Қайднома

Қидирув

Альфонсо Дэвис – Бундеслиганинг янги иқтидори ва...

Альфонсо Дэвис – Бундеслиганинг янги иқтидори ва...

  25.06.2020 04:35
  0
  407
Альфонсо Дэвис – Бундеслиганинг янги иқтидори ва...

Альфонсо Дэвис – Бундеслиганинг Янги иқтидори

Бундеслиганинг янги ёш юлдузи Альфонсо Дэвис карантин даврида афсонавий Гари Линекерга берган интервюсида қочоқлар лагеридан Канадага қандай кўчиб ўтганлигини ёдга олиб, Мюнхен клубидаги фаолиятига ҳам тўхталганди. Ҳозирда телевидение эксперти сифатида фаолият юритаётган Англия футболи тарихидаги энг сара ҳужумчилардан бири Альфонсо билан гаплашаётган паллада, ёш ҳимоячининг телефони жиринглади. Шунда у суҳбатдошидан узр сўраб, телефонига қаради. «Бу Роберт Левандовскими?»  - ҳазиллашди Линекер. Дэвис эса жилмайиб, немис тили ўқитувчиси қўнғироқ қилгани ва дарс режалаштиришганини эслатганини тушунтирди. Кечроқ бўлсада, интервьюни бераётганимизга сабаб, канадалик ҳимоячи яқинда Бундеслига жорий мавсумининг энг яхши кашфиёт футболчиси сифатида тан олинди.

- Альфонсо, қочоқлар лагерида туғилганингни биламиз ва шубҳасиз, ҳаётда баъзи қийинчиликларга дуч келгансан. Болалик давридан нималарни эслайсан?

 - Тўғриси, лагерда ўтган йиллар воқеалари ёдимда қолмаган. Ҳаттоки, футбол ўйнашни қандай ўрганганимни ҳам эслолмайман, ваҳоланки, ҳаммаси айнан лагерда бошланган. Ота-оналар эса аччиқ хотираларни фарзандлари билан бўлишишни хоҳламайдилар. Тўғри, менга баъзи нарсаларни гапириб беришган. Ахир бу ҳаётимизнинг ажралмас бир қисми.

- Қачондир Гана ёки Либерияга қайтишни ҳам хоҳлаганмисан?

 - Бу ҳақда ота-онамга кўп мурожаат қиламан, чунки ҳар икки мамлакатда қариндошларимиз бор. Аммо қайтишни ҳали кутишимга тўғри келади, шекилли.

 - Оиланг учун Канадага кўчиб ўтиш яхши бўлган, аммо сен қийналгансан, барибир...

 - Ҳа, баъзи мураккабликлар бор эди. Аммо бошқа мамлакатга кўчиб ўтиб, хоҳлаган ишимиз билан шуғулланиш имкониятига эга бўлганимиз ажойиб эди. Шу тариқа ҳаётда ўз ўрнимизни топдик. Ота-онам оиламиз оёққа туриб олиши учун самарали ишлашди. Қисқаси, кўчиб ўтиш қарори жуда тўғри бўлган. Энди ота-онам ва оилам билан чинакамига фахрланаман.

- Энг муҳими, Канадада ҳар бир бола учун муҳим саналган сифатли мактаб таълимини олдинг...

- Албатта. Ўзи менга мактабга қатнаш қалбан ёқарди. Чунки футбол қачондир тугайди, билим эса ҳамиша керак.

- Муносиб футболчи бўлишингга айнан қачон ишонч ҳосил қилдинг?

- 2016 йили Ванкуверга кўчиб ўтиб, «Уайткепс» академиясига киргунимга қадар. Асосий жамоа ўйинларини кузата туриб, ўзимча ўйлардим: «Бу айнан мен шуғулланишни истаган иш. Футбол - орзум». Биласизми,  машғулотлар ва ўйинларда ҳамиша бор кучимни сарфлайман. Айни шу хусусият эвазига бугун дунёнинг энг сара клубларидан бирида ўйнамоқдаман.

- Оиланг Ванкуверга йўл олган вақт 14 ёшли ўсмир эдинг. Эшитишимизча, онанг адашиб, ёмон йўлга кириб кетишингдан роса чўчиган, доимо хавотир билан юрган.

 - Ҳа, келажагим унинг энг катта ташвиши эди. Айниқса, академияга киргач, онамдан узоқлашдим, ҳеч ким менга йўл кўрсатиб турмасди. Лекин бир томони борки, «Уайткепс» академиясида шуғулланиш учун мактаб дарсларини ўзлаштириш кўрсаткичингиз маълум даражадан пасаймаслиги керак. Бордию, баҳоларингиз ёмонлашса, ҳаттоки, академиядан ҳайдалишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Шукрки, мактабда яхши ўқидим ва академияда менга етарлича ғамхўрлик қилишди.

- Қизиқ, футболга ким ёки қайси воқеа таъсирида меҳр қўйгансан? Қайси клубга мухлислик қилгансан?

 - Ҳаммаси оддий - отам «Челси»нинг ашаддий фанати. У айниқса, Дидье Дрогбани яхши кўрарди. Хуллас, болалик йиллари отам ёнига ўтириб олиб, «Челси» ўйинларини катта қизиқиш билан кузатардим. Тўғри, бошқа жамоаларга ҳам бефарқ қарамасдим, аммо беихтиёр «Челси»ни қўллаб-қувватлардим.

- 15 ёшингда MLSда дебют қилдинг ва 2017 йили Канада фуқаролигини олиб, мамлакат миллий жамоаси тарихидаги энг ёш футболчига айландинг. Кейинги йили эса, атиги 18 ёшда Канаданинг энг яхши футболчисига аталган соврин соҳиби бўлдинг. Бу ютуқлар билан алоҳида ғурурлансанг керак.

- Албатта, тинимсиз машғулотлар самара бераётганидан хурсандман. Канада фуқаролигини олганимдан кейин дарҳол миллий жамоага чақиришди ва мураббий менда нимадир борлигини тезда пайқади. Йилнинг энг яхши футболчиси мақоми эса кучли туртки вазифасини ўтади.

- 2019 йилнинг январь ойида «Бавария» сафига қўшилдинг. Бу қандай рўй берди? Ўшанда «МЮ», «Челси» ва «Ливерпуль» каби яна бир қатор грандлар ҳам сенга жиддий қизиққан эди.

- Ҳа, турли клубларнинг мени кузатаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалди, лекин айнан қайси жамоалар аниқ таклиф билан чиққанини билмайман. Чунки бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Бир куни телефонимга ажо­йиб хабар келди: «Бавария» сен билан кўришмоқчи». Бошимда хабарга ишонолмадим. Тўғриси, ҳам ҳаяжон босди, ҳам қўрқув уйғонди. Қолгани ўз-ўзидан тушунарли - шунчаки, юқори савияда тўп сура олишни исботлашим талаб этиларди.

- Янги клубдаги биринчи куни  Левандовски ва Нойер каби юлдузлар билан танишишдан ваҳимага тушмадингми?

- Ҳа, ваҳима йўқ эмасди. Ахир кечагина бу футболчиларни фақат телевизордан кўрардим, энди бирданига клубда улар билан учрашиб турибман... Муҳими, ишлаш, ўрганишдан қочмадим ва тезда юлдузлар билан ўйнай бошладим. Яширмайман, бошида бироз қўрқдим. Дейлик, Арьен Роббен сўрашгани олдимга келганида, шунчаки, уни рўпарамда кўриб турганимга ишонолмадим.

- Сенингча, олдинги ҳаётий тажриба, жумладан, қочоқлар лагерида ўтган болалик ва ўсмирлик чоғи Эдмонтондан Ванкуверга кўчиш Германияда ўзингни тезда ўнглаб олишингда қўл келдими?

- Менимча, ҳа. Хусусан, яшаш манзилимизнинг ўзгариши мени хориж сафарига ҳар томонлама тайёрлади. Агар болаликда бу каби қийинчиликларни кўрмаганимда, эҳтимол, уй соғинчидан анча азобланармидим... Тўғри, ҳозир ҳам уйни, қадрдонларимни соғинаман, лекин бунга бемалол чидай оламан.

- Пандемия даври кўпчиликка оғирлик юклади. Билишимча, NHCRга яқиндан ёрдам бердинг. Ҳаётдан олганингни шу тарзда қайтаришни хоҳладингми?

- Ўз платформамдан қочоқлар муаммоси ва шахсий тарихим ҳақида гапириш, одамларни муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга илҳомлантириш мақсадида фойдаланяпман. Қочоқлар лагерларида ижтимоий масофани назорат қилиш жуда мураккаб. У ердаги одамларга овқатланишдан олдин қўл ювиш учун тоза сув ва совун керак.

- TikTok тармоғига қўйган видеоларингни кўрдим. Уларда ҳақиқий артистдек кўринасан - рақслар, қўшиқлар...

 - Футбол мен учун биринчи ўринда, аммо келажакда актёрлик билан шуғулланмоқчиман. Табиатан одамлар кўнглини очишни хуш кўраман. Бунда TikTok айни муддао. Мухлислар майдондаги ҳаракатларимни кузатиш баробарида ҳаётим ҳақида кўпроқ маълумот олишлари мумкин.

Альфонсо Дэвис атиги 19 ёшда, аммо аллақачон дунёнинг энг истиқболли ёш футболчиларидан бирига айланди. 2019 йилнинг январида «Ванкувер Уайткепс» клубидан «Бавария»га 10 миллион евро (ўша вақт MLSнинг рекорд трансфери) эвазига ўтган йигитча Германияда дарҳол ўзини кўрсата бошлади. Чап қанот ҳимоячиси «Бавария»нинг мавсум-2018|2019 доирасидаги 6та ўйинида қатнашди. Жорий мавсум эса футболчи Бундеслига кашфиётларидан бири бўлди. «Бавария» февраль ойида  ЧЛ 1|8 финали доирасидаги илк учрашувда «Челси»ни 3:0 ҳисобида доғда қолдирди. Дэвис «Стэмфорд Бриж»да бўлиб ўтган ўша учрашувда барчани ҳайрат кўчасига етаклади. Жумладан, Гари Линекер ўйиндан кейин дарҳол «Твиттер»даги саҳифасида канадалик йигитчага алоҳида тўхталди: «Альфонсо Дэвиснинг оиласи вақтида фуқаролик уруши туфайли Либериядан чиқиб кетган. Альфонсо эса Ганада, қочоқлар лагерида туғилган ва кейинчалик ота-онаси билан Канадага йўл олган. Мана, 19 ёшида «Бавария»дек клубда ҳайратомуз ўйин кўрсатмоқда. Қандай ажойиб тарих!»

Дэвис яқинда «Бавария» билан янги, узоқ муддатли шартнома тузди. У жамоадошларига дўстона ёндашади, ютуқларига камтароналик билан қарайди ва шунинг эвазига умумэътирофга эришди. Йигитча яна БМТ махсус қўмитаси билан ҳамкорликда қочоқларни қўллаб-қувватлаш масаласига жиддий ёндашмоқда. Дейлик, Дэвис Pro Evoltion Soccer турнирида ўзи каби қочоқлик нима эканлигини биладиган Асмир Бегович билан 3та онлайн-ўйин ўтказиб, трансляциядан тушган маблағни коронавирусга қарши кураш ҳаракатини йўналтирди.

БИР УРИНИШДА ЭНГ ЯХШИСИ!

 «Бавария»да илк тўлақонли мавсумини ўтказаётган канадалик ҳимоячи Альфонсо Дэвис Германия чемпионати-2019|2020нинг энг яхши кашфиёт футболчиси сифатида тан олинди. Бундеслига матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, яқиндагина Германия чемпиони мақомини олган Альфонсо махсус сўровда «Боруссия» Д. ҳужумчиси Эрлинг Холанд, «Шальке» ҳимоячиси Жонжо Кенни, «Боруссия» М. кашфиёти Маркус Тюрам ва «Кёльн» вингери Исмоил Якобсни ортда қолдирди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz