Қайднома

Қидирув

Зинченкодан истиқболлироқ бўлажак юлдуз....

Зинченкодан истиқболлироқ бўлажак юлдуз....

  06.08.2020 01:10
  0
  430
Зинченкодан истиқболлироқ бўлажак юлдуз....

«Уфа»даги ўйинлари билан қисқа вақт ичида Россия матбуоти назарига тушган ватандошимиз Остон Ўрунов катта эҳтимолки, янги мавсумни Москванинг «Спартак» клуби сафида бошлайди. Россия ОАВ ва «Телеграм» каналлари сўнгги ҳафталарда айнан «Уфа»нинг 19 ёшли ярим ҳимоячисининг «Спартак»ка ўтишини кенг муҳокама қилди. Ҳаттоки, бу трансфер асосий мавзуга айланди, деярли ҳам бир нашр Ўрунов ҳақида алоҳида мақола тайёрлади. Россиялик ҳамкасбларимиз уни «Зенит»да ўйнаб кетган бразилиялик Халкка ҳам қиёслашди. Футболчимизнинг шарифи «Рублёвкалик полициячи» сериали қаҳрамони Бурунов билан оҳанг­дош эканлиги эса мухлислар ўртасида қизғин ҳазил-мутойибаларга сабаб бўлди. Ўрунов иқтидорини «Уфа»дан «Манчестер Сити»га кетган украиналик Александр Зинченконикидан баландроқ баҳолаган «СЭ» нашрининг маълумотига биноан, ҳозирча трансфер тўлиқ расмийлаштирилмаган, якуний қарор йўқ, лекин эҳтимоли юқори, номзод қизғин муҳокамага муносиб. Мунозара 1,5-2,5 млн. доллар устида бормоқда.

 

Остон Ўрунов «Спартак»ка бир қатор сўроқ-саволларсиз ўтолмайди. У Россия Премьер-лигасида бор-йўғи ярим йил тўп сурди. Июнь ойида «Уфа»нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган ўзбекистонлик ностандарт ҳаракатлари билан эътиборни тортишга улгурди. Унинг камчиликлари яққол кўзга ташланиб турибди, лекин бу ижобий фазилатлари таъсири сифатида қабул қилинмоқда - тиришқоқ, серғайрат ва сурбет дриблингчи якуний босқичда тўғри қарор танлаш ва тўпни ўз вақтида узатиш борасида муаммоларга эга. Ўруновнинг позицияси ҳам тушунарли эмас: ҳар қандай дарчани «ёпиш»га қодирдек универсал жангчи. «Уфа»га яқин манбалар хабарига кўра, Остоннинг ўзи имкон қадар жамоаси дарвозасига яқинроқ позицияда тўп суришни истайди. Чунки у рақибларидан тўпни тортиб олиш ва олис масофадан рейд бошлашни хуш кўради. Бироқ экспертларнинг таъкидлашларича, унинг асл жойи олдинги чизиқда. Умуман олганда, Остоннинг иқтидори шубҳадан холи. Лекин маълум ишловга муҳтожлиги ҳам аниқ. Фақат ишлов қандай натижа бериши номаълум.

Бундан ташқари, Ўруновнинг трансферига нафақат соф футбол, балки бизнес нуқтаи назаридан баҳо бериш лозим. Шу ўринда алоҳида айтиш керак, айнан ўзбек ўғлони «Спартак»нинг янги сиёсатида дастлабки қалдирғочлардан бирига айланиши мумкин. Яъни шу пайтгача харажат қилишга одатланган клубнинг даромад бобидаги уриниши самарасига айланиши ҳеч гап эмас. Бу юмушни Остонни «Уфа»га олиб келган бош директор Шамиль Газизов уддалай олди. «Бу жаҳон футболининг бўлажак юлдузи. У Зинченкодан ҳам ўзиб кетади» - Ўруновга аталган мазкур эътироф фақат Газизовга тегишли эмас. Ҳозир футболчини нисбатан арзон баҳода ўз сафига қўшиб оладиган «Спартак» келажакда уни Европа клубига бир неча баравар қимматроққа пуллаши тахмин қилинмоқда. Албатта, бунинг учун футболчининг салоҳиятига холис баҳо бериш ва у сифатли ишловни олиши даркор. Бироқ бу энди «қизил-оқлар»га тегишли масала.

«Уфа» томонидан Александр Зинченко «Манчестер Сити»га, Сергей Семак ўз штаби билан, Андрей Лунев ва Данил Круговой «Зенит»га, Виктор Гончаренко, Игорь Дивеев ва Иван Обляков ЦСКАга, Дмитрий Живоглядов «Локомотив»га, Дмитрий Стоцкий «Краснодар»га, Сильвестр Игбун ««Динамо»га пулланди. Қизиғи шундаки, «Уфа» вакилларини харид қилганлар орасида «Спартак» йўқ. Бироқ тез орада бу кемтик ўрни тўлдирилса, ажабланмаймиз. Боиси Шамиль Газизов Бошқирдистон пойтахтини мамлакат маркази, «Уфа»ни «Спартак»ка алмаштирди. Энди нафақат Ўрунов, балки таянч ярим ҳимоячиси Даниил Фомин, марказий ҳимоячилар Йонуц Неделчару ва Жемал Табидзени ҳам собиқ жамоасидан Москвага чорлаши мумкин. Шубҳа йўқ, мазкур тўртлик «Уфа»нинг етакчи вакиллари. Уларнинг шу ёздаёқ бош­қа жамоаларга йўл олишлари ҳақиқатга яқин. Тахмин - шу 4 нафар футболчидан лоақал иккиси «қизил-оқлар» сафига қўшилади. Умуман, «Уфа» шунга ўхшаш трансферлар эвазига ўз эҳтиёжини қондирмоқда. Республика раҳбарининг алмашуви ҳудуд футболига муносабатни салбий томонга ўзгартирди. Натижада жамоа жорий мавсум режага киритилган 8 000 000 рубль ўрнига атиги 2 000 000 рубль олди. Шу сабаблими, Газизов клуб етакчиларини сотишдан ўзга чора тополмади.

Бу ёқда эса «Спартак» мухлислари ўртасида яқинлашиб келаётган «уфалаштириш» жараёнига қарши асоссиз эътирозлар тўлқини бошланди. Аслида пойтахт клуби Вадим Евсеев жамоасидан тактик нафислик, фидойилик, очколарга чанқоқлик, курашиш иштиёқи каби жиҳатларни ўзлаштирса, яхши бўларди. Таъкидлаш жоиз, «Уфа» асосий таркибнинг 12 нафар аъзоси йўқлигида (сирли йўқотишни коронавирус билан изоҳлашмоқда) ҳам  «Динамо»га қарши тенгма-тенг ўйнади, фақат асоссиз пенальти туфайли мағлубиятни тан олди. Ундан аввал шу таркиб билан «Ростов», «Локомотив» ва «Спартак»дан очко тортиб олганди. Агар Газизов кетиши жамоадаги барқарор тизимга путур етказмаса, «Уфа» РПЛдаги энг муросасиз жамоа мақомида қолади.

Энди Газизов Москвада «халқ жамоаси»га хос нуфузни қайтаришга уриниб кўради. Асосий масала - нафис тактикага асосланган ижодкор ва энг муҳими, замонавий ўйинни йўлга қўйиш. «Спартак» доимо «Спартак» бўлиб қолиши шартлигини Газизов ҳам яхши тушунади. Бизнес - бошқа масала. «Спартак» Европага яхши таниш бўлган номдор жамоа, молиявий имкониятлари ҳам «Уфа»никидан яхшироқ. Мазкур устунлик трансфер бобида жамоага кенг имкониятлар эшикларини очади. Иқтидорли ёшларга кўпроқ сармоя киритиш мумкин, харидорларни Уфага таклиф қилишдан кўра, пойтахтга чақириш осонроқ. Бундан ташқари, Европага мўлжалланган ёш иқтидорлар савдоси ҳам, уларнинг баҳолари ҳам ўзгача бўлади. Ҳар ҳолда, Газизов «Уфа» мақомидаги клубларда 3-5 млн. евролик келишувлардан ортиғига эришолмайди. Москвада эса 10, ҳаттоки, 20 «лимон»дан юқорироқ қийматда савдоларни амалга ошириш мумкин. Мисол учун, «Манчестер Сити»га йўл олган ўша Зинченко «Уфа» эмас, «Спартак»да ўйнаганида, бир неча баравар қимматроқ баҳода сотиларди.

Дейлик, Йонуц Неделчару масаласида «Уфа»га Италия, Англия ва Германиядан таклифлар тушган, ёшлар ўртасидаги чемпионатдан кейин «Рома» уни 3,5 млн. евро эвазига олишга шай турганди. Руминиялик ҳимоячи ҳаттоки, Римга борди, «Олимпико» стадиони кийиниш хонасида Франческо Тоттининг жойини кўриб қайтди. Келишув амалга ошмай қолгач, футболчи депрессия ҳолатига тушди: сўнгги паллада «бўрилар» футболчини 500 минг еврога ижара асосида олиб, мавсум якунида 3 млн. еврога харид қилишни таклиф этишган, «Уфа» эса бунга кўнмаган. Неделчарунинг савиясини «Спартак» вакиллари билан таққосласак, румин марказий ҳимоячи учлигидан мустаҳкам ўрин олган, мабодо Самуэль Жиго жамоани тарк этса, алмаштирилмайдиган ўйинчига айланарди. У ҳолда «А» серияга йўлланма берадиган баҳо ҳам 3,5 млн. евродан анча кўп бўларди.

Бевосита Остон Ўрунов мавзусига қайтсак, ёш иқтидор Бошқирдистон клубида атиги ярим йил тўп сурди, жамоага қабул қилинишидан аввал 3 марта кўрикдан ўтди. Бош мураббий Вадим Евсеевда бир қатор саволлар юзага келганига қарамай, Газизов қатъият билан трансфер тарафдори бўлди. Билмадик, Ўруновнинг Англия чемпиони бўлишга улгурган Зинченкодан қанчалик иқтидорли эканлигини вақт кўрсатади. Бироқ факт шуки, ҳатто «Манчестер Сити»га ўтганидан кейин ҳам «Уфа»дагилар украиналик футболчига ортиқча ишонч билдиришмаганди. Агар Остон йил сайин тактика ва ўйинни тушуниш борасида ўсишга эришиб, мавжуд фазилатларини янада такомиллаштириб борса, «Спартак» унинг Европага трансфери каттагина даромад келтиришига умид қилса бўлади. Айнан мана шу жамоа ва футболчининг бош мақсадига айланиши лозим.

Ўруновга ўхшаган футболчилар трансферлари «Спартак» учун ноодатий ҳол ва турлича баҳоланади. Аммо жамоанинг аввалги харидларини инобатга олганда, буниси анча манфаатли. Йўқ, ўнлаб миллион эвазига харид қилинган ва тўғридан-тўғри асосий таркибдан жой берилган Гус Тил ва Алекс Крални назарда тутмаяпмиз. Остон Москвадаги фаолиятини босқичма-босқич, жамоа ўйинини жонлантириш мақсадида 15-20 дақиқа ҳаракатланиш билан бошлагани мақсадга мувофиқ. Уни Кенту Малькольм Баду ва Николай Кутателадзега, айниқса, «бошсиз чавандоз» Резиуан Мирзоевга таққослаш адолатлироқ. Ўзбек ўғлонининг навқирон эканлиги - асосий устунлиги. Дарвоқе, «Спартак» чиндан ҳам, Мирзоевдан воз кечса, жамоадаги дриблёр ихтисоси Ўрунов ихтиёрига ўтади.

Ниҳоят, анчайин қизиқарли ва эътиборга лойиқ яна бир жиҳат. «Қизил-оқлар» Ўруновни ўз сафларига қўшиб олиш орқали пойтахтда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳисобига мухлислар армиясини ҳам бир неча баравар кенгайтириб олишлари мумкин. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун «Спартак» ва «Пахтакор» ўртасидаги ёпиқ ўртоқлик учрашувини томоша қилиш умидида бўлган мухлислар туфайли юзага келган шов-шувни эсга олиш кифоя. Ҳа, ишчилар ВИП-ложадан жой эгаллаш ёки ҳар бири 5000 рубль турадиган «оригинал» футболка харид қилишга интилмайдилар, уларни арзон баҳодаги кириш чипталари ва «қўлбола» либослар ҳам қониқтиради. Муҳими, ватандошларининг Россия пойтахтидаги ўйинини томоша қилиш.

«Проспектлар» трансфери, яъни ривожланиш босқичидаги ёш иқтидор соҳибларини тарбиялаб, кейинчалик улар эвазига даромад олиш жараёни ўта мураккаб ва қалтис соҳа. Бу йўлда қандайдир хатоликлар, камчиликлар кузатилади, албатта. Қайси иқтидорли йигитчадан қандай савиядаги футболчи чиқишини олдиндан бехато башорат қилишнинг иложи йўқ. Чунки бу соҳа жуда кўп жиҳатларни ўз ичига қамраб олади. Шундай экан, таваккалсиз иш битмайди. «Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди» мақоли бежиз айтилган эмас. Қолаверса, бу ўта қизиқарли жараён. Ҳаттоки, Остон Ўрунов «Спартак»ка ўтмаган тақдирда ҳам, жараён тўхтаб қолмайди.

Якшанба куни журналист, инсайдер Нобель Арустамян тарқатган хабарга кўра,  Ўрунов кеча «Спартак» назоратида тиббий кўрикдан ўтди. У Москва клубида йилига 600 минг евро миқдорида маош олади. «Спартак» трансферни кеча(чоршанба куни) расмийлаштирди. Ҳозирда Шамиль Газизов футболчи сотишни ўйламоқда. Эндиликда 20 рақам остида ўйнайдиган Остон учун жой бўшатиш керак», - деб ёзди Арустамян.

А.АҲМЕДОВ тайрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz