Қайднома

Қидирув

Мирзоҳид Ғофуров: «Навбаҳор» таркиб бўйича «Пахтакор»дан ҳам қолишмайди»

Мирзоҳид Ғофуров: «Навбаҳор» таркиб бўйича «Пахтакор»дан ҳам қолишмайди»

  04.07.2020 13:40
  0
  345
Мирзоҳид Ғофуров: «Навбаҳор» таркиб бўйича «Пахтакор»дан ҳам қолишмайди»

Жорий йил ўз олдига ОЧЛга чиқиш вазифасини қўйган «Навбаҳор» карантин туфайли юзага келган танаффусдан кейинги икки учрашувда чакки кўринмади ва муҳим очколарни қўлга киритди. «Лочинлар» жумладан, 4-тур доирасида «Насаф» меҳмони бўлиб, жанговар дуранг қайд этишди. Кейинги турда эса ишлари юришмаётган «Бухоро»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида устун келишди. 6-тур олдидан «Навбаҳор»нинг рестартдан кейинги ҳар икки ўйинида алоҳида фаоллик кўрсатган ярим ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуровни суҳбатга тортиб, унга кўпчиликни қизиқтирадиган бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Мирзоҳид, келинг, суҳбатимизни «Бухоро»га қарши кечган ўйин ҳақидаги умумий фикрларингиз билан бошласак...

- Учрашув хусусида нима дейишим мумкин? «Насаф»га қарши кечган ўйинда ғалабани қўлдан чиқарганимиздан кейин ўз майдонимизда 3 очко олишимиз шарт эди. Бинобарин, жамоани ғойибона қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизни бундан бошқа натижа асло қониқтирмаслиги тайин. «Бухоро» Наманганга турнир аутсайдери мақомида келган бўлсада, биздан рақибга жиддий ёндашиш ва асло бўшашмаслик талаб этиларди. Бевосита ўйинга тўхталсам, назоратни қўлга олиб, керакли натижа қайд этдик. Тўғри, бухороликлар муносиб қаршилик кўрсатишди, баъзи ҳолатларда анча хавотирга ҳам солишди.

- Ўтган йили Наманганда «На­саф»га қарши кечган ўйин натижасини энг аламлиси сифатида тилга олган эдингиз. Мана, Қаршида гол урдингиз, жамоангиз эса ортга 1 очко билан қайтди. Хўш, алам бироз пасайдими? Ҳар ҳолда, «Навбаҳор» жорий мавсум «Насаф»дан очко тортиб олган биринчи жамоа бўлди...

- Ҳа, Қаршида гол урдим, жамоамиз икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олди, бироқ якунда ғалабани қўлдан чиқардик. Шундай экан, ўтган йилги учрашувдан қолган аламим тўлиқ босилгани йўқ. Худо хоҳласа, иккинчи давра доирасидаги баҳсда «Насаф»ни мағлубиятга учратсак, аввалги мавсум Наманганда бўлган ўзаро учрашувнинг сўнгги лаҳзаларида гол қўйиб юборганимиз алами унутилади. Қаршида бунга зўр имконият туғилганди, афсуски, охирида ғалабани дурангга алмашиб олдик...

- Қаршидаги ўйинда исталган пайт ҳужумга ўтиб, гол уришинглар мумкинлигини кўрсатдинглар. Бироқ ҳисобда олдинга чиқиб олгач, негадир ҳимоявий ўйинга эътибор оширилди. Ваҳоланки, жамоа ҳужумга кўпроқ чиққанида, балки яна гол уриб, устунликни мустаҳкамлаш имконияти юзага келармиди...

- Ҳар қандай жамоа ўз майдонида мағлубиятга учраётганида, бор кучини ҳужумга ташлаши аниқ. Айни шуни инобатга олиб, қарши ҳужум тактикасига таяндик. Мисол учун, иккинчи голни айнан қарши ҳамла чоғи урдик. Табиийки, меҳмон жамоа ҳисобда олдинга чиқиб олгач, ўз-ўзидан ҳимояни мустаҳкамлашга эътибор қаратади. Чунки бу синалган тажриба. Айниқса, «Насаф» каби ҳужумкор рақиб майдонида шундай ўйнаш мақсадга мувофиқ.

- Умуман, жорий мавсумнинг бошланғич қисми қандай таассурот қолдирди? Сафарда 3та ўйин, икки дуранг ва бир мағлубият. Уйда эса 2та ғалаба. Аслида дастлабки 4та турдаги рақиблар анойилардан эмасди.

-  Тўғри, Суперлига старти тақвим бўйича жамоамиз учун бироз мураккаб келди. Ҳар ҳолда, дастлабки 4та турда «Пахтакор», «Локомотив» ва «Насаф» каби кучли рақиблар билан куч синашишимизга тўғри келди. Шунингдек, «Андижон» ҳам ўз майдонида ҳар қандай жамоага қийинчилик туғдира олади. Қолаверса, «Водий дербиси» мақомидаги ўйинда мезбон жамоа ўз мухлислари қаршисида фақат ғалабага интилиши турган гап. Энди сафарда кечган ўйин­ларимизга тўхталсам, 1-турда «Пахтакор»га муносиб қаршилик кўрсатдик. Фақат иккинчи бўлимда бир киши кам бўлиб қолганимиз натижага таъсир қилди. Андижон ва Қаршида эса шунчаки, бироз омадимиз чопмади. Акс ҳолда, ортга ғалаба билан қайтардик. Меҳмондаги 3та учрашувдан 2тасида дуранг - бу ёмон натижа эмас, менимча. Айниқса, ўйинлар 2та жиддий рақибга қарши ва «Водий дербиси» мақомида кечганини инобатга олсак. Энди иккинчи даврада мазкур жамоаларни Наманганда қабул қиламиз ва ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

- Карантин қоидалари қатъий ва фойдали, шунинг баробарида бироз зерикарли. Бунга қандай кўникдингиз?

- Тўғри, футболчилар ҳаёти асосан машғулотлар ва сафарлар билан ўтади. Шунинг учун бошида карантин тартибида анча қийналдик. Аммо илож қанча, кўникишга тўғри келди. Шунингдек, спорт формасини йўқотмаслик мақсадида жамоамиз мураббийлари белгилаб берган жадвал асосида якка тартибда шуғулландик. Хайриятки, ҳаммаси ортда қолмоқда.

- Бундан 4-5 йил олдинги ҳолат бўлганида, ҳозирги даражангиз билан «Навбаҳор»да ўйнамасмидингиз... Демоқчимизки, айни пайт вилоят бош жамоасида тўп сураётганингизда, ҳудуд футболига эътибор анча ошганининг роли ҳам бор.

- «Навбаҳор» - вилоятимизнинг бош жамоаси. Қолаверса, клуб ёрқин тарих ва обрўга эга. Вақтида акам - Рашид Ғофуров ушбу жамоа сафида тўп суриб, Ўзбекистон кубогини қўлга киритган. Шундан келиб чиқсак, «Нав­баҳор» нафақат ўзим, балки бутун оиламиз учун қадрли жамоа саналади. Тўғри таъкидладингиз, ҳозирда клубимизни Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, шунингдек, бошқа мутасадди раҳбарлар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришибди. Албатта, бундай кучли эътибор футболчиларга қўшимча мотивация беради. Худо хоҳласа, ишончни оқлаб, жорий мавсум якунида Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритамиз.

- Кўпчилик тахминича, бу йил ҳам чемпионлик яна «Пахтакор»га насиб этишининг  эҳтимоли катта. Тошкент клубининг ҳозирги таркиби футбол жамоатчилиги эътирофида. Бу борада нима дея оласиз?

- Ўзи «Пахтакор» азалдан кучли таркибга эга бўлиб келган. Одатда жамоа мамлакатимиздаги энг кучли футболчиларни ўз сафига жамлайди. «Пахтакор»нинг айни таркиби ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Аммо «Нав­баҳор» бу йил таркиб нуқтаи назаридан «Пахтакор»дан асло қолишмайди. Буни 1-турда Тошкентда  «шерлар»га қарши кечган ўйинда исботладик. Танаффусга ҳаттоки, ҳисобдаги устунлик билан чиқдик. Бироқ ҳали айтганимдек, иккинчи бўлимда бир киши кам бўлиб  қолганимиздан кейин асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, якунда аламли мағлубиятга учрадик.

- Таркиб борасида гап очилган экан, «Навбаҳор» сўнгги икки йилда 2та жиддий йўқотишга дуч келди. Бири - жамоа етакчиларидан бири Аъзам Алиев, иккинчиси - Жаҳонгир Меҳмонов. Тўғриси, бу футболчиларнинг жамоадан кетишлари кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.

- Ушбу савол мен эмас, «Навбаҳор» раҳбарияти ва мураббийлар штабига берилиши керак. Аъзам Алиев ва Жаҳонгир Меҳмонов дарҳақиқат, тажрибали футболчилар ва ҳар қандай жамоани кучайтиришга қодирлар. Аммо уларнинг нима сабабдан кетишгани мен учун қоронғу. Буни яхшиси, уларнинг ўзларидан сўраганингиз маъқул...

- Жамоадошингиз Игорь Голбан яқинда Ўзбекистон фуқаролигини олди. Унинг мақсади миллий терма жамоамизда ўйнашми ёки бош­қа сабаби ҳам бор?

- Менимча, Игорь Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнамоқчи. Яна қандай сабаб бўлиши мумкин? Голбан тажрибали ҳимоячи, менимча, унинг миллий жамоамизда тўп суриши фойдадан холи эмас.

Ўз даврининг юлдуз футболчиси Шуҳрат Мирхолдиршоев «Нав­баҳор» раҳбариятига олиб келинди. Акангиз Рашид Ғофуров эса ўринбосарлар жамоаси бош мураббийи ролига тайинланди. Келаси йилдан жамоа таркибига қўшилиши мумкинлиги айтилаётган Одил Аҳмедов ҳам Наманган футболига бефарқ эмас. Шундан келиб чиқсак, жамоанинг 2-3 йилдан кейинги ҳолати бўйича қандайдир тасаввурга эгамисиз?

- Худо хоҳласа, бу йил ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритамиз, бу мақсад йўлида барча имкониятларни ишга соламиз. 2-3 йилдан кейин эса «Навбаҳор» чемпионлик учун чинакамига курашадиган жамоалар қаторига кирса, ажабмас.

- Гарчи позиция бўйича бошқа чизиқда ҳаракатланаётган бўлсангизда, умумий савия мезонига кўра, акангиз Рашид Ғофуров даражасига чиқа олдингизми ёки...?

- Акам футболчилик фаолияти давомида кўплаб совринларни қўлга киритган. Жумладан, «Бунёдкор» билан Ўзбекистон чемпиони бўлган, «Навбаҳор» сафида кўп бора бронза медали, шунингдек, мамлакат кубогини ютган. Шундай экан, ҳали акам даражасига етишимга анча бор, менимча.

Хуршидбек  суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz