Қайднома

Қидирув

Футболимиз сабаб юлдузларга яқинмиз...

Футболимиз сабаб юлдузларга яқинмиз...

  08.07.2020 09:26
  0
  421
Футболимиз сабаб юлдузларга яқинмиз...

Ниҳоят, «лочинлар» баланд-баланд парвоз қила бошлашди. Андрей Канчельскис ваъдаси устидан чиқмоқда. У таклиф этган ва танлаган легионерлар ишончни оқлашмоқда. Ана, «Сўғдиё­на»га қарши кечган мураккаб учрашувда Руслан Болов ва Иван Соловьёв гол уришди. Ғалаба! Наманганлик мухлисларнинг қувончлари чексиз. Шодлик устига шодлик шуки, Леонид Кошелев «Навбаҳор» сафарда «Бунёдкор»ни ҳам енгишини башорат қилди. Биламизки, яқин ўтмишнинг моҳир футболчиси унча-мунча башоратдан ўзини тияди. Демак, унинг бу тахмин-башорати учун асослар етарли. Акс ҳолда, Леонид Кошелев дангал сўзламасди. Қолаверса, Улуғбек Бақоев ҳам «Навбаҳор» истиқболи ва потенциалини юқори баҳолади. Демак, «Сўғдиёна» бош мураббийи ниманидир сезган, ҳис қилган. Йўқса, у ўйиндан сўнг наманганлик мухлислар учун ҳузурбахш сўзларни айтмасди. Сезган, ҳис қилганки, у ҳам дадил гапирди...

Хўш, таниқли мутахассислар ва мухлислар нима сабабдан «Навбаҳор»нинг яқин истиқболдаги ёрқин ғалабаларига ишонишмоқда? Бунда бир сир-синоат борми? Йўқ, синоат ҳақида оғиз очиш ўринсиз. Ҳамма гап бош­қарув, эътибор ва шароитда! Мавсум рестарти арафасида вилоят ҳокими, сенатор Хайрулла Бозоров жамоа билан учрашиб, футболчиларга ажойиб совғалар топширгани мухлислар ўртасида шов-шув бўлди. Ҳамкасбларимиз бу мавзуни ким ўзарга ёритишди. Ҳаттоки, айримлари айни шу масалада бир-бирлари билан тортишишди. Воқеалар ривожини жимгина кузатар эканмиз, халқ жамоаси ҳақиқий эгалар қўлида эканлигидан қувондик, айни чоғда бу қувонч узоқ вақт давом этишини жуда-жуда истадик. Гоҳо кишини шундай мислсиз туйғулар қамраб олади. Дилингдаги тилингга кўчмайди. Сўзнинг сеҳрли қудратига ишонасанда, мавжуд реалликка дахлдор ҳақиқатларни тилингга чиқармайсан. Рўй бериши мумкин бўлган ташвишли ҳолатларни аввалдан айтсанг ва бу ҳақиқатга айланса, ўзингни айбдор сезасан киши. Мухлислар «Ҳаммасига шу айбдор!» дея сени кўрсатаётгандек туюлади. Ҳолбуки, футболимиздаги барча муаммолар аслида жамиятдаги сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқлигини ҳар ким ҳам узоқ ўйлаб ўтирмайди. Сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар кўзланган маррага етиб, жамият ҳаётида фаровонлик даври барқарорлашмагунга қадар футболимиздаги муаммолар ўз ечимини топмайди.

Муаммолар бир-бирига шу қадар алоқадорки, уларни битта-биттадан, ҳар бирини алоҳида-алоҳида ҳал қилиб бўлмайди. «Шердор» Биринчи лигада иштирок этишни хоҳлаяпти, Бахтиёр Сатторов айни шу мақсад йўлида борини бермоқда, футбол жамоатчилиги ва мутасаддиларни уйғотишга уринмоқда. Узр, «Мутасаддиларни уйғотишга уриниш» - бу ибора уларнинг уйқуда ётганларини англатмайди. Бахтиёр Сатторов мутасаддилар ўзининг сўзларига эътибор қаратишлари ва муаммони ижобий ҳал қилишларини истаяпти. Афсуски, биз сиёсий-иқтисодий ривожланишнинг шундай босқичидамизки, бу паллада ҳар қандай истак, гарчи у умумманфаат йўлида бўлса ҳам, амалга ошавермайди. Чунки жамият тараққиёти нотекис, шунга яраша фаровонлик ҳам баланд-паст. Мазкур мулоҳазаларни ёзишга шайланар эканмиз, ҳозирги хулосани исботловчи воқеа юз берди. Телефон тўсатдан узун-узун садо берди. Бироз бемаврид, бироқ жавоб бериш лозим. Қарадик - Темур Тўрабоев! Суҳбатлашдик. Кеча Наманганга келган эди, бугун яна Тошкентга жўнабди. Сабабини сўрадик. Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган уйлар учун шартнома тузиш бошланибди. Табрикладик ва оқ йўл тиладик! Уй учун шартнома тузиш - бугуннинг энг зарур иши! Уни кечиктириш асло мумкин эмас! Буни уй олиш орзусида юрганлар, Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган уйларга етолмаганлар жуда яхши билишади! Қаранг, икки хонали квартиранинг баҳоси - 217 миллион сўм. Дастлабки тўлов - 31 миллион сўм! Қолган маблағ 20 йил давомида тўланади! Бу - давлатимиз раҳбарининг ижодкорларга нисбатан юксак эътибори намунаси! Қойил! Офарин! Жуда кўп ҳолатларда матн шундай шукуҳли якунланади. Бироқ ҳаётда барчаси аъло эмас-ку? Ҳамма ўша бахтли ижодкорлар каби уй сурури билан яшамаяпти-ку?! Дейлик, журналистларга ёзувчи-шоирларга берилгани каби уйлар ярашмайдими?! Ярашади! Лекин факт шуки, ҳозир бундай жараён ёки ҳаракат сезилмаяпти. Эрта-индин бўлишига ишончимиз комил! Ҳозирча сабр қилишга тўғри келади. «Қачонгача?» дейиш ярамайди. Шундай ёзамизу, аммо сабр косаси тўлганлар ҳам борлигини ўйлаб, яна тилимизни тишлаймиз. Тараққиёт нотекис, фаровонлик баланд-паст деганимиз шу! Футболимизда ҳам айни чоғда шундай нотекис ривожланиш, баланд-паст воқелик ҳукмрон!

Диёр Имомхўжаев «Шердор» муаммосига эътибор қаратди, лекин муаммо ижобий ечим топмади. ПФЛнинг вақтинча раҳбари муаммони изоҳлаш жараёнида регламентга асосланди ва у шундай йўл тутишга мажбур. Чунки регламентни бузса, уни айблашади. Ваҳоланки, вазият шундайки, мавжуд муаммони ижобий ҳал қилиш учун регламентни ўзгартириш лозим. Бошқачароқ айтганда, Бахтиёр Сатторов бежиз жон куйдирмаяпти. Унинг куюнишлари фақат «Шердор» учун эмас. Агар регламент ўзгартирилса ва молиявий тўловлар миқдори кескин камайтирилса, Биринчи лигада наинки «Шердор», балки бошқа жамоалар ҳам иштирок этади. Спорт тамойилларига кўра, Диёр Имомхўжаевнинг позицияси тўғри. Мутасадди регламентга асосланган ҳолда иш юритмоқда. Ундан ортиғини талаб қилиш ноўрин. Бироқ вазиятни шу ҳолатда ташлаб қўйиш, мавжуд муаммога регламент сабаб ижобий ечим топмаслик - футболимиз тараққиёти учун хиёнат билан тенг. Энди жим қараб туриш вақти ўтди. Қайсидир расмий ҳужжат футболимиз тараққиёти учун халал беряптими, демак, уни ўзгартиришимиз ва тараққиёт талабларига мослаштиришимиз даркор.

Аён бўлмоқдаки, футболимиз тараққиётидаги ўтиш даври ҳали узоққа чўзилади. Шафқатсиз хулоса шуки, биз сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар маромига бўйсунамиз ва Суперлига ҳамда Про-лига форматини яна ўзгартирамиз, барибир. Эътибор бердингизми, Диёр Имомхўжаев ўз сўзида Ҳамид Актамовдаги 2та ижобий жиҳатни кўрсатди, яъни «Қизилқум»нинг собиқ бош мураббийи жамоани ҳар доим Суперлигада сақлаган ва футболчилардан қарздор бўлмаган. Ҳамид Актамов ва бошқа мураббийлар тан олишса-олишмаса, айтамиз: бу - футболимиздаги «адолат» йўли! Футболчилар майдонда астойдил тўп суришни исташади, айни чоғда кўп пул топишни ҳам. Аммо бу икки истак ҳамиша бир-бирига мос тушавермайди. Мулоҳазаларимиз аввалида «Навбаҳор»даги вазиятни олқишладик. Сир эмас, олқиш манбаи - ҳокимлик! Ҳокимлик рулида эса ҳар доим футболсевар раҳбар бўлавермайди. Кўриниб турибдики, ҳаммаси вилоят ҳокимининг футболга қизиқиши қай даражадалигига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Футболимиздаги муаммо - мана шу боғлиқлик. Диёр Имомхўжаев эса шу боғлиқликка қарши. Чунки боғлиқлик бир маромда бўлишига қонуний кафолат йўқ ва бўлмайди ҳам. Бундай вазиятда муаммони ҳал этишнинг ягона йўли - футболимиз бошқарувига алоқадор барча расмий ҳужжатларни янгилаш ва уларни замон талабларига мувофиқлаштириш, мувофиқлаштириш жараёнида ҳудудларнинг иқтисодий ҳолати, баланд-пастлиги, мухлисларнинг истак-хоҳишларини ҳисобга олиш!

О, бу жараён нақадар мураккаб! Нақадар қийин бу орзулар рўёбини таъминлаш! Ҳа, мураккаб, қийин, лекин индамай қўл қовуштириб ўтириш ҳам мумкин эмас! Бугун қутлуғ 80 ёшдан ҳатлаб, ҳамон футбол ишқида ёнаётган Ғуломжон Ҳамидов ва у кишининг авлоди бўлмиш табаррук нуронийлар, ҳозирча муаммолар нелигини ўйламаётган, ўйлолмайдиган навқирон ёшлар ҳурмати мураккаб ва қийин жараёндан мувоффақиятли ўтишимиз шарт. Мулоҳазамизни шукуҳ билан бошлагандик. Уни Ғуломжон Ҳамидовнинг шукуҳли шеъри билан якунлаймиз.

ДАВРОНГА ОЛҚИШ

Тингласам яйрайди онг-у шуурим,

Даврон Файзиевнинг шовқинсиз шарҳин.

Нетай шундай шарҳлар менинг сурурим,

Сўрамай сарфлайман қиммат вақт нархин.

 

Ёқимли таралар сокин овози,

Жўяли изоҳи маъқул барчага.

Микрофон гўёки унинг ҳур сози,

Айланар ҳар шарҳи заррин парчага.

 

Давом этаётир қутлуғ анъана,

Шарҳлар султонини сўранг ҳар кимдан.

Мухлислари бугун қилур тантана,

Олқиш Аброр ота, Мирзаҳакимдан!

 

Мукофот муборак, эъзозлаб уни,

Зафар булоғига олгин ботириб.

Термамиз Қатарга йўл олган куни,

Мундиал шарҳини қўйгин қотириб!

Муҳтарам мухлис! Бугун футболимиздаги қувонч ва ташвишлар зиддияти ҳақида ёздик. Ўйлаймизки, мулоҳазаларимиз эгасини топади. Бугун бўлмаса, эртага топишидан умидвормиз. Ахир айтишади-ку, умидсизликда ҳам умид қилиш қобилиятига эга кишигина бошқаларга нисбатан юлдузларга яқин туради!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz