Қайднома

Қидирув

Драган Черан ОФК эътирофида ва...

Драган Черан ОФК эътирофида ва...

  16.06.2020 02:31
  0
  440
Драган Черан ОФК эътирофида ва...

ОФК расмий сайти яқинда «Пахтакор» етакчиларидан бири Драган Черандан интервью олиш асносида сербиялик тўпурар футболчи ҳақида алоҳида мақола тайёрлади. Сайт журналистлари уни жумладан, Ўзбекистон Суперлигаси юлдузи сифатида эътироф этишди... 

* * *

Ўзбекистондаги фаолиятини 2016 йили бошлаган Черан ортда қолган вақтда 80тадан кўп гол уришга улгурди. Жумладан, ўтган мавсум 37та голга муаллифлик қилиб, «Пахта­кор»нинг Ўзбекистон чемпионати, мамлакат кубоги ва Лига кубогида ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшди. Черан якунда ПФЛ талқинига кўра, мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Сербиялик футболчи ҳам соф ҳужумчи, ҳам ҳужум орти позициясида бирдек самарали ўйнайди. Бемалол айтиш мумкин, у Ўзбекистон чемпионатининг охирги йиллардаги энг яхши легионерларидан биридир.

«Пахтакор»нинг охирги 12 ой давомида саноқли ўйинларни бой бергани жамоа анча кучайганидан далолат. Бунда Чераннинг ҳам муносиб роли бор. Дейлик, «Пахтакор» ОЧЛ-2019да нисбатан яхши иштирок этди. Тўғри, жамоа гуруҳ босқичидан чиқолмади, лекин охиригача курашди, тетик кўринди. Фақат «плей-офф» босқичи иштирокчиси бўлишига қандайдир кичик хатолар тўсқинлик қилди. Лекин на ички чемпионат, на Ўзбекистон кубоги ва на биринчи бор ташкиллаштирилган Лига кубогида «Пахтакор»га тенг келадиган рақиб топилди. Бундан аввалги мавсумларда тегишлича 5, 3 ва 2-ўринларни банд этган «Пахтакор» 2019 йилги чемпионат якунида энг яқин таъқибчиси - «Локомотив»ни нақ 20 очкога ортда қолдирди. Асосий факт - атиги 1та ўйинда мағлубиятга учраган жамоа чемпионликни муддатидан анча олдин нишонлади. Черан эса 24та ўйинда майдонга тушиб, 23та гол урган ҳолда, чемпионатнинг бош тўпурари бўлди. «2018 йилги жамоа билан ҳозиргиси ўртасида катта фарқ бор, - дейди Драган Черан. - Таркибда ўзгаришлар кузатилди - кимлардир кетишди, уларнинг ўрнига янгилар келишди. Муҳими, жамоамиз аҳил ва барча йигитлар ўзаро яхши муносабатда. Қисқаси, ҳаммамиз ягона мақсад йўлида, яъни совринлар ютиш учун бирлашганмиз».

* * *

Черан фаолиятидаги энг яхши мавсумни 32 ёшида нишонлади. Бунга қадар Исроил, Озарбайжон, Македония ва Саудия Арабистонида ўйнаган серб айнан Ўзбекистонда ўз ўрнини топди. 2016 йили «Насаф» билан шарт­нома тузган футболчи «аждарлар» сафида ҳам ўзини кўрсатганди. Моҳир тўпурар Ўзбекистондаги илк кунларини шундай ёдга олади: «Тўғриси, бу мамлакат ҳақида деярли ҳеч нарса билмасдим. Фақат «Бунёдкор» клуби ҳақида эшитган ва Ривалдо ўйнаб кетгани, Луиз Фелипе Сколари ишлаганини билардим. Мана, ортда қолган 4 йилда кўп нарса ўргандим, янги дўстлар орттирдим. Ҳозир бемалол айтишим мумкин, Ўзбекистон футболининг Осиёда тутган ўрни баланд».

* * *

Драган Черан «Насаф» таркибида миллий чемпионат доирасидаги 48та ўйинда майдонга тушиб, 34та гол урганди. 2018 йилги мавсумнинг давралар оралиғида «Пахтакор»дан тушган таклиф унинг учун янги чорлов бўлди ва сербиялик тўпурар совринлар ютиш, янада юксалиш мақсадида пойтахт клубига йўл олди. Черан ҳозир «Пахтакор»да Грузия футболи юлдузи Шота Арвеладзе қўл остида шуғулланяпти. Дарвоқе, Арвеладзе 1997|1998 йиллар мавсумида «Аякс» учун 37та гол урганди. Ўшанда у Микаэль Лаудруп, ака-ука де Бурлар, Дэнни Блинд каби таниқли футболчилар қаторида тилга олинарди. «Шота Арвеладзенинг футболчи сифатидаги фаолиятини унча эслолмайман, - дейди Черан. - Лекин унинг кўплаб голлар ургани ва футболда муваффақият қозонгани ҳақида эшитганман. 300тадан кўп гол уриш - бу ажойиб кўрсаткич. «Пахтакор» сафига қўшилганимдан буён мураббий менга кўп ёрдам беряпти. Муайян вазиятларда қандай ҳаракатланишим лозимлигини ўргатади, қайси пайт зарба бериш маъқуллигини айтади. Бир сўз билан айтганда, Арвеладзе ажойиб инсон ва яхши мураббий».

* * *

Жорий мавсум ҳам «Пахтакор» учун муваффақиятли бошланди. Жамоа Суперлигада қаторасига 3та ўйин­да устун келди. Черан эса «Бухоро»га қарши баҳсда «хет-трик» қайд этди. У шунингдек, ОЧЛ гуруҳ босқичида «Шабаб Ал- Аҳли»» ва «Шаҳр Ходро» клубларининг мағлуб этилишига муносиб ҳисса қўшди. Ҳаммаси яхши кетаётган бир паллада эса коронавирус туфайли Ўзбекистонда ҳам футбол вақтинча тўхтаб қолди. «Мамлакатда карантин тартиби жорий қилингач, Тошкентда қолишни маъ­қул кўрдим, - дейди сербиялик легионер. - Аввалига карантин узоққа чўзилмаслигини ўйлагандим, лекин бундай бўлмади. Натижада мураббийлар билан видеоалоқа ўрнатиб, уйда махсус дастур бўйича шуғулландим. Уй шароитидаги машғулотлар ҳар ҳолда, жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб туришга ёрдам берди. Майдонга тушиб, тўп билан ишлай бошлаганимизда, айни шу машқлар қўл келди. Акс ҳолда, роса қийналардик. Буёғига чемпионат ўйинлари мухлисларсиз давом эттирилади. Албатта, бўш трибуналар остида ўйнаш осон эмас, лекин илож қанча...? Мана, томошабинларсиз кечаётган Бундеслига ўйин­ларини кузатиб боряпман ва ҳаммаси ғалати кўриняпти. Улкан стадионлар бўм-бўш. Футболда мухлислар кўз ўнгида тўп суриш бошқача туйғу беради, барибир. Ўйлайманки, тез орада мухлислар ҳам стадионларга қайтишади ва трибуналарни тўлдириб ўтиришади».

Драган Черан интервью давомида ўзбекистонлик футболчилар ҳақида ҳам гапирди: «Ўзбекистонда иқтидорли йигитлар етарли. Улар кўп меҳнат қилишади. Ўз жамоам мисолида айтсам, «Пахтакор»да 9-10 нафар яхши савияли футболчи бор. Шулардан бири - Жалолиддин Машарипов. Жорий йилги мавсум биз учун яхши бошланди. Жумладан, ОЧЛ доирасидан ўрин олган 2та уй учрашувини ҳам ғалаба билан якунладик. Насиб этса, энди албатта, гуруҳдан чиқиб, узоқроққа борамиз. Ҳозир эса эътиборимиз биринчи навбатда, «Сўғдиёна»га қарши кечадиган ўйинга қаратилган. Ундан кейин «Бунёдкор»ни енгишга уриниб кўрамиз».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz