Қайднома

Қидирув

Ҳакам(Марк Клаттенбург)дан юлдуз футболчиларга баҳо...

Ҳакам(Марк Клаттенбург)дан юлдуз футболчиларга баҳо...

  04.08.2020 04:23
  0
  387
Ҳакам(Марк Клаттенбург)дан юлдуз футболчиларга баҳо...

АПЛ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ЁРҚИН РЕФЕРИЛАРДАН БИРИ МАРК КЛАТТЕНБУРГ ЭЪТИРОФИ. Одилона ҳакамлик иши билан кўпчилик ҳурматига эришган Марк Клаттенбургнинг меҳнат дафтарчасида АПЛ доирасидаги 292та ўйин бор. Англиялик рефери шунинг баробарида Европа Чемпионлар Лигаси-2015|2016 ва Олимпиада-2012 каби йирик турнирларнинг ҳал қилувчи учрашувларини бошқаргани билан мақтанишга ҳақли. Daily Mail мухбири Клаттенбургни суҳбатга чорлар экан, унга саволлар билан мурожаат қилиш ўрнига бошқача йўл тутди - тан олинган реферидан фаолияти давомида ўзига ёққан ва аксинча, маъқул тушмаган 5 нафардан футболчи ҳақида тўхталишни сўради.

КЛАТТЕНБУРГГА МАЪҚУЛ КЕЛГАН ФУТБОЛЧИЛАР

- Криштиану Роналду. Мени ҳаммасидан ҳам кўпроқ ҳайратга солган жиҳат шуки, Роналду энг керакли паллада тасаввурга сиғдириш ҳам қийин даражада яхши ўйин кўрсатишга тушарди. Дейлик, жамоа ўз ўйинини тополмаётган паллада ташаббусни ўз қўлига олиб, кўпинча ёлғиз ўзи натижани таъминларди. Криш гарчи «МЮ» сафига ўсмирлик чоғи қўшилган бўлсада, доимо юксак савиясини намойиш этган. Қандайдир саноқли сониялар ичида ўйин тақдирини ўзгартириб юбориши мумкинлигини ҳаттоки, учрашув ҳаками ҳам сезиб турарди. Шахсан мен у билан жуда илиқ муносабатда бўлганман. Ёдимда, Евро-2016 финалидан сўнг махсус нишонни қабул қилиш учун саҳна томон бораётганимда, Криштиану мен билан самимий қучоқлашишни хоҳлаганди. Хуллас, бир-биримизга ҳурмат билан қараганмиз. Тўғриси, Роналду финал ўйинининг дастлабки дақиқаларида жароҳатланганида, қаттиқ ранжидим. Лекин ўйин пайти бошқа футболчиларга қандай муомала қилсам, унга ҳам шундай жиддий ёндашганман. Қайсидир учрашувдан кейин менга битта футболка келтириб беришди. Қарасам, Криштианудан экан: «Маркка, энг яхши тилаклар билан Криш­тиа­ну Роналдудан». Ишонинг, ундан формасини сўраган эмасдим. Яна бир ибратли воқеа: «Реал» ўйинини илк марта бошқараётгандим. Касильяс тўпни дарвоза чизиғи ташқарисидан олиб, ўйинга киритганини кўрдим. Мадридликлар атиги 3та узатма билан гол уришганида, ҳали майдон марказига ҳам келиб улгурмагандим! Бундай тезкорликни фақат Роналдудек буюк футболчилар намойиш этишга қодирлар. Ҳозирги «Реал» тезлик бобида аввалгидек ўйин кўрсатолмаётгани эса мени унча ажаблантирмайди. Ахир энди Роналдуси йўқ-да...

- Лионель Месси. Лео иштирок этган ўйинни биринчи марта бош­қарган пайт енгил шок ҳолатига тушиб қолганим эсимда. Ўшанда «Барселона»нинг рақиби ҳам анойилардан эмасди - «ПСЖ». Хуллас, Мессининг ҳаракатини кузата туриб, беихтиёр ўйлаб қолгандим: «Тавба, наҳотки, шу даражада енгил ўйнашнинг иложи бўлса...». Ҳа, ҳакам эътибори ҳамиша тўп йўналишига қаратилади. Аммо тўпни Лео эгаллаб олсами, у ҳакамга ҳам кўринмай қолади, гўё. Энди Леога қарши турадиган ҳимоячиларга қанчалик қийин эканлигини тасаввур қилиб олаверинг. Месси шунчалик енгил ва чаққон ҳаракатланадики, рақиблар туртиб, тепиб ҳам уни тўхтатолмайдилар. Айтганча, ўша ўйинда Мессини сариқ карточка билан «сийладим» - рақиб оёғини босиб олгани учун. У ҳеч қандай эътироз билдирмади. Умуман, ҳеч қачон бундай қилмаган...

- Луис Суарес. Тан оламан, бу футболчи«Ливерпуль» сафига қўшилгач, бироз ҳаяжонланганман. Чунки АПЛга моҳир, шунинг баробарида ҳакамларни чалғитадиган тажовузкор футболчи келганини билардим. Бинобарин, Луис ҳар доим қоидани бузиш чегарасида ўйнайди ва рефери уни диққат билан кузатиб бориши лозим. Суарес шунингдек, испан тилида эътироз билдиради, баъзан ҳаттоки, сўкинади. Лекин фаолиятим давомида дунёнинг турли бурчакларида ишлаб, кўп тиллардаги ҳақоратли сўзларни тушунадиган бўлиб қолганман ва Луисга ҳам 1-2 марта муносиб жавоб қайтарганман. Буни кутмаган Суарес шок ҳолатига тушганди. Демоқчиманки, фақат ўйин қоидаларига эътибор қаратавермай, футболчилар ва ўйинни бошқариш ҳам жуда муҳим. Айниқса, Луисга ўхшаган айёрликка мойил йигитга муносиб ёндашишни билиш лозим. Акс ҳолда, бошинг муаммолардан чиқмай қолади.

- Венсан Компани. Назаримда, бу футболчи АПЛ тарихидаги энг яхши марказий ҳимоячи бўлса керак. Унга ҳурматим жуда баланд. Венсан ўйинлар давомида доимо ҳакамларни қўллаб-қувватларди, хушмуомала йигит. Ҳаттоки, ўйиндан четлатилганида ҳам, кек сақламасди, вақт топиб гаплашар, керак бўлса, узр сўрарди. Венсаннинг одамийлик мулозамати ҳамон ёдимда: «Сити»нинг ўйинларидан бирида яққол хатога йўл қўйдим. Танаффус пайти Компани ёнимга келиб, кўнглимни кўтарди: «Марк, ўйинчилар тез-тез хато қилишади, сиз ҳам бир янглишдингиз. Буни унутиб, хотиржам  ишлайверинг». Ҳа, у шундай йигит. Яна бир воқеа - Бельгия ва Исроил термалари ўртасидаги баҳсда Компанига икки марта сариқ карточка кўрсатдим ва «қизил». Орадан бир ҳафта ўтиб, «Манчестер дербиси»да ишладим. Венсан биринчи бўлимдаёқ сариқ карточка олди, иккинчисида вазиятлардан бирида рақибга қўпол пешвоз чиқди ва ўзи жароҳатланди. Унга нигоҳ ташлаганим билан мулойим сўзлади: «Йўқ, раҳмат, менга ҳафтада 2та қизил карточка кўплик қилади».

- Гари Спид. Фаолиятимнинг илк босқичида АПЛдан мустаҳкам жой олиш учун қаттиқ уриниб, кўпинча кучли босим остида ишлагандим. Шундай мураккаб палладаги ўйинлардан бирида Гари катта ёрдам берганди. Яъни ҳар қандай қароримни фақат маъқуллаган, гарчи хато қилсам ҳам, ишлашда давом этишимни айтганди. Чинакам жентльмен. Ўйлашимча, барча футболчилар Спид каби олижаноблардан ибрат олишлари ва ёш ҳакамларнинг малакали мутахассис бўлишларига кўмаклашишлари керак.

КЛАТТЕНБУРГГА МАЪҚУЛ КЕЛМАГАН ФУТБОЛЧИЛАР

- Крейг Беллами. «Иттиҳод» аренасининг ерости йўлагида менга ташланганидаёқ бу футболчи билан ўзаро муроса қилиш қийинлигини тушунгандим. Тез орада илк танишув «ҳолва» эканлигига амин бўлдим. Асосий можаро 2009 йилнинг декабрида юз берди. «Болтон» - «Манчестер Сити» учрашувида уни майдондан четлатишимга тўғри келди. Аввалига ҳақоратлагани учун сариқ карточка кўрсатдим. Ваҳоланки, дарҳол «қизил» билан жазолашга ҳам ҳақли эдим. Кейин жарима майдони ичида қўполлик қилгач, 2-марта огоҳлантирдим. Айтишим керак, такрорий лавҳани кўргач, Белламининг қоидага хилоф тарзда иш тутганига шубҳам қолмади. Аммо футболчининг майдонда қандай қутуриб кетганини ўйласам... Умуман, Крейг кўпинча яхшигина обрўсини суистеъмол қилар, ўзини ҳаммадан устун ҳисобларди. Қайсидир учрашув танаффусида «Сити» мураббийларидан сўрадим: «Қизиқ, бу жанжалкашнинг феълига қандай чидайсизлар?» Улар бунга жавобан устимдан шикоят ёзишди. Аслида майдондаги гап-сўзлар жойида қолиши керак, менимча. Акс ҳолда, ҳар ҳафта шикоят ёзишимга тўғри келарди. Беллами барча ҳакамлар учун даҳшатнинг ўзгинаси эди. Ҳар ҳолда, бундай қўпол футболчини бошқа  кўрган эмасман. Ўйинни айнан шундай йигитлар издан чиқаришади.

- Рой Кин. Рой билан ЖЧ-2018 вақти ТВда бирга ишлаб, футболчининг майдон ва унинг ташқарисида қанчалик ўзгариши мумкинлигидан ёқа ушладим. Футболчилик пайти уни бош­қариш мутлақо иложсиз эди. Менимча, Алекс Фергюсон Кинга айнан шундай кўрсатма берарди. У ҳакам қарорига муносабат билдириш эмас, ке­йинги ҳолатларда бир тўхтамга келишига босим ўтказиш учун очиқ-ошкора бақирарди. Кейин қандай пасткашликни ўйлаган бўлса, уни амалга оширарди. Масалан, Альф-Инг Холандга нисбатан ифлос хатти-ҳаракати ёдимда қолган. Чунки рақибини қоида дои­расида тўхтатишни уддалолмаганди. Рой ўзини енгилмас қоядек кўрсатишга уринарди. Ўзи каби қўпол ўйинчиларга дуч келганида эса, ҳакамлар учун муаммо бошланарди. Худди Кин ва Виейра ўртасидаги тўқнашув каби. Рой - майдонда бош оғриқи, кечки таом вақти - сўзамол суҳбатдош.

- Йенс Леманн. Доимо ҳар нарса ва ҳаммадан нолийдиган футболчилар тофасига мансуб дарвозабон. Ҳаттоки, тўпнинг думалоқлигидан ҳам, оппоқлигидан ҳам норози бўлиши мумкин... Ҳа, ажойиб дарвозабон эди, лекин рақиблар кўпинча унинг айнан жиззаки табиатидан усталик билан фойдаланишарди. Мисол учун, бурчак зарбалари пайти рақиб ўйинчилари Йенснинг оёғини босиб олишар, у эса дарров бор кучи билан туртиб юборарди. Яхшики, ўша пайт бундай қўполлик учун ҳозиргидек жазолашмасди. Қисқаси, ажабтовур қилиқлари билан ажралиб турган голкипер...

- Пепе. 2016 йили ЕЧЛ финалини бошқарганимда, ўйланиб қолдим: «Бир қарашда жуда бақувватдек кўринган йигит шу қадар нимжон бўлса-я...». Пепе кетма-кет 2 бора симуля­ция ишлатиб, майдонда «ер тишлаганди». Бироқ ўйинга тайёргарлик чоғи бу айёрлигини пайқаган ва унинг ҳар бир йиқилишига учмаслик кераклигини тушунгандим. Ўйин оддий бўлса, Пепе айёрлик ишлатишдан сира чарчамасди. «Реал» ўша финалда 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди, бироқ «офсайд» ҳолатида урилган гол эвазига. Бундан танаффус пайти хабардор бўлдим - ёрдамчим ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этмай, хатога йўл қўйганди. Иккинчи бўлимда Пепе жарима майдони ичида Торресга қўполлик ишлатгач, «Реал» дарвозаси томон пенальти белгиладим. Табиийки, португалиялик футболчи ёнимга югуриб келди ва ўйин қоидаси бузилмаганини айтиб, эътироз билдира бошлади. Ахийри, биринчи гол ҳалол урилмаганини айтишдан ўзга чорам қолмади. Шу билан Пепенинг овози ўчди. Қисқаси, унга нисбатан доимо ҳушёр туриш талаб этиларди.

- Жон Оби Микель. Жоннинг «қора» рўйхатга тушишига 2012 йили «Челси» - «МЮ» учрашувида юз берган можаро сабабдир. Ўйин давомида Иванович ва Террини майдондан четлатдим. Учрашув якунлангач, Иванович, Оби Микель ва ди Маттео ҳакамлар хонасига бостириб кириб, мени ирқчиликда айблашди. Бу мутлақо туҳмат эди ва футбол ассосиацияси айбловни тан олмади. Лекин Жоннинг номигагина узр сўрамагани мени қаттиқ ранжитди. Чунки ўша айблов ҳаётимни барбод қилиши ҳеч гап эмасди. Дейлик, можародан кейин ҳакамликдан воз кечишни ҳам ўйладим. Фақат оиламни боқиш масъулияти туфайлигина қолдим. Аммо ҳанузгача ўша ноҳақлик яраси битмаган. Билишимча, аслида Микелни Рамирес менга қарши гижгижлаган экан. Кейинчалик «Челси»нинг барча футболчилари узр сўрашди, аммо Микель айбини тан олишни истамади. Жон лоақал 2014 йили Нигерия ва АҚШ терма жамоалари ўртасида ташкиллаштирилган ўртоқлик учрашуви пайти ёнимга келганида ҳам, уни тушунган бўлардим...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz