Қайднома

Қидирув

«Реал» чемпионми? Ёхуд мадридликларга қулайлик берувчи 5 сабаб

«Реал» чемпионми? Ёхуд мадридликларга қулайлик берувчи 5 сабаб

  12.06.2020 15:51
  0
  408
«Реал» чемпионми? Ёхуд мадридликларга қулайлик берувчи 5 сабаб

Кеча Андалус дербиси билан Испания чемпионати давом эттирилди. Мавсум якунига қадар яна 11 тур бор экан, чемпионлик пойгаси қизғин паллада, дейиш мумкин – «Реал» «Барселона»дан икки очкога ортда боряпти, холос.

Аслида бу фарқ бундан ҳам кам, яъни 1,5 очко дейиш ҳам мумкин. Зеро Ла Лига регламентига кўра, агар очколар тенг бўлиб қолса, ўзаро ўйинлардаги натижаларга эътибор берилади. «Реал» класиколарда бу мавсум муваффақиятлироқ ҳаракат қилган. Бундан ташқари ҳам, чемпионлик учун имкониятлар Зидан шогирдларида кўпроқ дейиш учун бир қатор асослар бор.

Қуйида шулар ҳақида.

Зидан узунроқ ва тажрибалироқ таркибга эга

«Барселона» раҳбарияти клубни молиявий томондан жуда оғир аҳволга солиб қўйди. Кике Сетьен энди мавсумни асосий таркибнинг 19 нафар футболчиси билан якунлашга мажбур. Бир қатор йирик трансферлар учун маошларни қисқартиришга уриниб, клуб қишда бир қатор футболчилар – Тодибо, Ваге, Аленья ва Карлес Перес кабиларни ижарага тарқатиб юборганди.

Ҳар уч кунда бир ўйин ўтказиш керак бўлган шароитда, у қадар жаҳон юлдузи бўлишмаса-да, саналган футболчилар ёрдам беришлари мумкин эди. Энди чемпионат ўйинларида Сетьен захира вариант сифатида «Барселона» Б вакилларига ҳам имконият берса, ажаб эмас. Жароҳатлар эса, бу имкониятни янада оширади.

«Реал»да эса, аксинча, таркиб ҳам узун, ҳам тажрибали футболчилардан иборат. Уларнинг ҳар бири мавсум давомида етарли вақтга ҳам эга бўлишган. Масалан, Лукас Васкес 640 дақиқа тўп суриб улгурган – таркибдаги 17-кўрсаткич. Начода 393 дақиқа бор, Диас Марианода эса бир бўлимдан ҳам кам вақт бор, лекин айнан у «Барселона» дарвозасини ишғол этганди. Умуман олганда, Зидан таркибни ротация қилиш ва футболчилар формасини мувозанатда ушлаб туриш учун анча яхши шароитга эга.

Жароҳатлар ва иссиқ шароит учун «Барселона» таркибининг ёши каттароқ

Аввалроқ бошланган Бундеслига тажрибаси шуни кўрсатдики, узоқ танаффусдан кейинги ўйинлар жуда кўп жароҳатларга сабаб бўлиши мумкин экан. Испанияда бунинг устига, ёз анча иссиқроқ. Кўп ўйинлар кечки пайт ўтказилса-да, футбол учун оптимал шароит деб бўлмайди.

«Барселона»нинг асосий таркибидаги 8 футболчи аллақачон ўттиз ёшдан ўтишган. Пике, Месси, Бускетс, Алба, Суарес, Ракитич, Видаль ва Нету. Бу футболчилар учун қўшимча босим юкланади, ўйинчи қанчалик ёши катта бўлса, қўшимча юкламаларни қабул қилиши қийинлашиб бораверади. Саналган футболчиларни йўқотиш эса «Барселона»га жуда қимматга тушиши мумкин.

«Реал»нинг етакчилари қайтмоқда

 

Эден Азар ва Марко Асенсио ушбу мавсумда муҳим футболчилар бўлишлари кўзда тутилганди. Аммо жароҳатлар туфайли Эден баъзи пайтларда майдонда кўринди, Асенсио эса узоқ вақтга сафдан чиққанди. Танаффус ҳар икки футболчининг тикланиши ва деярли мавсумолди жараёнларни бошдан кечиришга шароит яратиб берди. Агар «Реал» шу пайтгача бу икки муҳим футболчисиз «Барселона» билан тенг келган бўлса, янги кучлар қўшимча устунлик яратмайдими?

Албатта, «Барселона» таркибида Луис Суарес ҳам қайтади, аммо тан олиш керак, уругвайлик ҳужумчи сўнгги пайтларда ўйинни ўзгартира оладиган даражада ўйнай олмаётганди. Усмон Дембеле ҳамон қайтгани йўқ ва унинг ҳатто коронавирусга тест топширмаганидан англаш мумкинки, мавсумнинг қолган қисмида ҳам жамоага ёрдам бера олмайди. Самуэл Умтитининг ҳам тўлиқ тикланишига ишониш мушкул.

«Реал»да эса, Лука Йовичдан бошқа барча футболчилар соғ.

«Уй стадиони» омили кўпроқ «Барселона»га керак, «Реал»га фарқсиз

Чемпионлик гонкасида трибунадаги мухлислар аҳамият касб этишлари мумкинми? Бир томондан қараганда, бу ерда ҳамма жамоалар тенг шартларда тўп суришади. Аммо бир статистик факт шуни кўрсатадики, «Барселона» – Ла Лигадаги энг яхши уй-жамоаси, «Реал» эса сафар ўйинларида энг яхши ўйин кўрсатиб келган.

Каталонияликлар тўла «Камп Ноу» қаршисида очколарнинг 95 фоизини қўлга киритишган, сафарда бу кўрсаткич 46 фоизга тушиб кетади. «Реал»да эса бу рақамлар анча мувозанатлашган – уйда 79 фоиз, сафарда 60.

Бундан ташқари, «Реал» қолган уй учрашувларини реконструкция қилинаётган «Сантьяго Бернабеу»да эмас, «Алфредо ди Стефано» номидаги 7 минг кишилик мўъжаз стадионда ўтказади. Бу ўйингоҳ «Реал»нинг машғулот майдони ҳисобланади. Яъни Мадрид клуби рақиблари учун бу янгилик, «Реал» эса, ҳатто «Бернабеу»дан ҳам яхшироқ таниш бўлган майдонда тўп суради.

«Барселона»да тақвим қийинроқ

Умуман олганда, ҳар икки гранд учун қийинлиги жиҳатидан тенг тақвим – 11 рақибдан 6таси бир хил. Лекин барибир, «Барселона» тақвимида «Реал» «қутулиб бўлган» икки рақиб бор: «Атлетико» ва «Севилья».

Сўнгги уч учрашувда «Атлетико» икки марта «Барселона»дан очко тортиб олган, «Севилья» бир марта.

«Реал»да юқори ўринларни эгаллаган жамоалар ичида «Хетафе» (5) ва «Сосьедад» (4) билан ўйнайди. Аммо бу рақиблар «Реал» учун у қадар ноқулай эмас. «Сосьедад»га қарши Зидан шогирдлари сўнгги икки ўйинда умумий 8:3 ҳисобини қайд этган бўлса, «Хетафе» мадридликлар билан ўйинда сўнгги марта 2012 йилда ғалаба қозонган.


Манба: www.kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz