Қайднома

Қидирув

Суперлига, 6-турнинг катта шарҳи ёки АГМК - ҚУВУВЧИ РОЛИДА

Суперлига, 6-турнинг катта шарҳи ёки АГМК - ҚУВУВЧИ РОЛИДА

  30.06.2020 01:19
  0
  349
Суперлига, 6-турнинг катта шарҳи ёки  АГМК - ҚУВУВЧИ РОЛИДА

«Локомотив»нинг навбатдаги омадсизлиги, сўнгги турларда кетма-кет ғалабаларга эришган «Сўғдиёна» ва «Металлург»нинг муҳим очколарни бой бериши, «Қўқон-1912», «Нав­баҳор» ҳамда АГМКнинг аксинча, олға интилишда давом этиши - булар Coca Cola Суперлига 6-турига қисқача таъриф. Шунингдек, пешқадам «Пахтакор» сафар учрашувида навбатдаги 3 очкони расмийлаштирди.

1-КУН: «РЕЛЬС»ГА ҚАЙТИШ ҚИЙИН-ОВ...

Иштаҳаси анча очилган «Қўқон-1912» яна ўз майдонида ўйнаб, яна йирик ҳисобли ғалабани тантана қилди. Қўқонликлар бу сафар «Сурхон»га имконият қолдиришмади. Эътиборлиси, мезбон жамоанинг 3та голи ҳам иккинчи бўлимда урилди. Афтидан, 15 дақиқалик танаффус Бахтиёр Ашурматов шогирдларига ижобий таъсир кўрсатаётгандек. Дастлаб Филипп Райевац ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланган бўлса, 70-дақиқада «Қўқон-1912»нинг штатли пенальтичиси Мурод Холмуҳаммедов «нуқта»дан аниқ зарба йўллади - 2:0. Ўйинга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Суҳроб Бердиев жамоасининг жорий мавсумдаги 3-йирик ҳисобли ғалабасига замин ҳозирлади.

«Локомотив» «рельс»дан чиқиб кетган кўринади, «темирйўлчилар»нинг кетма-кет мағлубиятларини яна қандай изоҳлаш мумкин? Муаммони ҳал этиши тобора қи­йинлашаётган жамоа бу сафар «Бунёдкор» майдонида имкониятни бой берди. «Тошкент дербиси»нинг 19-дақиқасида «қалдирғочлар»нинг туркманистонлик легионери Селим Нурмурадов чиройли гол муаллифига айланди, иккинчи бўлим ярмидан ўтганида эса, Шаҳбоз Эркинов ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди - 2:0. Гарчи иккинчи гол урилган вазиятда ҳужумчи «офсайд»­да тургандек туюлган бўлсада, бунинг аҳамияти қолмади, зеро, ҳакамлар марказга ишора қилишди. Умуман олганда, шу куни «Бунёдкор» рақибига нисбатан мазмунлироқ ўйин кўрсатди ва ғалабага ҳақлироқдек эди. Айтганча, «Локомотив»нинг Ўзбекистон чемпионатидаги мағлубиятли серияси 3та ўйинга етди. «Темирйўлчилар» охирги марта 2009 йили худди шундай омадсизликка йўлиқишганди. Умуман олганда, «Локомотив» жорий йил бошидан буён Андрей Фёдоров қўл остида 7та расмий ўйин ўтказиб, 5тасида мағлубиятни тан олди.

Куннинг учинчи баҳси Навоийда кечиб, унда «Қизилқум» ҳарчанд уринмасин,  «Пахтакор»га бас келолмади. Бутун ўйин давомида катта устунликка эришган «шерлар» Достон Ҳамдамов ва Эрен Дердийокнинг голлари эвазига ортга 2:0 ҳисобида қайтиб, пешқадамликни сақлаб қолишди. Айтиш жоиз, бу Тачмурод Агамуродов жамоаси учун рестартдан кейинги кетма-кет 3-мағлубият бўлди (умумий ҳисоб - 0:6!). Яна бир факт: «Пахта­кор»нинг икки футболчиси узоқ муддатли танаффусдан кейин расмий ўйинда қатнашди. Аниқроғи, Жавоҳир Сиддиқов 416 ва Акром Комилов 362 кундан сўнг. Улар тегишлича ўтган йили ОЧЛда «Персеполис» ва Суперлигада «Қўқон-1912»га қарши кечган учрашувларда жароҳатланишганди.

 

2-КУН: СЎНГГИ СОНИЯЛАР ЖАБРИ

Дастлаб «Пахтакор», сўнгра «Локомотив»ни енгиб, ўзига ишончини анча мустаҳкамлаган «Сўғдиёна»нинг ўз майдонида «Андижон»ни осонгина енгиши тахмин қилинганди. Бироқ водийликлар бу тасаввурлар алдамчи эканлигини исботлаб, ортга муҳим очко билан қайтишди. Жиззахда кечган баҳснинг 63-дақиқасида Шоҳруз Норхонов ҳисобни очгач, Улуғбек Бақоев жамоаси навбатдаги ғалаба сари катта қадам ташлаган, якунда шунга яқин ҳам келганди. Аммо озгина хотиржамлик майдон эгаларига панд берди. Асосий вақтга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган паллада «Андижон» етакчиси Фарҳод Бекмуродов катта саҳнага чиқиб, турнинг энг чиройли голларидан бирига муалллифлик қилди - узоқ масофадан берилган «замбарак» зарбага қарши Милан Митрович ҳеч қандай чора тополмади.

«Насаф» бу сафар қаторасига 3-марта дуранг натижа қайд этди. Қаршиликлар «Бухоро»га қарши уй учрашувида одатдагидек, тўлиқ ташаббусга эга бўлдилар, аммо Рўзиқул Бердиев шогирдларига вазиятлардан фойдаланолмаслик муаммоси яна панд берди. Ўйиннинг асосий вақтини ҳимояда ўтказган бухороликлар сафардаги дурангдан мамнун бўлганликлари тайин, зеро, айни пайт Муҳсин Муҳаммадиев жамоаси учун ҳар бир очко жуда-жуда қадрли.

3-КУН: «НАВБАҲОР» ЗЎРМИ ЁКИ «МЕТАЛЛУРГ» ЎЗИГА ЎХШАМАДИ?

Турнинг 27 июнь санасига белгиланган 3та учрашуви ҳам қайсидир жамоанинг ғалабаси билан хотима топди. Аввалги ўйинларда кетма-кет ғалабаларга эришган «Металлург» Бекободда «Навбаҳор»ни кўтаринки кайфиятда қабул қилди. Аммо Андрей Шипилов жамоаси шу куни ўзига ўхшамади ёки бошқача айтсак, «Навбаҳор» ижросидаги уюшқоқликка асосланган тартибли футбол мезбонларни ритмдан чиқарди. Аслида ўйинда «Металлург» устунлик қилиши кутилганди, лекин «лочинлар» бундай тахминларга терс ўлароқ, тезкор ҳаракатлар эвазига мезбонларни анча шошириб қўйишди. Бекободликлар ўзларига келиб улгурмасларидан ҳисоб очилди: 10-дақиқада Наманган жамоаси етакчиларидан бири Азиз Турғунбоев рақиб ҳимоячиларининг ҳушёрликни йўқотишларидан унумли фойдаланди - 1:0. Шундан сўнг «Металлург» футболчилари олдинга интилиб, қатор ҳужумлар уюштиришди ва 21-дақиқада пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. 11 метрли жарима зарбаси эса Станислав Андреев муаммосиз голга айлантириб, мувозанатни тикланди. Биринчи бўлим охирида эса шу куни фаоллиги билан ажралиб турган Азиз Турғунбоев яна бир бора ўзини кўрсатди: унинг жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган кучли зарбасидан сўнг мезбонлар кипери Александр Лобанов иккинчи марта ожизлик қилди - 1:2. Табиийки, бундай ҳисоб «Металлург»ни асло қониқтирмасди ва жамоа танаффусдан кейин олдинга интилди, аммо уринишлари самара бермади. Аксинча, «Навбаҳор» яна бир ҳужумни муваффақиятли якунлаб, ғалабани мустаҳкамлади. Захирадан ўйинга қўшилган Жавлон Иброҳимов ва Руслан Болов ҳамкорлигида ташкил этилган ҳужум маъноли чиқиб, россиялик легионер Суперлигадаги голлари сонини очди. Шу билан Андрей Канчельскис жамоасининг мағлубиятсиз одими 5та ўйинга етганини алоҳида таъкидлаш керак.

Шу куннинг яна бир қарама-қаршилигида «Машъал»­ни кичик ҳисобда енгган АГМК турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди. Олмалиқликлар Муборак жамоасига қарши баҳсда одатий фаолликни йўқотмаган бўлсалар, меҳмонлар асосан ҳимояланиб, вақти-вақти билан қарши ҳужумга ўтишди. Кульминацион нуқта 71-дақиқага тўғри келиб, у Баҳром Абдураҳимовнинг голи билан эсда қолди - 1:0. «Машъал» мураббийлари шундан сўнг режани ўзгартириб, шогирдларини олдинга чорлашди, лекин уларнинг барча уринишлари зое кетди. Хуллас, АГМК қаторасига 4-ғалабасини расмийлаштирган бўлса, «Машъал» 3та дурангдан кейин яна мағлубият кўчасига кирди. Қолаверса, Олмалиқ клуби жорий мавсумнинг дастлабки 6та ўйинида мағлубият нималигини билмай, бу борада ўз рекордини янгилади. Олмалиқликлар 2013 йили дастлабки 5та турда 2та ғалаба ва 3та дуранг қайд этишганди.

 

«ҚЎҚОН-1912» - «СУРХОН» - 3:0 (0:0)

«БУНЁДКОР» - «ЛОКОМОТИВ» - 2:0 (1:0)

«ҚИЗИЛҚУМ» - «ПАХТАКОР» - 0:2 (0:0)

«СЎҒДИЁНА» - «АНДИЖОН» - 1:1 (0:0)

«НАСАФ» - «БУХОРО» - 0:0

«МЕТАЛЛУРГ» - «НАВБАҲОР» - 1:3 (1:2)

АГМК - «МАШЪАЛ» - 1:0 (0:0)

А.АҲМЕДОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz