Қайднома

Қидирув

Канн ижросидаги қувноқ гол

Канн ижросидаги қувноқ гол

  15.06.2020 04:14
  0
  364
Канн ижросидаги қувноқ гол

«Ретро» - бу футбол тарихидаги қизиқарли воқеаларга бағишланган янги рукн. Бугун ушбу саҳифада германиялик афсонавий дарвозабон Оливер Кан томонидан урилган, аммо ҳисобга олинмаган антиқа голни эслаймиз. Фаолияти давомида жаҳл­дорлиги туфайли «йиртқич», «ваҳший» каби лақабларни олган собиқ кипер ўша вазиятда тўпни рақиб жамоа дарвозасига муштлари билан йўллаганди... 

Евромавсум батамом тўхтаб қолган пайт кўплаб ОАВ тарихий ўйинлар ва воқеаларни ёритди мажбурий ҳолатда. Муҳими, бунинг фойдали томони ҳам бор, албатта. Ахир инсон борки, гоҳида табиий равишда ўтмишни қўмсайди. Энди Бундеслига тарихига алоҳида муҳрланган (гарчи инобатга олинмаган бўлсада) Оливер Кан ижросидаги ғалати голга келсак, «Бавария» билан кўплаб ютуқларни нишонлаган собиқ дарвозабон уни бечора «Ганза» билан баҳсда урганди. Гап мавсум-2000|2001 тақвимидан ўрин олган «Ганза» - «Бавария» ўйини (3:2)да содир бўлган воқеа хусусида кетмоқда. Охирги дақиқалар, Мюнхен суперклуби камтарин жамоа стадионида мағлубиятга учрамоқда. Табиийки, меҳмонлар мағлубиятдан қутулиб қолиш илинжида мезбонларни ўз жарима майдонлари ичида қамал қилмоқдалар. Ҳаттоки, важоҳатли дарвозабон Оливер Кан ҳам ҳужумда! Қарангки, учрашувнинг сўнгги сонияларида айнан у гол уради. Бироқ қоидага мутлақо зид ҳолатда муштлари билан...

Хайриятки, ҳакам бу вазиятда ҳуш­ёрликни қўлдан чиқармаганди. У голни нишонлашга чоғланган Канни сариқ карточка билан «мукофотлайди». Бу «йиртқич» учун учрашувдаги иккинчи огоҳлантириш эди. Шу тариқа «Бавария» дуранг натижа ва хурсандчилик ўрнига мағлубиятни тан олади ва камига асосий дарвозабонини йўқотади. «Ҳаммаси шунчаки, оддий рефлекс самарасидир. Ахир ҳар бир ўйинда тўпни бир неча марталаб  муштларим билан уриб юбораман ва бунга ўрганиб қолганман...», - дея ўзини оқлаганди Кан учрашувдан сўнг. Шу жойда битта эътиборли факт - Оливер Кан бутун фаолияти давомида «Ганза»га қарши кечган 24та ўйин­да иштирок этган. Диққат қилинг, «Бавария» шулардан атиги 4тасида мағлубиятга учраган, холос.

Дарвоқе, «йиртқич» кейинчалик муштлари ёрдамида урган ўша голини эслаб, сал бошқача гапирганди. Буниси қизиқарлироқ: «Тасаввур қилинг, бундай лаҳзаларда гол қувончидан майдондан учиб кетасиз, гўё. Феноменал ҳолат! Тўғриси, энди ўйлаб қолдим, дарвозабоннинг рақиб жарима майдони ичида қўл билан ўйнашига рухсат бериш ҳам мумкин...». Маълумот учун, «Бавария» ўша учрашувдан сўнг Бундеслига турнир жадвалидаги пешқадамлик мавқеини бой берган, лекин бу вақтинча ҳолат бўлиб, жамоа мавсум якунида чемпионликни нишонлаган, барибир.

Оливер Кан фаолиятининг катта қисмини айнан «Бавария»­га бағишлаган. У Мюнхен клуби сафида жами 8 марта Германия чемпионига айланган ва 5 бора Бундеслиганинг мавсумдаги энг яхши дарвозабони сифатида тан олинган. Кан ҳозир 50 ёшда ва ҳамон «Бавария» билан бирга. Тайинловга кўра, у яқин 2 йил давомида клуб бошқаруви раиси ёрдамчиси ролини бажариши керак. 2022 йили эса юқори лавозимни ўзи эгаллайди.

А.ҲАМИДОВ тйёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz