Қайднома

Қидирув

Аёллар футболидаги муаммолар ечимини кутмоқда

Аёллар футболидаги муаммолар ечимини кутмоқда

  13.06.2020 16:56
  0
  249
Аёллар футболидаги муаммолар ечимини кутмоқда

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида аёллар футбол клублари ташкил этилган. Мингдан зиёд қизлар футбол ва футзал билан мунтазам шуғулланмоқда. “Севинч”, “Бунёдкор-W”, “Металлург-W”, “Шўртан-Lady” ва “Андижанка” сингари етакчи футбол клубларининг маҳоратли ва иқтидорли аъзолари Ўзбекистон терма жамоаси таркибида халқаро миқёсдаги мусобақаларда тўп сурмоқда.

Миллий чемпионатимизга асос солинган дастлабки йилларда ҳали аёллар футболи ҳақида тасаввурлар йўқ эди. Аёллар ўртасида футбол у ёқда турсин, ҳатто волейбол, баскетбол ҳам ҳали у қадар оммалашиб улгурмаганди. Билганимиз, чим устида хоккей бўйича “Андижанка” қизлари собиқ иттифоқда ном қозонган эди. Мамлакатимизда ушбу жамоага асосий рақобатчи бўлган Бухоронинг “Ситора” жамоаси ҳақида ҳам анча-мунча эшитганмиз.

Ўзбек футболининг янги тарихи

1994 йил юртимизда аёллар футболига асос солинган йил сифатида тарихга киритилган бўлса, 1995 йил халқаро турнирлардаги ва илк бор Осиё чемпионатидаги иштироки билан тарих зарварақларига ёзилди. Футболчи қизларимиз ўша йили ўнинчи марта ўтказилаётган қитъа чемпионатида илк бор қатнашди. Ниҳоят, Ўзбекистонда ҳам илк расмий чемпионат старт оладиган бўлди. Бу тарихий воқеа 1997 йилнинг ёзида Самарқандда рўй берди.

Орадан йигирма йилдан кўп вақт ўтди. Мамлакатимиз аёллар футболи нафақат Марказий Осиёда, ҳаттоки жаҳонда ҳам ўз номига эга бўлди. Тўғри, терма жамоаларимизнинг халқаро расмий турнирларда эришган ютуқлари у қадар кўп эмас, лекин клубларимиз Осиё ва Европада ном қозониб улгурди. Биргина Қаршининг “Севинч” клуби эришган муваффақияти ва ўзбек аёллар футболи ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу муваффақиятлар замирида ҳукуматимизнинг хотин-қизлар спорти, жумладан, аёллар футболига қаратаётган эътибори, ғамхўрлиги ётганини инкор этиб бўлмайди.

Шунингдек, юртимиз аёллар футболига тамал тошини қўйиб, унинг янада ривож топишига Шавкат Усмонов (марҳум), Равшан Усмонхўжаев (марҳум), Зоҳиджон Омилов, Алишер Файзиев каби мутахассислар, Мирон Ким (марҳум), Владислав Хан, Баҳром Норсафаров, Карима Йўлдошева, Элмира Ғуломова, Илҳом Ханжариев, Олимбой Давлатов ҳамда Шерали Бобоқуловдек мураббийлар ўз ҳиссасини қўшган.

Ҳозирги кунда аёллар терма жамоаларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатларида юқори натижа кўрсата олмаяпти. Лекин бу уларнинг мавқеи шу даражада паст дегани эмас. Айтайлик, 2005 йили Таиландда илк бор ўтказилган ёпиқ спорт иншоотлардаги Осиё ўйинларида Владислав Хан бошчилигидаги терма жамоамиз барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупага кўтарилди. Орадан икки йил ўтиб, Макаода ташкил этилган ушбу турнирда қизларимиз учинчи ўринни эгаллади.

Афсуски, қитъанинг етакчилари ҳисобланган Япония, Жанубий Корея, Австралия, Ҳиндистон, Эрон каби аёллар футболи ривожланган мамлакатлар термаларига қарши ўйинларда ўз мақсадига эриша олмаяпти.

Захматли меҳнатлар самараси

Кейинги йилларда юртимизда аёллар футболига эътибор янада ортди. Ички чемпионатлар савиясини кўтариш замирида терма жамоаларнинг халқаро мусобақаларда муваффақиятларга эришишига замин яратиляпти. Биргина 2019 йил сентябрь ойида Қирғизистоннинг Қоракўл шаҳрида ўтказилган “Умид кубоги-2019” халқаро мусобақасида ҳал қилувчи финал ўйинига қадар етиб борган Баҳром Норсафаров шогирдлари мезбон термасини 3:2 ҳисобида енгди, бироқ тўплар нисбатига кўра турнирда иккинчи поғонани банд этди.

Ўтган йил охирида Тожикистонда бўлиб ўтган ва Ўзбекистон, Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон Олимпия терма жамоалари иштирок этган Марказий Осиё футбол федерацияларининг “CAFA U-23 Women’s Championship-2019” мусобақасида қизларимиз муддатидан олдин чемпионлик масаласини ҳал қилиб, юртимизга олтин медаль билан қайтди.

2020 йилнинг дастлабки ойларида Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан аёллар футзали бўйича илк бор ташкил этилган мусобақада терма жамоамиз мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.

Бепарволик оқибати ва янги умидлар...

Мамлакатимизда айни кунларда беш-ўн йил олдингига нисбатан аёллар футболига бўлган эътибор анча ўсган. Бунинг мисолини супер лига клублари қошида аёллар жамоалари ҳам фаолият кўрсатаётгани, хотин-қизлар ўртасида олий лига ўйинлари худди эркаклар мусобақаси каби уй-сафар тизимида ташкил этилаётгани, биринчи лига жамоалари сони ва сифати ҳам ошиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.

Лекин истаймизми-йўқми, аёллар жамоалари баъзи супер лига клублари раҳбарларининг ҳалигача учинчи ёки тўртинчи даражадаги иши бўлиб қолаётгани аччиқ ҳақиқат. Супер лига клублари орасида аёллар жамоаларига етарлича шароит яратиб бермаётган, уй стадионлари ҳолатини талаб даражасига етказмаган, ойлик ва мукофот пулларини ўз вақтида тўламаётганлари ҳам учраб турибди. Қачонки аёллар жамоаси ҳам супер лига клублари қаторида тенг таъминотга эга бўлсагина чинакам муваффақиятларга эришиш, терма жамоамиз манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга қодир футболчиларни етказиб бериш имкониятига эга бўлади.

Ўтган йили ЎФАда раҳбарият алмашди. ЎФАнинг биринчи вице-президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг раҳбари сифатида иш бошлаган Равшан Эрматов ҳақида таъриф беришга ҳожат бўлмаса керак. Ҳакам сифатида Осиё ва жаҳонни “забт” этган Равшан Эрматов бундан кейин мутахассис сифатида ҳам нималарга қодир эканини жаҳон оммасига исботлашига шубҳа йўқ. Унинг ўзбек футболини янада ривожлантириш режаларидан аёллар футболи ҳам ўрин олгани шу соҳанинг ривожидан дарак беради. Терма жамоаларимиз савиясини кўтаришда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг хизматлари бўлгани каби аёллар футболининг ички савиясини кўтариш, бу борадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бевосита Профессионал футбол лигасининг зиммасида. ЎзПФЛ аёллар жамоаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни биринчи галдаги вазифаси, деб билади. Бу борада шуни айтиш жоизки, аёллар жамоаларидаги юзага келган камчилик ва муаммолар бартараф этилмагунча супер лига клублари фаолияти ҳам чегараланади. Бундан кўриниб турибдики, тез орада аёллар жамоалари фаолияти янада кучаяди.

Янги марралар йўлида

Нафақат мамлакатимизда, балки бутун ер юзида вужудга келган пандемия сабаб барча соҳалар каби футбол ҳам маълум муддат тўхтаб қолди. Лекин бу футболчи ва мураббийларни бутунлай “тўшакка михлади” дегани эмас. Эркаклар жамоаларида футболчи ва мураббийлар карантин даврида якка ҳолда қай тартибда шуғулланишни давом эттирган бўлса, аёллар жамоаларида ҳам худди шу ҳолат кузатилди. Мураббийлар шогирдлари билан онлайн тарзда машғулотлар олиб борди.

Юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 майдаги қарорига асосан 1 июндан профессионал футбол клубларига карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда машғулотларни бошлаш, 5 июндан эса расмий мусобақаларни давом эттиришга рухсат берилди. Футболчиларнинг узоқ муддат карантин ҳолатда стадионда шуғулланмагани, етарли жисмоний тайёргарликка эга бўлиши учун маълум муддат вақт талаб этилишини инобатга олган Ўзбекистон профессионал футбол лигаси супер лига клублари учун расмий мусобақани 13 июндан бошлашга изн берди. Шу тариқа, 15 мартдан, чемпионатнинг 3-туридан кейин тўхтаб қолган супер лига ўйинлари расман 13 июндан яна давом эттириладиган бўлди.

Шуниси эътиборлики, савия бўйича супер лигадан кейин турувчи про-лига ҳисобланади. Про-лига ўйинларига 3 июлдан старт берилади. Аёллар футболи бўйича мавсум эса про-лигадан бироз муддат вақтлироқ бошланадиган бўлди. 29 июнь кунига белгиланган суперкубок ўйинида Қаршининг “Севинч” ҳамда Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоалари ўзаро куч синашади. 12 жамоа иштирокидаги олий лига мавсуми эса 3 июлдан бошланади. Олий лига ўйинларига қуръа ташлаш маросими 16 июнга белгиланган. Аёллар жамоалари ўртасидаги биринчи лига мусобақасида 8 жамоа ягона йўлланма учун баҳс олиб боради.

Қуйи лига ўйинлари тўрт ҳудудга бўлинган, марказлашган ҳолда икки давравий тарзда ўтказилади. Мусобақанинг биринчи тури 25-29 июль кунларига белгиланган. Шунингдек, олий ва биринчи лиганинг мавжуд 20 жамоаси ўртасида кубок ўйинлари ҳам ташкил этилади.


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz