Қайднома

Қидирув

Бедору бахтиёр Ливерпуль...

Бедору бахтиёр Ливерпуль...

  09.07.2020 08:37
  0
  193
 Бедору бахтиёр Ливерпуль...

25 июндан 26-санага ўтар оқшом «Манчестер Сити» Лондонда «Челси»га ютқазиб қўйди ва «Ливерпуль» 30 йиллик танаффусдан кейин Англия чемпиони унвонини расмийлаштирди. Футбол мавсумининг ушбу тарихий воқеаси бугун ОАВ учун бош мавзудир. Бутун Ливерпуль орзиқиб кутилган зафар шарафига тунни бедор ўтказди. Хуллас, АПЛнинг янги чемпионига аталган биринчи мақоли ушбу ғалаба меъмори - камтарин ва камсуқум Юрген Клопп ҳақида.

Машҳурликнинг илк сўқмоқлари

Юрген Дортмунд «Боруссия»сидаги ёрқин фаолияти билан жамоатчилик эътиборини қозонишига қадар узоқ вақт атиги 200 мингга яқин аҳолига эга Майнц шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Ўша даврда «Майнц» иккинчи дивизиондан юқорига чиқмаган, Клопп эса топ-футболчи мақомида эмасди. Муҳими, Юрген камтарин жамоага садоқат билан хизмат қилди, ҳимоядан тортиб, ҳужумгача - барча позицияларда тўп суриб, жами 450та учрашувда 56та гол урди. Клопп «Майнц» тизимига шунчалик қоришиб кетган эдики, 2000|2001 йиллар мавсуми ўртасида жамоа бош мураббийини истеъфога чиқарган мутассаддилар бошқарув рулини айнан унга топширишди. Ваҳоланки, Юрген ўша пайт ҳали футболчилик фаолиятини якунлаган эмасди. Яъни тажрибали фахрий сифатида майдонга тушиб турар ва жамоадошлари ўртасида юксак нуфузга эга эди. Қолаверса, клуб фаолиятига оид барча масалаларда шахсий нуқтаи-назари билан ажралиб турарди. Табиийки, бу таваккал қарор бўлсада, камтарин «Майнц» учун ҳеч нарсани англатмасди. Чунки клубда йўқотадиган нарсанинг ўзи қолмаганди.

Қачондир Клопп ҳақида сериал яратилса, унинг бош қаҳрамони дебют мавсумидаёқ жамоасини Бундеслигага олиб чиқса, ҳеч ким ажабланмайди. Муболаға - асар безаги. Бироқ Юрген аслида фаолияти давомида қийинчиликларни машаққатли меҳнат эвазига енгиб, чўққини аста-секин забт этди. Дейлик, Клопп тузган «Майнц»нинг элитага чиқишига 2 марта атиги 1 очко етишмади, клуб фақат учинчи уринишда кучлилар сафидан жой олди. Бу миттигина шаҳар учун тарихий воқеа бўлиб, қувончу-шодликнинг чегараси йўқ эди. Аммо Клопп жамоасининг элитада «жон» сақлаб қолиши осон эмаслигини ҳамма яхши тушунарди. Боз устига, «Майнц» учун Бундеслигадаги дебют мавсумга тайёргарлик жараёни ўта ажабтовур кечади.

Йигитларга йўҚни йўндиришни ўргатиш

- Жамоа билан Швециядаги кўл сари отландик. Сафаримиз 5 кунга мўлжалланганди. У ерда электр қуввати, бизда эса егулик йўқ. Лекин қармоқларимиз бор, егуликни ўзимиз топишимиз лозим. Балиқ пишириш учун гулхан ёқишни ўргандик. Ҳар куни ёмғир ёққани учун чодирда ухлардик. Ёрдамчим футболчиларни лоақал эрталаб югуриш машқларига олиб чиқиш учун изн сўради. Лекин буни тақиқладим: «Бу ерга футбол ўйнаш эмас, омон қолишни ўрганиш учун келдик». Ёрдамчим ҳеч нарса демади. Билдимки, у мени телбага чиқарди...  - бу Юргеннинг ўша антиқа тажриба ҳақидаги ҳикояси. Аммо мураббий 5 кунлик аччиқ сабоқ ғоят фойдали бўлганини ҳам ишонч билан таъкидлайди: «Орадан неча йиллар ўтгач, ўша йиғинда иштирок этган футболчилардан бирини учратдим. У ҳар бир дақиқани ҳанузгача унутмаганини айтди. Ўшанда ҳайратланарли ҳиссиётлар оғушида ўзимизни афсонавий қаҳрамонлардек ҳис этгандик. Йиғиндан қайтганимизда бизни танимай қолишди - аҳил жамоа­га айланган эдик»

«Майнц» Бундеслигадаги дебют мавсумида 11-ўринни банд этади. Қўшимчасига, «Фэйр-плей» совринига лойиқ топилиб, еврокубоклар йўлланмасини қўлга киритади.

Ишга муносабат иқтидордан муҳимроқ

Юрген қандай юмуш билан шуғулланишидан қатъий назар, бор диққат-эътиборини шунга жалб этади. Бу одатни болалик давридаёқ ўзлаштирганди. Отаси доимо у билан теннис, чанғи спорти ва футбол бобида куч синашар, кичик болакайни ҳеч қачон аямасди. «Чанғида учиш бобида отамга етиб олишга ҳарчанд уринсамда, яққол ортда қолиб кетардим. Теннисда эса ҳамиша 0:6, 0:6 ҳисобида ютқазардим. Бир куни чидай олмадим: «Шу ўйин менга ёқади, деб ўйлайсизми?» Отам ҳам аяб ўтирмади: «Нима, сенинг ношудлигинг менга завқ беради, деб ўйлайсанми?» У ўта шафқатсиз эди. Лекин шу қаттиққўллиги билан ҳар бир ишга бор куч-қувватимни сарфлашни ўргатди». Юргеннинг шу хотирасидан ҳам билиш мумкинки, ота-бола ўртасидаги муносабат анча жиддий бўлган. Муҳими, Юрген ҳозир Норберт Клоппдан алоҳида фахрланади: «Ишончим комил, отамнинг руҳи доимо мени кузатиб туради. Демак, у атрофимда юз бераётган воқеалардан мамнун».

- Мен учун футболчининг ўз вазифасига муносабати унинг иқтидоридан муҳимроқ -  мураббийнинг мазкур эътирофи ҳам отадан мерос тарбия самарасидир. Юргеннинг «Майнц»даги жамоадоши ва жонажон дўсти Томас Цимернинг айтишича, у ўртамиёна ўйинчи саналсада, доимо кучли иштиёқ билан тўп сурган. Шунингдек, кийиниш хонасида барча йигитларнинг энг яқин маслакдоши бўлган.

Эҳтиросга берилмасдан ишлаш керак

«Майнц» икки йилдан кейин элита билан хайрлашади. Клопп эса жамоада қолади ва уни бир уринишда Бундеслигага қайтаролмаса, кетишини маълум қилади. Якунда қайтаролмайди, атиги 2 очко камлик қилади. Ваъдага вафо - марднинг иши. Хуллас, «Майнц» Клоппни олиб қолиш иложини тополмайди. Хайрлашув эса жуда эҳтиросли ўтади. «Боруссия» Д. 2008 йилнинг 23 май санаси Клопп билан шартнома тузганини эълон қилганида, у Дортмундда эмасди. Юрген бу вақтда 19 йиллик умри ўтган шаҳар билан хайрлашаётганди. «Боруссия» Д. ўша йиллар унча жиддий жамоа саналмасди. Ҳар ҳолда, дортмундликлар Клоппни чорлашдан олдинги мавсумни 13-поғонада якунлашган, боз устига, молиявий муаммолар қуршовида қолишганди. Аслида 2007|2008 йиллар мавсумида 4-ўринда эгаллаган «Гамбург» ҳам Клопп билан ҳамкорлик қилишни истаганди. Аммо клуб номзод билан мулоқот чоғи унинг кийимига эътибор қаратади. Бу икир-чикирлар ЧЛ-2012|2013 финалидан бир ҳафта аввал, нуфузли мусобақа кашфиётига айланган «Боруссия» Д. бош мураббийининг The Guardian нашрига берган интервьюсидан маълум бўлганди. Ўшанда Клопп касбдошларимизни ўз уйида, жинси шим ва кўксига «Мен Лондонни севаман» ёзуви ҳамда «Боруссия» логотипи туширилган қора-сариқ футболка кийган ҳолда қарши олган ва клублар вакиллари билан суҳбатни ёдга олганди: «Мени нима учун «Гамбург»га олишмаганини яхши биламан. Улар 3 киши бўлиб, 2 нафари салоҳиятимга ишонч билдирди. Лекин учинчисини қониқтиролмадим. Сабаби, ўшанда ҳам ҳозиргидек либосда эдим. Кейинчалик уларга мени аввалги жамоамда «Клоппо», деб чақиришгани маъқул келмаганини газетада ўқиб билдим. Гўёки, бу лақаб янги жамоада обрў топишимга йўл қўймас эмиш. Хуллас, «Гамбург» вакилларига қўнғироқ қилиб, менга шубҳа билан қарайдиган жамоада ишлай олмаслигимни айтдим».

Клопп айни ўша интервьюсида ўз вазифасига имкон қадар эҳтиросга берилмай ёндашиш ниятида эканлиги, бироқ буни уддалолмаётганини тан олганди: «Майнц»дан кетаётганимда мухлислар бир ҳафта кўз ёш тўкишди, мен ҳам йиғладим. Улар хайрлашув оқшомини ажойиб тарзда уюштиришди. Ўзи хайрлашув бир неча кунга чўзилиб кетди. Ўшанда кейинги фаолиятимда эҳтиросга берилмасликка аҳд қилгандим. Ортиқча эҳтирос соғликка зарар эканлигини биламан. Аммо «Боруссия»да ҳам шундай ҳафтани бошдан кечирдим. Қизиқ, қаторасига иккинчи марта шундай муҳитдаги жамоага дуч келдим». Аслида муҳитнинг аҳамияти йўқ, ҳамма иш Клоппнинг фалсафасида: у ўзига хос услуби билан шогирдларига ажойиб ҳамжиҳатликни сингдиради. «Руҳият - муваффақият гарови, усиз ҳар қандай техника ўз кучини йўқотади»  - Клопп «Майнц»да ассистенти Желько Бувач билан айни шу ақида асосида ҳамкорлик қилди, кейин улар «Боруссия»да 7 йил ишлаб, Англияга йўл олишди. Тўғри, яна 3 йилдан сўнг ҳамкорликлари ниҳоясига етди. Лекин факт шуки, 17 йил давомида бир мақсад сари интилиш - камдан-кам жуфтликка насиб этади.

Клоппнинг ўз ғояларини юқтириш қобилияти ҳаттоки, ўз оиласини ҳам четлаб ўтмаган. Дейлик, болалар руҳшуноси бўлмиш рафиқаси Улла ҳам футболга бефарқ эмас. Ижтимоий таъминот соҳасида фаолият юритадиган Улла гуманитар кўмак дастурига асосан Африкада бўлиб, хаста болакайлар саломатлигини тиклашга ҳисса қўшаётганди. Юрген билан танишганидан кейин эса болалар учун футбол ҳақида 2та асар яратди.

КўпроҚ югуриб, дам олиш кунига эга бўл!

Юрген ўз фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатган мутахассислар сифатида Арриго Сакки ва Вольфганг Франкни эътироф этади. Уларнинг бири кўпчилик мухлисларга яхши таниш. Иккинчиси - Юрген «Майнц»да тўп сурган даврда унга устозлик қилган мураббий. Цимернинг таъкидлашича, ўша пайтлар Юрген ва Вольфганг икковлон машғулотлардан кейин тактика бобида соатлаб баҳслашишган. Мураббий камтарин жамоада ўзига хос инқилобга қўл уриб, иккинчи дивизион иштирокчисини юқори прессинг ва чизиқли ҳимоя асосида ўйнашга ўргатганди. Яъни у Сакки дунёнинг энг кучли лигаси ва ЧЛда амалга оширган ишни қуйи дивизионда синаб кўрган. Юрген Клопп фаолиятидан битта қизиқарли факт: у «Майнц»да шогирдларига ажойиб таклиф билан мурожаат қилганди - «Агар жамоа учрашувларнинг 90 фоизида жами 118 километрдан кўпроқ югурса, қўшимча дам олиш кунига эга бўлади». Маълумки, жамоавий ФИК (фойдали иш коэффициенти)га кўпчилик эътибор бермайди, айримларга футболчининг тезкорлиги муҳимроқдек туюлади. Бироқ Клопп учун жамоавий чидамлилик биринчи ўринда туради. Бундан ташқари, «Боруссия»­нинг молиявий жиҳатдан «Бавария»га тенглашолмаслиги ҳам Клопп учун жиддий тўсиқ эди. «Ўйинчилар қўнимсизлиги борасида нима дейишим мумкин? «Бавария» худди Жеймс Бонд, нима керак бўлса, албатта олади. Фарқи шуки, «Бавария» - ёмон йигит, Бонд ундай эмас. Ҳозирги ҳолатга кўникиш қийин. Лекин ҳар қайси клубнинг ўз ўрни бор. Масалан, Шинжи Кагава дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бири эди. Ҳозир «МЮ»да нари борса, 20 дақиқа тўп суради. Боз устига, қанотда. Ачинарли, аммо Шинжи учун «МЮ»да ўйнаш биздагидан муҳимроққа ўхшади. Бу ҳаёт», - деган эди мураббий.

Қаҳрамонимизнинг «Ливерпул»даги муваффақияти ҳам осонликча қўлга киритилмади. Бунда нафақат мураббийнинг малакаси, балки жамоа сиёсатининг унга мослиги ҳам сезиларли роль ўйнади. «Боруссия»дан кейин уни «Бавария» ва «МЮ» ҳам ишга чорлаганди. Бироқ Юрген «Энфилд»ни танлади. Бунинг энг асосий сабаби - Ливерпуль клуби футбол ва коммерция ўртасидаги мувозанатни сақлайди, унга оғишмай риоя қилади. Бу германиялик мутахассиснинг ўз ғояларини хотиржамлик билан амалга ошириши учун ўзига хос кафолат эди. Тўғри, аввалига Клопп жуда қийналди, айниқса, жамоаси мағлубиятга учраётган ўйинларда мухлислар стадионни барвақт тарк этишлари мураббий учун даҳшатли зарба бўлди. Аммо Юрген сабр билан ўз режаларини рўёбга чиқариш  йўлида изланди, футболчиларни сўнгги сонияларгача шиддатли ўйнашга ўргатди. Натижада «Ливерпуль» ўйиннинг қандай кечишидан қатъий назар, муваффақиятга шубҳа қилмаган ҳолда ўйнашга одатланди. Жорий мавсумда кўплаб ғалабалар сўнгги дақиқалар, сониялардаги голлар эвазига қўлга киритилгани фикримизни тасдиқлайди. Қисқаси, ғолиблик руҳияти жамоанинг асосий қуролига айланди.

Шу ўринда Клоппнинг яна бир топқирлигига тасанно айтмасликнинг иложи йўқ: фаолияти давомида маслаҳатчилар кўмагидан фойдаланган мураббий 2019 йили жамоага спорт руҳшуносини таклиф этди. Натижа барчага маълум. Мураббий эса бу ўзгаришни қуйидагича ифодалайди: «Жамоани қабул қилган даврда унинг буюк ўтмиши, шонли тарихи хусусида гап-сўзлар авжига чиққанди. Бу мақтовлар жамоа учун оғир юк бўлиб, эркин тўп суришга халал берарди. Энди у батутга айланди. Биз қанча хоҳласак, шунча сакраш имкониятига эгамиз. Лекин ҳеч қачон пастламаймиз!» Қойил, ажойиб ёндашув.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz