Қайднома

Қидирув

Иштиёқ ва иштиёқсизлик намойиши

Иштиёқ ва иштиёқсизлик намойиши

  17.06.2020 07:07
  0
  467
Иштиёқ ва иштиёқсизлик намойиши

Ҳа, шундай. Суперлига рестартидаги илк баҳсларда мухлислар ўзлари кутган даражада футбол томоша қилишмади. 3 ой аввалги ўша-ўша ўйин. Жамоалар узоқ муддат мажбурий «дам олиш»­га чиқмагандек гўё. Бу ҳолат айниқса, ­дастлабки 2та ўйинда яққол кўзга ташланди. Икки ўйин тақдирини 1тадан гол «Бун­ёдкор» ва АГМК фойдасига ҳал қилди. Гол кам, шунга яраша завқ, ҳаяжон, эҳтирос сезилмади. 3 ой майдонга тушмаган футболчининг оёғига тўп тегса, у тушовини узган тулпор мисол олдинга ташланади, деб ўйлагандилар мухлислар. Йўқ, ундай бўлмади. Жамоалар ўзини қийнамади. Мухлисларсиз стадион фактори, барибир, ўз сўзини айтди, чоғи...

Футболчилар карантиндан аввал ҳам ўзларини қийнаш, жон куйдириб тўп суришни исташмасди аксарият ўйинларда. Бироқ унда мухлислар муносабати фактори футболчиларни ўйинни ташлаб юборишга қўймасди. Ҳуштакбозлик, бақир-чақир, ора-сира сўкинишлар ­ўйинчиларга «қўшимча» куч бағишларди, ҳар ҳолда. Албатта, бу хулоса барчага бирдек тааллуқли эмас. Ўйнашни истайдиган футболчи мухлис бўладими ёки бўлмайди - чин юракдан интилаверади. Ўйнашни истамайдигани эса, барибир, ўзгармас экан. Акс ҳолда, 3 ой муддат ичида футбол соғинчи, майдон майсаси билан тиллашиш иштиёқи юрагини ўртаган ўйинчи экран қаршисида ўтирган мухлислар ҳурмати учун ҳам бошқачароқ, ўзгачароқ тўп сурарди. Хавфли вазиятларни голга айлантиролмаслик сабаби сўралганида, Миржалол Қосимов ҳаммасини 3 ой давомида футбол ўйналмагани билан изоҳлади. АГМК бош мураббийининг матбуот анжуманида айтган бу сўзлари кишини ажаблантиради. Гўё «Барселона» карантинда ўтирмаган. Афсуски, футболимизда ҳали-ҳануз айтилган сўз масъулиятини ҳис қилиш туйғуси шакл­ланмади. «Қизилқум» - АГМК учрашувидан сўнг мураббийлар ва футболчилар «Мальорка» ва «Барселона» ўртасидаги баҳсни кузатган бўлсалар, ажабмас. Каталонияликлар Ла Лига рестартида мезбонлар дарвозасига жавобсиз 4та гол уришди. Жамоанинг кайфияти чоғ. Футболчилар бир-бирларини қўллаб-қувватлашдан завқ­ланишади. Узоқ вақт майдонга тушмаган Луис Суарес гарчи ўзи голга ташна бўлса ҳам, Лионель Мессига имконият яратди. «Барса» етакчиси эса бу имкониятдан унумли фойдаланди. Кейин эса жамоадошига рағбат тариқасида ажойиб узатма берди. Фақат уругвайлик голеадор самара чиқаролмади. Энг муҳими, мухлислар 4та гол кўришди, соғинч тафтини босишди. «Бунёдкор» - «Қўқон-1912» ва «Қизилқум» - АГМК учрашувларида эса футболчилар мухлиссиз стадион фактори туфайлими, ўзларини қўйиб юборишди, чоғи.

Стадион бўм-бўш, мухлис йўқ, олға чорловчи даъваткор сўзлар қулоққа чалинмайди. Кимларгадир шу муҳит ёқиб тушди. Экран қаршисида ўтирган мухлис нима деса, деяверади-да. Эшитилмайди-ку, тўғрими?! Футболни ўлдирадиган, мухлисни бездирадиган жиҳат - шу! Қувондиқ Рўзиев айни шу жиҳатни ич-ичидан ҳис қилган кўринади. Шунинг учун у сафардаги мағлубиятдан сўнг қониқмаслик руҳида сўзлади. Бобур Акбаровнинг автоголи, ҳақиқатан, аламли бўлди. Аслида дурангга тортадиган ўйин биргина хато ортидан «қалдирғочлар» учун омадли якунланди. Вадим Абрамовнинг ўзи ҳам бу ғалабадан бироз хижолат тортиб, омаднинг ўрнини алоҳида таъкидлади. Бахтиёр Ашурматов эса таркиб танлашда адашган бўлиши мумкинлигини тилга олди. Назаримизда, у чиндан ҳам адашди. Фикримизча, жамоа учрашувни захира ўриндиғида қолдирилган футболчилар билан бошлаганида, вазият бундай ачинарли тус олмасмиди? Аммо бу - бизнинг тахминимиз. «Қўқон 1912» таркибида Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Қувондиқ Рўзиев, Суҳроб Бердиев каби тажрибали футболчилар тўп суришди. Хуллас, таркиб савия бобида рақиб жамоаникидан асло қолишмасди. Лекин тажриба ва иқтидор бўла туриб, меҳмонлар нима учун ҳужумга ўтишмади, «қалдирғочлар» дарвозасини пайдар-пай «ўқ»қа тутишмади? Шуниси тушунарсиз. Нима, бош мураббий жамоага шундай ҳаракатланиш лозимлиги хусусида кўрсатма берганми?! Қисқаси, меҳмонлар гол уришга интилишмади, айни чоғда мезбонлардан ўйин бобида кам эмасликларини исботлашди. Жуда қизиқ ҳол ва тушунарсиз, тасодифий гол!

Мухлислар Суперлига рестартини шундай ўйинлар учун интиқ бўлиб кутишдими?! Йўқ, албатта! Бундеслига учрашувларини кўравериб, кўзи еврофутболга кўниккан мухлис бутунлай ўзгача жанглар кутгани, шубҳасиз! Ана, Роберт Левандовски, Томас Мюллер каби етакчиларсиз кучли рақибни қабул қилган «Бавария» яна ғалаба қозонишни уддалади. Менхенгладбах «Боруссия»сига қарши учрашувда ҳаттоки, Альфонсо Дэвис ҳам захирада қолдирилди. Шундай бўлса-да, жамоа ўз ўйинини кўрсатаверди. «Боруссия» Д.  ўйинида майдонга қайтган навқирон Эрлинг Холанд эса мухлислар ундан яна гол кутишаётганини ҳисобга олиб, сўнгги дақиқада «Фортуна» дарвозабонини қийин аҳволга солди. Хуллас, «Бавария» ҳам, «Боруссия» Д. ҳам навбатдаги ғалабани нишонлади. Бенжамин Павар худди Бобур Акбаров каби автогол муаллифига айланди. Фарқи шуки, франциялик ҳимоячини жамоадошлари хижолатдан қутқаришди. «Қўқон-1912»да эса шундай бирдамлик, мувозанатни тиклаш, ҳаттоки, ғалаба қозониш иштиёқи кўзга ташланмади. Жамоа ҳужумга ўтмаса ва рақиб автогол эвазига ғалаба қозонса, бошқа нима ҳам дейсан киши?!

Хайриятки, мухлислар бахтига Суперлиганинг якшанба кунги баҳслари анча қизиқарли кечди. Хусусан, Жиззахдаги учрашувнинг биринчи бўлимида юз берган драматик лавҳалар мухлисларда қарама-қарши фикр-мулоҳазаларни уйғотди. Наинки асосий таркиби, балки захира ўриндиғидаги футболчилари билан ҳам исталган рақибни чўчитадиган «Пахтакор»нинг юқори потенциали мезбонлар иштиёқини енголмади. Пенальтидан фойдаланолмаслик Шоҳруз Норхоновдаги иштиёқни сўндиролмади. У иккинчи бўлимда, ўйин жараёнида мақсадига эришди, барибир. Ҳар икки ҳолатда Жасур Ҳасановнинг ажойиб ҳаракатланганини таъкидлаш ўринли. Ҳа, «шерлар» иккинчи бўлимда «Сўғдиёна» жарима майдончасида нималар қилиб ташлашмади?! Эрен Дердийок, Драган Черан, Жалолиддин Машарипов «Пахтакор»ни мағлубиятдан қутқариш учун жонларини жабборга беришди. Аммо натижа чиқмади ва Улуғбек Бақоев шогирдлари Шота Арвеладзе футбол фалсафаси устидан ғалаба қозонишди! Бу ғалаба кучли рақиб устидан иштиёқ эвазига қандай устун келиш мумкинлигини исботловчи далил сифатида мухлислар қалбига нур олиб кирди. «Пахтакор» Суперлиганинг энг кучли жамоаси, бу барчага аён ва мазкур мағлубият жамоанинг бош мақсадига таъсир кўрсатмайди, бизнингча. Шу маънода айтсак, «шерлар»нинг мухлислари учун қандайдир фожиа рўй бергани йўқ. «Сўғдиёна»нинг ғалабаси эса фақат жамоа эмас, балки футболимиз учун ҳам зарур воқеа! Шундай драматизм ва иштиёқ ғалабасини соғинганди, кутаётганди футболимиз. «Насаф» - «Навбаҳор» баҳсидаги драматизм ва иштиёқ тўфони Жиззахдагидан кўп бўлдики, кам эмас. Фақат Андрей Канчельскис жамоасига ижобий натижани сақлаб қолишда нимадир етишмади. Россиялик мураббий агар Осиё аренасига чиқиш вазифасини ижобий ҳал этишни истаса, ана шу «нимадир»ни тезроқ топиши даркор. Якшанба кунги ­ўйинлар таъсирида мухлисларда савол туғилиши табиий: нима учун «Қўқон-1912» Тошкентда «Бунёдкор»га, «Қизил­қум» эса ўз майдонида АГМКга қарши шундай иштиёқ билан тўп сурмади, майдонда борини бериб курашмади?! Бу саволга жавобан «Футбол шуниси билан қизиқ!» - де­йиш мухлисларга юпанч бўлолмайди асло!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz