедов АГМКга йўл олганидан сўнг эса 1997 йилнинг 19 апрелида туғилган йигит ўз позицияда етакчиликни қўлга олди. Жумладан, ОЧЛ доирасида «Ал-Садд»­га қарши кечган баҳсда рақиб дарвозасини чиройли тарзда ишғол қилиб, асосий таркибга лойиқ эканлигини исботлади. Вадим Абрамов миллий жамоа бошқарувига қайтгач эса, мухлислар барча учрашувларда ҳимоянинг ўнг қанотида айнан Ҳожиакбарни кўришга одатланишди.

Ярим ҳимоячи: Остон Ўрунов («Уфа», Россия). Ярим ҳимоянинг таянч нуқтасига Суперлигадан четга чиқишга улгурган ва фаолиятини Россиянинг «Уфа» клубида давом эттираётган йигитни қўйдик. Ўзбекистон чемпионатидаги дебютини 17 ёшида «Навбаҳор» сафида нишонлаган Остон тез орада «лочинлар»нинг алмаштириб бўлмас аъзоларидан бирига айланди. Дейлик, жамоа россия­лик Андрей Канчельскис бошқарувига ўтганидан кейин ҳам Ўрунов ишончни оқлашда давом этди. Майдон марказида прессинг қўллаш, рақиб ҳужумини бузиб тўпни шерикларига етказиб беришда беназир ҳаракатланадиган Остон кейинчалик Эктор Купер томонидан миллий жамоа­га чақирилди ва илк чорловдаёқ Туркия термаси билан учрашувни бошланғич таркибда бошлади. Бироқ олимпия жамоасининг йил давомидаги йиғинларида қатнашганига қарамай, Любинко Друлович 20 ёшли бақувват ўйинчини Осиё чемпионатига олиб кетмади. Шундай бўлсада, Ўрунов легионер мақомини олди ва энди «Уфа» сафида барча сифатларини кучайтиришга интилмоқда.

Ярим ҳимоячи: Ойбек Бозоров («Насаф»). Осиё чемпионати-2020  кашфиётларидан бири. Ойбек Бозоров Таиландда чиндан ҳам, чиройли ҳаракатлари билан ажралиб турди, Австралия термасига қарши кечган ҳал қилувчи ўйинда қизил карточка олгани эса шунчаки, вазият тақозоси. «Насаф» ва Рўзиқул Бердиев ихтиёридаги яна бир иқтидор ҳали анча ўсиш имкониятига эга.  Вадим Абрамов 23 ёшли Ойбекни бежиз миллий жамоанинг февраль ойидаги йиғинига жалб қилмаганди. Хуллас, Бозоровдан барчанинг умиди катта.

Жасур Жалолиддинов («Бунёдкор»). Ҳозирда марказий ярим ҳимоя­чи позициясига Жасур Жалолиддинов энг муносиб номзод, бизнингча. Иқтидордан бенасиб қолмаган 18 ёшли футболчи Вадим Абрамов қўл остида яйраб, ёрқин ўйнай бошлади, десак муболаға бўлмайди. Жасур аввалги мавсумдаёқ «Бунёдкор»нинг бир қатор ўйинларида келажаги порлоқ футболчи сифатида гавдаланди. Йил давомида ўзини кўрсатган Жалолиддиновга ҳаттоки, хориждан таклиф тушди - машҳур Филиппо Инзаги бошқарувидаги «Беневенто» клуби жиддий қизиқди. Шунингдек, маълум бўлишича, Жалолиддиновга Молдова ва бошқа чемпионатлардан чорловлар келмоқда. Хуллас, Жасур виртуал жамоанинг марказий зонасида Осиё чемпионати-2020 кашфиёти Ойбек Бозоров билан жуда яхши тандем...

Ярим ҳимоячи: Ҳожимат Эркинов (АГМК). Қанот ярим ҳимоясига ҳужумкор услубга мойилроқ бир қатор футболчилар орасидан Ҳожимат Эркиновни муносиб кўрдик. Аслида Санжар Қодирқулов ва Фаррух Икромов ҳам бундай рамзий жамоадан жой олишга ҳақлидирлар. АГМКнинг 19 ёшли футболчисига тўхталсак, у ҳозирда ўз тенгқурлари орасида мазмунли тўп сураётган кам сонли йигитлардан биридир. Эркиновнинг олмалиқлик мухлислар иштирокидаги сўровда жамоанинг февраль ва март ойидаги энг яхши футболчиси сифатида тан олингани - катта гап. Октябрь ойида юртимизда ўтказилиши белгиланган U-19 тоифасидаги Осиё чемпио­натида ҳам кўпчилик Ҳожиматга алоҳида умид боғлаши табиий ҳол.

Ярим ҳимоячи: Асадбек Собиржонов («Пахтакор»). Эркиновга қарама-қарши қанотга «шерлар»нинг 2000 йили туғилган ярим ҳимоячисини жойлаштирдик. Ўтган йили ижара келишуви асосида «Бухоро»да тўп сурган Асадбек Собиржонов Суперлига кашфиётларидан бири бўлди. Муҳсин Муҳаммадиев мураббийлигида кўҳна шаҳар жамоасини кучлилар қаторида қолишига кўмаклашган йигит шундан сўнг, янги мавсум олдидан «Пахтакор»га қайтди. Шота Арвеладзе бу футболчидан Жалолиддин Машарипов ва Достон Ҳамдамовга ўринбосар ўрнида фойдаланишни мақсад қилган, чоғи. Ҳар ҳолда, Асадбек айрим баҳсларда захирадан айнан уларнинг ўрнига майдонга тушди.

Ҳужумчи: Шаҳзод Убайдуллаев («Металлург»). Марказий ҳужумчи позициясига номзодлар жуда кўп ва очиғи, улардан бирини танлаш бироз қийинчилик туғдирди. Дейлик, Бобур Абдухолиқов, Миржаҳон Мираҳмадов, Мўмин Мелиев каби йигитлар ҳам муносиблар. Якунда рамзий жамоага «Металлург»нинг янги ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаевни киритдик. Косонсойлик футболчи аввалига «Машъал»да кўзга ташланди ва ўтган йили «Андижон»даги ижара муддати ўлароқ, Суперлига ҳавосидан баҳра олди, қатор голлар урди. Аниқроғи, 1998 йили туғилган иқтидорли йигит 9та гол билан жамоанинг бош тўпурари бўлди ва мавсум ниҳоясига етгач, Бекободга йўл олиб, «Металлург» билан шартнома тузди.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz