Қайднома

Қидирув

Пьерлуижи Коллина: «Вазифамиз – VARдан изчил фойдаланиш»

Пьерлуижи Коллина: «Вазифамиз – VARдан изчил фойдаланиш»

  06.08.2020 05:30
  0
  321
Пьерлуижи Коллина: «Вазифамиз – VARдан изчил фойдаланиш»

Айни пайт ФИФА Ҳакамлар қўмитасини бошқараётган италиялик таниқли мутахассис Пьерлуижи Коллина яқинда World Football Sammit (WFS) онлайн-конференциясида иштирок этди. Собиқ рефери анжуман иш жараёнида футболга алоқадор масъул мутасаддилар билан янги технологиялар, хусусан, VAR тизимининг ҳакамларга ёрдами масаласини кенг муҳокама қилди. Афсонавий ҳакам конференция якунида ESPN мухбирига замонавий футболнинг буюк технологик ютуқларидан бирининг аҳамияти хусусида алоҳида интервью берди.

- Ҳакамнинг биргина хатоси унинг фаолияти, обрўси, кейинги учрашувни ишончли тарзда бошқа­ришига салбий таъсир ўтказиши балки адолатдан эмасдир. Агар у яна қандайдир хатоликка йўл қўйса ва бунга VAR аралашиб, «йўқ» маъносини билдирса ёки қарорини тўғриласа, мухлисларда унга нисбатан ишончсизлик туғилмайдими?

- Яшил майдонда қабул қилинган қарорнинг VAR аралашуви билан тўғриланиши ҳеч кимни қизиқтирмайди, агарда у якуний натижага таъсир қилмаса, албатта. Демоқчиманки, футболда якуний қарор аҳамиятли. У адолатли бўлиши шарт. Яширишнинг ҳожати йўқ - касбдошларим майдонда мудом нотўғри қарорлар қабул қилишдан чўчиб ишлашади, доимо бошқарув сифатини оширишга ҳаракат қилишади. Барчасини ўз тажрибамдан биламан. Бу - бизнинг касбимиз, ризқу-насибамиз. Лекин натижа нуқтаи назаридан олганда, VAR ёрдамида хатолик ислоҳ қилинса ва тўғри қарор қабул қилинса, ўйин жараёнидаги камчиликларни ҳеч ким эсламайди, гапирмайди ҳам. Айниқса, муҳим учрашувлар тақдирини ҳал қилган нотўғри қарорлар ҳакамлар фаолиятига путур етказиши, ҳаттоки, уни барбод қилиши мумкин. Шундай экан, тизимни ҳакамлар учун муҳим хавфсизлик воситаси сифатида қабул қилиш керак.

- VAR қарорларини ҳакамларга ортиқча чигалликларсиз тушунтириб берадиган қулайроқ усул йўқми?

- Бу борада нима дейишим мумкин: VAR майдонда юзага келиши эҳтимоли бор ҳар қандай можарони назорат остига олишга мўлжалланган. Унинг фарқли жиҳати, баҳо бериш. Бу тизим дарвоза чизиғини назорат қиладиган технология каби якуний қарор беролмайди. Чунки VARда сўнгги ҳукмни инсон чиқаради, барибир. Барчамиз яхши биламизки, мукаммал инсоннинг ўзи йўқ, хатоликлар - башарият ҳаётининг ажралмас қисми. ФИФА олдида барча футбол ассоциацияларига ҳакамликка оид дастурлар, жумладан, VAR тизимини такомиллаштириш бўйича ёрдам бериш вазифаси турибди. Ниятимиз - барча мамлакатларда бир хил баҳолаш тизимини йўлга қўйиш. Масалан, «офсайд» ҳолатини аниқлаш чоғи ёрдамчилар бош ҳакам қарорининг тўғри-нотўғрилигини текшириб кўришлари шартми? Аввало, шу каби саволларга жавоб топмоқчимиз. Нима, агар VARда ҳам дарвоза чизиғини назорат қиладиган технологиянинг қора-оқ чизиқлари қўлланганида, мухлисларнинг бу тизимга нисбатан мойилликлари ортармиди? Дарвоза чизиғи учун мўлжалланган технологиянинг иши ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлаш олдида ўта енгил машқ мақомида. Чунки у тўсин остида жойлашган икки устун оралиғини назорат қилади, холос. Бор гап шу. Хуллас, ихтиё­рингизда турли бурчакларни эгаллайдиган бир неча камера бўлса, бас. «Офсайд» эса майдондаги 55-60 метр масофада юз бериши мумкин бўлган ҳолатдир ва унга нисбатан дарвоза чизиғидаги усулни қўллашдан маъно йўқ. ФИФА қошида дунёнинг турли мамлакатларидаги энг яхши технологияларни яратишга ихтисослашган компаниялар фао­лиятини мувофиқлаштириб турувчи инновациялар бўлими бор. У нафақат ҳакамлар қарорларига боғлиқ масалалар, балки футболдаги бош­қа муаммоларни ҳам ҳал қилиш билан шуғулланади. Вақти келиб, янада мукаммалроқ тизим вужудга келишига ишонаман. VARга қайтсак, тизим энди 5 ёшга тўлди - кўп ўқиши, ўрганиши лозим саналган болакайдан фарқи йўқ. Хуллас, яқин келажакда ҳаммаси рисоладагидек ривожланишига шубҳаланиш ярамайди.

- Фурсатдан фойдаланиб, ҳакамларнинг учрашувларга тайёргарлик кўришлари, рақиб жамоалар ўйинчилари табиати, ижобий ва салбий хислатларини ўрганишларига ёрдам берадиган технологиялар хусусида ҳам маълумот берсангиз. Илкон борича кўплаб мухлисларга номаълум фактлар билан...

- Ёдимда, Германия ва Бразилия терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2002 финали арафасида VHSни 90 дақиқа ичида кўриб чиқишимга тўғри келганди. 5та учрашув натижалари билан танишиб, керакли маълумотлар тўплаш учун эса 1,5 кун шуғуллангандим. Ҳозир бундай маълумотларни етказиб бериш замонавий технологиялар учун чўт эмас - шунчаки, компьютер тугмачасини босиш орқали ўнлаб тасвирлар оласиз. Шу аснода жамоанинг ўйин услуби, футболчилар табиати ва ҳоказолар билан қисқа вақт ичида танишиш мумкин. Ҳозирги пандемия даврида ҳам технология жуда қўл келмоқда. Юқорида айтганимдек, ФИФА барча миллий ассоциацияларни ҳакамлик соҳасида керакли материаллар билан таъминламоқда. Яна бутун дунё миқёсида курслар ташкил этилмоқда. Ҳозир уларни бевосита амалга оширишнинг иложи йўқ, технологиялардан фойдаланиш эса, айни муддао. Шубҳа йўқ, технологиялар нафақат учрашув жараёни, балки уларга тайёрланиш чоғи ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz