Қайднома

Қидирув

«На сенга ўхшайди ва на менга» ёки Иньяки Уильямс ҳақида...

«На сенга ўхшайди ва на менга» ёки Иньяки Уильямс ҳақида...

  15.06.2020 02:07
  0
  572
 «На сенга ўхшайди ва на менга» ёки Иньяки Уильямс ҳақида...

Сарлавҳа учун бежиз ўтган асрнинг 90-йиллари жуда оммалашган Леонид Ягутин ижросидаги қўшиқ мисралари танланмади. «Ҳеч кимга ўхшамас» - бу таъриф «Атлетик» ҳужумчиси Иньяки Уильямсга жуда мос тушади. Баскларга хос исм ва инглизча фамилия, томирларида эса африкаликлар қони... Айнан Басконияда туғилган Иньяки Уильямс «шерлар» учун шунчаки, ўткинчи эмас, чин етакчи ва сермаҳсул ҳужумчидир. Футболчининг шартномаси шундай тузилганки, уни харид қилишни истайдиган клубнинг нақ 135 млн. евродан воз кечишига тўғри келади. Камида 135 «лимон»! Ҳа, бильбаоликлар савдо бобида анойи эмаслар...

Иньяки Уильямс 5 йилдан буён «Атлетик»нинг асосий таркибида тўп сурмоқда, бу вақтда 200тадан ортиқ ўйинда майдонга тушиб, голлари сонини аллақачон 50тадан оширди. Қисқаси, гап Испанияда етарлича танилишга улгурган ўйинчи ҳақида кетмоқда. Бироқ шуниси борки, Инья­ки ОАВ вакилларининг доимий эътиборида эмас. Бундан ташқари, у жорий мавсум кўпинча ўз позициясини ўзгартирган ҳолда тўп сурмоқда, аксарият ўйинларда қанот вакили эмас, марказий ҳужумчи сифатида ўйнади. Тўғри, хоҳлаган паллада қанотларга ўтиши мумкин, эҳтиёж сезилса, бас.

Дарвоқе, Уильямсми ёки Вильямс? Қай бири тўғри? Агар Иньяки Англия ёки америкалик бўлганида, биринчи вариант тўғрироқ туюларди. Худди «МЮ» ҳимоячиси Брендонни Уильямс, деб аташганидек. Бироқ испанлар учун «Атлетик» ҳужумчиси - Вильямс. Тўғри, руслар кўпроқ Уильямс иборасига мойиллар, шунингдек, ўзимиз ҳам. Аммо Иньякининг инглизларга боғлиқ жиҳати фақат бобосидан мерос шу фамилияси, холос. Унинг ота-онаси Испанияга Англия колонияси саналган Ганадан ташриф буюриб, басклар ўлкаси, аниқроғи, Бильбаодан бошпана топишганди. Улар Испаниянинг шимолига етиб келишларига қадар роса қийналишган - Сахара саҳросидаги бир неча кунлик саргардонликдан кейин Мелилья соҳилига зўрға чиқиб олишади. У ердан паром воситасида Испанияга ўтишади. Ноқонуний муҳожирлар шундан ке­йин Бильбаодан турар-жой топишади ва дунёга келган тўнғич фарзандларига баскча исм қўйишади.

«Атлетик» - ўз таркибига фақат баск­лар авлодига мансуб футболчиларни қабул қилиши билан донг таратган клуб. Айни шу анъана туфайли дейлик, қора танли иқтидор соҳиби  Мигель Хонес Мадриддан иш қидиришга мажбур бўлган. Бильбао клуби кейинчалик бу чеклов шартларини бироз енгиллаштирди. Натижада Уильямс ортидан Кенан Кодро ва Кристиан Ганя ҳам «Атлетик» либосини кийишди, гарчи баскларга алоқадор бўлмасаларда. Уларнинг бири босниялик, иккинчиси руминияликлар авлодидан. Кенаннинг отаси - Мехо Кодро вақтида «Реал Сосьедад» сафида ўйнаган ва фарзанди айнан Сан-Себастьянда туғилган. Кристиан эса руминиялик таниқли футболчи Виорел Ганя билан шунчаки фамилиядош, холос. Қолаверса, Виорел нафақат басклар ўлкаси, балки Испанияда ҳам тўп сурган эмас. Ота-онаси Эускадига кўчиб ўтишганида, Кристиан 1 ёшли чақалоқ эди. Клуб мутасаддилари шуни назарда тутиб, уни баск сифатида қабул қилишди. Афтидан, «Атлетик» бора-бора кадрлар масаласига боғлиқ барча чекловларни олиб ташлайди, чоғи, худди «Реал Сосьедад» каби. Чунончи, ушбу анъанани эскилик сар­қити ўрнида кўраётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Уильямснинг келиб чиқиши ва таш­қи кўриниши мавзусини «шерлар» сафида тўп сурган дастлабки қора танли футболчи - Хонас Рамальо ҳақида якунлаш ўринли бўлса керак. 2009 йили Бильбао клуби сафида кўриниш бера бошлаган ҳимоячи атиги бир нечта ўйин­дан кейин қуйи лигага йўл олди ва кейинчалик назардан четга чиқди. Мухлислар унинг «Сан-Мамес»га ташрифига чинакам экзотика намунаси ўлароқ қарашганди. Тириш­қоқ ва серғайрат Уильямс эса асосий таркибдан жой олиш билан чекланиб қолмай, етакчи ҳужумчига айланди. Буни унинг трансфер баҳосидан ҳам билиб олиш мумкин. Иньякининг тезлиги ҳам, техник маҳорати ҳам рисоладагидек. Асосан ўнг оёғини ишга солади. Тўғри, чап оёғи фақат юриш-югуриш учун яратилмаган - узатмаларни амалга ошириш, рақибларни алдаб ўтиш ва мавриди келса, дарвозани ишғол этишда самарали ҳаракатланади. Айниқса, кўпчилик ўнг оёқда зарба йўллашини кутиб турганида, чап томонига мурожаат қилиши - ажойиб. Бундан ташқари, Иньяки учун масофанинг ортиқча аҳамияти йўқ, зарба кучи етарли. Агар жамоадоши қулайроқ позицияда турганини кўриб қолса, тўпни унга оширишни сира пайсалга солмайди, албатта. Эҳтимол, голлари ўзи истаганидек кўп эмасдир, лекин ҳамиша жамоа манфаатини устун қўяди. Бундан ташқари, Иньяки доимо ҳужум марказида ўйнаган эмас, Арис Адуриц навқирон даврини фақат марказда ўтказган пайт Уильямс уни қанотлардан етарлича қўллаб-қувватлаб турарди. 186 сантиметрга тенг бўйи ва катта гавдаси Иньякининг ҳаводаги баҳсларда устун чиқишини таъминлайди.

Ҳужумчининг «Атлетик»даги илк учрашувлари пайти жамоа мухлисларида ўринли хавотир юзага келганди: «Ишқилиб, асли ганаликларга тақаладиган италиялик Марио Балотелли нусхасини олиб келишмадимикан?» Мухлислар ҳужумчининг ўйини эмас, майдон ташқарисидаги юриш-туришидан ташвишга тушгандилар. Муҳими, тез орада уларнинг хавотирлари ўринсиз эканлиги ойдинлашди. Тўғри, тан олиш керак, Иньяки анчагина шўх йигит. Лекин машғулотларда ҳам, майдон ташқарисида ҳам интизомни ўрнига қўяди, у яна меҳнатсевар ва камтар. Дейлик, Уильямс «шерлар» сафига қўшилган вақти жуда-жуда камсуқум эди, у ҳозир ҳам бу борада сира ўзгармаган. Ваҳоланки, энди гап жамоанинг энг кўп маош оладиган етакчи футболчиси ҳақида кетмоқда.

Табиийки, рисоладагидек ишлов туфайли янада очилган «қора жавоҳир» нафақат Испания, балки хорижий грандлар эътиборидан ҳам четда қолмади. Уни «Бавария» ва «Ювентус»­дан ташқари, Манчестернинг ҳар икки клуби вакиллари анчадан буён диққат билан кузатмоқдалар. «МЮ» ҳаттоки, харидни овоза қилишга ҳам улгурганди. Бироқ Уильямс ҳозирча «Сан-Мамес»дан кетгани йўқ. Эҳтимол, унинг трансфер баҳоси харидорларга оғирлик қилаётгандир. Аввалига Иньякини 60 миллион еврога баҳолашганди. Кейин бу сумма 80 «лимон»га кўтарилди. Ўтган йилнинг августида эса ҳужумчи «Атлетик» билан бирданига 9 (!) йиллик шартнома тузди ва унда ҳаммани чўчитадиган миқдорда товон пули белгиланди - 135 миллион евро.

Иньяки Уильямс терма жамоалар миқёсида катта танловга эга бўлди. Яъни унда Испания, Гана ва Либерия миллий жамоа­ларидан бирини танлаш имконияти бор эди (Либерия - бобоси аждодларининг ватани). Ҳужумчи бу борада кўп бош қотирмай, Европа вакилини маъқул кўрди. Чунончи, у бошидан Испаниянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида етарлича тўп сурганди. Тўғри, ҳозирча мамлакатнинг бош жамоаси сафида атиги бир бора майдонга тушди, холос. Бу воқеа 2016 йилнинг май ойида Босния термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида юз берди. Шу жойда битта ўринли савол: Иньяки Уильямс нега энди 4 йилдан буён Испания терма жамоаси йиғинларига жалб этилмаяпти? Хулен Лопетеги «қизил фурия»да энди иш бошлаган паллада журналистлар мураббийга айнан шу савол билан мурожаат қилишганида, у бамайлихотир жавоб берганди: «Албатта, Инья­кини ҳам барча номзод футболчилар қатори эътибордан қочирмаяпман. Лекин бу масалада кўп нарса ўйинчининг ўзига боғлиқ эканлигини унутмаслик керак». Мана, ўшандан буён жаҳон чемпионати ортда қолди, миллий жамоада бир неча марта мураббийлар алмашуви кузатилди. Аммо аввалгидан ҳам ёрқинроқ ўйнаётган Иньяки ҳамон чақирув олгани йўқ. Балки «қизил фурия»даги кучли рақобат бунга имкон бермаётгандир. Эҳтимол, бошқа сабаблари ҳам бордир... Ҳар ҳолда, келиб чиқиши африкалик йигит ички потенциали билан Испания миллий жамоаси ҳужумига ранг-баранглик олиб киришга қодир. Фақат унга озгина имконият беришса, бас...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz