Қайднома

Қидирув

Андрей ФЁДОРОВ: «Шомуродов худди Роналду сингари меҳнатсевар»

Андрей ФЁДОРОВ: «Шомуродов худди Роналду сингари меҳнатсевар»

  21.07.2020 03:21
  0
  478
Андрей ФЁДОРОВ: «Шомуродов худди Роналду сингари меҳнатсевар»

- Ушбу мутахассис Россия ва Ўзбекистонда яшашга ўрганган. Уни ҳар икки мамлакатда ҳурмат қилишади, қадрлашади. Андрей футболчилик даврида мазкур мамлакатларда чемпионликка эришган - Россияда 2008 йили «Рубин» ва Ўзбекистонда 4 марта Фарғонанинг «Нефтчи»си билан. Фаолиятидаги энг катта ютуқ сифатида эса Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 1994 йилги Осиё ўйинларида қўлга киритилган ғалабани эътироф этади. 49 ёшли Андрей Фёдоров бугунги кунда Тошкентнинг «Локомотив» клубини бошқармоқда: «темирйўлчилар» билан икки йил аввал чемпионликни нишонлаганди. Шу ой бошида ҳамюртимиздан катта интервью олган Россиянинг news.sportbox.ru сайти уни мухлисларга шундай таништирди.

 

- Андрей, жорий мавсум жамоангизга барқарорликка эришиш учун нима етишмаяпти?

- Таркибимиз деярли 100 фоиз ўзгарди. Аввалги услубда ўйнашга ҳаракат қиляпмиз, аммо ўхшамаяпти. Энг ёмони, ҳимоямизда муаммолар бор. Ўзимиз хоҳлаганларни эмас, имконимиз етган футболчиларни сафимизга қўшиб олдик. Вазифани бажариш учун бунинг ўзи камлик қилади.

- Мақсадингиз ҳамон 1-ўринми?

- Албатта. Яна бир вазифамиз - чиройли футбол намойиш этиш.

- Клуб раҳбарияти натижалар паст­лиги туфайли сизга босим ўтказмаяптими?

- Ҳозирча тушунмоқда. Раҳбарлар ҳам асосий футболчилар кетишганини билишади, албатта. Биз билан хайрлашган барча йигитлар миллий жамоага аъзо эдилар. Қолаверса, ҳозир мураккаброқ футбол кўрсатишга интиляпмиз, қисқа ва ўртача узатмалар билан ўйнаймиз, комбинациялар уюштирамиз. Рақибларимиз эса бутун жамоа бўлиб ҳимояланиб, бизни қарши ҳужумларда жазолашяпти.

- Умуман, Ўзбекистондаги фаолиятингиз қандай кечяпти?

- Қизиқарли. Бу ерга ўзимни Осиё Чемпионлар Лигасида синаб кўриш учун келгандим. Ўтган йили гуруҳ босқичида қатнашдик, тажриба тўпладик. Тушундимки, Ўзбекистонда етишиб чиқаётган ҳозирги ёшлар мутлақо ўзгача.

- Ўзбек ва рус футболи ўртасида қандай фарқ бор?

- Ўзбек футболида техниканинг ўрни салмоқли. Ўзбекистонда 16-20 ёшли иқтидорли йигитлар етарли. Россиядагидан анча кўплиги аниқ. Аммо бу ерда уларнинг катталар футболига ўтишларини таъминлайдиган тизим ишлаб чиқилмаган. Ўринбосарлар таркибига қўшиладиган кўплаб истеъдодли йигитлар ўсишдан тўхтаб қолишади. Бироз кўпроқ маош олиб, нисбатан қулайроқ шарт-шароитларга эга бўлишса, олдинга интилмай қўйишади. Россияда эса техникаси пастроқ, камроқ уқувга эга ёшлар ҳам ривожланишда давом этишади.

- Ўзбекистонлик ёшлар қайси чемпионатларда тўп суришни орзу қилишади?

- Орзу ўз йўлига - бунинг учун ортиқча куч сарфлашмайди. Умуман, кўплаб болалар Россияда ўйнашни хоҳлашади. Аммо бунинг учун русчани ўрганиш керак, бугунги авлод вакиллари орасида эса бу тилни биладиганлар кам.

- Ўзбекистонда футболчилар ўртача ҳисобда қанча маош олишади?

- Ойига 500-1000 доллар атрофида. Кимдир 2000 доллар ҳам олар, аммо бундайлар кўп эмас.

- Жамоада русча гапирасизми?

- Ҳа, кўпчилик мени тушунмайди. Индивидуал суҳбатлар ўтказаётганда, ёнимга ёши каттароқ йигитларни олиб, улардан таржимон сифатида фойдаланаман. Мураббийлар штабида ҳеч ким ўзбекча гапирмайди.

- Ўзингиз-чи?

- Оддий нарсаларни ўзбекчада тушунтираман.

- Ҳозир россияликлардан кимлар Ўзбекистонда таниқли?

- Сўнгги пайтларни олсак, бундайлар кам. Бизнинг «Локомотив»да Павел Погребнякнинг кенжа укаси Павел тўп суради.

- Сизнингча, Россиядаги энг яхши ўзбек футболчиси ким?

- Шубҳасиз, Элдор Шомуродов!

- Унинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати нима?

- Элдор худди Криштиану Роналду сингари меҳнатсевар. Ўйлашимча, Карпин уни ҳужум марказига қўйиб, тўғри йўл тутди. Элдор Ўзбекистон термасида ҳам, клубида ҳам асосан қанотда тўп сурарди. Шомуродовда ҳайратланарли техника йўқ, аммо ғайрат, гол вазиятини сезиш қобилияти бор.

- Ўзбек футболи тарихидаги энг иқтидорли футболчилар учлиги?

- Биринчи ўринда - Миржалол Қосимов. Аввалгилардан Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимовни айтишим керак.

- Тошкентда ҳаёт тарзингиз қандай?

- Карантин даврида осон эмас. Ярим йилдан буён шу ерда яшаяпман, оилам Москвада. Бу руҳий жиҳатдан анча қийин, албатта. Умуман олганда, Тошкентда ҳаёт яхши.

- Тошкентни Россиянинг бирор шаҳрига солиштира оласизми?

- Билмадим... Балки Қозонга ўхшар.

- Жазирама таъсир ўтказаётгандир...

- Бўлмасамчи! Буни биринчи нав­батда, бошқа юртдан келганлар сезишади. Дейлик, жамоамиздаги легионерлар бошқаларга нисбатан кўпроқ қийналишади. Умуман, Ўзбекистондаги иссиқ об-ҳаво ҳолатингизга жиддий таъсир ўтказади. 2014 йили бу ерга деярли 20 йиллик танаффусдан сўнг келганимда, мослашишга анча қийналгандим.

- «Локомотив»даги легионерлар? Бунда кимларни назарда тутдингиз?

- Ҳозирги таркибда Кирилл Пог­ребняк, черногориялик Славко Дамьянович ва грузин Кахи Махарадзе бор. Грузиялик футболчи 10 йилдан буён Ўзбекистонда, шу боис анча мослашган. Айнан шу йигитларга осон бўлмаяпти, бироқ уларни огоҳлантирганман. Вақти-вақти билан ёнимга келиб: «Витальич, нафас ололмаяпман, машғулот ўтказиш, умуман, қийин бўляпти», дейишади. Жазирама чиндан ҳам, силлани қуритади.

- Машҳур ўзбек ошхонаси ҳақида савол бермасликнинг иложи йўқ. Бу мавзуда нима дея оласиз?

- Менинг учун бу ошхона дунёдаги энг яхшиси!

- Бизни ўқиётганларга қандай таомларни тавсия қиласиз?

- Тушунарлики - паловни. Шунинг­дек, қозон кабобни ҳам. Албатта, сомсани ҳам унутмаймиз, менимча, бу энг тансиқ таом.

- Ўзингиз қайси таомни тайёрлай оласиз?

- Жуда кўп овқатларни пиширишим мумкин. Нимани хоҳласам, ўшани тайёрлайвераман! Карантин даврида ўзим учун кўплаб янги таомларни кашф этдим. Улар асосан ўсимлик мойи аралаштирилган сабзавотлардан иборат.

- Энг мазали ўзбек десерти?

- Қовун ва тарвуз. Шунингдек, помидорни ҳам қўшишим мумкин, аммо бу сабзавот-да (кулади). Мен учун янги узилган ўзбек помидоридан яхшиси йўқ.

- Яқинларингиз сиздан йироқда, шунга қарамай, оилангиз ҳақида батафсилроқ маълумот олиш истаги бор. Гапириб берасизми?

- Бажонидил. Рафиқамнинг исми Светлана, биз анчадан буён танишмиз, бу йил бирга яшаётганимизга 27 йил бўлади. У ажойиб аёл, мени ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди. Тўнғич ўғлим Никита 26 ёшда, Ўзбекистонда туғилган. Спорт юристи, айни пайт Москванинг «Локомотив» клубида ишлаяпти, параллель равишда Россия футбол иттифоқида киберспорт билан шуғулланади. Кенжам - Алексей Москва давлат университети иқтисодиёт факультети учинчи курс талабаси. Ушбу таълим даргоҳига, «бюджет»­га ўз кучи билан кирди - бу биз учун фахр. Мазкур воқеани Ғалаба кунидек нишонлаганмиз (кулади)!

- Россияда тез-тез бўлиб турасизми?

- Эпидемиядан аввал Москвага икки ойда бир марта борардим. Ёки рафиқам ва фарзандларим ёнимга келишарди. Энди эса 2 январдан буён Россияга чиқолмаяпман.

- Мураббийлик соҳасида мустақил иш бошлаганингизга анча бўлди. Кимларни устоз ўрнида кўрасиз?

- Биринчи навбатда, Юрий Вазгенович Саркисянни кўрсатишим мумкин, унинг қўл остида Фарғонада шуғулланганман. Яна узоқ йиллар Бердиев бошқарувида ўйнадим, ишладим, кўп нарсалар ўргандим. Нафақат Қурбон Бекиевич, балки унинг ёрдамчилари — Черепанов, Кафанов, Мацюрадан ҳам нималарнидир ўзлаштирганман. Айниқса, футболчилик фаолиятимни якунлаганимдан кейин ҳам Мацюра билан жуда кўп суҳбатлашардим.

- Сизнингча, мураббийлик ишида энг муҳими нима?

- Футболчилар билан алоқа ўрнатиш. PRO лизенциясига ўқиганимда, атайин футбол психологияси мавзусини танлагандим. Ўйинчини руҳий томондан чиниқтиришнинг жуда кўплаб усублари бор, лекин ўз ғояларингни шогирдинг миясига сингдиролмасанг, ҳеч нарсани уддалолмайсан. Мураббий ҳар доим футболчилар билан яхши алоқани йўлга қўйиши даркор.

- «Рубин»даги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолган?

- Жуда ёқимли. Ушбу клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига аъзоман, янгиликларни мириқиб ўқийман. Тушунарлики, ҳозир ҳаммаси ўзгарган, футболчилардан деярли ҳеч кимни танимайман, мураббийлардан эса Сергей Козко, Олег Кузьмин, клуб академиясида ишлаётган мутахассислар билан муносабатларимиз ҳамон сақланиб қолган. Айтиш мумкинки, «Рубин»га алоқадор хабарларни онлайн тарзда оламан.

- Футболчилик фаолиятингиздаги энг ёрқин ўйин?

- 1994 йилги Осиё ўйинлари финали. Хиросимада ўтган учрашув: Ўзбекистон - Хитой - 4:2. Ўшанда 23 ёшда эдим...

- Фаолиятингизда нимадандир афсусланганмисиз?

- Йўқ. Шуниси тўғрироқ. Ахир қаердадир бошқачароқ йўл тутсам, нима бўларди - буни ҳеч ким билмайди. Шундай экан, асло афсусланмайман. 38 ёшимгача ажойиб клубларда тўп сурдим, Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам юқори ўринлар учун курашдим.

- Футболдан ташқари, яна нималар қизиқ?

- Мен учун биринчи навбатда - оила. Бутсаларимни михга илгач, яқинларим учун кўпроқ вақт ажратишни ўйлагандим. Бироқ ҳаммаси аксинча тус олди.

- Тошкентда дам олиш учун масканлар борми?

- Ҳа, қизиқарли жойлар бисёр. Парклар, скверлар, аттракционлар, кафелар... Шаҳар четига ҳам чиқиш мумкин. Тошкент шаҳридан узоқ бўлмаган тоғли ҳудудда чиройли кўл бор. Мириқиб ҳордиқ чиқариш учун маскан топилади, албатта.

-------------------------------------------

P.S.: «Локомотив» мураббийнинг ушбу интервьюсидан кейин «Қизилқум» ва «Сурхон»ни енгиб, «Машъал»­га ютқазди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz