Қайднома

Қидирув

«Қичқирик» Абрамовичникими?

«Қичқирик» Абрамовичникими?

  18.06.2020 02:31
  0
  387
«Қичқирик» Абрамовичникими?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, «Челси» хўжайи­ни Роман Абрамович буюк рассом Эдвард Мунк қаламига мансуб буюк картина - «Қичқириқ»ни сотиб олибди. Тўғри, кўринишидан, бу ёлғон, шекилли. Лекин россиялик олигархнинг тасвирий санъатга худди футболга бўлгани каби ошуфта эканлиги айни ҳақиқат.

Роман Абрамовичнинг қимматбаҳо хариди ҳақида биринчи бўлиб, «Телеграм» тармоғидаги Sotheby~s Life канали маълумот берди. Унда таъкидланишича, «Челси» соҳиби «Қичқириқ» учун 120 миллион доллар тўлабди. Шу тариқа бу хабар бутун медиа оламига тарқалди. Лекин Англияда барчаси инкор қилинди. Жумладан, «Челси»га анча яқин саналган Лиам Туми (The Athletic журналисти) ҳам хабар асоссиз эканлигини таъкидлади. Айтганча, «Қичқириқ» асари 2012 йили Sotheby~s томонидан савдога қўйилган ва деярли 120 миллион долларга сотилган, ваҳоланки, бошланғич баҳо анча паст эди (50 миллион). Гап шундаки, ўшанда сирли картина учун 7 нафар потенциал харидор ўртасида кураш кечган. Аукцион ғолибини узоқ вақт ошкор қилишмади, лекин кейинчалик The Wall Street Journal газетаси «Қичқириқ» америкалик молиячи Леон Блэк мулкига айланганини аниқлади.

Абрамович анчадан буён тасвирий санъатга бефарқ эмас. Forbes маълумотларига кўра, у россиялик энг машҳур замонавий рассом Илья Кабаков картиналаридан коллекция тузган. Бунда Роман Аркадьевичга Дарья Жукова бевосита ёрдам берган. Айтишларича, россиялик олигарх ҳозирда Эдвард Мункнинг бош­қа асарига қизиқмоқда. Дарвоқе, Artnews 2017 йили Абрамовични жаҳоннинг энг асосий 200 нафар санъат коллекционерлари рўйхатига киритганди. Дейлик, «Челси» эгаси Фрэнсис Бэкон асарини 86 миллион ва Люсьен Фрейднинг «Ижтимоий ишчи ухламоқда» номли асарини 33,6 миллион долларга сотиб олган. Умуман, Абрамович кейинги йилиёқ коллекционерлар рейтинги етакчисига айланиши ҳам мумкин.

 

- Эдвард Мунк картинасининг 4та намунаси бор - уларнинг барчаси 1893-1910 йиллар оралиғида чизилган. 2таси қалам, қолгани бўёқ билан.

- «Қичқириқ»нинг шахсий коллекциядаги ягона нусхаси 2012 йили оммавий савдода деярли 120 миллион долларга сотилган.

- Картинанинг қолган 3та нусхаси музейларда сақналади. Уларни 2 марта ўғирлаб кетишган, кейинчалик суратлар топилган, фақат бироз тирналган ҳолатда.

- Картинанинг асосий образлари: табиат, мўмиё ва ўз жонига қасд қилувчилар кўприги.

- Санъатшуносларнинг таҳлилларига кўра, муаллиф ўз ижодида инсон эмас, балки табиат қичқириғини ифода этган.

- Кўча бўйлаб икки дўстим билан сайр қилаётгандим. Қуёш ботаётган вақт. Осмон бирданига қондек қизарди ва юракка оғриқ солувчи сусайишни ҳис қилдим. Жойимда тўхтадим ва ўлгудай чарчаган кишидек деворга суяндим. Шаҳар қон ва олов остида қолгандек эди. Дўстларим йўлда давом этишарди, мен эса орқада қолиб кетдим, қўрқув таъсирида табиатнинг якунсиз қичқириғини эшитдим, - деб ёзган Мункнинг ўзи 1892 йили шахсий кундалигида.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz