Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон Осиё чемпионати-U19'ни ўтказишга тайёрлигини маълум қилди ва..

Ўзбекистон Осиё чемпионати-U19'ни ўтказишга тайёрлигини маълум қилди ва..

  06.08.2020 07:03
  0
  233
Ўзбекистон Осиё чемпионати-U19'ни ўтказишга тайёрлигини маълум қилди ва..

Ўзбекистон октябрда ўтадиган 19 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини ўтказишга тайёр. Бу ҳақда ЎФА президенти Абдусалом Азизов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан ўтказилган онлайн мулоқот вақтида айтди. Азизов бу пандемия вақтида бутун дунёдаги илк марказлашган мусобақа бўлишини алоҳида таъкидлади.

ЎФА расмий сайтида Абдусалом Азизовнинг ФИФА ҳамда ОФК раҳбарлари билан ўтказган онлайн мулоқоти ҳақида хабар эълон қилинди.

«Бутун дунёда пандемия ҳукм сураётганига қарамай, футбол учрашувларини мунтазам ўтказиб борилишини таъминлаш учун халқаро футбол уюшмалари ва аъзо ассоциациялар бир қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Шу мақсадда ФИФА президенти Жанни Инфантино ОФК президенти Шайх Салмон билан биргаликда Марказий Осиё футбол ассоциацияси таркибига кирувчи футбол ассоциациялари раҳбарлари билан учрашган ҳолда минтақадаги вазият билан яқиндан танишиб, келажакдаги режалар бўйича фикр алмашишди.

Ҳусусан, Жанни Инфантино томонидан бу борадаги ишларни амалга оширишда ФИФА тажрибаси таништирилди. ОФК президенти Шайх Салмон эса Осиёда ҳукм сураётган вазият бўйича ҳисобот берди.

ЎФА президенти Абдусалом Азизов онлайн конференция иштирокчиларига қуйидаги нутқ билан мурожаат қилди:

«Ҳурматли ҳамкасблар, дастлаб шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ўзбекистон ФИФА президенти жаноб Жанни Инфантинони ҳозирги мураккаб вазиятда тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда ишонч билдиради. Барча қийинчиликлар тез фурсатда ўз ечимини топиши ва ФИФА ўзининг юксак мавқейини тасдиқлашига ишончим комил.

Эпидемиологик вазият жиддийлигига қарамай, карантиннинг дастлабки кунларидан бошлаб ЎФА онлайн режимида иш олиб бормоқда. Аввалдан режалаштирилган қисқа ва узоқ муддатли режалар бўйича тегишли вазифалар бажарилмоқда.

Май ойида Ўзбекистонда эпидемиологик вазият бир мунча яхшиланганидан сўнг, ЎФА ва ПФЛ карантин ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда профессионал лигалар учрашувларини томошабинларсиз давом эттириш учун Covid-19 махсус тиббий протоколини ишлаб чиқди. Ўзбекистон Суперлигасига 13 июнь куни қайта старт берилди ва мусобақа 20 июлгача давом этди.

Ўзбекистон чемпионатини қайта тиклаш жорий йилнинг 14 августидан режалаштирилган ва лиганинг биринчи босқич ўйинлари марказлаштирилган форматда ўтказилади. Шунингдек, ЎФА пандемия пайтида терма жамоалар учун карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу тадбир Ўзбекистонда биринчи марта учта шаҳарда, 2020-йилнинг 14-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу пандемия даврида дунёдаги биринчи марказлаштирилган халқаро футбол мусобақаси бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати терма жамоалар учун биринчи Футбол марказини қуриш учун 12 гектар майдон ажратди. Ушбу лойиҳа ФИФА ва ОФК вакиллари билан муҳокама қилинганидек, Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари халқаро мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриши учун катта имкониятларини яратади.

Ушбу марказ 160 ўринли меҳмонхона комплекси, 7та стандарт футбол майдони, реабилитация ва илмий-услубий марказ ва бошқа зарур шароитларни ўз ичига олади», деди Абдусалом Азизов.

Нутқ сўнггида ЎФА раҳбари ФИФА ва ОФК президентларини Ўзбекистонда ўтадиган U19 Осиё чемпионатига таклиф этди ва уларнинг ташрифи бутун мамлакат футбол жамоатчилиги ҳамда футбол ишқибозларини хурсанд этишини алоҳида таъкидлади. Мулоқот дўстона ва самимий руҳда ўтди», дейилади хабарда.


Манба: ufa.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz